Украина уруши: Россия пропагандаси одамларни ядровий урушга тайёрлаяптими? Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Сурат манбаси, Screenshot Rossiya 1
Россиялик журналист, Нобель мукофоти совриндори Дмитрий Муратов Россия пропагандасини одамларни ядровий уруш ёмон нарса эмас деган фикрга кўниктиришга уринаётганликда айблади.
Би-би-си билан суҳбатда "Новая Газета" Бош муҳаррири Дмитрий Муратов Ғарб билан қарама-қаршиликка боришда Кремль қанчалар узоққа боришини ҳеч ким билмаслигини айтди.
Алоқадор мавзулар:
"Биз давлат пропагандаси одамларни ядро уруши ёмон нарса эмас деб ўйлашга тайёрлаётганини кўраяпмиз. Бу ердаги телевизион каналларда ядровий уруш ва ядровий қуроллар худди уй ҳайвонлари озуқасидек реклама қилинаяпти. Улар эълон қилишади: "Бизнинг унақа ракетамиз бор, бунақа ракетамиз бор". Улар Британияни, Францияни нишонга олиш ҳақида, Американи ер билан яксон қиладиган ядровий цунами ҳақида гапиришади. Нега бундай қилишаяпти? Одамлар бунга тайёр бўлишлари учун", деди Дмитрий Муратов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Президент Путин ўзларига қарши чиққан ҳар қандай мамлакат учун оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди.
Аксар кузатувчилар фикрича, Путин ўзининг ядровий таҳдиди бошқа мамлакатларни Украинага ҳарбий ёрдамдан қайтаради деб ўйлаган эди.
Бироқ Ғарб мамлакатлари чўчимадилар, Украинага ҳарбий кўмакни кўпайтираяптилар.
Ўшандан буён Кремлнинг ядровий пўписа овози тобора баландлашиб бораяпти.

Сурат манбаси, .
Бир неча кун олдин Президент Путин Беларусь ҳудудига тактик ядровий қуролларни жойлаштиришга қарор қилганини айтди.
Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби Николай Патрушев эса "Россияда ҳар қандай душман, шу жумладан, АҚШни йўқ қилишга қодир замонавий ноёб қуролга эга" дея баёнот берди.
Россия давлат ТВ каналидаги машҳур ток-шоу бошловчиси, "Франция, Польша ва Буюк Британиядаги ҳар қандай ҳарбий нишонни Россия ўзининг қонуний нишони деб эълон қилиши керак", деб айтди.
"Шундай қилиш керакки, стратегик ядровий қурол оролни ер билан яксон қилсин, токи бошқалар хомхаёл бўлмасинлар", деди россиялик телебошловчи.
Россия давлати матбуоти Россияни тинчиликсевар мамлакат, Украина ва Ғарбни эса тажовузкор босқинчилар деб тақдим этади.
Россия телеканалларини томоша қиладиган аксар россияликлар ва бошқа мамлакатлар яшовчилари, хусусан, ўзбекистонликлар ҳам шу гапга ишонадилар.
"Россияда одамлар ташвиқотдан нурланганлар. Пропаганда радиациянинг бир тури. Унга фақат россияликлар эмас, ҳамма таъсирчан. Россияда пропаганда 12 та давлат телеканалида, ўн минглаб газеталарда, ВКонтактега ўхшаган ижтимоий тармоқларда. Улар ҳаммаси давлат мафкурасига хизмат қилади", деди Дмитрий Муратов.
Россияда машҳур бўлган "Новая Газета" раҳбари Дмитрий Муратов 2021 йили Нобель мукофоти билан мукофотланди.
2022 йил ёзида у ўзининг Нобель мукофотини кимошди савдосига қўйиб, савдодан тушган 103 миллион долларни ЮНИСЕФга беришга қарор қилди.
Украина босқинидан кейин "Новая Газета" чоп этилиши тўхтатилди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















