Янги йил: Тожикистонликлар Қирғизистон билан алоқалар ва Россия-Украина уруши борасида нима кутяпти? Yangiliklar, Dunyo

Bozor
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожикистонда мелодий Янги йил кейинги уч йилга нисбатан оммавийроқ ва эркинроқ нишонланмоқда. Бунинг асосий сабаби сифатида эса ўтган 2022-йилда мамлакатда Ковид-19 га чалиниш ҳоллари қайд қилинмаганлиги айтилмоқда. Йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида эса, Тожикистон Олий Кенгаши 16-сессияси 30 йиллигининг тантанали тарзда қайд этилгани айтилмоқда. Айни шу сессияда ҳозирги Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Тожикистон Олий Кенгаши Раиси қилиб сайланган ва қудратга келган эди.

Эндиликда 30 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Эмомали Раҳмон Янги йил арафасида Тожикистон Парламенти ва халқига навбатдаги йиллик Мурожаати - Паёмни йўллар экан, келгуси йилда аҳоли ҳаётини яхшилашга муҳим аҳамият берилишини таъкидлади.

У кейинги беш йилда аҳоли ҳаёти яхшилангани, жумладан, камбағаллик даражаси 27, 4 фоиздан 22, 5 фоизга қисқарганини айтди. Шу йиллар давомида ўртача меҳнат ҳақи бир ярим баравар, пенсия эса, 1,3 баравар ортган.

Айни бир пайтда мамлакат аҳолисининг айрим қатламлари, айниқса, қариялар, нафақа ёшидаги кишилар бу янги йилдан умидлари ўтган йилдаги каби чиппакка чиқмаганлигини изҳор этишмоқда.

Ўтган йили мамлакатда қарилик пенсиялари оширилмаган эди. Жорий йилда эса пенсиялар 20 фоизгача, иш ҳақи эса, 20-25 фоизгача оширилиши эълон қилинди.

Янги йил арафасида тожикистонликларнинг Янги йилда нималарни исташлари сўралганда, кўпчилик одамлар қўшни Қирғизистон билан муносабатларнинг яхшиланиши ва Россия-Украина урушига чек қўйиш зарурлигини айтишди.

Айнан Қирғизистон билан бўлган можарода Тожикистонда яшаган тинч аҳолидан 60 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Россия-Украина урушида ҳалок бўлаётган тожикистонликлар ҳақидаги хабарлар эса, тобора кўпаймоқда.

Кимлар байрам дастурхони ёзишга қийналмоқда?

Жорий йилда Тожикистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида янги йил арчалари ўрнатилди. Жумладан, мактабларда ҳам арча байрамлари ўтказилди. Айни бир пайтда аҳолининг заиф қатламлари учун Арча байрамлари ташкил этилди, совғалар улашилди.

bozor

Мамлакат пойтахтида Душанбе шаҳрининг Раиси - Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли - Рустам Эмомалининг ташаббуси билан 2300 нафар етим ва қаровчисиз болаларга, эҳтиёжманд оилаларга, мактаб-интернат ва болалар уйлари тарбияланувчиларига янги йил совғалари улашилди.

Панжакент шаҳрида эса, 560 нафар биринчи гуруҳ ногирони учун байрам дастурхони ёзилди. Уларга Суғд вилояти ва Панжакент шаҳри ҳукуматларининг Янги йил совғалари топширилди.

- Биз, қариялар учун энг яхши янги йил совғаси келаётган йилда пенсиянинг ошиши ҳақидаги хушхабар бўлди. Ўтган йил пенсия ошишини кутиб ўтиргандик, лекин умидимиз чиппакка чиқди. Бу йил эса, 1-июлдан бошлаб пенсиям 20 фоиз ошар экан. Ҳозир 400 сомоний оламан. Йигирма фоиз ошса, 480 сомонийга етиб қолар. Ҳарна-да. Лекин пенсиямга қўшиладиган саксон сомонийга бир кило мол гўшти беради. Бозорда эса, нархлар борган сари ошмоқда. Маош ва пенсиялар оширилишини эшитган савдогарлар яна нархни кўтаришмаса, деган хавотирдаман. Шу ҳукуматимиз бозор нархини оширмаслик чораларини кўрса, яхши бўларди, - деди панжакентлик 65 ёшли отахон Шамсиддин Облоқулов.

Президент Паёми -Мурожаатида айтилишича, келаётган йилда Тожикистон аҳолисидан 475 минг нафар кишига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг ҳар бирига 600 сомоний (59 АҚШ долларига тенг) дан маблағ берилади. Ёрдам оладиганлар орасида 106 минг нафар ногирон, 81 минг нафар етим ва каровчиси йўқ болалар, 220 минг нафар кам таъминланганлар ва 539 нафар қочқинлар бор.

sovg'a

- Бу йил маошимиз 20 фоизга оширилар экан. Лекин мен оширилган маошни олмасам керак. Чунки Россияга ишга жўнаб кетиш тараддудидаман. Аслида йигирма фоиз ошгани билан барибир болаларимнинг ейиш-ичишига етказишимга кўзим етмайди, - деди ўзининг кимлигини ошкор этмаслигимизни сўраган ўқитувчи аёл.

Унинг айтишича, ўз касбини яхши кўргани туфайлигина тишини тишига қўйиб ишлаб келмоқда. «Топган пулимнинг камида йигирма фоизини мактабга ташлаб келаман. Ҳали мажбурий обуна, ҳали унга йиғинглар, бунга йиғинглар… Устига асосий ишимиз қолиб, пахта теришдан тортиб кўча тозалашгача мажбур қилишади. Мана, қўшни Ўзбекистонда ўқитувчиларни мактабга алоқаси бўлмаган ҳамма ишлардан озод қилишди-ку! Бизда қачон шундай бўлади?», деди куйинганча ўқитувчи аёл.

Кейинги йилларда фақат муаллимлар эмас, балки шифокорлар ҳам ўз ишларини ташлаб Россияга ишлаш учун кетишмоқда. Гарчи бу борада аниқ расмий маълумотлар келтирилмаса ҳам, фақат 2022-йилнинг ўзида минглаб ўқитувчи ва шифокорлар чет мамлакатларга ишлаш учун кетишгани айтилади.

- Президент Паёмида камбағаллик даражасининг беш фоизга камайтирилиб, 22 ярим фоизга тушгани айтилди. Лекин агар расмий равишда Тожикистон аҳолисининг ҳозирда 10 миллион нафарга етганини ҳисобга олсак, 22 ярим фоиз дегани 2 миллион 225 минг киши деганими? Демак, шунча одам бу йил тўкин байрам дастурхони ёза олмайди. Мен бозорда энг арзон торт, энг арзон ичимлик, мева-чева қидириб юрганларни кўрдим. Улардан бири билан суҳбатлашганимда, қарзга бўлса-да, янги йил дастурхони ёзмасам, болаларимга совға олиб бермасам, уларнинг кўнгли ўксийди, деб айтди, - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.

Рақобатчи «Қорбобо»лар

bozor

Душанбе, Хўжанд ва Тожикистоннинг бошқа йирик шаҳарларида ўрнатилган байрам арчалари атрофида ҳар қадамда Қорбобога дуч келасиз. Арча ўрнатилган майдонга болаларини етаклаган ота-оналар яқинлашишлари билан халтасини кўтарган Қорбоболар болалар томон чопиб боришади. Энг чаққон Қорбобо дарҳол болалардан бирини саволга тутади: «Шеър биласанми?» Қизалоқ дарров шеър ўқишга тушади. У шеърини тугатар-тугатмас, Қорбобо халтасидан совға олиб, қизалоққа тутқазади. Унинг ёнида турган ўғил болаларни ҳам қуруқ қолдирмайди. Совғаларни улашиб бўлгач, болаларнинг отаси олдига яқинлашади. Нималарнидир шивирлайди. Ота чўнтагидан пул олиб, Қорбобога тутқазади. Қорбобо дарҳол майдонга кириб келган бошқа болалар олдига қараб лўкиллайди…

- Мен Қорбобо болаларимга берган худди шундай совғаларни ярим соат олдин Пайшанбе бозоридан сотиб олгандим. Лекин Қорбобо устига беш сомоний қўшиб сотди, - деди ўзининг Хўжандга туташ Оқтош қишлоғидан келганлигини айтган аёл.

- Буям бир бизнес-да. Қорбоболарнинг уруғи кўпайган. Бир-бири билан рақобат қилишади. Ўтган йили мен болаларимни севинтириш учун Қорбобога буюртма бериб қўйгандим. Унинг ҳақини бериб жўнатганимдан сўнг, устма-уст эшик тақиллайверди. Қорбоболарни жўнатавериб, чарчадим. Йўқ, дейишимга қарамасдан, болаларга зўрлаб совға беришди ва албатта ҳақини талаб қилишди. Бир эмас, учта айтилмаган Қорбобо, - деди Хўжанд шаҳрида яшайдиган Шафоат Раҳимова.

Лекин Қорбоболарнинг юзсиз бўлиб кетганликлари учун эмас, балки бошқа сабабга кўра ёқтирмайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Бундан ўн бир йил олдин -2012-йилга ўтар кечаси Душанбе шаҳри марказида бир гуруҳ ёш йигитлар «Қорбобо» кийимида уйига кириб кетаётган тенгдошларига ҳужум қилишади ва унга пичоқ санчишади. Яраланган йигит орадан икки кун ўтиб, касалхонада жон таслим қилади. 24 ёшли Парвиз Давлатбековнинг қариндошлари марҳумнинг диний мутаассиблик замирида ўлдирилганини иддао қилишганди.

Қотилликни амалга оширишда қатнашган уч йигит қамоққа олинади ва жазога тортилади. Лекин Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан Давлатбековнинг ўлдирилиши диний асосда эмас, балки оддий маиший жанжалдан келиб чиққан, дея изоҳлашади.

Ана шу фожеадан сўнг «Қорбобо» кийимини киядиган кишилар камайиб кетди. Лекин йиллар ўтиши билан фожеа унутилди. Қорбоболар кўплигидан бир-бирларига ола қарайдиган бўлиб қолишди.

- «Қорбобо» кийимини кийволиб, пул ишлайдиганлар кўпайиб кетган. Янги йил арчаси олдига болаларини сайрга олиб келган қанча ота-оналарнинг «Қорбобо»ни кўрибоқ четга бурилиб кетишганини кўрганман, - деди Бўстон шаҳрида яшайдиган Фаридун кулганича.

«Ўғлимни Украинага қарши урушга мажбурлаб олиб кетишди!»

Ўтган йили Қирғизистон билан бўлган қуролли можарода Тожикистоннинг Исфара шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманидаги уй-жойи ёндирилган, вайрон этилган ўнлаб оилалардан маълум бир қисми янги қуриб берилган уйларида байрамни кутиб олишга муяссар бўлди. Жумладан, Бобожон Ғафуров туманидаги Овчиқалъача қишлоғида уй-жойсиз қолганлар 12 та янги уйга кўчиб киришди. Бу уйларни қуришда тумандаги бошқа қишлоқ жамоатларида яшовчи аҳоли моддий жиҳатдан ёрдамлашди.

- Бизга кўмаклашган кишиларга раҳмат. Лекин ҳозиргача хотиржам эмасмиз. Нимадир тарақласа ҳам, уруш бошландими, деб чўчиб турамиз. Чегарага яқин яшайдиган ҳамқишлоқларимиз Хўжандга кўчиб кетишмоқда, - деди овчиқалъачалик Ҳамида Маҳмудова.

Лекин Қирғизистон билан чегарада яшаётган кишилар фақат қуролли тўқнашувлар кечган жойлардан эмас, балки умуман ўқ овози эшитилмаган қишлоқлардан ҳам кўчиб кетишмоқда. Деваштич туманининг Мўрияк қишлоғида яшайдиган ўнта оила Хўжанддан уй сотиб олди.

- Бизнинг қишлоғимиз чуқурликда жойлашган. Шундай тепамиздаги тоғликлар Қирғизистонга қарашли. Доим хавотирликда яшаймиз. Шунинг учун ўзимни эмас, болаларимни ўйлаб, Хўжанддан бир илож қилиб уй сотиб олдим, - деди мўрияклик киши.

- Менинг ўғлим Россияда ҳалок бўлди, - деди Ёвон туманида яшайдиган Тоҳир Тўйдиев. - Бобоазиз бор-йўғи йигирма икки ёшга кирганди. Россияга ишлаш учун кетганди. Уни ўтган йили наркотик модда сақлашда айблаб, олти йилга қамашганди. Сентябрь ойида телефон қилиб, мени мажбурлаб Украина урушига олиб кетишяпти, деди. Мен бормайсан, бунга уларнинг ҳақлари йўқ, дедим. Ўғлим иложсиз эканлигини айтди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан ўлигини олиб келдик. Ҳозиргача аламимга чидаёлмайман. Қандай қилиб умрида қўлига қурол тутмаган ўғлимни урушга жўнатишди?

Россия-Украина урушида ҳалок бўлган Бобоазиз Тўйдиевнинг жасади 12-декабрда олиб келиниб, қишлоғидаги қабристонга кўмилди. Лекин қариндошларининг айтишларича, тобутни келтириш учун Россия ҳукумати ҳеч қандай ёрдам бермаган. Россияда ишлаётган тожикистонлик муҳожирлар пул йиғиб беришган.

Бохтар вилоятининг Кушониён туманида яшайдиган 28 ёшли Манучеҳр Шодов ҳам Россия-Украина урушида ҳалок бўлган. У Санкт-Петербургдаги турмаларнинг биридан урушга мажбурлаб олиб кетилган. Марҳумнинг отаси Ҳокимшо Шодовнинг айтишича, ўғлини урушга олиб кетишганини улардан яширишган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россия турмаларида минглаб тожикистонликлар бор. Уларнинг қанчаси ҳозирда Россия томонида туриб Украинага қарши урушда қатнашаётгани борасида эса, ҳеч қандай маълумот йўқ.

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганида автобусларда тожик ва ўзбек тилларида урушга қатнашишга даъват этилган эълонлар ёпиштирилган эди. Муҳожирлик марказига келаётганлар эса, Россия фуқаролигини жуда тез бериш ваъдаси билан урушда қатнашишга тарғиб қилинган.

Лекин худди Ўзбекистон каби Тожикистонда ҳам чет мамлакатда урушда катнашиш жиноят ҳисобланади. Ўзбекистон каби Тожикистоннинг Россиядаги элчихоналари, консулликлари ҳам ўз фуқароларига бу борада эслатишган.

Норасмий маълумотларга қараганда, ҳозирда Россияда 1 миллион нафардан ортиқ тожикистонлик бор.

Қисман ҳарбий сафарбарлик бошланган пайтда Россиялик юзлаб одамлар каби Россия фуқаролигини қабул қилган тожикистонлик йигитлар ҳам ўз ҳаётларидан чўчиш бир тараф, адолатсиз урушда қатнашиб, қамалиб кетмаслик истаги иккинчи тараф Тожикистонга келишган.

- Украинада нималар бўлаётганини бутун жаҳон кўриб турибди. Биз бу урушнинг тезда тўхтатилишини истаймиз. Бу урушга мажбурий олиб кетилган фақат тожикистонлик, ўзбекистонлик ё қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари, Россия турмасида ётганлар эмас, балки украиналик, россиялик минг-минглаб одамларнинг, қариялар, ҳалок бўлишларини истамаймиз. Ҳар бир инсон Янги йилни тинч дастурхон атрофида кутиб олсин, - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.