Россия. Янгиликлар: Мен урушдан қочганим йўқ, қон тўкишни истамайман! - Тожикистонликлар ортга қайтишмоқда Rossiya Ukraina Yangiliklar

Тожикистонга келган россияликлар ва маҳаллий одамлар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг Тожикистонга келаётган россияликлар сони кейинги кунларда анча камайди. Лекин Россия фуқаролигини қабул қилган ва икки фуқароликка эга бўлган тожикистонликларнинг туғилган юртларига қайтишлари давом этмоқда.

Айни бир пайтда Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг мажбурий равишда ҳарбий хизматга чақирилаётганлари ҳақидаги хабарларни миш-миш ва ёлғон деб чиқди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги эса, мамлакатга келган россияликларни асоссиз равишда Россияга топширмасликни маълум этган. Россияни тарк этган унинг фуқаролари жиноятга қўл урганликлари, ё ҳарбий хизматни ўтаётган пайтда ўзи билан ҳарбий кийим ва қуролни олиб кетганлиги исботланган такдирдагина уларни Россия ҳуқуқ-тартибот мақомотларига топшириш мумкинлиги айтилди.

Алоқадор мавзулар:

Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Қозоғистон ДНР, ЛХР, Херсон ва Запорожье областларидаги аҳоли раъй беришлари(референдумлар)ни тан олмаслигини расман баён қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина атрофидаги вазият бўйича баёнот берар экан, «Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир», дея билдирган. Бу баёнотда Украина ҳудудларини қўшиб олишга оид референдум борасида сўз бормаган.

Тожикистон расмийлари эса, ҳали бу масалада муносабат билдиришмаган.

Кўпчилик Россиядан тезроқ чиқиб кетишга уринарди

Ҳозир фақат Тожикистон пойтахти Душанбе ё Хўжанд каби йирик шаҳарларда эмас, балки Бўстон, Гулистон каби кичик шаҳарларда ҳам қисман ҳарбий чақириқ боис Россиядан бош олиб чиққан кишиларни кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти йигирма-йигирма беш ёшдаги йигитлар, лекин ўттиз ёшдан ортган, ўрта ёшли эркакларни ва оиласи билан келган кишиларни ҳам тез-тез учратиш мумкин.

- Мен Қозонда яшайман. Лекин у ердан Хўжандга учиб келишнинг иложи бўлмади. Москвага бориб, эллик минг рублга чипта топишга муваффақ бўлдим, - деди 35 ёшга кирганини айтган Антон (унинг исми ўзгартирилган).

- Беш минг рубль денг, - унинг гапини бўламан.

- Ҳа эшитишимча, авваллари беш мингга учиб келишган экан. Лекин Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач, самолёт чиптаси нархи бирданига ошиб кетди. Менинг бир танишим Душанбега 100 минг рублга билет олди, - деди Антон.

Новосибирсклик Алексей эса, бу масалада Антоннинг бахти чопганлигини айтади.

- Мен Новосибирскдан Москвага бориб, самолётда Тожикистонга учишимга тўғри келди. Битта чиптани 195 минг рублга олдим. Долларда қанча бўлади, дейсизми? 3000 доллардан ортиқ. Мен билет олган куним бу нархга топиш ҳам қийин бўлди. Урушга сафарбарлик энди эълон қилинган. Жуда кўпчилик иложи борича тезроқ Россиядан чиқиб кетишга уринарди. Ундай пайтда пул кўзга кўринадими, - дейди Алексей.

Антон нега айнан бошқа мамлакатлар ёки Тожикистонниг бошқа шаҳарларини эмас, балки айнан Хўжандни танлаганини изоҳлади:

- Менинг танишларим дуч келган томонга қараб кетишди. Кўпчилик Қозоғистон чегарасига. Бахтимга Хўжанддан яхши таниш орттирган эканман. У билан телефонда гаплашганимда, келавер, уйимда турасан, деди. Ҳозир уникида Қозондан бирга келган шеригим билан турибман. Мен танишим фақат мен учун дастурхонни тўлдириб ташлайди, деб ўйлардим. Лекин Хўжандда кўчада юрганимизда, бозорга борганимизда, бизни умуман танимаган бир неча киши уйига таклиф қилди, меҳмон қиламан, дейишди.

- Мен бу ерга институтда бирга ўқиган курсдошим қўллашини ўйлаб келдим. У мени жуда илиқ кутиб олди. Ҳамма ишимга ёрдам берди. Алишер, тожикистонлик курсдошларим менга шундай от қўйишган, уйимда истаганингча туравер, деди. Лекин мен меҳмонхонани танладим. Биз келган кунимиз меҳмонхона арзонроқ эди. Узоқроқ муддат яшашим сабабли кунига 35 долларга яқин пул олишяпти.

Хўжанддаги «Суғдиён» меҳмонхонаси олдида устма-уст чекканча ўйланиб ўтирган йигит ҳам вақтинча бўлса-да, яшаб туриш учун жой топганидан мамнун:

- Хайрият, олдинроқ лаш-лушимни йиғиштириб йўлга чиққаним. Меҳмонхонадан жой топдим. Лекин мен келганимдан сўнг уч-тўрт кун ўтмай, меҳмонхоналарда жой қолмади.

Тожикистонга келган россиялик эркак

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Антон тадбиркорлик билан шуғулланиши, Қозонда тиббий клиникаси борлигини айтди.

- Ҳаммаси яхши. Мен ишимни шу ердан туриб онлайн тарзда бошқаряпман. Фақат бу ерда интернет тезлиги пастроқ экан, - деди у.

- Мобилда интернет тезлиги бироз тезроқ. Лекин пули биздагига қараганда анча қиммат экан. Ишхонамдагилардан миннатдорман, пул масаласида ёрдам бериб туришибди, - деди асли касби инженер эканлигини айтган 32 ёшли Алексей.

Айни шу интернет тезлиги туфайли фақат Хўжандга эмас, балки Душанбега келган кўпчилик россияликлар Ўзбекистонга, у ердан Қозоғистонга ўтиб кетишмоқда.

- Душанбе марказида интернет тезлигига чидаса бўлади. Лекин шаҳарнинг чеккароқ қисмида тезлик жуда паст. Аксинча марказда ижара нархи қиммат, чеккароқда арзон. Мен уйда ҳам онлайнда ишлардим. Бу ерда ишлашим қийин бўлди. Душанбеда танишган россиялик танишларим билан Алматига кетишга қарор қилдик. Эртага Тошкентга қараб йўлга чиқамиз, у ердан Қозоғистонга ўтамиз, - деди москвалик Даниил.

- Алматига боришимизнинг яна бир сабаби бор, - деди Даниил билан йўлга отланаётган янги таниши Артём. - У ерда менинг қариндошим яшайди. Кўчада қолмаймиз.

"Мен урушдан қочганим йўқ, қон тўкишни истамайман!"

Душанбедаги меҳмонхоналарда бўш хоналар қолмагач, ижарага бериладиган уйлар нархи ҳам кескин ошиб кетди. Ҳатто ойига 30 минг сомонийга (3 минг АҚШ долларига тенг) етди.

Лекин кўплаб душанбеликлар бошпана қидириб юрган россияликларни уйларига таклиф этишди. Бунинг учун ҳақ олишмади, қайтага меҳмон қилишди.

Россияликларга беғараз ёрдам берган инсонлар орасида таниқли журналист Наргис Қосимова ҳам бор. Унинг инсонийлик амаллари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали кўпчилик хабардор бўлди.

Наргис Душанбедаги савдо марказларидан бирида телефон учун Тожикистон сим-картасини олиш мақсадида навбатда турган россияликларни учратади. Уларнинг ёнидаги чемоданлар ва юзларидаги ташвиш, ўйчанликдан ҳали бирон ерга жойлашишмаганини сезади. У россияликларга ёрдам таклиф этади. Меҳмонхонадан жой тополмаган россияликлар ёрдамни рад этишмайди. Наргис тўрт нафар россияликни уйига жойлаштириб, ўзи синглисиника кетади.

Россияликлар узатган пулларини Наргис олмаганда ҳайрон бўлишади. Наргис эртасига уларга арзонроқ ижара уйи топиб беради.

"Улар менинг қўлимга 100 долларликни тутқазишга уринишди. Сиз уни олган бўлармидингиз? Мен қайтар дунёга ишонаман. Бугун мен бу йигитларга ёрдам берсам, кимдир эртага менинг болаларимга кўмаклашади", деб ёзади Фейсбукдаги саҳифасида Наргис Қосимова.

"Улар ўлиб кетмасликни танлашган. Лекин ўлдирмасликни ҳам. Бизнинг ҳаммамизни нималар кутиб турганини келажак кўрсатади. Инсон эканмиз, инсонийликни сақлаб қолайлик", деб ёзади Наргис Қосимова.

Тожикистонга келган россияликлар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

- Мен урушдан қочганим йўқ. Кимларнингдир қонини тўкмаслик учун ўз юртимдан бош олиб кетдим, - дейди Антон. - Бизга бошқаларнинг ери нима учун керак? Ҳатто Қрим ҳам керак эмас.

- Фақат мен эмас, жуда кўплаб танишларим урушиш учун чақирув қоғози келмасдан олдин йўлга чиқдик. Балки повестка умуман келмас. Балки ҳарбий хизматга яроқсиз бўлсам-да, «кўнгилли» қилиб урушга жўнатишар, - дейди маъюс тортганча Алексей-Алишер.

Айни бир пайтда Россия ҳукумати россияликларнинг четга чиқиб кетишлари олдини олиш учун турли чораларни ўйлаб топмоқда. Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг билдиришича, Россия ҳукумати қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг мамлакатдан чиқиб кетган фуқаролари кимлигини аниқламоқда. Россиянинг «Интерфакс» ахборот агентлиги Володиннинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Уларни чиқиб кетганликларини ҳеч ким кўрмайди, ким кетди, нимага кетди, ҳеч ким билмайди, деб ўйлайсизми?»

У рўйхатлар нима мақсадда тузилаётганига аниқлик киритмаган. Айни бир пайтда мамлакатдан чиқиб кетган кишиларнинг чегараларда ташлаб кетилган машиналарини ҳарбийлар оилаларига беришни таклиф этган.

Буни эшитган Антон бироз тутақади: «Бировнинг мулкини ўзлаштиришга нима ҳақлари бор? Тўғри, менинг машинам Қозонда қолган. Лекин бошқалар ҳам мен каби машинасини тер тўкиб сотиб олган!»

Душанбедаги россияликларнинг айримлари ҳамон бошқа мамлакатларга кетиш йўлларини излашяпти. Истанбул, Дубай, Алматига самолёт чипталари бирмунча арзонлашди. Энди россияликлар Ҳиндистонга, Деҳлига ҳам отланишмоқда.

"Деҳлида меҳмонхоналар ҳам, яшаш ҳам арзон деб эшитдик. Шунинг учун у ерга кетиш учун тараддуд кўряпман", деди Самарадан учиб келганини айтган Максим.

"Тожикистонга қайтганимда қамашмайди-ку!"

Россияда қисман сафарбарлик ортидан айнан Москвадаги «Сахарово» кўп вазифали муҳожирлик марказида чет элликларни ҳарбий хизматга боришларини ташкил этувчи нуқтанинг ишга тушириш ҳақидаги хабарлар тожикистонлик меҳнат муҳожирларида хавотирлик уйғотди. Чунки айнан ушбу марказда хорижликларга, шу жумладан, тожикистонликларга вақтинча яшаш, Россияда яшаш ҳуқуқига эга бўлиш ва Россия фуқаролиги ҳужжатлари, бундан ташқари ишлаш учун патент расмийлаштирилади.

«Сахаровога келган ҳар бир чет эллик фуқаро Украина билан урушга бориш учун тарғиб қилиниши ёки ҳатто алдаб-аврашлари ва таҳдид қилишлари мумкин», деди таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Мазкур марказ эса, бир кеча-кундузда 5000 нафаргача хорижликни қабул қилиши мумкин.

Россия Давлат Думаси бир йил ҳарбий хизматни ўтаган хорижликларга Россия фуқаролигини тезда беришга оид қонун қабул қилди.

Қисман сафарбарликнинг кимларга тегишли эканлиги ҳақидаги шарҳлар эса, баъзан бир-бирига қарама-қарши янграрди. Масалан, Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқларига оид кенгаш аъзоси Кирилл Кабанов кейинги ўн йилда Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё фуқаролари ҳарбий хизмат қилишни ўташлари мумкин деб чиқди. У бу борада ўзининг Телеграмм тармоғида ёзар экан, Россия Федерацияси президенти эълон қилган қисман сафарбарлик доирасида Россиянинг янги фуқароларини бир йил давомида ҳарбий хизматни ўташларига доир таклиф тайёрлаётганликларини билдирган. Унинг сўзларига кўра ҳарбий хизматдан бош тортган кишигина эмас, балки унинг оиласи ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум этилади. Кирилл Кабановга кўра бу амал Марказий Осиё давлатларининг ихтиёрий равишда махсус ҳарбий амалиётда қатнашган фуқароларини жиноий жазога тортилиши борасидаги огоҳлантиришларига жавоб бўлади.

Россия расмийларининг бу каби чиқишлари тожикистонлик меҳнат муҳожирлари, айниқса, икки фуқароликка эга бўлган кишилар хавотирлигини янада ошириб юборди. Фақат Россия фуқаролигини олганлар эмас, балки бошқа меҳнат муҳожирлари ҳам ваҳимага тушиб қолишди. Ким чипталар нархи ошиб кетганига қарамай, аэропортга, кўп пул тополмаганлар Қозоғистон чегараси томон отланишди.

- Мен Сахаровога Россияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни расмийлаштириш учун борган эдим. Ҳарбий хизматга борасан, дейишди. Мен унинг қандай хизматлигини билардим. Россия фуқаролигини олишдан воз кечдим. Энди эса, турли баҳона билан мени Россиядан чиқариб юборишлари мумкин эди. Буни кутиб ўтирмай, Тожикистонга қайтдим. Майли, озроқ пул топарман, лекин урушда ўлиб кетмайман-ку! Боринг, агар ажалим етмаган бўлса, Тожикистонга қайтганимда, мени ўн-ўн беш йилга қамашмайди-ку, - деди йигирма тўрт ёшли, Москвада таксида киракашлик қилиб пул топадиган Муҳсин.

"Инсофсизларга инсоф берсин!"

- Биз икки ака-ука Россия фуқаролигини олганмиз. Акамнинг машинасида Қозоғистон чегарасигача келдик. Машинада ўтиш қийинлигини кўриб, чегарадан пиёда ўтдик. Тошкентга келганимизда акамга Россиядан телефон қилиб қолишди. Тўртта фарзанди бор эркакларни урушга олишмаслигини айтишди. Акам Россияга қайтиб кетди. Мен энди ҳаммаёқ тинчиса, Россияга қайтиб бораман, - деди Бўстон шаҳрида яшайдиган Исфандиёр.

Лекин Тожикистонга қайтиб борса, яшаш учун етарли маош бериладиган иш топа олмаслигини ўйлаб, нима бўлганда ҳам Россияда қолиб ишлашга аҳд қилганлар кўп.

- Болта келганча кунда дам олишади, дейишади-ку! Балки урушга борадиган россияликларнинг ўзлари 300 мингтага етар, - дейди Сургутда ишлаётган, Россия фуқаролигини қабул қилган Исмоил.

Тожикистонлик расмийларнинг айтишларича, ҳар йили ҳарбий чақириқ режасини тўлдириш қийин кечади. Хизмат ёшидаги йигитларнинг кўпчилиги Россияда. «Ўз ватани учун хизмат қилган йигитларнинг бошқа бир давлат очган урушда қатнашишини тасаввур қила олмайман», дейди истеъфодаги зобитлардан бири.

Расмийлар тасдиқламаган хабарларга кўра Россия тарафида ҳам, Украина тарафида ҳам туриб урушаётган марказий осиёликлар, жумладан, тожикистонликлар йўқ эмас. Аммо уларнинг Россия фуқаролигини қабул қилишгани, Россия армиясида хизмат қилган ё хизмат қилаётган касбий ҳарбийлар эканлиги айтилади.

- Ўғлим Москвада икки ой олдин иш топганди. Ишини ташлаб келди. Топган пулимиз балки кўкламгача етар. Лекин уёғи нима бўлади, - дейди Хатлон вилоятининг Восе туманида яшайдиган олти фарзанднинг онаси Хайрибиби.

Бобожон Ғафуров туманининг Овчиқалъача қишлоғида яшайдиган Хадича Маҳмудова эса, Россияда ишлаётган ўғилларидан хавотирда:

- Иккови ҳам Россия фуқаролигини олган. Кечалари уйқум қочиб кетади. Юрагим санча бошлаганда, ўзимга таскин бераман: Балки болаларимни урушга жўнатишмас. Улар ҳарбий хизматда бўлишмаган-ку! Бирпас ўтиб, яна юрагим безовта қилади. Ўтган ой Қирғизистон билан чегарада бўлган қуролли можарони ўйлайман. Уч-тўрт кун давом этдими-йўқми, ўша беъмани урушда қишлоғимиздан ўн саккиз киши ҳалок бўлди. Ишқилиб, ноинсофларга инсоф берсин. Россия Украина билан урушни тўхтатса, нима қиларкин?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek