Human Rights Watch: Қозоғистон намойишчиларига ўт очилиши текширилсин! Qozog‘iston namoyishlar yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Қозоғистондаги қонли ҳодисаларга бағишланган ўз ҳисоботини эълон қилди, Қозоғистон ҳукуматини намойишчиларга нисбатан номутаносиб куч қўлланишини текширишга чақирди.

Халқаро ташкилот ҳодисалар пайти тасвирга олинган 80 та видеони ўрганиб чиққан ва Қозоғистон полицияси ва ҳарбийлари камида тўрт ҳолатда намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўллаган деган хулосага келди.

Видеолар 4 ва 6 январь кунлари Олма-Ота шаҳрида тасвирга олинган.

Human Rights Watch видеолардаги жойлар, туширилган вақти ва хронологиясини текшириб тасдиқлаган ва гувоҳлар билан суҳбатлашган.

Қозоғистон расмийларига кўра, ҳодисалар пайти 225 инсон ҳалок бўлган, уларнинг 19 нафари ҳарбийлар ва полиция ходимлари бўлган.

Ўз тадқиқотлари асосида Human Rights Watch кучишлатар тизимларнинг намойишчиларга қарши жанговар қуроллардан ўт очганини қоралаган, видеоларга тушган ҳодисалар юзасидан "зудлик билан, самарали, мустақил ва холис текширув ўтказилиши керак" дейди инсон ҳақлари ташкилоти.

Тинч намойишлар қандай қилиб зўравонликка айлангани ҳануз номаълум.

Дастлаб, 4 январь куни одамлар митингга чиққанида, оломоннинг кайфияти байрамона эди.

Улар Қозоғистон мадҳиясини куйлаб, сиёсий талабларни айтишди.

"Оломон жуда хилма-хил эди, - деб эслайди Олма-отадаги воқеаларни кузатиб борган маҳаллий журналист Тимур Нусимбеков. - Шаҳар чеккасидан, шаҳар марказидан келганлар бор эди. У ерда ҳипстерлар ва ёш ишчилар бор эди."

Расмийлар оломонни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдалангани полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувларга олиб келгани сабабли атмосфера ўзгара бошлади.

Эртаси куни, 5 январда кескинлик авж олди.

Журналист Нусимбековга кўра, Олма-Отадаги майдонда баъзи одамлар ошхона пичоқлар ва ов милтиқлари билан қуроллангани кўринган.

Бу одамларнинг кимлиги ҳозиргача аниқ эмас.

Олма-Ота полициясидан Азирбек айтишича, "жанговар тактикани яхши ўрганган одамлар" полициячиларнинг қуролларини тортиб олиш мақсадида уларга ҳужум қилганлар.

У ерда ҳозир бўлган намойишчилар бунинг учун номаълум провокаторларни айбламоқда.

"Биз тинч намойиш қилдик", дейди фаоллардан бири Қўнай Абдиев Би-би-сига.

"Аммо кейин бир гуруҳ ёшлар машинада келиб, тўғри шаҳар ҳокимлиги биноси томон югуришди. Биз уларни тўхтата олмадик. Улар машиналарни бузиб, ойналарини синдиришди.

Улар юзларини яширадиган ниқоб кийишган эди. Бизга ҳужум қилишларидан қўрқиб, уларнинг кўзларига қарашга ҳам қўрқардик."

Тез орада вазият назоратдан чиқиб кетди.

Оломоннинг баъзилари шаҳар ҳокимлиги биносини эгаллаб олиб, уни ёқиб юборди.

Отишма ва граната товушлари атрофни ларзага келтирди.

6 январь куни майдонда қолганлар тинч митинг ўтказишга ҳаракат қилишди, улар орасида кўплаб кекса эркаклар ва аёллар отишмани тўхтатишга ҳаракат қилишди.

Намойишчилар қўлларига "Биз террорчи эмасмиз, биз тинч одамлармиз" деб ёзилган баннер кўтарган эди.

Аммо ўша оқшом зирҳли машиналарда келган аскарлар майдонни икки томондан тўсиб қўйди.

"Мустақиллик монументи ёнида эдик, - деб эслайди яна бир намойишчи Салтанат Ҳамзина. - Одамлар Қозоғистон байроғини кўтариб юрганди. Улар саф тортдилар ва [қуролсиз эканликларини кўрсатиш учун] қўлларини силкитишди."

Соат 19:00 атрофида ҳарбийлар ўт очди.

"Улар осмонга ўқ отаётганга ўхшарди, лекин орқамиздаги одамлар йиқилиб ўлган эди. Биринчи қаторда ўтирганлар эмас - уларга ўқ узилмаган. Демак, ўқ овози остида ўқ узган снайперлар бўлгандир", дейди Салтанат.

Намойишнинг яна бир иштирокчиси Меҳрхон Абдуманапов Мустақиллик монументи ёнида яширинганда у ерда 50 ёшлардаги ярадорни кўрган.

"У инграб, қимирлай олмади. 17-18 ёшлардаги икки ёш қиз ва яна бир йигит бир-бирининг устига ётарди. Уларда ҳаёт аломати йўқ эди.

Мен шунчалик ғазабландимки, улар тинч намойишчиларга қарата ўқ узаётганини ҳаммага айтишга ўзимга сўз бердим."

Олма-Ота полицияси ходими Азирбек хавфсизлик кучлари фақат ўзларини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатганини таъкидлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek