You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қозоғистонга тинчлик қайтгандек, аммо кўп саволлар очиқ қоляпти Dunyo Yangiliklar
Қозоғистонга тинчлик қайтгандек. Мамлакат раҳбарлари тартиб ўрнатилганини айтишмоқда.
Аммо вайроналар ичра, энди қатор саволлар жавобини кутмоқда.
Президентга кўра, инқироз тугаган. Минглаб одамлар қўлга олинган. Сўнгги рақамларга кўра, 10 мингга яқин одам.
Расмийлар аксилтеррор амалиётини ўтказдик дейишмоқда. Қурбонлар сони эса аниқ эмас. Олмоти ҳокими ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини айтди.
Аммо ўтган кунлар давомида бу ерда аслида нималар бўлди, зўравонликлар ортида қайси гуруҳ турибди - ҳамон аниқ эмас.
Ғалаёнлар давомида ўлдирилган ва ҳибсга олган одамларнинг ҳаммаси зўравонликка қўл урганми? Бу каби саволларга жавоб топиш учун мустақил текширув талаби янграмоқда.
БМТ қурбонлар ва қўлга олинган минглаб одамлар орасида тинч намойишчилар ҳам бўлиши эҳтимолини текширишни талаб қилиб чиқмоқда.
«Ўтган ҳафта бўлган воқеаларда ва ундаги қурбонлар бўйича, шаксиз, тез, мустақил ва бетараф текширувлар зарур. Дейлик, хавфсизлик хизматлари зарур бўлмаса ҳам ҳаддан ташқари куч ишлатишмаганми? Албатта, шуни ҳам таъкидлаймизки, Олмоти ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида қуролланган шахслар ҳам кўчаларга чиқишган», - дейди БМТ инсон ҳуқуқлари агентлиги воизи Лиз Троссел.
Ўтган кунлардаги ҳодисалар мустақил Қозоғистон тарихида энг кенг қамровли ва қонлиси бўлди. Аксар давлатларида авторитар бошқарув ҳукмрон бўлган Марказий Осиёдаги энг иқтисодий фаровон давлатда бу каби воқеаларни кўпчилик кутмаган.
Ушбу ҳодисаларга оид саволлар эса ҳали бери тугамаслиги мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek