Афғонистон қўшнилари Теҳрон анжуманини ўтказдилар Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, Reuters
27 октябрь куни Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг иккинчи анжумани бўлиб ўтди.
Бу учрашув мақсади Толибон бошқараётган Афғонистонда барқарор тинчликка эришишдир.
Теҳрондаги анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Эрон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари бевосита, Россия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари эса онлайн иштирок этганлар.
БМТ Бош Котиби Антониу Гутеррешнинг видео мурожаати намойиш этилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон халқаро изоляцияга тушиб қолмаслиги учун Афғонистон бўйича постконфликт стратегия ишлаб чиқилиши лозимлигини урғулаган.
"Толибондан инклюзив ҳукумат, инсон ва аёллар ҳуқуқларига риоя этишлари кутилмоқда", деб айтган жаноб Комилов.
"Афғонистоннинг музлатилган маблағлари эркинлаштирилиши, уни иқтисодий ҳамкорликка ва инфратузилмавий лойиҳаларга чорлаш, унга гуманитар ёрдам етказиб бериш ва уни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш керак", деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Комилов.
Бундан олдин Афғонистон қўшниларининг биринчи анжумани сентябрь ойида Покистонда бўлиб ўтган эди.
Эрон давлат телевидениеси анжуманни тўғридан-тўғри намойиш этган.
Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиён Эроннинг Афғонистон борасида эгаллаган мавқеъсини яна бир бор билдирган: Эрон Афғонистонда инклюзив ҳукумат шакллантирилишини қўллаб-қувватлайди.
Шиа мусулмонлари мамлакати бўлган Эрон қаттиққўл Сунний Ислом эътиқодидаги Толибон учун узоқ йиллар душман саналиб келинган.
Бироқ охирги йилларда расмий Теҳрон Толибон раҳбарлари билан очиқ учрашадиган бўлган.
Шу йил июлида Теҳрон Афғонистон ҳукумати вакиллари билан Толибоннинг олиймақом сиёсий раҳбарлари учрашувига мезбонлик қилган эди.Эрон шу йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибоннинг ҳукуматга этник озчиликлар вакилларини киритмагани учун танқид қилиб келади.
Теҳрон учрашувида Толибон иштирок этмаган, анжуман сўнгида ташкил этилган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиён кейинги анжуманга Толибон вакиллари ҳам қўшилиши мумкинлигини айтди.
Анжуманнинг барча иштирокчилари Афғонистоннинг барбод бўлиши ёхуд фуқаролар уруши бошланиб кетиши олдини олиш мақсадида қўшни давлатларнинг ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлигини урғулаганлар.
Афғонистонда инсонпарварлик инқирози кучаяётгани вазиятини инобатга олиб Афғонистоннинг музлатилган маблағларини "эритиш" АҚШдан сўралган.
Хитой Афғонистон қўшниларининг кейинги анжуманига мезбонлик қилишини маълум қилди.
- Расмий Тошкент дипломатияси ёки Ўзбекистон барибир ютадими?
- Афғонистон иқтисодий инқирозидан қўшнилари зарар кўради - Халқаро Валюта Жамғармаси
- Нима муҳим - Толибонми ёки Афғон халқи?
- Президент Мирзиёев: Афғонистонни яккаламаслик керак
- Толибон энди Афғонистонни бошқара оладими?
- Қатар ва Туркия Толибон учун дунёга дарча бўлмоқда
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















