Қирғизистон-Тожикистон чегарасида нималар бўлмоқда? Ўзбекистон билан ер олиб, ер бериладими? Qirg‘iziston, Tojikiston, mintaqa, dunyo, yangiliklar

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида нималар бўлмоқда? Ўзбекистон билан ер олиб, ер бериладими? Бу икки қўшни давлат ўртасидаги сўнгги можаролар Ўзбекистон билан ҳам чегара муаммосини кун тартибига олиб чиққан.

Бир ҳафтадан бери Тожикистон ҳибсида қолаётган қирғизистонликларнинг қачон ўз юртига қайтарилиши номаълумлигича қолмоқда.

Куни-кеча Қирғизистон ва Тожикистон чегарада ҳибсга олинган фуқароларни қайтариш масаласини муҳокама қилган.

Қирғиз тарафи ташаббуси билан икки томон вакиллари 22 февраль куни Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Марказий-Орқа (Хўжанд-Конибодом) йўлидаги ресторанда учрашган.

Йиғилишда Қирғизистоннинг Лайлак тумани, Тожикистоннинг Ғофуров тумани ҳокимлари, прокурорлари, милиция, хавфсизлик ва чегара хизматларининг вилоят раҳбарлари иштирок этган.

Қирғиз ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Ўмурбек Суваналиевнинг сўзларига кўра, давлат чегарасини бузганлиги сабаб ҳибсга олинган тўққиз нафар қирғизистонлик ва шу каби сабабларга кўра ҳибсга олинган 15 нафар тожикистонликни ватанига қайтариш масаласи муҳокама қилинмоқда.

"Музокаралар бўлиб ўтди. Натижаларни кутмоқдамиз. Бу дарҳол ҳал қилинадиган масала эмас. Чегарадаги баъзи муаммоларни ҳал қилиш учун халқ дипломатиясидан фойдаланиш керак", дейди Ўмурбек Суваналиев.

Мулозимнинг айтишича, учрашувда икки халқ бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни ўтказиш тўғрисида ҳам гаплашилган.

Ҳибсга олинганларни озод қилиш талаби

22 февраль куни юзга яқин киши Боткенда ҳукумат биноси олдида норозилик намойиши ўтказиб, "чегарани ноқонуний кесиб ўтиш" ва "контрабанда" айбловлари билан ҳибсга олинган беш қирғизистонликни озод қилинишини талаб қилишган.

"Махсус чегара белгиси йўқ. Жуда катта миқдордаги жарима пули тўлаш тўғрисида айтишмоқда. Менинг укам ҳам у ерга тирикчилик деб борган бўлса керак, у ҳанузгача ҳибсда сақланиб турибди. Ҳозир беш киши борлиги тасдиқланди", дейди намойишчилардан бири.

Боткен вилоятининг Самарқандек туманида яшовчи Арзигул Назированинг укаси ҳам Тожикистон ҳибсида қолмоқда. У қирғиз расмийлардан укасини озод қилдириб беришларини илтимос қилади.

"Укам жарима тўлашга қодир эмас. У иккинчи гуруҳ ногирони, онаси нафақада. Ҳеч қандай бизнеси йўқ, у ерга тирикчилик, деб ўтиб кетган. Ҳукумат вакили гаплашамиз деб қўйди, бўлди. Чегарада ҳеч қандай белги йўқ. У қандай қилиб чегарадан ўтиб кетгани учун 300 минг сўм жаримага тортилиши мумкин?", дейди яна бир намойишчилардан бири.

Янги тайинланган ҳукуматнинг Боткендаги вакили Ўмурбек Суваналиев намойишга чиққанлар билан учрашиб, 16 февраль куни ҳибсга олинган Қирғизистон фуқароларини қайтариш бўйича чоралар кўраётганини айтиб тинчлантирган.

Шунингдек, ҳукумат вакили йиғилганларни бир йил аввал қабул қилинган чегара ҳудудлари тўғрисидаги қонун ҳақида ҳам огоҳлантирган.

«Қирғизистонда ушбу қонун бир йил олдин кучга кирган, кейин Тожикистонда худди шундай қонун қабул қилинган. Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш маъмурий ҳуқуқбузарлик, деб ҳисобланади, бунинг учун жарима шаклида жазо назарда тутилган. Унинг ҳажми тахминан 200 минг сўмни ташкил қилади. Бир йил давомида 7 миллион сўм миқдорида жарималар қўлланилди. Ҳозир бизда ҳам Тожикистоннинг 11 фуқароси миграция қонунчилигини бузгани учун ҳибсда сақланмоқда. Шунинг учун сизлардан қонунга риоя қилишингизни сўрайман", деган Ўмурбек Суваналиев.

Интернет тармоғининг қирғиз сегментида турли хил тасдиқланмаган хабарлар тарқатилиб, баъзи манбаларда 20 га яқин киши Тожикистонда ҳибсга олинганлиги ҳақида хабар ёйинланган. Бироқ бу расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

Тожикистон томони эса, бу борада изоҳ бермаган.

22 февралда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, 16 февраль куни беш қирғиз фуқароси Тожикистондан 900 килограмм темир, иккита қорамол ва учта қўйни ноқонуний олиб чиқиб кетаётган пайтда тожик чегарачилари томонидан қўлга олинганлигини маълум қилган.

Қўмитага кўра, баъзи оммавий ахборот воситаларида "гаровга олиш" ҳақидаги хабарлар ёлғондир.

Ташиев ташрифи

Жорий йилнинг февраль ойида Германияда юрак жарроҳлик амалиётидан сўнг Қирғизистонга қайтган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 18 февраль куни зудлик билан Боткенга, чегара муаммоси ортидан норозиликлар авж олаётган вилоятга аҳоли билан тушинтириш ишларини олиб бориш ва уларни тинчлантириш учун келган.

Ташиев аҳоли билан учрашувда Тожикистонда қўлга олинган қирғизистонликларни ватанига қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётгани, барчаси қонун доирасида хал қилинишини айтган.

Шунингдек, Қамчибек Ташиев вилоятга сафари давомида Ўзбекистон билан Қирғизистон расмийлари чегара яқинидаги айрим ҳудудларда участка алмашиш юзасидан келишувга эришгани ҳақида маълум қилган.

"Айрим жойлардаги баъзи участкаларни берамиз, бошқа жойлардаги участкаларни эса оламиз. Бу масала фақат шу тариқа ҳал бўлади. Албатта, бу ачинарли ҳол. Лекин бунинг бошқа йўли йўқ. Масалан, биз Олабуқа туманидаги ерни берамиз, аммо Сузоқда ер оламиз", деган Ташиев аҳоли билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг декабрида Бишкекка Ўзбекистондан Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги 20 кишилик делегация келган ва чегара бўйича сўзлашувлар бўлиб ўтган.

"Сўнгги баённома тунги соат 3 да имзоланган. Улар ўзиникини маъқуллаб туриб олишди, биз ҳам ўзимизникини маъқуллаб туриб олдик. Ниҳоят, тунги соат 3 да баённома имзоланди. Музокаралар, баҳслар шунақа ўтади, баъзан жуда қизғин бўлади. Охир-оқибат бир фикрга келамиз", дея урғулаган Хавфсизлик қўмитаси раиси.

Томонлар учрашув якунида давлат чегарасини делимитация ва демaркация ишларини фаоллаштиришга келишган.

Йилдан йилга Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги чегараси белгиланмаган ҳудудлардаги тўқнашувлар ортидан икки томоннинг норозилиги кучайиб бормоқда.

Натижада сўнгги йилларда Тожикистон билан чегара можаросини ҳал қилиш қийинлашмоқда. Ўтган йилнинг бошида ҳам Боткенда қирғиз-тожик чегарасида можаро юз берган эди. Ундан кейин ҳам икки давлат чегарачиларининг қуролли тўқнашувлари содир бўлган.

Бугунги кунда қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 976 километрни ташкил этади. Ундан 504 километри делимитация ва демаркация қилинган.

Таҳлилчилар чегара можароларининг иқтисодий оқибатларига ҳам ишора қилади.

Минтақанинг ўзаро боғлиқлиги туфайли чегарадаги вазият, қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатлар, савдо-сотиқ ва алоқа қийинлашиб, аҳоли эса товарларни бошқасидан иккинчисига ўтказишда сарсон бўлади. Натижада, ноқонуний савдонинг кўпайиши кузатилади.

Бошқа томондан, давлатлараро ташилувчи ёқилғи каби катта миқдордаги контрабанда ўз-ўзидан катта муаммо ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли бунга норозилик билдириб, ёнилғини ноқонуний йўл билан ўтказилувчи жойларини қўриқлаган ҳоллари ҳам кузатилади.

Авваллари Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгани ортидан, бундай ноқонуний савдо кенг тарқалган эди. Ўзбек тарафи, чегарани ноқонуний кесиб ўтганини иддао қилиб, Қирғизистон фуқароларига қарши қурол ишлатган ҳоллари ҳам учраган.

2017 йилда чегара пунктлари очилиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқ қайта тикланган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Қирғизистон билан ҳам чегара масаласи энг кескин муаммолардан бири бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёв иқтидорга келган 4 йил ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги делимитация ва демаркация масаласи жиддий ҳал қилингандек кўринган.

Томонлар сўнгги бир неча йилнинг ўзидаёқ 1379 километрлик чегара ҳудудларининиг 85 фоизи ҳал қилинганини маълум қилишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek