Қирғизистонлик таниқли уламо Чубақ ҳожи Жалилов вафот этди

Сурат манбаси, facebook
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Ўш
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Марказий Осиё мусулмонлари орасида ўз мавқеига эга бўлган Чубақ ҳожи Жалилов Қуръон оятларини ва ҳадисларни тафсир қилиб, халққа оддий тил билан баён қилиб берарди. Унга мусулмонлар шариатдан ташқари кундалик ҳаётий масалалар билан ҳам мурожаат қилиб туришарди.
Қирғизистон собиқ муфтийси, таниқли диний олим Чубақ ҳожи Жалилов 11-июлга ўтар кечаси 45 ёшида вафот этди.
Маълумотларга кўра, Жалилов зотилжам касаллигига чалиниб уй шароитида даволанаётган бўлган. У 10 июл кечаси аҳволи оғирлашиб, шифохонага ётқизилган.
Шифокорларнинг махаллий матбуотга айтишича, дин уламоси, «нафас олдирувчи аппаратингларни эртароқ улайсизларми", деб илтимос қилган. Унга дарҳол икки кислород концентратори уланган. Аммо у бир соатдан кейин вафот этган.
Ижтимоий тармоқларда ёйинланаётган хабар ва видеоларда, Чубақ ҳожи Жалиловнинг танаси касалхона ховлисига олиб чиқилиб, юзлаб инсонлар иштирокида жаноза намози ўқилганини кўриш мумкин. Шундан сўнг у туғилиб ўсган Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги Бай-Мундуз қишлоғига олиб кетилган ва кечга яқин қабрга қўйилиши хабар қилинди.
Ўзбекларга ҳавас қилган дин олими ҳаёти
Чубақ ҳожи Жалилов, Қирғизистон Уламолар кенгаши аъзоси сифатида бир неча йиллик фаолиятдан сўнг, жорий йилнинг 16 июнида ўз хохиши билан истеъфога чиққан.
У 2010-2012 йиллар давомида Қирғизистон мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий ҳам бўлган.
Шунингдек марҳум шайҳ «Марал» радиосининг "Аалымдан асыл жооп" (Олимдан ҳақиқий жавоб) дастури орқали кўплаб қирғизистонликларнинг диний саволларига жавоб бериб, ўз маслаҳатларини айтиб келган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жалилов Қуръон оятларини ва ҳадисларни тафсир қилиб, халққа оддий тил билан баён қилиб берган. Унинг фатво чиқаришга ҳам рухсати бўлган. Мусулмонлар шариатдан ташқари кунлик ҳаётий масалалар билан мурожаат қилиб туришган. Олим йиғинлари, мажлислари минглаб одамларни тўплаб келган.
Чубақ ҳожининг ютубдаги "Насаат медиа" каналининг ўзида 600 мингдан ортиқ обуначиси мавжуд. Унинг Фейсбукдаги саҳифасига 58 минг нафарга яқин киши обуна бўлган.
Чубақ ҳожи Жалилов ўзининг маърузаларида ўзбекларнинг диний билими ва маданиятини кўп бора хавас ила тилга олган. Жумладан, у йиғинларининг бирида тўйлар ҳақида маъруза қилаётиб, Ўшдаги ўзбекларнинг тўй қилиши маданиятини мақтаган.
"Ўзбекларни бой дейишади. Лекин улар ресторанларда тўй ўтказишмайдикан. Қирғизни камбағали уйида суви, ўтини йўқ, ресторанда тўй ўтказади. Лимузин билан кетишади. Ўзбекларни энг бойлари ҳам уйида тўй ўтказадикан. Бунинг баракаси нимада, биласизларми? Уйда тўй ўтказилганда, ўша ердаги болалар хизмат қилишади. Тўйда биласизлар, ўтин ёради, шўрва пиширади, ҳамжихатлик бўлади. Бизда бирдамлик йўқолди. Бир-бирини танимай қолишди. Ўзбек биродарларимизни тўйи бомдоддан кейин бўлади. Бомдодга бормасанг, тўйдан қоласан деган сўз. Шунинг учун уларнинг барчаси бомдод ўқишади. Қирғиз маҳаллага борсанг, баъзида имоми бўлади ёки бўлмайди. Ўзинг ўқиб кетаверасан. Ўзбек маҳаллаларига борсанг, жамоат кўп. Бизда қирғиз тўй қилса, бир кун ҳайф кетади. Ўзбекларда нонуштада ош ейсан, ишга кетаверасан. Эркак бошқа, аёл бошқа. Бизда ҳам шундай бўлиши керак. Қирғизлар тўйда бир дафтар тутади, ким, нима олиб келганини ёзиш учун. Кейин сен ҳам уларга шундай нарса қайтаришинг керак. Ўзбекларда эса совға олиб келиб, қўлингга беради, бўлди. У қарз ҳам эмас, совға. Биз ҳам шундай маданиятга ўтишимиз керак", дея ҳазил-мутойиба ила маъруза қилган марҳум дин арбоби.
Чубак ҳожи Жалилов 1992-1996 йилларда Ҳазрати Умар номидаги Қирғизистон Ислом университетида, 2000-2002 йиллари Саудия Арабистонидаги «Умм ал-Қуро» халқаро университетининг араб тили институтида таҳсил олган.
Мамлакатда коронавирус ва пневмония кескин тарқалиб касалхоналар тўлиб қолгани туфайли бир неча кун аввал Жалилов унга қарашли масжидни обсервация ёки вақтинчалик касалхона уюштириш учун беришга тайёр эканини билдирган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















