Коронавирус, Қирғизистон: Фавқулодда ҳолат узайтирилди. Шифокорлар ҳимояланганми? Koronavirus

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Ўш, Қирғизистон
Қирғизистоннинг кўпчилик ҳудудларида коронавирус сабаб жорий қилинган фавқулодда ҳолат апрел ойининг сўнгигача давом этадиган бўлди. Бу тўғрисидаги фармонни Президент Сўўрўнбай Жээнбеков имзолаб, Жўғўрқу Кенгашга тасдиқлаш учун юборган.
Жорий йилнинг 22-мартидан давлатда фавқулодда вазият эълон қилиниб, 25-мартдан 15-апрелгача Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари, Новқат, Қорасув ва Сузоқ туманларида фавқулотда ҳолат жорий қилинган эди.
13-апрел куни коронавирусга қарши курашиш республика штаби президентга фавқулодда ҳолат муддатини яна узайтиришни таклиф қилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хасталик ёйинланишининг авж олиши 20-25 апрелга тўғри келишини тахмин қилмоқда. Ундан кейин эса беморлар сони озаяди, дея тахмин қилинмоқда.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаевнинг сўзларига кўра, сўнги бир кун ичида коронавирусга чалинганларнинг сони 19 тага ортган. Уларнинг 5 нафари Бишкекда, ўн иккиси Ўш шаҳри ва икки нафари Ўш вилоятида. Беморларнинг 14 нафари аёл, беш нафари эса эркак.
"Бугунги кунда "COVID-19" вирусини юқтириб олганларнинг умумий сони 449 кишини ташкил қилади. Уларнинг ичидан 244 нафари аёл ва 205 нафари эркак. Коронавирусга чалинган 78 киши тузалиб уйларига чиқарилган. Беш киши эса ушбу хасталикдан вафот этди. Касалхонадаги 11 беморнинг аҳволи оғир, етти нафари жонлантириш бўлимида ётибди", дея маълумот берган Бишкекдаги матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.
Хасталикка гумон қилиниб, 366 киши касалхонага ётқизилган. Беморлар билан алоқада бўлган 7100 кишининг ҳам ташхислари олинган ва ҳозирда текширилмоқда. Улардан 1417 киши беморлар оила аъзолари, 5683 киши эса мулоқотда бўлганлар.
Коронавирусга чалинглар Жалолобод вилоятида 93 та, Ўш вилоятида 130, Ўш шаҳрида 71, Чуй вилоятида 28, Бишкек шаҳрида 82, Боткен вилоятида 5, Норин вилоятида 34 ва Иссиқкўл вилоятида 6 нафарни ташкил этади.
Республика бўйича умумий 28222 кишидан таҳлил олинган, унинг 27033 тасининг натижаси чиққан. Бир кунда 981 таҳлил ўтказилмоқда.
"Шифокорларга ёрдам беринг"
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, коронавирусни юқтириб олган шифокорларнинг сони 98 тага етган. Бу инфекцияни юқтирганларнинг 21,8 фоизини ташкил этади.
Тиббиёт ходимларининг қачон, қаерда, қандай вазиятда бу хасталикка чалинганини махсус комиссия ўрганиб чиқмоқда.
Ҳукумат шифокорларга, агар улар коронавирус юқтириб олса товон пули тўлашни ваъда қилган. Аммо дастлаб улар юқтиришнинг барча вазиятларини суриштиришни режалаштирмоқда, чунки шифокорлар қоидаларни сақламаган бўлиши мумкин деган тахминлар бор.
Айни вақтда, тиббиёт ходимлари ҳимоя воситаларининг етишмаслиги ва уларга сифатсиз ниқоблар билан махсус кийимлар берилаётганини айтиб шикоят қилишмоқда.
Қирғизистоннинг энг олис ҳудуди, Боткен вилоятига қарашли Лайлак туманининг Исфана шаҳрида ишлайдиган шифокор аёл расмийларга видео мурожат қилиб, кундалик тиббий ҳимоя воситалари етишмаётганини айтган.
"Бу ерда бир поликлиника бор, унда 70 ходим ишлаймиз. Вилоятимизда ҳам дунёга пандемия бўлган, коронавирус қайд этилган. Исфана шаҳримизда Боткенга, Россияга, Умрага бориб келган одамлар бор. Уларнинг ҳолидан тез-тезда хабар олиб турамиз. Яна кунда касалларни қабул қиламиз. Аммо бизда, кунда алмаштирмасдан киядиган халат билан юз ниқобимиздан бошқа ҳеч қандай кийимимиз йўқ. Агар бизга ёрдам берсангиз жуда ҳам миннатдор бўлардик. Бизга бир кунлик эҳтиёжимиз учун, 70 та ходимга бир марта кийиладиган халат, 350 дона ниқоб, 350 қўлқоп, 70 та антисептик, 50 та термометр, 100 та шпател керак. Оллоҳ сиздан рози бўлсин", дея кундалик тиббий ҳимоя воситалари билан таъминлашини сўрайди шифокор аёл.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, Боткен вилоятининг Лайлак туманига тиббий махсус кийимларни етказиш техник сабабдан кечиккан, уларни яқин кунларда шифокорлар олишади.
Бунгача Иссиқ-кўл вилоятига қарашли Иссиқ-Ота туман оилавий тиббий марказида ишлаган Бектур Апишев ҳам шифокорларга коронавирусдан ҳимояланиш учун сифатсиз ниқоблар берилганини билдирган.
У ўзининг Твиттерида шифокорлар учун ҳимоя воситалари билан транспортнинг етарли эмаслигини билдирган. Кейинроқ у босим бўлганини ёзган, шундан сўнг аккаунтини ўчириб юборган. Кўп ўтмай унинг ҳимоя воситалари ҳақида ёлғон маълумот бердим деб кечирим сўраган видеоси пайдо бўлган.
Расмийлар эса ҳимоя воситалари етарли эканини билдириб, куч идоралари ёлғон маълумот тарқатганлиги учун тиббиёт ходимларини кечирим сўрашга мажбур қилмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва парламентнинг депутатлари ҳақиқатни айтаётган шифокорларни ҳимоя қилиб, уларга нисбатан тазйиқ бўлмаслиги кераклигини урғулашмоқда.
Ҳавфсизлик идоралари эса, иддаоларни рад этиб, куч ходимлари ёлғон маълумотларнинг ёйинланишини олдини олиш мақсадида, уни тарқатаётганлар билан тушунтириш ишларини ўтказиб, шундан кейин қўйиб юборилаётганини айтмоқда.

- Ўзбекистон: Коронавирус юқтирганлар сони 1200 кишидан ортди
- Коронавирус, Тожикистон: Хавотир кучаймоқда, эҳтиёт чоралари кучайтирилмоқда
- Коронавирус, Қирғизистон: давлат ёрдами муҳокамаси ва фаоллар кўмаги
- Қирғизистон: Коронавирусга чалинганлар сони 216 га етди
- Коронавирус: Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek


















