Келажакда ҳамма қисқичбақага айланадими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Беа Сваллов
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Миллионлаб ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар томонидан тарқатилаётган мемларда инсониятнинг сўнгги эволюцион манзили на роботлар, ва на йўқ бўлиб кетиш, балки ҳазил оҳангида бу қисқичбақалар деб эълон қилинмоқда.
Маргате шаҳридаги қисқичбақалар музейи мутахассисларининг айтишича, эндиликда одамлар ҳар куни музейга келиб, "инсонлар ҳам куни келиб қисқичбақа панжаларини чиқара бошлайдими?" деган саволни беришар экан.
Музей раҳбари Нед Суэсат-Вилямс BBC Sounds га берган интервюсида музейга ташриф буюрганларга "қониқарли" жавоб бера олмаганини тан олган.
Аммо Батҳ университети олими, профессор М. Вилс бу ҳазилнинг сабаби борлигига ишонади. Унга кўра, аслида бу жиддий эволюцион ҳодиса - карцинизация, яъни қисқичбақа бўлмаган жонзотларнинг унга ўхшаш тана шаклини ривожлантиришининг эволюцион жараёни билан боғлиқ дея тушунтиради.
Миллионлаб йиллар давомида ҳимоя ва ҳаракатчанликни яхшилаш учун қисқичбақа камида беш марта турли шаклдаги табиий ўзгаришларга учраган.
Бу крабсимон жонзорлатлар табиий танланиш орқали мустақил равишда пайдо бўлган, чунки думалоқ қобиқ ва ён томонга юриш қобилияти уларнинг тирик қолиш имконини оширган.

Сурат манбаси, Getty Images
Қисқичбақалар декаподлар деб аталувчи ўн оёқли сув жонзотлари гуруҳига киради.
Баъзи декаподлар, масалан лобстер ва майда қисқичбақалар (креветкалар), қалин цилиндрсимон танаси ва орқага тез ҳаракатланиш ҳамда қазиш учун хизмат қилувчи мушакли думга эга.
Ҳақиқий қисқичбақалар саёз сув ва тош қирғоқларда яшайди. Уларнинг қорни думалоқ, текис қобиқ остига яширинган бўлади.
Бу ҳолат йиртқичлар томонидан ушланиш имкониятини камайтиради ва ён томонга тез ҳаракатланиб, тош ёриқларига яширинишни осонлаштиради.
Evolyutsiya tabiatning har xil yo‘nalishlari va hududlarida bir xil yechimni topishda davom etadi
Аммо камида тўртта декапод гуруҳининг вакиллари - ғовакли қисқичбақалар, чинни қисқичбақалар, қирол қисқичбақаси ва Австралия тукли тош қисқичбақаси - карбсимон жонзотлар ҳисобланади. Улар аста-секин думларини қобиқ остига буклаб олиб, ҳақиқий қисқичбақа шаклига кирган.
Демак, қисқичбақалар биологик жиҳатдан ягона гуруҳ эмас, балки улар миллионлаб йиллар давомида ўхшаш шаклга келган турли декаподлар тўпламидир.

Сурат манбаси, Getty Images
Эволюцион палеобиология бўйича профессор Вилснинг айтишича, крабсимон жонзотлар кучлироқ ҳимоя учун мушакли таналаридан воз кечишади.
Карцинация жараёни конвергент яъни яқин қариндош бўлмаган турлар бир-бирига ўхшаб қолиш эволюциясининг бир шаклидир.
"Бу шундай ҳолатки, турли гуруҳлар ташқи кўриниши, хатти-ҳаракати ёки маълум бир шаклда генетик жиҳатдан ўхшаш бўлиб қолади. Лекин уларнинг ушбу хусусиятларга эга бўлган умумий аждоди йўқ", дейди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
"Эволюция табиатнинг ҳар хил йўналишлари ва ҳудудларида бир хил ечимни топишда давом этади".
Профессор Вилс қушлар ва кўршапалаклар мисолида ҳам тушунтиради, улар ҳар-хил турларга мансуб бўлса-да, ўхшаш муҳитда ҳаёт кечириши туфайли ҳар иккаласида қанотлар ривожланган.

Сурат манбаси, Milner Centre for Evolution
"Қисқичбақаларга ўхшашлик - бу маълум жисмоний муаммоларга энг самарали ечимдир", дея тушунтирди у.
"Ихчам, кенг ва ҳимояланган тана, қобиқ остида қорин қисмининг ҳимояланганлиги, тош ёриқларида яшаши, сув тўлқинларига бардош бериши, ён томонга тезлик билан ҳаракатланиши ҳам умумий ҳимоя имконини таъминлайди".
Профессор Вилс интернетдаги мунозараларни завқ билан кузатганини айтади, аммо саволга жавоб - инсонлар қисқичбақага айланмайди.
"Қисқичбақаларнинг конвергент эволюцияси фақатгина декаподлар гуруҳи ичида тарихда беш марта содир бўлган", дейди у.





























