Илм-фан: Ўлаётганда миямизда нималар содир бўлади? Видео

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Маргарита Родригес
- Role, Би-би-си Мундо хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Нейробиолог Жимо Боржигин, "ўлим ҳаётимизнинг ажралмас қисми" бўлса ҳам, биз ўлаётганимизда мияда нима содир бўлиши ҳақида "деярли ҳеч нарса" билмаслигимиздан ҳайратда эдим, дейди.
Нейробиолог Жимо Боржигин "ўлим ҳаётмизнинг ажралмас қисми" бўлса ҳам, биз ўлаётганимизда мияда нима содир бўлиши ҳақида "деярли ҳеч нарса" билмаслигимиздан ҳайратда эдим дейди.
У бунга ўн йилча аввал «тасодифан» эътибор бериб қолган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Биз каламушлар устида тажриба ўтказдик ва операциядан кейин уларнинг миясидаги нейрокимёвий секрецияни кузатдик", дейди у BBC News Mundo'га.
Тўсатдан улардан иккитаси ўлди.
Бу Боржигинга уларнинг мияси ўлими жараёнини кузатиш имконини берди.
"Каламушлардан бирида серотонин миқдори кескин ортди. Бу каламуш галлюцинация ҳолатида эдими? – деб ҳайрон бўлади у. – Серотонин галлюцинациялар билан боғлиқ".
Кайфиятни тартибга солувчи кимёвий модда бўлмиш серотониннинг бу тарзда портлаши уни қизиқтириб қўйди.

Сурат манбаси, .
"Шундай қилиб, бунинг сабабини билиш учун дам олиш кунлари илмий нашрларни кўриб чиқа бошладим, бирор тушунтириш чиқиб қолар деб ўйладим. Ўлим жараёни ҳақида жуда оз нарса билишимизни кўриб ҳайрон бўлдим».
Шундан сўнг Мичиган университетининг молекуляр ва интегратив физиология ва неврология кафедраси доценти доктор Боржигин ўлим жараёнида мияда нима содир бўлишини ўрганишга бел боғлади.
Унинг айтишича, у кашф қилган нарсалар ўлим ҳақидаги кўплаб тасаввурларимизга тескаридир.
Ўлим таърифи

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг тушунтиришича, агар кимдадир узоқ вақт давомида юрак тўхташидан кейин пульс бўлмаса, у клиник жиҳатдан ўлик ҳисобланади.
Бу жараёнда эътибор юракка қаратилади: "Буни юрак тўхташи деб аташади, лекин бу мия ҳам тўхтади дегани эмас».
"Илмий тушунча шундан иборатки, ҳеч қандай реакция кузатилмаса, мия ишламаяпти деймиз, яъни одам гапира олмайди, туролмайди, ўтира олмайди."
Мия ишлаши учун жуда кўп кислород талаб қилади. Агар юрак қонни юргизмаса, кислород мияга етиб бормайди.
"Шундай қилиб, барча ташқи белгилар мия ишламаётгани ёки ҳеч бўлмаганда у гиперфаол эмас, балки гипофаол эканлигини кўрсатади", деб тушунтиради у.
Унинг жамоаси ўтказган тадқиқотлар бошқа нарсани кўрсатади.
Гиперфаол мия
2013 йили каламушларда ўтказилган тадқиқотда олимлар ҳайвонларнинг юраги тўхтаганидан кейин ҳам бир нечта нейротрансмиттерлар қизғин фаоллашганини кузатишган.
"Серотонин 60 баравар, ўзингизни яхши ҳис қилганингизда кўпаядиган дофамин эса сезиларли даражада, тахминан 40-60 баробар ошган. Сергаклик ва ҳушёрликни кескин оширадиган норепинефрин 100 баробарга кўпайган."
Унинг айтишича, ҳайвон тириклигида бу моддалар бу қадар кўпаймайди.
2015 йилда жамоа ўлаётган каламушлар миясига оид яна бир тадқиқотни эълон қилди.
"Иккала ҳолатда ҳам ҳайвонларнинг барчасида миянинг сезиларли функционал фаоллашуви кузатилган", дейди у.
"Мия бундай юқори қўзғалганда гиперфаол ҳолатда бўлади."
Гамма тўлқинлар

Сурат манбаси, Getty Images
2023 йили улар ўз тадқиқотидан бир парча эълон қилдилар, унда улар комадаги тўрт нафар бемор миясига унинг фаолиятини сканерлайдиган электроансефалография электродларини ўрнатишди.
Тўртала бемор ҳам ўлаётган эди. Шифокорлар ва оилалар йиғилиб, "уларга ёрдам бериш имконсизлиги учун уларни ўз ҳолига қўйишга қарор қилдик".
Қариндошлари розилиги билан уларни тирик ушлаб турган аппаратлар ўчирилди.
Кейин тадқиқотчилар беморларнинг иккитасида мия юқори даражада фаоллашганини аниқладилар, бу эса мия ишлаётганидан далолат беради.
Мияларида гамма тўлқинлари аниқланди. Бу тўлқинлар мураккаб ахборотни қайта ишлаш ва хотира фаолиятида иштирок этади.
Беморлардан бирининг ҳар икки бош мия яримшарлари юқори даражада фаол эди.
Доктор Боржигиннинг таъкидлашича, ўнг яримшарлар эмпатия учун жуда муҳим аҳамиятга эга:
"Юрак тутилишидан азият чеккан [ва ўлимолди тажрибасини бошдан кечирган] кўплаб беморлар кейинчалик яхшироқ одамларга айланиб, бошқаларга ҳамдардроқ бўлиб қолганини айтишади."
Ўлим олдидан кузатиладиган тажрибалар

Сурат манбаси, Getty Images
Ўлимга яқин бўлган баъзи одамлар ҳаётлари кўз ўнгларидан бир зумда ўтгани ёки муҳим дақиқаларни эслаганларини айтишади.
Кўпчилик ёрқин нурни кўрганини айтади, бошқалари эса танасидан ташқарига чиққанини тасвирлайди.
Доктор Боржигин ўз тадқиқотида кузатган ўта фаол мия нима учун баъзи одамлар ўлимолди тажрибани бошдан кечиришини тушунтира оладими?
"Ҳа, мен шундай деб ўйлайман", дейди у.
"Юрак тутилишидан омон қолган одамларнинг камида 20-25 фоизи оқ ёруғликни ёки бирор нарсани кўрганини айтишади. Бу кўриш марказлари фаоллашганини билдиради."
Ҳаётни сақлаб турувчи қурилмалар ўчирилганда юқори мия фаоллигини бошдан кечирган икки беморда, тадқиқотчининг айтишича, кўриш маркази интенсив фаоллашган.
Янги тушунча

Сурат манбаси, UNIVERSITY OF MICHIGAN
Доктор Боржигин тадқиқоти кенг қамровли бўлмаганини ва ўлаётганимизда мияда нима содир бўлишини кўпроқ ўрганиш зарурлигини айтади.
Бироқ, бу соҳадаги 10 йилдан ортиқ изланишлардан сўнг, унга бир нарса аниқ бўлди: "Менимча, юрак тўхтаб қолганда мия суст эмас, балки ўта фаол бўлади".
Аммо мияга кислород камайса, нима бўлади?
"Биз буни тушунишга ҳаракат қиляпмиз. Демак, бу борада илмий адабиётлар кам. Ҳақиқатан ҳам ҳеч нарса маълум эмас", дейди у.
У қуйидаги фаразни илгари суради: Ҳайвонлар, жумладан, каламушлар ва одамларда кислород етишмаслигини енгиллатиш учун эндоген механизм мавжуд.
"Ҳозиргача юрак тўхтаб қолганда, мия шунчаки ўлиб кетади деб ишониларди.
Аммо, унинг таъкидлашича, бу ҳақиқатан шундайми ёки йўқ, билмаймиз.
Унинг фикрича, мия шунчаки таслим бўлмайди. Бошқа инқирозларда бўлгани каби, у ҳам курашади:
"Менимча, мия кислород етишмаслигидан омон қолиш механизми билан қуролланган. Аммо бу ҳали текширилиши керак."
Ўрганиладиган нарсалар кўп
Доктор Боржигиннинг фикрича, у ва унинг жамоаси ўз тадқиқотларида кашф этган нарса улкан айсбергнинг учи холос ва ҳали кўп нарса кашф этилиши керак:
"Мен мияда гипоксия (кислород танқислиги) билан курашиш учун эндоген механизмлар борлигига ишонаман.
Шундай қилиб, биз юзаки бўлса ҳам биламизки, юрак хуружига учраган одамлар бу ажойиб субъектив тажрибани бошдан кечиради. Бу тажриба эса мия фаоллиги ортиши билан боғлиқ.
Энди савол туғилади: нега ўлаётган мия фаоллашади?
"Биз тушуниш, ўрганиш, тадқиқ қилиш, аниқлаш учун бирлашишимиз керак, чунки ўлим аслида нима эканини тушунмаганимиз учун миллионлаб одамларга эрта ўлим ташхисини қўйишимиз эҳтимоли бор".












