Россия "Евронигоҳ"га муқобил "Интернигоҳ" ташкил қилди, унда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқчи

"Интервидение"да қатнашадиган мамлакатлар байроқлари

Сурат манбаси, CHANNEL ONE

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия расмийлари "Евронигоҳ" қўшиқлар танловига зид, бир замонлар Шарқий Блокнинг "Евронигоҳ"га жавоби деб кўрилган Кремл қўллаб-қувватлаётган қўшиқ танловининг тафсилотини эълон қилдилар.

У "Интернигоҳ" деб номланди.

Шоунинг 20 сентябр куни Москвада бўлиб ўтиши, танловда АҚШ, БРИКС мамлакатлари, Африка, Жанубий Америка мамлакатлари ва собиқ Совет республикаларидан қўшиқчилар иштирок этиши хабар қилинди.

"Мусиқа тили бутун сайёрани бирлаштиради" деб эълон қилди Россиянинг давлат назоратидаги телеканали "Биринчи канал".

Каналга кўра, "Интернигоҳ" халқаро танлови йилнинг энг олий мақом маданий тадбирларидан бири бўлади.

"Биринчи канал"да айтилишича, қўшиқ танлови "сиёсатдан ҳоли, фақат санъат, иштирок этаётган барча иштирокчиларнинг мамлакати маданияти ва қадриятлари ҳурмат қилинадиган танлов бўлади.

Иштирокчи мамлакатлар BRICS ташкилотига аъзо Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка республикаси, собиқ Совет республикалари - Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Африка мамлакатларидан Миср, Кения, Эфиопия, Мадагаскар, Форс кўрфази мамлакатларидан Саудия Арабистони, Қатар, шунингдек, Венесуэла, Ветнам, Колумбия, Куба ва Сербия экани ҳақида хабар берди Россиянинг давлат назоратидаги ТАСС ахборот агентлиги.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Александр Алимов айтишича, "Интернигоҳ"да АҚШ иштирок этади.

АҚШ иштирокчиси таниқли оилавий мусиқачилар сулоласидан Брандон Ҳовард, дея тақдим этади танлов расмий веб-саҳифаси Intervision World.

Кремлнинг Жамоатчилик лойиҳалари директорлиги раҳбари ўринбосари Александр Журавлёвнинг махсус ташкил этилган матбуот анжуманида айтишича, танлов 20 сентябр куни Москвада, Россия Миллий марказида бўлиб ўтади, тайёргарлик ва репетициялар 10 сентябрдан 19 сентябргача мўлжалланган.

Ташкилотчилар 2025 йилдаги танловни 1980 йилларда СССР иттифоқчилари ва нейтрал мамлакатлар дунёга машҳур "Евронигоҳ" қўшиқ танловига муқобил ташкиллаштирган худди шу номдаги танловга қиёсламоқдалар.

Александр Журавлёв сўзларига кўра, "Интернигоҳ" сиёсий танлов бўлмайди.

"У бизга Россиянинг очиқлигини, БРИКС, МДҲ мамлакатлари бу каби кучли маданий ташаббусларда бирлашганини намойиш этади".

"Биз Россия ва бошқа мамлакатларни инкор этиш ҳеч қандай натижага олиб келмаганини кўраяпмиз. Энди бу лойиҳа қўшилган 20 дан ортиқ мамлакатни чиндан ҳам бирлаштирди", дея Александр Журавлёвдан иқтибос келтирди ТАСС.

"Интернигоҳ"да Россияни Шаман тахаллуси билан танилган миллатчи қўшиқчи Ярослав Дронов тамсил этиши хабар қилинди.

Дронов Россиянинг Украинага қарши тўлақонли босқини бошланганидан кейин "Русман" ва "Тур" деб таржима қилиш мумкин бўлган урушни ёқлаб эълон қилган қўшиқлари ортидан машҳур бўлди.

"Интернигоҳ"ни қайта тиклаш ҳақида Россия президенти 2025 йил февралида фармон чиқарди.

Июн ойидаги БРИКС саммитида Президент Путин, "Интернигоҳ" бизнинг барча мамлакатларимиз учун умумий бўлган универсал маданиятни, оила ва руҳоний қадриятларни улуғлаш мақсадини кўзлаган", деб айтди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Шу йил март ойида Россиядаги "Ведомости" газетаси ёзишича, Россия "Интернигоҳ" танловини ўтказишга 750 миллион рубл ёки 9,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Россия "Евронигоҳ" қўшиқ танловида 1994 йилдан бошлаб иштирок эта бошлаган.

2022 йили Москва Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаганидан кейин Россия "Евронигоҳ"дан чиқариб юборилди.

Россия давлат пропагандаги "Евронигоҳ"ни охирги йилларда мунтазам танқид қилиб келади, бу танловда "Русофоб" ёндашув, Украинани кўкка кўтариш, ЛГБТ жамиятини қўллаб-қувватлаш бор, деб қоралайди.

2022 йили "Евронигоҳ"да Украина ғолиб топилганига россиялик пропагандачи Владимир Соловёв "нацист ахлати" деб муносабат билдирди.

Россия телеканалидаги бошқа бир таниқли пропагандачи Дмитрий Киселёв, бир вақтлар жиддий ва нуфузли қўшиқ танлови бўлган "Евронигоҳ" нақадар тез тубанлашди, энди танлов куй-қўшиқ сифати ҳақида қайғурмай қўйди, у "бадбашара одамлар ва жинсий оғган кишиларнинг сиёсий баёнот берадиган ёки фақат жанжал келтириб чиқарадиган саҳнасига айланди", деди.

2025 йил "Евронигоҳ" танлови Швейцарияда бўлиб ўтди.

Испания Бош вазири Педро Санчес Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари учун Исроилни "Евронигоҳ" қўшиқ танловидан тақиқлашга чақирди.

2022 йили Украинага босқини ортидан Россия "Евронигоҳ"дан чиқариб юборилган эди, шунинг учун ҳам "икки хил стандарт бўлмаслиги керак", деди Педро Санчес.

Бу йилги танловнинг финалида исроиллик қўшиқчига ҳакамлар иккинчи ўринни бердилар, бироқ омма овози бўйича энг кўп балл тўплаган ижрочи бўлди.

2022 йили Россия халқаро спорт мусобақаларидан ҳам четлаштирилди.

Хусусан, 2024 йилги Париж олимпиадасида россиялик спортчиларнинг индивидуал нейтрал спортчи сифатида қатнашишларига рухсат берилди, уларнинг Россия байроғи ва мадҳиясидан фойдаланишлари тақиқланди.

Шунингдек, фақат Украина урушини расман қўллаб-қувватламаган спортчиларнинггина Париж олимпиадасига боришларига изн берилди.

Дунёнинг энг кучли фигурали учиш бўйича мактаби деб кўриладиган, барча халқаро мусобақаларда энг юқори ўринларни эгаллайдиган россиялик қизлар ҳам мусобақаларда қатнашолмай қолдилар.

Бунга муқобил шаклда Россия ўз спорт мусобақалари ва тадбирларини ўтказа бошлади.

Ўтган йили Қозон шаҳрида BRICS Ўйинлари ўтказилди, бу мусобақаларда БРИКСга аъзо мамлакатлардан ташқари Беларус, Қозоғистон, Таиланд, Сербия ва бошқа мамлакатлар спортчилари ҳам қатнашдилар.

Тошкентдаги "Ҳумо" муз саройида россиялик таниқли фигурали учиш спортчилари иштирокида шоулар ташкиллаштирилди.

"Интернигоҳ"да Ўзбекистонни Шоҳруҳ Мирзо Ғаниев тамсил этиши хабар қилинди.

Хабарларга кўра, қўшиқ танлови ташкилотчилари Озарбайжонни ҳам "Интернигоҳ"да қатнашишга таклиф этганлар, аммо 2011 йили "Евронигоҳ"да ғолиб чиқиб, 2012 йили Бокуда мусиқа шоусини ўтказган Озарбайжон расмийлари иштирок этишни хоҳламаганлар.