Украина Россия билан Ғарбга қандай мужда йўллади? - Видео

Сурат манбаси, Ukraina Xavfsizlik xizmati
Истанбул шаҳридаги Чароғон саройида Украина ва Россия ҳайъатлари тинчлик музокараси иккинчи даврасини бошлашларидан бир кун олдин Россия йирик ҳужумларга дуч келди.
2 июн куни тушки соат 1 да бошланиши кутилган учрашув бир неча соат ортга сурилди.
Россия ва Украина делегациялари мулоқоти бир соатча давом этган.
Кузатувчиларга кўра, бу нарса томонлар ўртасида муҳокама қилинадиган мавзу кўп бўлмаганидан далолат беради.
Украина томони Россиядан мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб кетилган болаларни қайтаришни талаб қилган.
Украина билан Россия асирларни алмашишга келишганлар.
1 июн куни эса Россиянинг бир неча йирик ҳарбий аэродромида йирик бомбардимончи самолётлар, Украина чегарасига яқин ҳудудларда кўприклар портлатилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Украинанинг бутун мамлакат бўйлаб Россия ҳарбий ҳаво флотига нисбатан намойиш этган жасорати ёки топқирлигини баҳолаш мушкул", деб ёзади Би-би-си дипломатик мухбири Пол Адамс.
Биз, ҳойнаҳой, Украинанинг ҳужумлар 7 миллиард долларлик шикаст етказди деган даъвосини тасдиқлай олмаймиз, аммо "Ўргимчак уяси" операцияси камида шовшувли пропаганда тадбири бўлгани аниқ.
Украиналиклар аллақачон ушбу ҳарбий муваффақиятни Россия тўлақонли босқин бошлаганидан кейинги мамлакатнинг Қора денгиз флоти байроқдори ҳисобланган "Москва" крейсерининг чўктирилиши ва Керч кўпригининг портлатилиши ва Севастопол соҳилига ракета ҳужуми билан таққослаяптилар.
Агар Украина ҳарбий истиҳборот хизмати СБУ матбуотга сиздирган тафсилотларга таяниладиган бўлса, сўнгги амалиёт шу вақтгача эришилган энг йирик зафар ҳисобланади.
Ушбу операцияни амалга оширишга бир ярим йил кетган, кичкина дронлар Россия ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган, узоққа юк ташийдиган фура автомобилларининг кичик бўлмаларига жойлаштирилган, бир-биридан минглаб километр узоқликдаги камида тўрт жойга ҳайдаб олиб борилган ва ҳарбий аэродромлар яқинида масофадан бошқарилиб ҳавога учирилган.

"Дунёда бундан олдин бунақа жосуслик операцияси бўлмаган", деди мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи Серҳий Кузан Украина телевидениесига.
"Ушбу стратегик бомбардимончилар бизга қарши узоқ масофадан ҳужум қилишга қодир. Уларнинг сони 120 та ва биз 40 тасини йўқ қилдик. Бу ишониб бўлмайдиган рақам", деди у.
Қанчалар шикаст етганини ҳисоблаб чиқиш қийин, аммо украиналик ҳарбий блоггер Олександр Коваленко айтишича, қўмондонлик ва назорат самолёти вайрон этилмай, фақат бомбардимончиларнинг ўзига шикаст етган бўлса ҳам етказилган зарар беқиёс.
"Ҳозирги шароитда Россия ҳарбий-саноат мажмуасига етказилган шикаст миқёси яқин орада таъмирлаб бўладиган даражада эмас", деб ёзди блоггер ўзининг Телеграм каналида.
Стратегик бомбардимончи самолётлар савол остида, Tу-95, Tу-22 ва Tу-160 ҳозир ишлаб чиқарилмаяпти.
Уларни таъмирлаш қийин, ўрнини алмаштириш имконсиз.
Айниқса, товушдан тез учадиган Ту-160 нинг ўрни қаттиқ сезилади, деб ёзди у.
"Бугун Россия Аэрокосмик кучлари нафақат икки ноёб самолётидан, балки подасидаги икки яккашохидан айрилди", деб ёзди блоггер.
Жисмоний зараридан ташқари таҳлилчилар муҳим деб кўраётган ёки кўрмаётган "Ўргимчак тўри" операцияси нафақат Россияга, балки Украинанинг ғарбий иттифоқчиларига муҳим мужда йўллади.
"Менинг Би-би-си Украина хизматидаги ҳамкасбим Святослав Хоменко Киевдаги ҳукумат расмийси билан яқиндаги мулоқотини эслайди", деб ёзади Пол Адамс.
Расмий хафа эди.
"Катта муаммо шуки, америкаликлар бизни аллақачон урушни ютқазишган деб ўзларини ишонтиришган. Ва ҳаммаси мана шу тахмин ортидан келиб чиқади", деган у.
Украиналик мудофаа масалалари бўйича журналист Иля Пономаренко Президент Володимир Зеленскийнинг Оқ Уйда Доналд Трамп билан баҳслашганини эслаб X(собиқ Твиттер) даги саҳифасида шундай деб ёзди:
"Мана ҳужумга учраган ўзига ишонган халқ "Украина ихтиёрида олти ой қолди", "Сенинг қўлингда қарта йўқ", "Тинчлик учун таслим бўл, Россия ютқазмайди" деб айтганларга қулоқ солмаганида қандай бўлади".

Сурат манбаси, .
"Бизнес Украина" журналининг твити янада мазмунли бўлди:
"Украина қўлида қартаси борлигини кўрсатди. Бугун Зеленский "Дронлар Шоҳи"ни ўйнади".
Ва бу Истанбулга янги музокарага келган Украина делегациясининг Кремл вакилларига айтадиган гапи бўлди: Украина ҳамон жангда.
"Америкаликлар ўзларининг вазифаси бизни имкони борича юмшоқ таслим бўлишга кўндириш деб ўйлашади. Ва биз бунинг учун уларга раҳмат айтмаганимиз учун хафа бўлишади. Биз албатта, кўнмаймиз, чунки биз ютқазаяпмиз, деб ўйламаймиз", деб айтган Украина расмийси Хоменкога.
Россиянинг Донбассдаги жанг майдонларида секин, шафқатсиз илдамлаётганига қарамасдан, Украина Россияга ва Трамп маъмуриятига шундай демоқчи:
Киев имкониятларини рад этишга шошилманг!
29 май. Украина уруши: Европа Ўзбекистондан мамнун

Сурат манбаси, EPA
Европа расмийларига кўра, Ўзбекистон орқали Россияга санкциядаги товарлар етказиб берилиши кескин камайган.
20 май куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича кенгаши вазиятни муҳокама қилган, бунинг асосида ҳисобот тайёрланган.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон, Арманистон, Ҳиндистон ва Сербия орқали Россияга ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотлар экспортини чеклашда ижобий натижалар қайд этилган.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатларига бир неча маротаба сафар қилиб Россияга қарши жорий этилган жазо чораларини четлаб ўтиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирган санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан айтишича, кучга киритилган чеклов чораларининг Россия иқтисодига таъсири салмоқли бўлган.
Украинага бостириб киргани учун давлат бюджети тушумининг асосий манбалари бўлган газ ва нефтни сотишда чекловларга дуч келган Россия қийинчиликларга учраганини Европа Иттифоқининг истиғборот бўйича мувофиқлаштирув идораси раҳбари Дэниел Маркич ҳам тасдиқлади.
Европа расмийларига кўра, санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдамлашмаслик масаласига бағишланган мулоқотларда ҳамон Туркия, Бирлашган Араб амирликлари ва Қозоғистон билан қийинчилик учраяпти.
Европа жазо чораларини четлаб ўтиш ҳолатларининг 80 фоизи Хитойга тўғри келаётгани қайд этилди.

Сурат манбаси, .
Европа Иттифоқи билан АҚШ ўртасида ахборот алмашишдаа ҳам муаммолар мавжудлиги тан олинган.
Хусусан, Америка молиявий развдекаси кўчаётган Россия активлари ҳақидаги сўнгги маълумотларни бермай қўйган, бу эса санкциявий назорат самарадорлигини пасайтирмоқда.
20 май куни Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги бешинчи ширкатни ўзининг Россияга қарши санкцияларининг 17-пакетига киритди.
2022 йил Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган Trade Engine System компаниясининг электрон ва телекоммуникацион ускуналарнинг ҳамда эҳтиёт қисмларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланиши хабар қилинган.
Янги санкцияга Қозоғистондаги тўртта ва Қирғизистондаги икки ширкат ҳам учраган.












