Сурия диктатураси болаларни "ўғирлаш" учун халқаро болалар хайрия ташкилотидан қандай фойдаланган?

- Author, Ҳая Ал Бадарнеҳ ва Жесс Келли
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Рим ал-Кари ва унинг амакиваччаси Лама стол устига ёйилган ўнлаб болалар суратларини бирма-бир кўздан кечирарди. Лама суратлардан бирида Римнинг бедарак йўқолган ўғли Каримга ўхшашини кўргандек бўлди.
Рим ал-Кари ва унинг амакиваччаси Лама стол устига ёйилган ўнлаб болалар суратларини бирма-бир кўздан кечирарди. Лама суратлардан бирида Римнинг бедарак йўқолган ўғли Каримга ўхшаш бирини кўргандек бўлди.
Карим 2013 йил, Суриядаги фуқаролик уруши авжида бўлган бир пайтда, отаси билан бирга иш билан чиққанида бедарак йўқолган. Ўшанда у икки ярим ёшда эди. У бугунгача йўқолган 3 700 дан ортиқ болалардан бири. Асад диктатураси ағдарилганига 10 ой бўлди. Агар Карим топилса, у бугун 15 ёшда бўларди.
– Кўзлари кўкмиди? – деб сўрайди стол ортида ўтирган эркак. У 2013 йилда собиқ биринчи хоним Асма ал-Асад ёрдамида ташкил этилган ва сурияликлар бошқарадиган "Лаҳан ал-Ҳаёт" болалар бошпанасининг янги раҳбари эди. У аёллар кўрсатган суратни икки ёшли Карим сурати билан таққосларди.
– Ҳа, – деб жавоб беради улар. – Соч ўсиш чизиғи… – эркак бироз ўйланиб қолади. – Ўхшашлик бор, лекин… – унинг овози бирдан сўнди. Вазифа улкан ва оғир эди.

Сурат манбаси, Jess Kelly / BBC
"Лаҳан ал-Ҳаёт" фуқаролик уруши йилларида ҳибсга олинган ота-оналарнинг фарзандлари сақланган муассасалардан бири эди. Болалар қариндошларига қайтарилмас, боғчаларда асирдек ушлаб турилар ва сиёсий қурол сифатида ишлатиларди. Айрим ҳолларда улар ёлғондан "етим" сифатида рўйхатга олинган ёки шахсий маълумотлари ўзгартирилган. Бу эса уларни топишни янада қийинлаштирган.
Асад тузуми декабр ойида кутилмаганда ағдарилгандан сўнг, журналистлар, фаоллар ва оилалар олдин мутлақо ёпиқ бўлган манбалар, ҳужжатлар ва жойларга кириш имконига эга бўлди. Би-би-си Жаҳон хизмати "Lighthouse Reports" суриштирувчи медиаташкилоти ва яна беш нашр билан ҳамкорликда Сурия режими етимхоналар тармоғида қариндошларидан яширган 323 бола ҳақида маълумотлар базасини тузди. Бунинг учун минглаб сиздирилган ва йиғилган ҳужжатлар ўрганилди ҳамда ҳақиқийлиги текширилди.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, энг кўп болани қабул қилган муассасаларни Австрияда жойлашган SOS Children's Villages International хайрия ташкилоти бошқарган. SOS 130 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва йилига тахминан $1,9 миллиард маблағ тўплайди. Маблағнинг бир қисми БМТ, Европа ҳукуматлари ва шахсий хайриялар ҳиссасига тўғри келади.
Биз SOSнинг 50 дан зиёд ходими билан суҳбатлашдик. Бир нечта манбанинг айтишича, Суриядаги SOS раҳбар лавозимлари кўпинча Асадлар саройи томонидан тайинланган, Асма ал-Асад эса ташкилот фаолиятида муҳим рол ўйнаган. Унинг ўзи ҳам, турмуш ўртоғи Башар ал-Асад каби, инсон ҳуқуқларини бузгани учун ЕИ ва Буюк Британия санкцияларига учраган.
Шунингдек, бизга айтишларича, хайрия ташкилоти кўпроқ маблағ олиш мақсадида "ҳар қандай болани қабул қилаверган".
SOS эса "Биз болалар сонини кўпайтирганларга мукофот бермаймиз", деб жавоб берди ва Асадлар оиласи билан расмий алоқаси борлигини рад этди.

Сурат манбаси, Getty Image
SOS ички текширувдан сўнг 2013–2018 йилларда ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 140 бола қабул қилинганини тан олди. Улардан 104 нафари кейинроқ Сурия махсус хизматлари ёки Ижтимоий ишлар вазирлигига топширилган, уларнинг тақдири ҳақида ҳозир SOSда маълумот йўқ.
Ташкилот шунингдек, 2018 йилдан сўнг сиёсий маҳбусларнинг фарзандларини қабул қилишни тўхтатганини айтди. Бироқ биз 2022 йилгача болалар SOSга топширилганини кўрсатувчи ҳужжатларни қўлга киритдик.
Текширувлар кўрсатишича, SOS Сурия бўлими қуйидагича ишлаган:
Асад ҳукумати ёки махсус хизматлар талаб қилганда бола кейин кимга топширилишини текширмаган;
Шахсий маълумотлари ўзгартирилган болаларни қабул қилган, ҳатто бир ҳолатда болага расмий бошқа исм берган;
Махсус хизматлар кўрсатмасига мувофиқ қариндошларга болани кўриш ёки олиб кетиш ҳуқуқи берилмаган, маълумот ҳам тақдим этилмаган;
Ходимларга болаларга оила суратларини кўрсатиш ёки улар ҳақида гапириш тақиқланган;
Режим ағдарилгандан кейин ҳам фарзандларини излаётган оналар билан маълумот алмашишда сусткашлик қилган ёки умуман жавоб бермаган.
SOS International бизга шундай жавоб берди: "Биз болалар оилаларидан мажбуран ажратилгани ва оилалар йиллар давомида фарзандлари қаерда эканини билмаганидан чуқур афсусдамиз. Бундай ҳолат ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак эди. Биз мустақил текширувлардан сабоқ олишга ва келажакда янада яхшироқ ишлашга интиламиз."
SOSнинг муваққат раҳбари Бенуа Пио эса биз билан суҳбатда ташкилот Асад даврида "террор тизими" бўлган Сурия ҳукумати буйруқларига амал қилганини таъкидлади.
SOS Children's Villages Британия бўлими эса пайшанба куни ушбу суриштирув натижалари эълон қилингач, "Сурияда SOS Children's Villages'га нисбатан айтилган айбловлар кўламини эшитиб қаттиқ ташвишга тушдик", деб баёнот чиқарди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Кўплаб ота-оналар ҳали ҳам фарзандларига нима бўлганини билмайди. Сурияда бедарак йўқолган болаларга оид сохталаштирилган ёки йўқолган ҳужжатлар ичидан боласини излаб оналар ва оталар бир муассасадан иккинчисига сарсон юрибди.
Улар орасида Рим ҳам бор – у ўғли Каримни изламоқда.
Карим SOSга олиб борилганми ёки маҳбуслар болаларини қабул қилган бошқа муассасаларга олиб кетилганми, аниқлашнинг иложи йўқ. Бироқ Римнинг фикрича, турмуш ўртоғи бойлиги туфайли (молиявий танқисликка ботган Асад тузуми учун хавф сифатида кўрилган) ва 2016 йилда уни қамоқхонада кўришганидан, эҳтимол ҳибсга олинган. Шу боис, ўғлини етимхонага юборишган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Reem al-Kari
"Лаҳан ал-Ҳаёт"дан жавоб олмай туриб, Рим аввал Суриянинг Ижтимоий ишлар вазирлигига мурожаат қилди. У ерда унга вазир хорижда, бедарак йўқолганлар бўйича масъул раҳбар эса таътилда экани айтилди. Кейин эса болаларга оид ишлар вазирликнинг бешинчи қаватидаги хавфсизлик идорасига ўтказилгани маълум қилинди. Рим Би-би-си тасвирга олиш гуруҳи ҳамроҳлигида юқорига кўтарилди. Бизда суратга олиш рухсатномаси бўлишига қарамай, дарҳол тасвирга олишни тўхтатишга буйруқ берилди ва вазирлик Римга ёрдам кўрсатишдан бош тортди.
Май ойида вазирлик ағдарилган тузум давридаги болалар тақдири бўйича янги текширув бошланганини эълон қилди. Аммо у ерда ходим ва ресурслар жуда чекланган эди: минглаб ҳужжатларни кўриб чиқиш учун фақат бир нечта кўнгилли жалб этилган, натижалар эса ҳали эълон қилинмаган.
Шундан сўнг Рим ўғлининг ёшидаги ўғил болаларни қабул қилиши билан машҳур бўлган бошқа етимхонага борди. У телефондан ўғлининг суратини чиқариб, муассаса директорига кўрсатди. Аёл бош чайқади. Римнинг кўзлари ёшга тўлди.
Ниҳоят, у SOS Сурия бўлимига борди. Бу муассасага яқингача Асаднинг яқин ёрдамчиларидан бирининг қизи Самар Даабул раҳбарлик қилган. Даабул хоним оилавий алоқалари унинг ишига таъсир қилмаганини айтиб келади.
Римдан Каримнинг туғилган санасини сўрашди. Бироқ у ходимларга бундай маълумот кўп ҳолларда ўзгартирилгани учун унчалик фойда бермаслигини айтди. Унинг ўрнига SOSга қабул қилинган болалар суратларини кўрсатишни сўради. Аммо бу рад этилди, сабаб сифатида болалар хавфсизлиги ва дахлсизлиги кeлтирилди.
Бир неча ҳафтадан сўнг Рим SOS International'дан электрон мактуб олди. Унда ташкилот олти ой ичида жавоб беришини айтган ва унга SOS'нинг Сурия бўлимига – у яқинда борган муассасага тўғридан-тўғри мурожаат қилишни тавсия қилган.
Биз билан суҳбатлашган бошқа ота-оналар ҳам SOSга мурожаат қилганига ойлар бўлса-да, ҳали ҳам жавоб кутаётганини айтишди.
Биз SOS Children's Villages International'нинг муваққат раҳбари Бенуа Пиодан нега Ижтимоий ишлар вазирлиги ҳужжатларида 2022 йилгача болалар SOSга ўтказилгани қайд этилганини сўрадик. Венадагилар бундан "хабарсиз" эканини айтди.
Шу билан бирга, бошланган ташқи текширув "SOSга мажбуран жойлаштирилган болалар" ҳақида ҳақиқатни очиб бериши мумкинлигини ва SOS бу топилмаларни қайд этиб, ўрганишини билдирди.
Биз SOS ҳозир ҳам инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатларда фаолият юритаётганини эслатдик. Жаноб Пио эса SOS International ўз аъзоларига қуйидагича маслаҳат беришини урғулади:
«Агар бола номақбул сабаб билан оиласидан ажратилган бўлса, қабул қилманг».
Биз дастуримизга қабул қилинаётган болалар халқаро стандартларга тўла жавоб беришини таъминлаяпмиз, – деди у.

Сурат манбаси, Jess Kelly / BBC
SOSнинг 50 дан зиёд собиқ ва ҳозирги ходимлари – жумладан, Венадаги бош офисдан тўрт нафар юқори раҳбар – Би-би-си ва унинг суриштирув ҳамкорларига интервью берди. Улар SOS Сурия бўлимида маҳбуслар фарзандлари қабул қилингани ҳақидаги огоҳлантиришларга хайрия ташкилоти секин ёки умуман чора кўрмаганини тасдиқлашди.
SOS Сурия бўлими бу масалаларни бош офисга етказганда, – деди SOS International'нинг собиқ раҳбарларидан бири, – юқори раҳбарият батафсил маълумотни эшитишни истамади, аниқ ҳаракат ва масъулиятдан қочди.
SOS International'нинг яна бир юқори лавозимли ходими эса "болалар хавфсизлигини таъминлаш ва муваффақиятсизликларга чора кўриш"га босим "пастдан юқорига" бўлиши кераклигини айтди.
SOS Children's Villages'да қоидалар ва тартиблар кўп, аммо халқаро даражада уларни текшириш ва ижросини назорат қилиш учун ресурс етарли эмас, – деди у.
SOS Сурия бўлими етимхоналаридан бири собиқ раҳбари айтишича, қайси болаларни қабул қилиш қарори кўпинча молиявий мақсадлар таъсирида қабул қилинган.
Хавфсизлик жамоаси, қабул қилиш ва топшириш жамоалари стандартлари паст эди. SOS International'нинг донорлар топиш бўйича умумий режа бор эди. Аввалига бу режа амалга ошмади, шу боис рақамларни тўлдириш ва маблағни сақлаб қолиш учун ҳар қандай болани қабул қила бошлашди, – деди у.
Римдан фарқли равишда, Омама Ғбейис фарзандларини топди. Аммо айтишича, акасининг гуманитар фаолияти сабабли ҳибсга олиниб, қамоқда ўтказган уч йилнинг дастлабки икки йили давомида қизлари қаердалигидан хабарсиз бўлган.
Қизлари Лайло ва Лаян СОС Сурия бўлимига олиб кетилган – ўша пайтда улар тўрт ва саккиз ёш бўлишган.
Омаманинг айтишича, у болалари бошидан кечирган кечмиш учун SOSни кечиролмайди. Бундай шикоятларни биз билан гаплашган бошқа оилалар ҳам айтишди.

Сурат манбаси, Ghbeis family
Унинг сўзларига кўра, қариндошлари қизлари билан боғланишга уринган, аммо бу "тақиқланган" деган жавоб олишган. Қизларига оила ҳақида гапириш ёки суратларни кўришга рухсат беришмаган. Лайлонинг айтишича, у оиласини жуда соғиниб қолганида, бир SOS ходими унга Facebook'дан суратлар кўрсатган, аммо бу расман "тақиқланган" эди.
Онасига қайтарилгандан кейин қизлар хайрия ташкилоти уларнинг исмларини ҳам ўзгартириб юборганини айтган.
"Лайла менга, агар кимдир сўраса, ўзини Лайла Моссаб деб таништириши керак бўлганини айтган эди," — дейди Омама.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи қизига ҳам бошқа исм берилган .
Улар Лаянни "Лаял" деб чақиришарди. Лаял Мусъаб, – дейди Омама.
Мен буни ҳеч қачон шунчаки хатолик деб ҳисобламайман.
Би-би-си ва унинг ҳамкорлари ўтказган суриштирув натижасида Лаян Сурия разведкаси ҳужжатларида Лаял Мусъаб номи билан қайд этилгани тасдиқланди.
Қизлар онаси билан қамоқхонада илк бор фақат икки йилдан кейин кўришишига рухсат берилди. Бу уларнинг асирлар алмашуви орқали озод этилиши арафасида бўлиши керак эди, аммо жараён амалга ошмади. Шу вақтга келиб, Лаян онасини бутунлай унутиб юборган, дейди Омама, учрашганда қизи ундан ўзини тортган.
"Ҳатто қамоқхона қўриқчилари ҳам йиғлаб юборишган эди", дейди Омама.
Оила ниҳоят уч йиллик айрилиқдан сўнг қайта бирлашганида, узоқ айрилиқ улар орасида совуқлик қолдирганини қўшимча қилади у.
"Ҳар биримиз гўё турли дунёдан келгандек эдик".
Омама SOS Сурия бўлимининг ўз қизларига бу аснода тутган йўлидан қаттиқ ғазабда.
"Мен SOS халқаро ташкилот эканини, хориждан молия олишини биламан. Демак, у кучли. Бу режим тузган ташкилот эмас. Шу ҳолда ҳам маҳбусларнинг болалари йўқолишига шериклик қилиши… кечирилмас", дейди у.
Рим эса ҳамон Каримни изламоқда.

Сурат манбаси, Jess Kelly / BBC
"Режим қулаганига олти ой ўтди, аммо болаларини қидираётган оналар учун ҳалигача аниқ йўл йўқ", дейди у.
"Болаларнинг қамоққа олингани жамоатчилик эътиборига тушганидан бери унинг аксарият донорлари SOS Сурия учун молиялаштиришни тўхтатганига қарамай, биз SOS Сурияни келгуси кўп йиллар давомида ишлашини таъминлашни ва ҳозирда бизнинг қарамоғимиздаги болалар учун муҳим хизматлар узлуксизлигини таъминлаш устида ишламоқдамиз", - дея таъкидлайди SOS Children's Villages International.
Ташкилот шунингдек, Асма ал-Асад билан қандайдир норасмий алоқа бўлган бўлиши мумкинлигини текшираётганини, аммо расмий алоқалар бўлмаганини билдирди.
SOS Сурия бўлими бошқарув кенгашининг собиқ раиси Самар Даабул 2025 йил май ойида истеъфога чиққан. У режим билан оилавий алоқалари бу ердаги ишига таъсир қилмаганини таъкидлаб, Асма ал-Асад SOS'га фақат бир марта ташриф буюрганини айтди.
У ўз ишини "ҳар доим ҳалоллик ва профессионаллик, боланинг манфаатларига хизмат қилиш" билан ажралиб туришини таъкидлайди.
Сурия Ижтимоий ишлар ва меҳнат вазирлиги жамоамиз изоҳ беришни сўраганида, ҳеч қандай фикр билдирмади.
Май ойида у Ассадлар ҳукмронлиги даврида болалар билан нима содир бўлганини текшириш учун янги қўшма вазирлик қўмитаси ташкил этилганини эълон қилди.
Режим қулагандан сўнг Россияга қочган Асадлар оиласи ҳам изоҳ бериш ҳақидаги сўровимизга жавоб қайтармади.












