Ёрга садоқат: Одамзод нега маймундан тепада, қундуздан пастда?

Сурат манбаси, Getty
- Author, Ҳелен Бригс
- Role, Атроф-муҳит бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Бир тадқиқотга кўра, одамлар жуфтга садоқат масаласида бироз сурикатларга ўхшайди.
Олимлар тузган моногамия "рейтинг жадвали"га кўра, романтик ҳаётимизда биз маймунсимон қариндошларимиздан кўра кўпроқ ижтимоий, бир-бирига яқин мангустларга ўхшаймиз.
66% моногамлик даражаси билан одамлар ҳайратланарли тарзда юқори кўрсаткичга эга, шимпанзе ва гориллалардан анча юқорида, сурикатлар билан бир хил даражада туради.
Бироқ, биз энг моногам жонзот эмасмиз. Биринчи ўринни Калифорния сичқони эгаллаган – бу кемирувчилар умрбод ажралмас жуфтлик ҳосил қилади.

Сурат манбаси, Getty
"Моногамиянинг олий лигаси мавжуд бўлиб, унда одамлар бемалол ўрин эгаллайди, аксарият бошқа сутэмизувчиларда жуфтлашиш анча тартибсиз," дейди Кембриж университети олими доктор Марк Дайбл.
Ҳайвонот оламида жуфт бўлиб яшашнинг ўзига хос афзалликлари бор. Эҳтимол, шу сабабли у бир нечта турларда, жумладан, бизда ҳам ривожланган. Мутахассислар ижтимоий моногамиянинг турли фойдалари ҳақида гапиришади. Бунда жуфтлар ҳеч бўлмаганда кўпайиш мавсуми давомида болаларини парваришлаш ва рақибларини четлатиш учун бирга бўлади.
Yakka juftlikning oliy ligasi mavjud bo‘lib, unda odamlar bemalol o‘rin egallaydi, aksariyat boshqa sutemizuvchilarda juftlashish ancha tartibsiz
Доктор Дайбл турли даврларда яшаган бир нечта инсон популяцияларини ўрганиб чиқди. У бир ота-онадан туғилган (тўлиқ) ака-ука ва опа-сингилларнинг нисбатини фақат онаси ёки отаси бир бўлган (ярим) ака-ука ва опа-сингилларга солиштириб ҳисоблади. Шу каби маълумотлар 30 дан ортиқ ижтимоий моногам ва бошқа сутэмизувчилар учун ҳам тўпланган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Одамларда моногамия рейтинги 66% тўлиқ ака-ука ва опа-сингиллар бўлиб, бу сурикатлардан (60%) юқори, аммо қундузлардан (73%) паст.
Шу билан бирга, бизнинг эволюцион қариндошларимиз жадвалнинг қуйи қисмида жойлашган – тоғ гориллаларида 6%, шимпанзелерда эса атиги 4% (дельфинлар билан бир хил).
Охирги ўринда Шотландиянинг Соай қўйлари турибди. Уларда урғочилар бир нечта эркаклари билан жуфтлашади ва тўлиқ ака-ука ва опа-сингиллар атиги 0,6% ни ташкил этади. Калифорния сичқони эса 100% кўрсаткич билан биринчи ўринда.
Моногамия жадвалида одамлар қаерда жойлашган?
Калифорния буғу сичқони 100%
Африка ёввойи ити 85%
Евросиё қундузи 72,9%
Одамлар 66%
Сурикат 59,9%
Кулранг бўри 46,2%
Тоғ горилласи 6,2%
Оддий шимпанзе 4,1%
Бутилкабурун дельфин 4,1%
Соай қўйи 0,6%
Манба: Кембриж университети • Изоҳ: Фақат танланган турлар
Бироқ, сурикатлар ва қундузлар билан бир қаторда туриш ижтимоий ҳаётимиз уларники билан бир хил эканини англатмайди – инсоният жамияти уларникидан тубдан фарқ қилади.
"Гарчи одамларда тўлиқ туғишганларнинг нисбати сурикатлар ёки қундузлар каби турларга кўпроқ ўхшашаса-да, одамлардаги ижтимоий тизим уларникидан жуда фарқ қилади," дейди доктор Дайбл BBC News'га.
"Бу турларнинг аксарияти колонияга ўхшаш ижтимоий гуруҳларда яшайди ёки жуфт бўлиб бирга юради. Инсонлар эса бундан тубдан фарқ қилади. Биз кўп эркак ва кўп аёлдан иборат гуруҳларда яшаймиз, улар ичида моногам – жуфт боғланган бирликлар мавжуд."

Сурат манбаси, Getty
Тадқиқотда қатнашмаган Бристол университети олими доктор Кит Опининг айтишича, бу инсонларда моногамия қандай пайдо бўлгани ҳақидаги жумбоқнинг яна бир қисмидир.
"Менимча, бу мақола бизга кўп замонлар ва маконларда одамлар моногам эканлигини жуда аниқ тушунтиради," дейди у.
"Бизнинг жамиятимиз шимпанзе ва боноболарга анча яқин – фақат биз жуфтлашиш масаласида бошқача йўл тутганмиз."
Янги тадқиқот "Proceedings of the Royal Society: Biological Sciences"да эълон қилинган.












