Исроил - Эрон урушида икки шифохона бомбаланиши: дунёни хабардор қилиш нега муҳим?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Паризод Нобахт
- Role, Би-би-си Форс хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Охирги кунларда кўп эронликлар - ҳам мамлакат ичкарисидагилар, ҳам хориждаги диаспора вакиллари икки ўхшаш фожеанинг жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги ёритилишдаги кескин контрастдан ўзларининг ғазабларини ижтимоий тармоқларда изҳор этдилар.
Исроилдаги Бииршеба шифохонаси бомбаланиши шу заҳоти дунёдаги йирик халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборига тушди, бу ҳақда жуда батафсил хабар тарқата бошладилар.
Айни пайтда бундан атиги бир неча кун илгари Эрон ғарбидаги Кирмоншоҳ шифохонасига ҳам ҳужум қилинган, аммо бу хабар глобал янгилик доираларининг кам диққатини тортди.
Бу, азоб-уқубат қанчалар тан олинишида нотенглик юз бераяпти, кўплар рад этилаяптилар ва қадрлари ерга урилаяпти, деган ҳис ортиб бораётганини кўрсатаяпти. Бу, шунингдек, бошқа бир муҳим саволни ҳам кўтараяпти: нега дунё айрим фожеаларни кўради, бошқаларини эса кўрмайди?
Бу саволларнинг жавоби нафақат геоёсисатда, балки ахборотга қўл етиши, унинг кўриниши ва ахборотдан стратегик фойдаланишга қодир бўлишга ҳам боғлиқ.
Исроил матбуотни яхши тушунади. Исроил ҳукумати ва ҳарбий институтлари хориж матбуоти билан мулоқотнинг яхши йўлга қўйилган тизимини ишлаб чиққан.
Мабодо бирор йирик ҳодиса рўй берса, хорижий мухбирлар - аллақачон Тел-Авив ёки Қуддусда жойлашганлари - зудлик билан ҳодисаа жойига элтиб бориладилар.
Уларга тасвирга олишларига, савол беришларига ва қурбонлар ёки расмийлар билан суҳбатлашларига изн берилади. Бу глобал янгилик доираларини озуқа билан таъминлашнинг тез, шаффоф ва ишлаб чиқилган йўли.
Бу тартиб Ғазога татбиқ этилмайди, ҳудуд ичкарисида ҳаракатланишга Исроил рухсат бермайди, халқаро ахборот жамоаларининг ўша ернинг ўзидан туриб хабар тарқатишларига изн йўқ.
Информация вакууми

Сурат манбаси, .
Бошқа томондан Эрон хорижий журналистлар учун деярли буткул ёпиқ мамлакат. Ҳатто ҳозир ҳам Би-би-си журналистларининг Теҳрондан туриб хабар тарқатишлари учун уларга виза берилгани йўқ. Мамлакат ичкарисидаги эронлик репортёрлар учун ҳам чекловлар қаттиқ, цензура кенг ёйилган.
Кирмоншоҳдаги портлашдан кейин тарқалган суратлар мобил телефонларида олинган, анча хира, қоронғи фотолар бўлди. Матбуот учун брифинг, журналистлар учун ахборот тарқатиш ёки ҳодиса жойидан жонли эфир бўлгани йўқ.
Муаммо илдизи янада чуқурроқ.
Исроилда 24 соат мобайнида сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар, дрон видеолари ва Тел-Авив осмонидан жонли эфирлар кенг тарқалган. Бунга зид Эронда информация вакууми жой олган - мамлакат ичкарисида олинган аксар видеолар фуқаролар томонидан яширинча мобил телефонларида ёзиб олинади, уланиши беқарор Интернетга жойлаштирилади ва шу заҳоти ўчириб ташланади.

Сурат манбаси, Reuters
Кейинги муҳим жиҳат, расмий рақамлар. Бииршиба шифохонасига ҳужум бўлганида Исроил расмийлари дарҳол жароҳатланганлар рақамини эълон қилди, сўнг беморларнинг ҳақидаги маълумотни янгилаб турди, ҳужумга боғлиқ бошқа ахборотни тақдим этди.
Эронда эса Исроил ҳужумларининг дастлабки тўлқинларидан икки кун ўтиб, соғликни сақлаш вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб қурбонлар сони 224 га етди, деб хабар тарқатди.
Ўшандан буён ким қаерда қандай ҳалок бўлгани маълумоти ҳам, муайян жой, шу жумладан, Кирмоншоҳ шифохонаси билан боғлиқ ишончли янгилик ҳам тарқатилгани йўқ.
Расман аниқлик киритилмаган шароитда ягона ахборот манбаси мотамдаги оилаларнинг ўз фарзандлари, оналари ва бошқа тинч қурбонлар ҳақида Интернетда эълон қилган постлари бўлиб қолди - улар давлат ҳосил қилган сукунат бўшлиғини тўлдирди.
Ҳозирги пайтда эса бутун Эронда Интернет ўчган. Бир пайтлар хориждан имконли бўлган ахборот агентликларининг веб-сайтлари "очилиши қийин", баъзилари умуман очилмайди. Давлатга қарашли веб-сайтларга юкланган фото ва видеолар мамлакат ташқарисида кўпинча очилмайди. Кўп ҳолатларда ҳатто бош саҳифа ҳам юкланмайди.
Бунинг оқибатида шифохоналарнинг бомбаланишидек ҳодисаларни ёритишда мувозанат бузилади.
Эроннинг матбуот устидан қаттиқ назорати ва Интернет муҳитини филтрлаши хорижий журналистларга ҳодиса жойидан ахборот тарқатишни ва маҳаллий матбуот учун эркин фаолият юритишни мушкуллаштирган.
Бундай шароитда ҳодисанинг бор миқёсини қамраб олиш - инсоний талофатлар, контекст ва оқибатларини англаб етиш деярли имконсиз ишга айланади. Бу эса ўз навбатида глобал мулоқотда Эроннинг "зиёнига ишлайди".
Ракета қатори айтадиган гапи ҳам муҳим бўлган уруш шароитида Эрон ўзининг овозини ўзи "бўғиб қўйган".












