Эроннинг кейинги қадами қандай бўлиши мумкин? Видео

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-сининг хавфсизлик мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Эрон АҚШ зарбаларига кескин норозилик билдириб, бу ҳаракатлар "абадий оқибатларга" олиб келишини айтди.
Бироқ гап-сўздан ташқари, айни пайтда Эрон хавфсизлик ва разведка тизимларининг юқори поғоналарида жиддий муҳокамалар кетади.
Эрон раҳбарлари олдида иккита асосий йўл турибди: АҚШга қарши дарҳол ва қатъий жавоб қайтариш ёки АҚШ Президенти Доналд Трамп ундаганидек музокараларга қайтиш, яъни мамлакат ичидаги атомни бойитиш фаолиятини бутунлай тўхтатиш.
Эрон: Трамп энди Эрондаги тузумни ағдармоқчими, Эрон-чи, нима қилмоқчи - тафсилотлари учун видеомизни кўринг.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу ички муҳокамалар кечар экан, кўплаб юқори лавозимли эронлик ҳарбий зобитлар "Исроилнинг навбатдаги нишони ўзим бўлмасмиканман ёки хонадаги кимдир аллақачон жойимизни Исроилнинг чет эл разведкаси – Моссадга шипшитиб қўйганмикан", деган хавотирли ўйлар оғушида қолган.
Умуман олганда, ҳозирда Эроннинг олдида учта стратегик ҳаракат йўли мавжуд.
Уларнинг ҳеч бири хавфдан холи эмас. Қарор қабул қилаётган раҳбарларнинг бош мақсади – Ислом республикаси тузуми сақланиб қолишини таъминлаш.

Сурат манбаси, .
Қаттиқ ва тез жавоб қайтариш
Эрон ичкарисида қасос талаб қилаётганлар кўп. Мамлакат аввал Исроил томонидан, энди эса АҚШ томонидан нишонга олиниб, халқаро майдонда камситилганини ҳис қилмоқда. Исроил билан ўн кунлик тўқнашувлар ҳали тугамаган бир пайтда, АҚШга жавоб бериш нафақат Эрон, балки бутун минтақа учун кескин хавф туғдиради.
Эрон 3 000 та ракета бўлган дастлабки арсеналининг деярли ярмидан айрилган, бироқ қолган қуроллари билан Яқин Шарқдаги 20 га яқин АҚШ ҳарбий базасини нишонга олиши мумкин.
Энг яқин ва аниқ нишонлардан бири Баҳрайнда жойлашган АҚШ денгиз флотининг қудратли Бешинчи флоти бош штаби бўлиши мумкин. Аммо Эрон Араб қўшнисига бевосита зарба беришни истамаслиги мумкин. Кўпроқ эҳтимол билан Ироқ ва Суриядаги қуролли прокси-гуруҳлар воситасида Ат-Танф, Айн ал-Асад ёки Эрбилдаги анча изоляцияланган АҚШ базаларига ҳужум уюштириш сценарийси танланади. Бундай тактика Эрон учун янгилик эмас.
Трамп 2020 йилда Қудс кучлари раҳбари Қосим Сулаймонийни ўлдирганидан сўнг, Эрон Ироқда АҚШ ҳарбийларига зарба берган, лекин бу ҳақида олдиндан огоҳлантирган эди. Бу сафар эса огоҳлантириш бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Сурат манбаси, Reuters
Эрон АҚШ ҳарбий кемаларига қарши "ёппасига ҳужумлар", яъни дронлар ва тез ҳаракатланувчи торпедоли катерлар ёрдамида ҳужум қилиш стратегиясини ишга солиши мумкин. Бу усул Эрон Инқилобий гвардияси флотида йиллар давомида машқ қилинган.
Мақсад – АҚШ мудофаа тизимларини сон жиҳатидан босиш. Бундан ташқари, Эрон яманлик иттифоқчилари ҳусийлардан Ҳинд океани ва Қизил денгиз ўртасида ҳаракатланаётган Ғарб кемаларига қарши ҳужумларни қайта бошлашни талаб қилиши мумкин.
Эрон иқтисодий объектларга ҳам зарба бериши мумкин, лекин бу Форс кўрфази араб давлатлари билан эришилган нисбий тинчликни хавф остига қўяди. Энг оғир сценарий дунё нефтининг 20 фоизи ўтадиган муҳим йўлак бўлмиш Ҳурмуз бўғозини миналаш орқали ёпиш. Бу глобал савдога тўғридан-тўғри зарба бўлади.
Киберҳужум эҳтимоли ҳам бор. Эрон – Шимолий Корея, Россия ва Хитой каби – кучли киберҳужум салоҳиятига эга. АҚШ тармоқларига, йирик компанияларга зарарли дастурлар жойлаштириш, уларни ишдан чиқариш бу стратегиянинг бир қисмидир. Бу ҳужумлар ҳозирги танг вазият юмшагач, кутилмаган тарзда амалга оширилиши мумкин.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Жавобни кечиктириш
Бу, жорий кескинлик пасайишини кутишни ва Эроннинг ўзи танлаган бир пайтда – АҚШ базалари максимал огоҳлик ҳолатида бўлмаганда кутилмаган ҳужум уюштиришни англатади.
Бундай ҳужум, шунингдек, АҚШнинг дипломатик, консуллик ёки савдо ваколатхоналарига қаратилиши, ёхуд алоҳида шахсларни нишонга олиш, ҳатто уларни ўлдириш шаклида бўлиши мумкин. Бироқ бу ерда Эрон учун катта хавф шундаки, оддий эронликлар аста-секин одатдаги ҳаётга қайтаётган бир пайтда бундай ҳаракатлар АҚШнинг янги ва янада кескин ҳужумлар билан жавоб бериши эҳтимолини кучайтиради.
Қасос олмаслик
Бу Эрон томонидан жуда катта сабр ва ўзини тийишни талаб қилади, бироқ бу йўл уни АҚШнинг кейинги ҳужумидан асраши мумкин. Эрон, ҳатто дипломатик йўлни танлаб, АҚШ билан музокараларга қайта қўшилиши ҳам мумкин эди. Бироқ, Эрон ташқи ишлар вазири таъкидлаганидек, Теҳрон бу музокараларни ҳеч қачон тарк этмаган, унинг сўзларига кўра, айнан Исроил ва АҚШ уларни издан чиқарган.
Шунга қарамай, Масқатда, Римда ёки бошқа жойда АҚШ-Эрон музокараларини қайта бошлаш фақатгина Эрон АҚШ ва Исроил белгилаган "қизил чизиқ"ни қабул қилишга тайёр бўлсагина маъно касб этади. Яъни, Эрон ўзининг фуқаролик ядро дастурини сақлаб қолишни истаса, ўзидаги мавжуд барча уранни бойитиш учун мамлакат ташқарисига юбориши шарт бўлади.
Бироқ шундай оғир зарбадан кейин мутлақо жавоб қайтармаслик Эрон режимини заиф ва ишончсиз қилиб кўрсатади, айниқса, АҚШ томонидан ҳужум қилинган тақдирда, "даҳшатли оқибатлар" ҳақида кўп бора гапирганидан кейин. Охир-оқибат, расмий Теҳрон халқ устидан назоратни йўқотиши хавфи АҚШнинг эҳтимолий кейинги ҳужумлари келтирадиган зарар хавфидан ҳам каттароқ бўлиши мумкин.












