Эмин Агаларов нега Озарбайжондаги илк казинони мусулмон қадамжолар ёнида қурмоқчи?

Коллаж: Эмин Агаларов в пиджаке на фоне гостиницы в виде яхты. На заднем фоне женщины в чадре, мужчины с зеленым исламским флагом и мечеть.

Сурат манбаси, Getty Images, Seabreeze.az, TASS, BBC

    • Author, Магеррам Зейналов
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Озарбайжоннинг илк казиноси мамлакатдаги энг консерватив мусулмон қишлоғи ёнида қурилади. Нардаран кўп йиллар давомида ҳукумат билан келишмай келган; мана энди бир пайтлар бўйсунмаган қишлоқ ёнида озарбайжон-россиялик тадбиркор Эмин Агаларовга тегишли курорт қурилмоқда.

Каспий денгизидаги кўрфаздаги сунъий ярим оролда – ҳовуз, боғлар ва қирғоққа томон узанган асфальт йўллар, ялтираб оқ круиз кемаси турибди.

Келажакдаги 11 қаватли Caspian Dream Liner апарт-меҳмонхонаси лойиҳасини унинг муаллифлари "меъморий дурдона" деб атамоқда, ундаги энг кичик, ҳали қурилмаган квартиралар нархи эса ярим миллион доллардан бошланади.

Айнан шу ерда Озарбайжондаги ягона – Европадаги энг йирик казино қурилиши режалаштирилган.

Ҳашаматли мажмуа Sea Breeze курортининг бир қисмига айланади, унда аҳоли яшайдиган таунхауслар ва виллалар, концерт заллари ва қимматбаҳо ресторанлар жойлашади. Бу ерда бадавлат озарбайжонликлар ва Россиядан келганлар яшайди ("Бизда шундай дейишади: камбағал руслар Тбилиси ва Ереванга, бойлар эса Sea Breeze'га боради," дейди Би-би-си суҳбатдошларидан бири).

Боку ва мамлакатнинг асосий халқаро аэропортидан Sea Breeze'ни 30 километрдан камроқ масофа ва Нардаран қишлоғи ажратиб туради.

18 йил давомида ҳашаматли курорт қурилаётган бу камбағал, консерватив ва диндор қишлоқнинг марказий ҳокимият билан узоқ, мураккаб ва баъзан қонли кураш тарихи бор.

Энг анъанадор қишлоқ

Нардаран арзон оҳактошдан қурилган уйлари, бокуча эски шаҳар атрофи қишлоқларига хос ишсизлик ва қашшоқлик даражаси, Бокудан денгизга олиб борадиган марказий йўлдан ташқари бузилган йўллари билан оддий озарбайжон қишлоғига ўхшайди.

Коммунал харажатларни тежаш учун оқшомлари чироқ ёқилмайди, қишда уйларни иситишмайди, дўконлардан насияга харид қилинади.

Нардаранликлар асосан нафақа ва бошқа жойлардан топилган иш ҳақи ҳисобига кун кечиради, ўз томорқаларидан овқатланади. Ўртача маошлар Бокуга қараганда деярли икки баравар паст.

1990-йилларда Нардаран Россияга сотиш учун гуллар ва помидор етиштириш билан машҳур эди. Аммо ўшандан бери уларни бу бизнесдан йирик компаниялар сиқиб чиқарди.

Қишлоқнинг ўзига хос жиҳати – нардаранликларнинг ўзи. Бу ерда энг диндор консерватив одамлар яшайди – сўров натижаларига кўра, мусулмонларнинг атиги 20 фоизи масжидга боришни мажбурий деб ҳисоблайдиган бир мамлакат учун ноёб ҳолат.

Нардаран яшовчилари тез-тез халқаро янгиликларга АҚШ ва Исроил байроқларини ёқиш билан муносабат билдирганлар. Ушбу суратда 2015 йилдаги норозилик.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Нардаран яшовчилари тез-тез халқаро янгиликларга АҚШ ва Исроил байроқларини ёқиш билан муносабат билдирганлар

"Нардаран Озарбайжон учун ўзига хос ҳодиса, у мусулмонлар учун диний марказ, – деб тушунтиради тарихчи, "Озарбайжонда ислом" китоби муаллифи Ориф Юнусов. – У ерда бутун Озарбайжондан зиёратчилар келадиган афсонавий бир нечта эски масжид бор."

СССР парчаланганидан сўнг дарҳол Нардаранда Озарбайжон Ислом партияси ташкил этилди – Юнусовнинг айтишича, дунёвий ҳокимиятнинг асосий диний муқобили эди. "Ҳамма бу аслида Нардаран партияси эканлигини тушунарди," дея қўшимча қилади тарихчи.

Нардаранликлар эронпараст қарашларини яширмайди – икки мамлакатни шиа исломи бирлаштиради ва бу партия Эрон теократиясини муваффақият тарихи сифатида қабул қиларди. Теҳрон билан зиддиятли муносабатларга эга бўлган Боку учун бу бошоғриқ эди.

1995 йилда Адлия вазирлиги партияни рўйхатдан ўчириб ташлади ва унинг раҳбарлари Эрон жосуслари деб эълон қилиниб, қамоққа олина бошлади. Шундан сўнг, нардаранликлар бир неча бор сайловларни бойкот қилди, коммунал тўловларни тўламади ва Бокудан тайинланган амалдорлар ҳокимиятини тан олмади.

Нардараннинг диний маркази Ўрта асрларга оид Ҳожи Бахши масжиди эди – у ерда маҳаллий фаоллар йиғилиб, ҳокимиятни танқид қилишган, Америка ва Исроил байроқларини ёқишган.

Нардаран — Озаарбайжоннинг энг диндор қишлоғи. Ушбу суратда маҳаллий аёллар 2005 йилдаги сайловда овоз беришаяпти

Сурат манбаси, VANO SHLAMOV/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Нардаран — Озаарбайжоннинг энг диндор қишлоғи. Ушбу суратда маҳаллий аёллар 2005 йилдаги сайловда овоз беришаяпти

2000-йиллар бошида, Ҳайдар Алиев ҳукмронлиги даврида, ҳокимият ўн минг кишилик бу қишлоқни назорат остига олишга ҳаракат қилди, 2002 йилда у ерда тўқнашувлар содир бўлди, камида бир киши ҳалок бўлди.

2015 йилда ҳукумат Нардаран қишлоғида теракт режалаштирилганини даъво қилиб, махсус операция ўтказди. Аҳоли эса тинч йиғилишда иштирок этганликларини айтишди.

Натижада етти киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб кишилар ҳибсга олинди ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қўлга олишдаги кўплаб қонунбузарликлар туфайли маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари уларни сиёсий маҳкумлар деб атади, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди эса улардан учтасининг ҳуқуқлари бузилганлигини тан олди.

Нардаран бўйсундирилди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳозирги ҳокимият Бокуга содиқ, қишлоқнинг бир неча жойида эса ўткинчиларни ва автомобилларни тинтув қиладиган полиция постлари мавжуд.

Ижтимоий тармоқларда одамлар сабабини тушунтирмасдан бош масжидга киритилмагани ҳақидаги ҳикоялар учрайди. Маҳаллий аҳоли айтишича, уларга фақат яқин атрофдаги қабристонга бориш учун рухсат берилади, у ҳам тинтув ва ҳужжатлар текширувидан сўнг.

Биз ҳокимият ва Кавказ мусулмонлари бошқармасига изоҳ сўраб мурожаат қилдик, аммо жавоб ололмадик. 2015 йилда Диний тузилмалар билан ишлаш давлат қўмитаси Нардаран масжидларининг ёпилишини уларнинг давлат рўйхатидан ўтмаганлиги билан изоҳлаган эди.

Нардаран марказий масжидида 2015 йили Ашура байрами нишонланиши

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 10 йил олдин ҳам Нардаран марказий масжидида диний байрамларда кўп одам тўпланган

Маҳаллий аҳоли айтишича, Нардаранда бир неча киши тўпланса, дарҳол полиция эътиборини тортади. Суҳбатдошларимиз сўзларига кўра, анъанавий тўпланиш жойи бўлган барча чойхоналар 10 йил олдин ёпилган.

"Йиғилишга рухсат йўқ, ҳатто тўйларга ҳам рухсат олиш керак, – дейди асли нардаранлик, норозилик намойишлари иштирокчиси, Ислом партияси аъзоси, ҳозирда Германияда сиёсий муҳожир бўлган Аламдар Бунёдов. – Яқинда қариндошларимизда тўй бўлди, лекин одамларга тўпланишга рухсат беришмаяпти, полиция бўлимига бориш керак. Бошлиқ рухсат берса – тўй қиласан, бермаса – йўқ." Унинг айтишича, баъзилар қўшни Маштага қишлоғида тўй қилмоқда.

Бироқ Нардаранда соҳилдан келаётган концерт овозлари эшитилиб туради. Тез орада у ерда казино пайдо бўлади – ҳозирча мамлакатда биринчи ва ягона шундай муассаса.

Озарбайжонда казино фаолиятини 1998 йилдаёқ ҳозирги президентнинг отаси Ҳайдар Алиев тақиқлаган эди.

Фармонда айтилишича, казино "миллий ахлоққа зид", "ёш авлод тарбияси ва ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади", "иқтисодиётга зарар келтиради" ва "ноқонуний йўл билан олинган даромадларни легаллаштиради".

Аммо 2025 йил ёзи бошида парламент казиноларни яна легаллаштирди – шарти бундай муассаса сунъий оролда жойлашган бўлиши керак.

Парламент аъзолари унинг солиқ тушумларини ошириши, туризмни ривожлантириши ва янги иш ўринлари яратишини айтишди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирча ягона сунъий орол озарбайжон-россиялик тадбиркор Эмин Агаларовга тегишли Sea Breeze ҳудудида жойлашган.

"Агаларов қонуни"

Эмин ўз бизнес фаолиятини отаси Араз Агаларовнинг компаниясида бошлаган – у савдо ва кўнгилочар марказлар, шунингдек, элита кўчмас мулкига эгалик қилувчи Crocus Group холдинги эгаси бўлган россиялик миллиардер.

Оила Эмин тўрт ёшида Бокудан Москвага кўчиб ўтган, у Ғарбда таълим олган.

Россияга қайтгач, у дастлаб отасининг компаниясида тижорат директори, кейин эса вице-президент бўлди. Шу билан бирга, EMIN саҳна номи остида мусиқий фаолиятини ривожлантириб, нафақат Россия ва Озарбайжонда, балки Европада ҳам муваффақиятларга эришди.

Эмин Агаларов очиқ осмон остидаги саҳнада қўшиқ куйлаяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эмин Агаларов ўзининг Sea Breezeида концертлар ташкил қилади

2023 йилда у Crocus Group'дан чиқиб, аксарият лойиҳалари Озарбайжонда жойлашган Agalarov Development компанияси билан шуғуллана бошлади.

У ерда 45 ёшли Агаларов қўшиқчиликдан кўра кўпроқ президентнинг қизи Лейла Алиевага уйлангани билан машҳур. Улар 10 йил олдин ажрашган бўлса-да, анъанавий Озарбайжон жамияти учун у ҳамон президент оиласининг бир қисми ҳисобланади.

Озарбайжонда казино қуришга рухсат берувчи янги қонунни мухолифат "Агаларов қонуни" деб атади, чунки унда Илҳом Алиевнинг шахсий қўлловини кўрдилар.

Ҳукуматга яқин матбуот Эмин Агаларовни ёқлаб, лойиҳа хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришини, озарбайжонликларнинг ўзлари эса грузин казиноларида пул йўқотишни тўхтатиб, буни ўз ватанларида қилишларини тушунтира бошлади.

Агаларовнинг компанияси бунда нафақат бутун мамлакат иқтисодиётига, балки маҳаллий аҳолига ҳам наф келтиришни мўлжалламоқда. Би-би-си сўровига жавобан, Agalarov Development улар учун "энг яқин ҳудудлар, жумладан, Нардаран аҳолиси учун имкониятлар яратиш принципиал жиҳатдан муҳим" эканлигини таъкидлади.

"Нардаран мавзусини ёпиш керакми?"

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Муҳими, бизга тегишмасин, шовқин кўтармасин, қоидаларимизга риоя қилишсин, – дейди нардаранлик кекса Амрулла (унинг илтимосига кўра исмини ўзгартирдик). У сайёҳларнинг қишлоқда калта иштон кийиб юрмаслиги ва дўконларда спиртли ичимликлар сотилмаслиги етарлилигини қўшимча қилди, қирғоқбўйи қисмини эса у энди Нардаран деб ҳисобламаслигини айтди.

Амрулла диний байрамлар пайтида курортдаги шўх овозлар қулоғига чалинишидан ғазабланишини айтади, бироқ ижобий томонларини ҳам тан олади – унинг сўзларига кўра, баъзи маҳаллий ёшлар "бекор юрмасдан" Sea Breeze қурилишида ишламоқда.

Agalarov Development Би-би-сига маълум қилишича, Sea Breeze ҳудудида ҳозирда 7500 дан ортиқ киши ишлайди ва яқин бир неча йил ичида бу сонни икки баравар ошириш режаланган.

"Бунда уларнинг 15-20 фоизини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил этади. Бу Нардаран учун аҳолининг тахминан 10 фоизига тенг", дея баҳолайди компания.

Эмин Агаларов (ўнгда) Илҳом Алиев ва рақифаси Меҳрибон Алиевага See Breeze да эндигина очилган Лев Ландау номидаги мактаб филиалини кўрсатаяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эмин Агаларов Алиевларнинг оилавий суратларида тез-тез кўзга ташланиб туради

Шунга қарамай, Озарбайжонда баъзилар қимор ўйинларини тақиқловчи мусулмон урф-одатлари алоҳида эъзозланадиган жойда казино қурилишидан ғазабланмоқдалар.

"Казино қурмоқчи эканликларини эшитганимда, буни шундай тушундим – улар Нардаран мавзусини ёпмоқчи, – дейди нардаранлик муҳожир Аламдар Бунёдов. – Чунки эътиқод марказида казино очиш – нардаранликларни ҳам, умуман озарбайжонликларни ҳам хафа қилишнинг бир усули; казино ва дискотекаларнинг овозини азон товушлари билан аралаштириб юбориш".

"Нардаранда бузуқ жойлар очиш учун одам бузуқ ҳазил туйғусига эга бўлиш керак, – дейди тарихчи Ориф Юнусов. – Ярим орол катта, бошқа жойни танлаш мумкин эди, лекин бир пайтлар сенга бўйсунмаган аҳоли пункти ёнида казино қуриш кўпроқ руҳий босимга ўхшайди".

Диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси ва Кавказ мусулмонлари бошқармаси Би-би-си саволларига жавоб бермади.

Agalarov Development Озарбайжон "дунёвий давлат бўлиб, унинг асосий ижтимоий мақсадларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш эканлигини" таъкидлади.

"Биз минтақанинг диний ва маданий анъаналарини ҳурмат қиламиз ва лойиҳа жамият манфаатлари билан уйғунликда амалга оширилишига ишонамиз," дея баёнот берди компания.

Космосдан олинган суратларда Caspian Dream Liner жойлашадиган денгизга чўзилган тепалик – сунъий орол кўриниб турибди.

Агар суратларни вақт бўйича ортга қайтарсак, Sea Breeze дастлаб қирғоқ қисмини эгаллаб, йиллар давомида Нардаран ичкарисига кириб боргани ва маҳаллий аҳоли боғларига етиб боргани кўринади.

Ер участкалари тортиб олиниб, бузишга топширилди. 2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди маҳаллий ҳокимият қарорини ғайриқонуний деб топди ва 18 нафар нардаранликка 234 минг евро миқдорида товон пули тўлашни буюрди.

"Менинг боғим ҳам ўша ерда, Sea Breeze'га жуда яқин эди ва мен ҳам қариндошларим сингари уни йўқотдим, – дейди Аламдар Бунёдов. – Кўпчилик шу боғлар билан тирикчилик қиларди."

* Би-би-си дизайн бўлими коллажи учун Михаил Терещенко/ТАСС, Getty- Images ва Seabreeze.az фотоларидан фойдаланилди