Ўзбекистон Президенти Жиззахда атом электростанциясини қуриш лойиҳаси билан танишди, Бухоро бугунда ҳавоси энг ифлос шаҳар - дайжест

Сурат манбаси, Kun.uz
Ўзбекистон Президенти Жиззахда атом электростанциясини қуриш лойиҳаси билан танишди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабр куни Жиззах вилоятига ташрифи мобайнида вилоятда интеграциялашган Атом электростанциясини қуриш лойиҳаси тафсилотлари тақдим этилди.
Kun.uz веб-саҳифасининг хабар беришича, «2 та кам қувватли ва 2 та катта реактордан иборат АЭС учун котлован қазиш, қурилиш-монтаж базасини яратиш, қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш шунингдек, соҳа учун кадрлар тайёрлаш режалари ҳақида ахборот берилган»
Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш режалари ҳақида илк бор 2018 йили президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари мобайнида эълон қилинганди.
Аммо атом электростанциясининг қурилиши атрофида кўплаб хавотирлар юзага чиққани манзарасида лойиҳада бир неча йил илгари силжиш кузатилмади.
Аммо 2025 йили президент Путиннинг Ўзбекистонга яна бир сафаридан сўнг АЭС қуриш масаласи яна кун тартибига қайтди.
Россиянинг «Росатом» ширкати билан имзоланган келишувга кўра, Жиззахнинг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қурилиши режалаштирилган Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси жами 330 мвт қувватга эга олти реактордан иборат бўлиши айтилди.
2025 йил октябр ойига келиб «Росатом» АЭС қурилишининг дастлабки босқичи бошланганлигини маълум қилди.
Ўзбекистонда АЭС қурилиши тарафдорлари ҳам, лойиҳага очиқ қарши чиқаётганлар ҳам кўп.
Баъзилар аҳолиси сони шиддат билан ошиб бораётган, саноати катта суръатда ўсаётган Ўзбекистон учун АЭС қурилиши энергия таъминотидаги муаммоларни ечишда муҳим эканлигини таъкидлашса, бошқалар юқори сейсмик зонада жойлашган ва сув тақчиллиги кескин бўлган Ўзбекистон учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини айтишади.
Шунингдек, Россия ҳамкорлигида бу каби йирик лойиҳанинг амалга оширилиши Кремл қўлидаги қуролга айланиб қолишидан ҳам хавотирлар бор.
2 декабрда ҳаво ифлосланиши даражаси: энг ёмон - Бухоро, энг тоза – Ғазалкент

Сурат манбаси, IQAir
Ўзбекистонда пойтахт Тошкентдан ташқари вилоятларда ҳам ҳаво ифлосланиши кескинлашмоқда.
Йирик шаҳарларида ҳаво ифлосланиши муаммоси охирги ойларда ўта долзарб.
Охирги кунларда пойтахт Тошкентдан ташқари Самарқанд, Бухоро ва яна қатор шаҳарларида ҳаво сифати инсон учун хавфли даражага чиққани ҳақида IQAir каби кузатув ташкилотлари кўрсатгичлари далолат бермоқда.
IQAir нинг 2 декабр куни жадвалида Бухоро ҳаво энг кўп ифлосланган шаҳар сифатида рўйхатнинг биринчи ўрнига чиққан.
Бухордан сўнг Тошкент ва Самарқанддаги ҳаво ифлосланиши даражаси кучли экани қайд қилинган.
2- dekabrda havo ifloslanishi darajasi: eng yomon - Buxoro, eng toza – G‘azalkent
Айни вақтда ҳавоси нисбатан тоза ер сифатида 2- декабр куни Тошкент яқинидаги Ғазалкент шаҳарчаси қайд этилган.
Gazeta.uz нинг хабар беришича, 1 декабр куни президент Мирзиёев Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус Комиссия ҳисоботини кўриб чиққан ва ҳаво ифлосланишига қарши нафақат Тошкент балки вилоятларда ҳам чоралар кўрилишига кўрсатмалар берган.
Бу махсус комиссия ноябр ойи охирида ташкил қилинганди.
Комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов экологик вазиятни яхшилаш йўлида ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш, иссиқхоналар ва қурилиш майдонлари фаолиятини текшириш чоралари кўрилаётганлигини маълум қилган.
Экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия ноябр ойи охирида Тошкент ва атрофидаги 67 иссиқхона фаолияти тўхтатилгани ҳақида ўз Telegram каналида эълон қилган.















