Ўзбекистон: Ҳавони нима энг кўп заҳарлаяпти ва бунда оддий одамлар улуши қанча? Янгиликлар Yangiliklar

BBC

Ўзбекистонда бир йилда атмосферага 2 179,9 миллион тонна чиқинди чиқарилган. Шулардан 874 минг тонна саноат корхоналарига тўғри келган.

АОКА Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига таяниб тарқатган хабарда айтилишича, Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда ҳудди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган, биз глобал масштабда кузатилаётган ўртача темплардан кўпроқ "исиганмиз".

"Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Албатта бу яхши эмас ва хавотирли", дейилади мақолада.

Шундай бир вазиятда, вазирликка кўра, Ўзбекистон саноат корхоналаридан атмосфера ҳавосига йиллик саноат ташламалари миқдори 2022 йилда 874 минг тоннани ташкил этди.

Вазирлик солиштириш учун ўтган йилларда бу кўрсаткич қандай бўлгани ҳақида маълумот бермаган.

Ўтган бир йил ичида ташламаларнинг

360,5 минг тоннаси (40%) - нефть ва газ

200 минг тоннаси (22,8%) - энергетика

185,5 минг тоннаси (21,2%) - металлургия

25 минг тоннаси (2,8%) - қурилиш

103 минг тоннаси (11,7%) бошқа тармоқлар ҳисобига тўғри келади.

Ekologiya vazirligi

Сурат манбаси, Ekologiya vazirligi

Атмосферага асосий таъсир кўрсатувчи тармоқлар иссиқлик электр станциялари ҳамда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади.

"Бугунги кунда мамлакатимизда 12 та ИЭСлар, шу жумладан, кўмирга ихтисослашган "Ангрен" ва "Янги Ангрен" иссиқлик электр станциялари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, 36 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона, 15 та нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда 4 та металлургия саноати мавжуд", - дейилади расмий хабарда.

Вазирлик, шунингдек, транспортлардан ҳавога ташламалар борасида ҳам рақамларни тақдим этди.

Унга кўра, ҳозир Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли жами 3 268 480 та автотранспорт воситалари фойдаланишда бўлиб, шундан

796 034 таси (24 фоиз) бензин

71 088 таси (2 фоиз) дизель

2 401 348 таси (74 фоиз) газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган.

"Яна бир масала - мамлакатимизда ҳаракатда бўлган автотранспортларнинг 100 мингтаси носоз автотранспортлар ҳисобланади. Улардан атмосферага йилига ўртача 1,27 млн тонна ташламалар ташланмоқда", дейилади хабарда.

Вазирлик ҳавони асраб-авайлаш, унга етказилаётган зарарни камайтириш йўлида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги тан олиб, қуйидаги тавсияларни берган:

BBC

1. Транспорт воситаларидан келаётган экологик зарарни камайтириш мақсадида:

а) Юк ташувчи транспортлар ҳаракатланиши тартибга солиш ҳамда йўлларни ифлослантиришнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирларини кучайтириш;

б) Ишлаб чиқарилаётган мотор ёнилғисини "Евро - 5" экологик стандартига келтириш;

в) Электромобилларни республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали 2030 йилга бориб, республикада сотилаётган электромобиллар улушини камида 15 фоизга етказиш;

г) Электромобилларни оммалаштириш учун уларни тезкор зарядлаш қурилмалари ва инфратузилмасини яхшилаш;

2. Саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ташланмаларини камайтириш мақсадида:

а) Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражаси юқори бўлган Тошкент, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Навоий, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат объектлари атрофида атмосфера ҳавоси ҳолатини баҳолаш учун рақамли мониторинг тизимини жорий этиш.

1-босқичда, 2023 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятининг 77 та саноат корхоналари атрофида 190 та ҳаво мониторинг ускуналари, 2-босқичда 2024-2025 йилларда Навоий, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги 106 та саноат корхоналари атрофида 265 та ҳаво мониторинг ускуналари ўрнатилиши ва Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиниши режалаштирилган.

BBC

б) Корхоналар чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ошириш.

1. 2023-2025 йилларда 450 та йирик саноат корхоналаридаги 2200 га яқин чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ошириш.

2. Янги ишга туширилаётган саноат объектларига самарадорлиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш.

в) Саноатда табиий газ улушини камайтириш ҳамда муқобил энергияга ўтишни жадаллаштириш, Франция тараққиёт агентлиги техник кўмагида атмосферага карбон ташламаларини камайтирганлик учун «Яшил солиқ» тизими жорий этиш.

«Ифлослантирувчи моддаларнинг кўпайиши ҳаво сифатини ёмонлаштириши, нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Қуёш нурларининг тўсилиши, ёмғирларнинг камайиши, [ҳавонинг]заҳарланиши натижасида атроф муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳам мисли кўрилмаган зарар етади. Биз инсоният чиқараётган карбон моддаларини табиат "ҳазм қила олмайдиган" нуқтадан ўтиб бўлдик. Атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар муаммосига эътибор бермаслик соғлиқни сақлаш харажатларининг ошиши, ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши ва туризм билан боғлиқ иқтисодиёт тармоқларига ҳам катта зарар келтирмоқда», дейилади хулосада.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002