Оилада аёл кишининг ишлагани яхшими — ўзбекистонликлар нима дейди? Видео

ayol

Сурат манбаси, BBC Uzbek

    • Author, Юлдуз Абдурашидова
    • Role, Журналист, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда ҳукуматнинг мақсади аниқ — у сиёсатда ҳам иқтисоду жамоатчилик ишларида ҳам аёллар имконият даражасида ишлаш тарафдори. Бироқ жамиятчи? Одамлар оилада аёл кишининг ишлашига қандай қарашади? Шу саволга жавоб қидириб Тошкент кўчаларида сўровнома ўтказдим.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 март байрами муносабати билан хотин-қизларга йўллаган мурожаатида оила бахти, фарзандлар камоли ҳамда бутун жамият равнақи учун аёллар ва қизларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши муҳимлигини таъкидлаганди.

Бироқ жамиятчи? Хўш, одамлар оилада аёл кишининг ишлашига қандай қарашади? Шу саволга жавоб қидириб Тошкент кўчаларида сўровнома ўтказдим.

“Кўпчилик айтади, дин томонлама аёл киши ишламаслиги керак, деб. Лекин аёл киши ишламаса барибир аёлларнинг ҳам аёлларга иши тушадику. Мен аёл кишининг ишлаши тарафдориман. Масалан, аёл киши аёл докторга бориши керак, хотин-қизлар ишламаса аёл доктор қаердан топилади”, дейди талаба Пўлатжон Акрамов.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

“Оилада эркак кишига ёрдам бериш керак, ўзларига ташлаб қўйиш ҳам бўлмайди. Аёл киши ҳам ёрдам берса, вазиятлардан бирга чиқади. Эр-хотин қўш ҳўкиз деб бекорга айтишмаган”, дейди тикувчилик фабрикасида ишлайдиган Наргиза Бабатаева.

Аёллар билан суҳбатда бўлар эканман, улар биринчи навбатда фабрика, заводларда ойлик маош бироз камлигини айтишди. Тикувчилик цехида ишлайдиган аёл маош камлиги сабаб ҳозир бошқа ерда фаррошлик қилаётганини ҳикоя қилиб берди.

Умуман олганда мен суҳбатда бўлган шаҳар кўчаларидаги одамларнинг 80-90 фоизи оилада аёл кишининг ишлашига қарши эмас. Улар аёлнинг ҳам “ўз даромади, ўз пули бўлиши керак” ёки “шаҳарда яшаш қийин бир вақтда барча ташвишларни эркакка юклаш яхшимас” каби фикрларни айтди.

Ўз ишига эга, бироқ мажбурият сабаб ишлаётган аёллардан бири эса “иложи бўлса ишламасдим, болаларим ёнида ўтирардим, эркак рўзғор ғамини тўлиқ елкасига олса, бундан яхшиси йўқ аёл учун”, деди.

Мусофир аёллар

Kun.uz 2022 йилда келтирган маълумотларга кўра, 570 мингга яқин ўзбек аёли чет элда ишлаяпти.

Улар орасида оиласидаги ягона боқувчи бўлганлари талайгина.

Аксарият ҳолатларда аёллар болаларини қариндошларига ташлаб кетишган.

Хорижга кетиб, ўша ерда турмуш қуриб қийналганларию фарзандлари билан бахтли яшаётганлари ҳам бор.

Ўқиш учун кетиб, ҳозир бутун ўзбекистонлик қизларга ўрнак бўлаётганлари ҳам бисёр.

Масалан, Tesla компаниясида ишлаётган Муштарий Шарифова, АҚШ ССВ киберхавфсизлик мутахассиси Фароғат Эшбекова бунга мисол бўла олади.

Сўровномам давомида одамларнинг аёлларнинг хорижда ишлаши борасидаги фикрлари билан ҳам қизиқдим. Уларнинг сўзларига кўра, “чет-элга оилавий яъни турмуш ўртоғининг ҳамроҳлигида кетса яхши, бироқ ёлғиз кетиб бошқа давлатда фаррошлик қилиши, хизматкор бўлиши тўғри эмас”.

“Болалари бўлса хорижда ишламагани маъқул. Чунки, барибир, бизни менталитет бор, биз шарқона услубда катта қиламиз болаларимизни. Чет элда ишласа, болаларнинг тарбияси бузилади, назоратсиз қолади. Менимча шу ерда ишлагани яхши”, дейди нафақадаги педагог Рихси Фозиловна.

“Аёл кишининг хорижда ишлашига қарашим унча ижобий эмас. Оиласи билан, турмуш ўртоғи, фарзандлари билан кетса майли, лекин ўзи оиласини боқиш учун четга кетишини тўғри ҳолат деб ҳисобламайман”, фикр билдирди Матқурбонова Азиза.

BBC Uzbek
Ayol kishining chetda ishlashiga qarashim uncha ijobiy emas. Oilasi, turmush oʻrtogʻi, farzandlari bilan ketsa mayli, lekin oʻzi oilasini boqish uchun chetga ketishi toʻgʻri emas.
Aziza Matqurbonova
Talaba, Oʻzbekiston (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Юрист Зарнигор Омониллаеванинг ёзганларига кўра, Россияда ишлаётган мигрант аёлларга тиббий ёрдам, керакли муолажалар керак.

Таъминотсиз қолиб кетганлари, зўравонликка учраётганлари ҳам бисёр.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда мигрант аёллар учун ижтимоий муҳофаза йўқ. На миллий, на минтақавий фондлар, лойиҳалар, ташаббуслар бор. Зўрланган, жабрланган аёлларга тезликда ёрдам бера оладиган бирорта фонд мавжудмас”, дейди мусофирликда юрган аёллардан бири.

Бугун аёллар хорижда сотувчилик, фаррошлик, кўча супурувчилик, ҳамширалик қилишдан ташқари тижорат билан ҳам шуғулланмоқда.

Туркия, Дубайдан маҳсулот олиб келиб сотяпти кўпчилиги.

Айрим эркаклар “аёлларнинг кўпроқ пул топиши унинг характерига таъсир қилади, бора-бора у эрга бўйсунмайди, оилада уруш-жанжал кўпаяди” деб ҳисоблашини айтди

Бошқа суҳбатдошим эса шундай деди: “Аёлимнинг ишлаши тарафдориман, у пулини қаерга ҳам олиб боради, шу уйга, рўзғорга, болалари ва ўзига сарфлайди. Менга ҳар куни у олишим керак, бу олишим керак деб жанжал қилмайди. Улар жуда кўп нарса харид қилишни хоҳлашади, бу эҳтиёжни фақатгина ўзларининг пулларини сарфлаш орқали қондириши мумкин”.

“Блогер аёлларни мазах қилишади”

Бугун орамиздаги аёллардан бири вақтни мазмунли ўтказиш учун, бошқаси рўзғор тебратиш, бола боқиш учун ишламоқда.

Қишлоқларда ҳам айни мақсадларда ишлаётганлар кўп.

Мен суҳбатда бўлган қишлоқ аёлларидан бири Муҳтарам Ибодова блогерлик фаолияти билан шуғулланиб келади.

Унинг бир нафар фарзанди бор.

“Даромадим бор, уни ўзим учун сарфлайман, турли хил курсларда ўқийман, кийимлар харид қиламан”, дейди у.

Суҳбатдошимнинг сўзларига кўра, қишлоқдагилар аёлларнинг ишлашини нормал қабул қилишади, ҳатто қизларнинг олий таълим муассасасида ўқиши ҳам ижобий.

Бироқ одамлар блогерлик билан шуғуллангани учун доим унинг устидан кулишгани ҳақида сўз очди.

“Қишлоқ шароитида блогерлик қилишнинг қийин томони одамларнинг блогерни қабул қилиши қийинлигида. Доимий равишда камерани кўтариб юриш, турли воқеаларни видеога олишса, одамлар ғалати қарашади: нима учун бу видеога оляпти, нега съёмка қиляпти дейишади. Мен тикувчилик ҳам қилганман, тухум, помидор ҳам сотганман. Аммо ҳозирги фаолиятим ўзимга жуда ёқади”, сўзлайди у.

BBC Uzbek
Qishloq sharoitida blogerlik qilish qiyin. Kamera koʻtarib yursang, videoga olsang, odamlar gʻalati qaraydi: nega bu videoga olyapti, nega syomka qilyapti, deyishadi.
Muhtaram Ibodova
Bloger, Oʻzbekiston (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Муҳтарам турмуш ўртоғи томонидан қариндошлари эрини койиб ҳам беришганини, бироқ шунда ҳам таслим бўлмаганини, ҳозир яхши даромади, шогирдлари борлиги, аввал мазах қилган одамларнинг бугун унга иши тушаётгани ҳақида гапиради.

“Фақат турмуш ўртоғимга тазйиқ ўтказа бошлашганида хафа бўлганман. Хотинингни интернетга чиқаряпсан, хотининг юлдуз, унинг видеолари тарқалиб кетган, дейишган. Ҳозир эрим Россияда, улар Ўзбекистонда бўлган вақт бирга видео қўйганман ҳазил тариқасида. Видеони миллионлаб кузатувчи кўрган, туманимизга тарқалиб кетган. Кейин хўжайинимнинг танишлари ўртасида муҳокама бўлган. Қариндошлар сен билан хотининг бизни кулгига қўйяпсан, дея гапирган”, ҳикоя қилади блогер аёл.

Муҳтарам Ибодованинг сўзларига кўра, у турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши, “одамлар нима дейди” деб яшамагани, вақт ўтиб яқинлари ҳам уни тўғри қабул қилаётгани учун ҳам бугун ривожланмоқда ва ҳалол даромади бор.

Умрага бораман деб тарвуз сотаётган аёл

ayol

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Яна бир суҳбатдошим эса 60 ёшдан ошган, бозорда тарвуз-қовун сотадиган Холжон Адилова бўлди. У оилада аёл кишининг ишлаши жуда яхши эканини айтди.

“Бунинг ҳеч ёмон тарафи йўқ”, дейди.

“Ўзим нафақадаман, бекор юргунча қовун-тарвуз сотяпман. Чолим ёрдамлашади. 5 июндан бошлаб 5 декабргача қовун-тарвуз сотаман, қолган вақт дам оламан. Пулга муҳтож эмасман, аммо чолим билан савдо қилиб юрибмиз. Декабрда Умра сафарига бормоқчиман, 600 доллар жамғарганман, ҳали “гап”имизнинг ҳам пулларини оламан”, жилмаяди Холжон она.

Telegram kanalimiz