Дунёдан узилишни ҳеч истаганмисиз? Калаванинг учи сайёр нервда бўлиши мумкин

Сурат манбаси, Alamy
- Author, Рут Клегг
- Role, Саломатлик ва турмуш тарзи мухбири
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Бу танамиздаги супер магистрал бўлиб, у орқали миямиздан асосий аъзоларимизга маълумот боради. Сиз унинг мавжудлигини билмаслигингиз, уни машқ қилдириш кераклиги-ку хаёлингизга ҳам келмаган бўлиши табиий.
Аммо ижтимоий тармоқларни кўздан кечирсам, сайёр (vagus) нерв ҳақида кўплаб маслаҳатларни кўраман – уни қандай даволаш, стимуллаш, ҳатто қайта созлаш ҳақида – гўё бу машқлар стресс ва хавотир даражасини пасайтиришга ёрдам беради.
Қулоғингизга резина тиш чўткасига ўхшаш нарса билан тегиш, кўзларингизни у ёқдан-бу ёққа ҳаракатлантириш, танангизни енгил уриб чиқиш ёки оғирлаштирилган нимча кийган ҳолда сув билан ғарғара қилиш – булар асабни машқ қилдириш, ўзни тетик ҳис қилиш учун тавсия этилаётган усулларнинг бир қисми, холос.
Стресс даражамиз кескин ошган ва 35 ёшдан кичиклар орасида ҳолдан тойиш кўпайиб бораётган бир пайтда, ижтимоий тармоқлардаги бу каби кўплаб постларнинг миллионлаб марта кўрилиши ажабланарли эмас.
Тавсия қилинаётган усулларнинг баъзилари бироз ғалати туюлиши мумкин. Аммо ҳақиқатан ҳам бу қудратли нервни машқ қилдириш мумкинми ва у ҳаётий стресслардан тезда халос бўлишга чиндан ҳам ёрдам берадими?

Сурат манбаси, @cariad.connection
Буни билиш учун Стокпорт шаҳар марказидаги шам билан ёритилган кичик студияга боришга қарор қилдим – у ерда баланд овозда хиргойи қилаётган кичик бир гуруҳга қўшилдим.
Менга айтишларича, хиргойи қилиш сайёр нервимизни стимуллашга ва юрак уришини секинлатишга ёрдам беради. Ўзимни бироз енгил ҳис қила бошладим. Танамда паст овозли тебранишни ҳис қилдим, миям камроқ банд бўлаётгандек эди.
Ушбу соматика дарсида йога терапевти Эйриан Коллинж бизга чуқур нафас олиш, тебраниш ва чайқалиш билан кечадиган енгил ҳаракатли машғулотни ўтказади.
У ижтимоий тармоқларда тавсия этилаётган барча усулларни маъқулламаса ҳам, унинг машғулотларида нафас олиш, кўз ҳаракатлари ва енгил уриш каби ҳаракатлар бор.
Аммо, унинг таъкидлашича, бу давомли жараён, тезкор ечим йўқ. Бу назария танани ҳис қилиш орқали асаб тизимимизни тинчлантириш мумкинлигига асосланган.
Баъзи олимлар буни танамиздаги мураккаб тизимларни ҳаддан ташқари соддалаштириш деб ҳисоблайди. Аммо бошқалар фикрича, бу шиддатли ва ғала-ғовур дунёда тинчлик лаҳзасини топишда самарали бўлиши мумкин.
Мендан бир неча метр нарида гиламча устида ётган Сара бу машғулотга тахминан бир йил олдин кела бошлаган. У машғулот ҳаётини ўзгартириб юборганини айтади.
"Биринчи машғулотдан кейин йиғлаб юборган эдим, – дейди у. – Миям биринчи марта ўчиб қолгандек туюлди."
Руҳий муаммолари сабабли қийналаётган 35 ёшли бу аёл ўз миясини тозалаётгандек ҳис қилаётганини айтади.

Сурат манбаси, Xander
Саранинг шериги Иксандер ҳам бунга қўшилади. Машғулотлар уни ўз ҳиссиётларини яхшироқ англашга ёрдам берган.
"Эркак сифатида, – деб тушунтиради у, – биз бунга кўникмаганмиз.
Мен умримнинг кўп қисмида депрессия билан курашганман, лекин энди фикрларимни тузатишга уриниш ўрнига ҳиссиётларимни қабул қилиб, улар билан яшашни ўргандим.
Агар ишлар бироз оғирлашиб кетса, ишдан бироз четлашишим мумкин. Масалан, югургани чиқаман ёки тепаликларни айланаман.
Асаб тизимимни тушуниш бунда муҳим».
Vagus – лотинча "сайёр" деган маънони англатади. Бу нерв мияда иккита – чап ва ўнг тармоқ сифатида бошланиб, ҳар бир йирик аъзо билан боғланади ва муҳим маълумотларни икки томонлама узатиб туради.
У автоном асаб тизимининг бир қисми бўлиб, нафас олиш, юрак уриши ва овқат ҳазм қилиш каби биз онгли ҳис қилмайдиган жараёнларни бошқаради.
Тизим қисман қуйидагилардан иборат:
• симпатетик асаб тизими – "кураш ёки қоч" ҳолатини фаоллаштиради, бизни ёввойи ҳайвон қувишидан тортиб, муҳим иш суҳбатигача бўлган ҳар қандай вазиятга тайёрлайди
• парасимпатетик асаб тизими – сайёр нервга таяниб, тормозлашга ва танани тинч ҳолатга қайтаришга ёрдам беради
Агар булардан бири мувозанатдан чиқса, муаммо пайдо бўла бошлайди. Аммо сайёр нервни фаоллаштириш орқали мувозанатни ўзимиз тиклай оламизми?
Психиатр-консультант профессор Ҳемиш Макаллистер-Уилямс бунга шубҳа билан қарайди.
"Сайёр нервга стимул бериш эпилепсия каби неврологик касалликлар ва даволаш қийин бўлган депрессия каби руҳий касалликларда ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ишончли далиллар бор, – дейди у, – аммо бу танага ўрнатилган қурилмадан келиб чиқади – бу юрак стимуляторига ўхшайди ва сайёр нервга электр импульсларини юборади."
Бу қурилма сайёр нерв орқали мияга енгил электр стимулларини юборади, бу эса кайфиятимизни тартибга солишга ёрдам берадиган серотонин ва допамин каби кимёвий моддалар ажралиб чиқишига сабаб бўлади.
Танадаги сайёр нервни стимуллаш инвазив жарроҳликни талаб қилса ҳам, ҳозирда тақиладиган – инвазив бўлмаган технологиялар учун ўсиб бораётган бозор ҳам бор.
Нархи 270 АҚШ долларидан 1340 АҚШ долларигача бўлган бу қурилмалар одатда қулоққа қистирилади, бўйин атрофига тақилади ёки кўкракка қўйилади.

Сурат манбаси, @lucylambertco
"Бу ташқи стимуляторлар мия фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатадиган баъзи ишончли тадқиқотлар бор, – деб тушунтиради профессор Макаллистер-Уилямс. – Лекин уларнинг самараси борасида ички қурилмаларга солиштирганда далиллар анча кам."
Ташқи қурилма берадиган электр импулслари тери, тўқима, мушак ва ёғ орқали ўтиши керак, шунинг учун у танада ичидаги стимулятор каби оддий ва тўғридан-тўғри бўлмайди.
Қаттиқ чарчаган Люси Ламберт инвазив бўлмаган сайёр нерв стимуляторлари унга ёрдам берганини айтади.
Уч фарзанднинг онаси бошланғич мактабдаги ўқитувчиликни "стресс, чарчоқ ва ҳаловатсизлик" туфайли ташлади.
"Мен шунча вақт давомида заифлашиб бораётганимни сезмабман, – дейди Люси. – Кейин бу бирдан зўрайди. Вазифалар рўйхати ҳаддан ташқари оғир бўлиб қолди.
Ақлий зўриқиш шу қадар кучли эдики, ўрнимдан тура олмадим."
Турли тиббий усулларни синаб кўриб, тайинли натижага эришолмагач, Люсининг акаси бу вибрацияловчи қурилмалардан бирини тавсия қилди. Бу қурилма паст даражадаги электр импульсларини сайёр нервга юборади, кўпинча бўйин ёки қулоқ соҳаси териси орқали.
"Ўзимни кучсиз ҳис қила бошлаганимда, аввало бошим оғрирди.
Кейин қурилмани кунига икки марта 10 дақиқадан тақиб юрдим, бош оғриғи йўқолар ва бутун танам тинчланарди.
Стимуллар ҳақиқатан ҳам таъсир қиларди."
Унинг айтишича, қурилмалар чарчоқни бутунлай тузатмаган, аммо "соғайишни тезлатадиган шароит" яратишга ёрдам берган.

Сурат манбаси, @lucylambertco
Оғриқни даволаш билан шуғулланувчи доктор Крис Баркернинг айтишича, тиббиётнинг бу соҳаси ҳали ривожланмоқда.
Унинг сўзларига кўра, сайёр нервнинг аҳамиятини тушуниш тобора ортиб бормоқда. Мувозанатсиз асаб тизимининг руҳий саломатлигимиздан тортиб юрак уриши ва овқат ҳазм қилиш қобилиятимизгача бўлган барча нарсаларга таъсири ҳақида "аниқ далиллар" мавжуд бўлса-да, бу муаммоларни қандай бартараф этишни ҳали тўла билмаймиз.
"Муаммоли нарсага эътибор қаратиш ва уни тузатишга ҳаракат қилиш зарур.
Танамиз жуда мураккаб ва баъзида биз кўраётган муаммо кенгроқ тизимдаги номутаносибликнинг бир қисми бўлиши мумкин."
Гап меъёр бузилиши ҳақида эмас, дейди у. Бу "сизга нима тўғри келишини аниқлаш" ҳақида ва бу кўпинча вақт талаб қилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, агар сизда юрак ёки нафас олиш тизими касалликлари бўлса, мувозанатни тиклаш ёки асаб тизимини стимуллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашганингиз маъқул.
Орадан бир неча йил ўтгач, 47 ёшли Люси бошқаларга ҳиссий чидамлилик ва ишончни шакллантиришга ёрдам бериш учун ўз бизнесини очмоқда.
У ҳали ҳам ҳар куни қурилмаларидан фойдаланади, медитация қилади ва ўзини қандай ҳис қилаётганини мунтазам текшириб туради. "Қурилмалар мени дам олишга мажбур қилади."
Аммо у ўзгариш қурилмалар туфайлими ёки шунчаки зарур миқдорда дам олганиданми, буни аниқ айтиш қийинлигини тан олади.
Ушбу қурилмалар ҳақида ишончли илмий далиллар йўқ, аммо Люси учун улар унинг соғайишида муҳим роль ўйнади. Ўзининг айтишича, асаб тизими ва сайёр нерви аҳамиятини тушуниш унга куч берган.
"Бу менга ўзимнинг руҳий саломатлигим учун масъулиятни ўз зиммамга олишга ёрдам берди ва бу жуда муҳим."












