Ўзбекистон: Президент қаршисига хотин-қизлар ҳижобсиз ва эркаклар соқолсиз чиқарилмоқдами – Бу кимнинг ташаббуси?

Президент коллаж

Сурат манбаси, UFA/president.uz/kun.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Халқаро мусобақаларда ҳижоби билан қатнашган қизларнинг президент қаршисида уни ечган ҳолатда кўриниш бериши, яна диний эътиқод масаласи кўтарилишига сабаб бўлди. Олдинроқ футболчилар президент келган стадионга соқоли қирилган ҳолда чиққан эдилар.

30 июн Ёшлар кунида Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашиб, бир гуруҳ йигит-қизларга давлат мукофотларини топширди.

Уларнинг орасида 2024 йил Германиянинг Гёттинген шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритган андижонлик Райёна Иброҳимова ва Велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Фотима Соипова ҳам бор эди.

Бу қизлар халқаро мусобақаларда бошида ҳижоби билан қатнашиб, президент қаршисига уни ечган ҳолда намоён бўлиши ижтимоий тармоқдагиларнинг эътиборини тортди.

Алоқадор мавзулар:

"Немис тили бўйича биринчи ўринни олган бу қизнинг рўмолини ечтиришипти, президент билан учраштириш учун", деб ёзди журналист Муҳаммад Шакур.

"Ҳар сафар шахсан Президент ёшларни тақдирлаётганини катта қизиқиш билан кузатаман. Қани, бирорта рўмолли қиз-аёллар чиқиб қолармикан дея умидланаман. Чунки қайсидир маънода ўзимнинг ҳам улар сафида бўлгим келади. Йўқ, ўтирганлар ёки тақдирланганлар орасида "рўмоллилар"га кўзим тушмайди. Бу сафар немис тили олимпиадасида биринчи ўринни олган қизимиз Райёна исмини медаллилар сафида кўриб суйиниб кетдим. Ниҳоят" рўмоллилар эътироф этилмас экан" деган ишончсизлигим тарқалди. Кечгача қизалоқнинг рўмолли ҳолида Президентимиз ёнида турган расмини кутдим. Аммо кўриб, уни тополмадим. Билсам, рўмолини ечдиришибди...", деб ёзади Гуласал Қодирова.

X тармоғидагида немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Райёна Иброҳимованинг ҳижобсиз чиқишини мажбурлаш, деб қабул қилганлар ҳам бўлди.

"Амалдорлариям, аксар аҳолисиям насронийлар бўлган Германияда қизнинг рўмоли ҳеч кимга халақит қилмаганди. Афсус..", дейди @murodj0n.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас

Охири X пост

"Ҳуқуқ жиҳатидан тахқирловни кўрябман, тақдирловни эмас", дейди @SardorSoib.

Фикр билдирганлар орасида Райёна ўз хоҳиши билан президент қаршисига ҳижобсиз чиқишни танлаган бўлиши мумкин, деганлар ҳам бор.

"Райҳона ҳижобдан воз кечиб, ўзини ҳижоб деган мато билан чекламайдиган эркин инсон бўлишни танлаган бўлиши мумкин. Ҳижобга кирган аёлни олқишлаётганлар, ундан чиққанини ҳам қабул қилишлари керак", дейди Hojiakbar_Qosimov1579.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

BBC га ушбу қизлар ҳижобини ўз истаги бўйича ечганми ёки президент билан учрашувдан олдин шундай талаб қўйилганми номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати бу борада Президент девонига мурожаат қилди.

Аммо президент билан учрашув учун аёллар ҳижобининг ечилиши ёки қулоқ орқасидан ўралган ҳолда пайдо бўлиши ягона ҳолат эмас.

Бундан ташқари президент билан учрашув ва давлат телевидениесига чиқиш учун эркаклардан соқолини олишни талаб қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги ўйини 10 июн куни Тошкентда ўтди.

Жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилиб қўйган жамоанинг ўйини томоша қилишга Президент Шавкат Мирзиёев ҳам стадионга тушди.

Ҳужумкор яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов соқоли билан танилган

Сурат манбаси, UFA

Сурат тагсўзи, Ҳужумкор яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов соқоли билан танилган

Мухлислар шу вақтгача ўйинларда соқоли билан танилган ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов, ярим ҳимоячилар Остон Ўринов ва Жалолиддин Машариповларнинг президент келган ўйинга соқолсиз тушганига эътибор қаратишди.

Ижтимоий тармоқда ҳижоб ва соқолга бўлаётган бу каби муносабат президентнинг шахсан ташаббусими ёки атрофидагиларнинг кўраётган "чораси"ми деган саволларни қўйишган.

Президент қаршисидаги ҳижобли аёллар ва соқолли эркаклар

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарларни ўрганиш жараёнида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишларда фақат ҳижобсиз аёллар таклиф қилинганига исбот йўқ.

2024 йил 28 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги маросимда қатнашган ҳижобли аёллар

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, 2024 йил 28 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги маросимда қатнашган ҳижобли аёллар

2024 йил 28 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирлаш маросимида залда камида 2 нафар ҳижоб ўраган аёлни кўриш мумкин.

Facebook ижтимоий тармоғида Шавкат Мирзиёев иштирокидаги учрашувга келаётганлардан соқолни олишни талаб қилгани, аммо унга рози бўлмаганларни президент админстрацияси мажбурламаслиги ҳақида бир ҳолат ёзилган.

Тадбиркор Алишер Касимов ўзи билан 2019 йили сентябр ойида Тошкент трактор заводида (ТТЗ) Президент Шавкат Мирзиёев билан боғлиқ ҳолат ҳақида ёзди.

Президент иштирокидаги бўлажак йиғилишга қишлоқ хўжалиги техникалари билан шуғулланадиган корхона раҳбари сифатида тадбиркорни ҳам таклиф қилишади.

"Йиғилиш кунига икки кун қолганда ТТЗ раҳбарияти соқолимни олдириб келишимни илтимос қилди. Мен рад жавобини бердим ва агар соқолимни олдириш мажбурий бўлса яхшиси йиғилишда иштирок этмаслигимни айтдим. Улар мени йиғилиш иштирокчилари рўйҳатидан олиб ташлашди", дейди у..

Бироқ йиғилишга 3 соат қолганда Президент администрациясидан қўнғироқ қилишади ва ТТЗда бўлиб ўтадиган Президент йиғилишига келишни сўрашади.

Тадбиркор Алишер Касимов ўшандан бери соқоли билан муаммога дуч келмаганини айтади

Сурат манбаси, facebook.com/alisher8848

Сурат тагсўзи, Тадбиркор Алишер Касимов ўшандан бери соқоли билан муаммога дуч келмаганини айтади

Тадбиркор соқолини олмасдан айтилган жойга етиб боради.

"ТТЗ расмийлари олдимга югуриб келиб, мени рўйхатдан олиб ташлашганларини эслатишди. Мен эса менга 2 соат олдин Президент администрациясидан телефон бўлганини ва менга албатта келишим кераклигини айтишганлигини айтдим. Ҳамма жим ва ҳайратда".

Соқолини олмаган Касимов йиғилиш залининг 3-қаторидан ўзига ажратилган жойга бориб ўтиради.

Унинг айтишича, йиғилишда президентдан ташқари, бош вазир, молия, иқтисод, қишлоқ хўжалиги вазирлари, шаҳар ҳокими, барча давлат банк раислари, бош прокурор, ички ишлар вазири, солиқ қўмитаси раиси ва бошқа мутасаддилар қатнашган.

"Президентимиз нутқлари давомида мен томонга бир неча марта қараб қўйдилар. Мен сал ҳижолат бўлгандай бўлдим. 😂 Ҳеч ким соқолимга ўша йиғилишда ва ундан кейин ҳам бир нарса ҳам дегани йўқ. Агар сиз давлат ва миллат учун фойдали ва керакли инсон бўлсангиз, соқолингиз ва рўмолингиз билан ҳеч кимни ҳам иши бўлмас экан", дея хулоса қилади у.

Рўмол, ҳижоб ва соқол масаласида Ўзбекистонда вазият Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида бироз юмшагани эътироф этилади.

Аммо айни мавзудаги баҳсу мунозаралар ҳалича кун тартибидан тушганича йўқ.