Ҳукуматга хабарларга вақтида муносабат билдириш ва ғалаённи тарқатишда хориж тажрибасини қўллаш тавсия қилинди

2022 йил, 1 июлда Нукусда кейинчалик тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бошлангани хабар қилинганди

Сурат манбаси, makan.uz

Сурат тагсўзи, 2022 йил, 1 июлда Нукусда кейинчалик тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бошлангани хабар қилинганди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қорқалпоғистон воқеалари бўйича тузилган комиссия ҳисобот берди. Ундан маълум бўлишича, тартибсизликлар учун 2 639 нафар фуқарога маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. Ҳодисалар натижасида 6,8 млрд сўм моддий зарар етган. Ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Комиссия ҳукуматга дезинформация ҳолатларига ўз вақтида таъсирчан муносабат билдириш тизимини йўлга қўйишни тавсия қилган.

Шунингдек, оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни мунтазам етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш ҳам тавсия қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон сенати ахборот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 15 июлдаги қўшма қарори билан Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида 14 нафар депутатлар, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг ахбороти Парламент палаталари кенгашларининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилди.

Комиссия, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари, хронологияси ва оқибатлари, оммавий тартибсизликларни бартараф этишда давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларига баҳо берган.

Воқеалар иштирокчиларига нисбатан суд мажлисларини кузатган.

"30 нафар судланувчи комиссия илтимосига кўра суд залидан озод этилди, судланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифларини амалга оширди, шунингдек воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни кузатиб борди", дейилади хабарда.

Reuters
Ommaviy tartibsizliklarni bartaraf etishda inson huquqlari va ularning qonuniy manfaatlarini buzgan ichki ishlar organlari xodimlarining 3 nafari jinoiy javobgarlikka tortildi.
Komissiya xulosasidan
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Комиссия фаолияти давомида фуқаролардан келиб тушган жами 600 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилди. 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифи давомида 590 нафар ходим, 334 нафар қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлашди.

Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) Комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилди.

Комиссия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган.

Комиссия ҳисоботидан маълум бўлишича, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

"Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари)".

Сенат хабарида айтилишича, тергов ва суд жараёнида иштирок этган гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлиқ таъминланган, суд қарорлари устидан шикоят киритиш имконияти берилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Давлат органларига комиссия қуйидаги тавсияларни билдирган:

– келгусида давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнида умумхалқ муҳокамаси босқичида мазмун-моҳиятини, унда иштирок этиш механизмларини фуқароларга тўлақонли тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

– барча даражадаги давлат ҳокимияти органларига муҳим сиёсий ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида эҳтимолий ҳақиқатга тўғри келмайдиган, чалғитувчи ва нохолис маълумотлар тарқалиши (дезинформация) ҳолатларига ўз вақтида таъсирчан муносабат билдириш тизимини йўлга қўйиш;

– фуқароларга ўз ижтимоий фаолликларини амалга ошириш жараёнида ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймаслик ва жамоат тартибига риоя қилишнинг муҳимлигини изчил тушунтириб бориш;

– аҳоли кўп тўпланадиган ва кўнгилочар жойларда бўлувчи фуқароларнинг жамоат хавсизлигига таҳдид солувчи салбий хатти-ҳаракатларини юзага келишининг олдини олишга қаратилган доимий профилактик ва тушунтириш каби таъсирчан чора-тадбирларини амалга ошириб бориш;

– оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни мунтазам етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш.

Комиссиянинг ахборотини кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг тегишли қарори қабул қилинди, дейилади хабарда.

Мамлакатни зир титратган кун

Бундан икки ярим йил аввал - 1 июль куни минглаб инсон Нукус кўчаларини тўлдирган эди.

Таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга қарши бошланган норозилик намойиши 3 июль куни эрта тонгга борибгина тинчиган.

Расмий рақамларда 21 инсон ҳалок бўлгани айтилган ғалаёнлар Ўзбекистонда Андижон воқеалардан кейинги энг қонли воқеага айланган.

Қатор халқаро ташкилотлар ўзбек ҳукуматини норозилик намойишини бостириш ва одамларни тинчлантиришда ортиқча куч ишлатишда айблаб чиққан, баъзилар эса ҳолатга "Мирзиёев Андижони" дея ном берган.

Ўтган йил апрелида ўтган умумхалқ референдуми ортидан Қорақалпоғистон - кўчаларда норозилигини билдирган қорақалпоғистонликлар истагандек - Ўзбекистон таркибидаги "суверен республика"лигича қолган.

Одамлар талаби инобатга олинганига қарамай, кўплаб халқаро кузатувчилар Қорақалпоғистон воқеалари бўйича адолат ҳануз қарор топмагани, ўнлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган вазиятни юзага келтиришда бирор юқори лавозимли расмий жавобгарликка тортилмаганини таъкидлаб келади.

Энг эътиборлиси - Ўзбекистоннинг иккинчи ҳукумати даврида кузатилган ўта муҳим ижтимоий-сиёсий бу воқеа ҳозирда мамлакатда тилга олинмайдиган мавзуга айланган.