Сурия: Асад кетгач пайдо бўлган эркинликлар тезда йўқолиши мумкинми?

Ҳофиз ал-Ассаднинг қулатилган ҳайкали устидаги тантаналар, 2024 йил, декабрь.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳофиз ал-Ассаднинг қулатилган ҳайкали устидаги тантаналар, 2024 йил, декабрь.
    • Author, Лина Синжаб
    • Role, BBC мухбири, Яқин Шарқ
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

2024 йил 8 декабрь куни тонгда Ливан чегарасида нима бўлишини билмай, ўтиш жойи очилиши биланоқ Сурияга киришга умид қилиб, хавотир билан кутдим.

24 йил давомида президентлик қилган Башар Асад тахтдан кетди. Исёнчилар Дамашқ томон илгарилаб, Ҳалаб каби йирик шаҳарларни эгалладилар. Кўраётганларимга ишонмаётгандим: Сурия озод бўлди.

Кўплаб сурияликлар сингари мен ҳам фақат Асад ва унинг отаси Ҳофиз ҳукмронлиги остидаги мамлакатни билардим. Ҳофиз 1971 йилдан 2000 йилгача ҳокимият тепасида турган эди. Асадлар ҳукмронлиги 50 йилдан ортиқ вақт давомида одамларнинг ғойиб бўлиши, қамоққа олиниши ва 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши юз минглаб сурияликларнинг ҳаётига зомин бўлиши билан кечди.

Ўша йили исён бошланганида, сўнг яна бир неча марта қамоққа олиндим. Калтакланиш учун саф тортган эркакларни кўрдим, қийноққа солинаётганларнинг додлашини эшитдим. 2013 йилда мамлакатни тарк этганимдан кейин ҳам хавфсизлик кучлари Дамашқдаги уйимга бостириб кириб, уни вайрон қилганидан хабар топдим.

Алоқадор мақолалар

Ватанимни бутунлай йўқотдим деб ўйлаган эдим, аммо ўтган йили тўсатдан диктатура бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт ичида ағдарилди. Чегарадан қамоққа олинишдан қўрқмай ўтиб, исёнчи жангчиларнинг байрамона ўқ узишларини, одамларнинг эса кўчаларда шодлигини кўрар эканман, бир вақтда ҳам кулгим, ҳам йиғлагим келди.

Ассад режими қулатилгач, Дамашқдаги Умайяд майдони тантаналарнинг маркази бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ассад режими қулатилгач, Дамашқдаги Умайяд майдони тантаналарнинг маркази бўлди.

Ҳафталар давомида Дамашқнинг асосий Умавийлар майдони байрамлар марказига айланди. Ёшу қари сиёсат ҳақида бемалол гаплашар, ҳамма жойда Суриянинг келажаги очиқ муҳокама қилинарди; кўча сотувчилари, такси ҳайдовчилари, пойабзал тозалаётган болалар ҳам. Буларнинг барчаси Асад даврида ақлга сиғмасди, чунки сурияликлар қўрққанидан эркин норозилик билдира олмасди.

Эндиликда, орадан тўрт ой ўтиб, вазият мураккаблашмоқда. Баъзи ижтимоий эркинликларни қўлга киритишда катта ютуқларга эришилган бўлса-да, демократия қандай шаклланиши ва янги тузумда исломнинг роли ҳақида хавотирлар ортиб бормоқда.

Хўш, бу ижтимоий эркинликлар қанчагача сақланиб қолиши мумкин ёки баъзилар қўрққанидек, янги қўлга киритилган эркинликлар муваққатми?

Кўпчилик сургундан қайтмоқда

Дамашқ марказидаги "Равза" қаҳвахонасида, парламентдан йўлнинг нариги томонида, зиёлилар чилим чекиш ва маданиятни муҳокама қилиш учун узун столлар атрофида тўпланишади. Асад даврида бу ерда сиёсий фаоллар ушланган ва қамоққа олинган эди. Баъзи официантлар режим айғоқчилари эканлиги ҳақида миш-мишлар юрарди.

Дамашқдаги Равда қаҳвахонаси Сурия тақдири ҳақидаги тадбирларга мезбонлик қиляпти.
Сурат тагсўзи, Дамашқдаги Равда қаҳвахонаси Сурия тақдири ҳақидаги тадбирларга мезбонлик қиляпти.

Бугун эса бутунлай бошқача манзара. Қаҳвахонада суҳбатлар ўтказилади, мусиқа янграйди. Бир пайтлар мамлакатдан қочган таниқли шахслар ҳам қайтиб келишди – кўпчиликни катта ноғора билан анъанавий қўшиқларни ижро этаётган гуруҳ кутиб олмоқда.

Суриялик журналист Муҳаммад Ғаннам шулардан бири. У Асад ҳукмронлиги даврида бир неча ой қамоқхоналарда ўтирганини, кейин Францияга кўчиб кетганини айтади. Унинг қайтганидан қувончи шундай сезилиб турибди.

"Менимча, қайта оладиган ҳар бир киши мамлакатни тиклаш учун қайтиб келиши керак, – дейди у. – 2024 йил 8 декабргача бўлган даврга қараганда, ҳозир истаган ишингизни қилиш имконияти бор."

У ўтмишга назар ташлаб, қўшимча қилади: "Ҳатто масжидлардаги воизлар ҳам рухсат олишлари ва нима ҳақида ваъз қилишни олдиндан билишлари керак эди. Ҳозир эса бутунлай эркин. Жума намозида имом шахсий эркинлигингиз бошқаларнинг эркинлигига дахл қилмаслиги кераклиги ҳақида гапирди."

Damascus cafe
Reuters
Oradan bir necha oy o‘tdi, rejim hokimiyatni bo‘lishishga va boshqa siyosiy hamda ijtimoiy kuchlarga jamiyatda o‘z o‘rnini topishga imkon berishga tayyor emas.
Ali al-Atassi
Suriya sobiq prezidentining o'g'li (bbc.com/uzbek)

Удай аз-Зоби ҳам яқинда 14 йилдан сўнг Сурияга қайтди. У ўқиш учун кетганини, аммо шу пайтгача қайта олмаганини айтади, чунки у режим ҳақида очиқ гапирган экан.

"Бу ерда менинг китобларим тақиқланган эди, – дейди у менга. – Ҳозир цензура йўқ, хоҳлаган нарсангизни ўқишингиз мумкин. Кўпчилик ўқишни ва кўпроқ билишни истаётганидан жуда ҳайратландим."

"Бу катта ўзгариш," дейди суриялик ҳужжатли фильм муаллифи ва Суриянинг собиқ президенти Нуриддин ал-Атассийнинг ўғли Али ал-Атасси. (Отаси Ҳофиз Асад томонидан давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятдан ағдарилган эди.)

"Бу ўйин қоидаларини ўзгартирди ва мамлакат учун кўплаб истиқболлар очди."

Санъат ҳимояси

Суриянинг ёрқин санъати ва маданияти узоқ вақтдан бери мамлакат фахри бўлиб келган: Асадлар уни қўллаб-қувватлаб, дунёга бой маданиятни кўрсатишни хоҳлашган, аммо баъзи рассомлар ва ёзувчилар тузумга қарши қарашлари учун ўлдирилган ҳам.

Ҳатто баъзи китобларни олиб юриш ҳам бир пайтлар ҳибсга олишга сабаб бўларди. Бугун эса пойтахтдаги дўконларда ҳар хил китоблар, ҳатто сиёсий мавзудагилар ҳам қўйилган. Кино клубларда илгари тақиқланган фильмлар ҳам намойиш этилмоқда.

Эркинлик ҳақида сиёсий мақолалар ва ҳикоялар ёзган Одай ал-Зоби яқинда Сурияга қайтди.
Сурат тагсўзи, Эркинлик ҳақида сиёсий мақолалар ва ҳикоялар ёзган Одай ал-Зоби яқинда Сурияга қайтди.

Асад қулаганидан кейин бир неча ҳафта давомида муваққат ҳукумат маданият вазирини тайинламади, аммо мусиқачилар ва санъаткорлар маданият соҳаси ҳимояси учун бирлашди.

Энди эса янги хавотирлар пайдо бўлмоқда: Асад даврида Сурияда сиёсий мунозаралар бостирилган бўлса, ҳозир муллалар динга қарши деб ҳисоблаган санъат турлари тақиқланишидан қўрқувлар бор.

Бу ҳақда аниқ далиллар йўқ. Муваққат президентнинг укаси доктор Маҳер Аш-Шараа оиласи билан шаҳардаги Опера театрида кўринди; Вивалди асарларини суриялик мусиқачилар ижро этди. Оила дам олиш кунлари маданий тадбирга ташриф буюрган ҳар қандай замонавий оилага ўхшарди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Асад ҳукумати қулаши ортидан Дамашқнинг яҳудий маҳалласи марказидаги тарихий Байт Фарҳи уйида кино, мусиқа, театр ва томошалар ҳақида суҳбатлар асосида маданий тадбир бўлиб ўтди. Фақат аёллардан иборат оркестр инқилоблар ва шаҳидларни улуғловчи қўшиқларни ижро этди. Тингловчиларнинг баъзилари кўз ёшларини тия олмадилар.

Ассад қулаши ортидан намойиш қилинган санъат тадбирларида режимнинг шафқатсизлиги акс эттирилди.
Сурат тагсўзи, Ассад қулаши ортидан намойиш қилинган санъат тадбирларида режимнинг шафқатсизлиги акс эттирилди.

"Сурияда санъатни қандай ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳақида ўзаро фикр алмашиш имконияти пайдо бўлгани жуда яхши," дейди хореограф Нура Мурод.

Жаноб ал-Атасси ҳам ижобий фикрда: "Менимча, сурияликлар бу режимга шахсий ҳаётларига аралашишга, жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларини ўрнатишга йўл қўймайдилар."

Ҳокимият марказлашуви

Асадни ағдарган исёнчилар ҳужумига бошчилик қилган Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа 29 январда ҳарбий кенгаш томонидан тайинланганида сўзлаган нутқида устувор вазифа "ҳокимият бўшлиғини қонуний ва ҳуқуқий йўл билан тўлдириш" эканлигини таъкидлади.

Бироқ ойлар ўтиб, баъзилар барқарор демократия қуриш имконияти борасида хавотирга туша бошлашди. Доимий конституция қабул қилинмагунича ва сайловлар ўтказилмагунича мансабдор шахсларни, жумладан президентни ҳам, жавобгарликка тортиш тизими мавжуд эмас.

"Орадан бир неча ой ўтди, режим ҳокимиятни бўлишишга ва бошқа сиёсий ҳамда ижтимоий кучларга жамиятда ўз ўрнини топишга имкон беришга тайёр эмас," дейди жаноб Ал-Атасси. "Сиёсий майдонни бошқа кучларга очмасдан, Шараа Сурияни халқаро ҳамжамиятга қайтара олади деб ўйламайман."

Аҳмад аш-Шараа "Ал-Қоида"нинг собиқ шўъбаси ва исломий гуруҳ "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ)нинг лидери бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аҳмад аш-Шараа "Ал-Қоида"нинг собиқ шўъбаси ва исломий гуруҳ "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ)нинг лидери бўлган.

Февраль ойида Дамашқдаги Халқ саройида Суриянинг келажаги ҳақида икки кунлик миллий мулоқотга юзлаб одамлар тўпланди. Баъзи танқидчилар учрашув шошилинч ташкил этилгани ва барча муҳим мавзуларни қамраб олиш учун жуда қисқа бўлганини таъкидлашди.

Суриялик ҳуқуқшунос, "Саид ва Саид" юридик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори Абдулҳай Саиднинг фикрича, бу учрашув на вакиллик хусусиятига эга эди, на ҳақиқий келишувни акс эттирарди.

"Сурия жамиятининг катта қатламлари ўзларини четлатилган ёки вакилликка эга бўлмаган ҳис қилишди, – дейди у. – [Бу] кенг қамровли розиликни сунъий тарзда яратиш механизми сифатида ўйлаб топилган."

Бироқ, "Бу янги ҳокимиятнинг маслаҳатлашувлар доирасини кенгайтиришга бўлган маълум истакларини акс эттиради," дея тан олади у.

Исёнчилар иттифоқида ҳукмронлик қилган, "Ал-Қоида"нинг собиқ шўъбаси ва исломий гуруҳ "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) етакчиси бўлган Шараа "эркин ва холис сайловлар" ўтказиладиган давлат барпо этишга содиқлигини аниқ айтган.

Февралда ҳукумат Сурия тақдири қандай бўлишини белгилаш учун миллий мулоқот уюштирди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Февралда ҳукумат Сурия тақдири қандай бўлишини белгилаш учун миллий мулоқот уюштирди.

Шунингдек, у Суриянинг беш йиллик ўтиш давридаги келажагини белгилаб берувчи конституциявий декларация устида ишлаш учун қўмита тайинлади. Бироқ, кейинги декларацияда ҳокимиятнинг тақсимланиши мустаҳкамлангани йўқ.

"У барча гуруҳларнинг сиёсий иштирокига жиддийроқ қараётганини кўрсатиши керак," дейди жаноб Ал-Атасси.

Бунга баъзи мисоллар бор: насроний аёл ижтимоий ишлар вазири этиб тайинланди, "Оқ дубулға" фуқаро мудофааси гуруҳи раҳбари эса фавқулодда вазиятлар вазири бўлди. Аммо баъзилар Шараанинг укаси президент девони раҳбари этиб тайинлангани борасида саволлар кўтармоқда.

"Ҳозирда ҲТШнинг юқори лавозимли собиқ аъзолари асосий давлат лавозимларини эгаллаб турибди," дея қўшимча қилади жаноб Саид.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Шунингдек, жаноб Ал-Атассининг таъкидлашича, "халқаро ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар Вазирлар Маҳкамасига жалб қилинмади. Улар эътибордан четда қолдирилди."

Адлия вазири шариат ҳуқуқи бўйича маълумотга эга, бироқ асосан француз ва усмонли ҳуқуқидан олинган Сурия Фуқаролик кодекси бўйича мутахассис эмас. Кўтарилаётган саволлардан бири – фуқаролик кодекслари ўрнига шариатга асосланган кодекслар қўлланиши мумкинми?

Амалдаги ҳукумат баъзи диний чекловларни татбиқ қилишидан хавотирлар янграяпти.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Амалдаги ҳукумат баъзи диний чекловларни татбиқ қилишидан хавотирлар янграяпти.

"Янги ҳокимият ҳозирча амалдаги кодексларни шаръий қонунлар билан алмаштиришга уринмади," дейди жаноб Саид. Бироқ у қўшимча қилади: "бу биз диққат билан кузатишда давом этаётган соҳа бўлиб қолмоқда."

"Энг долзарб масала – суд мустақиллиги тикланадими ва амалда таъминланадими."

Аёллар ва дин эркинлиги

Асад режими даврида аёллар нисбатан тенг ҳуқуқларга эга бўлиб, 1950-йиллардан бери парламентда, шунингдек, жамиятнинг барча жабҳаларида фаолият юритиб келган эди. Ҳозирда бундан чекинишни кўрсатадиган янги ёзма қоидалар йўқ, аммо баъзи хавотирли белгилар кўзга ташланмоқда.

Муваққат ҳукумат таркибига атиги битта аёл кирди. Лондон университети коллежи ва МакГилл университети тадқиқотларига кўра, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари ҲТШнинг ислом ҳуқуқи талқинини қўллаши борасида хавотир билдирмоқда. Бу, хусусан, аёлларнинг ҳаракати, кийиниши ва жамоат ишларидаги иштирокини жиддий чеклаши мумкин.

Аёллар Ассад режими даврида ҳаётнинг барча жабҳаларида иштирок эта олардилар. Янги тузум ҳозирча ёзма чекловлар киритмади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Аёллар Ассад режими даврида ҳаётнинг барча жабҳаларида иштирок эта олардилар. Янги тузум ҳозирча ёзма чекловлар киритмади.

"Судьялар таркибининг тахминан 35-40 фоизини ташкил этувчи аёл судьялар четлатилиши ёки ишдан бўшатилишига дуч келиш-келмаслигини кузатиш муҳим, – дейди жаноб Саид. – Ҳозирча бундай тенденция белгиларини кўрмадик, аммо ҳушёрликни сақлаб қолиш зарур."

Диний эркинликларга келсак, ижтимоий ҳаётни чеклайдиган янги қонунлар ёки қарорлар йўқ, бироқ баъзи сурияликлар исломий бошқарувни жорий этишга уринишлар бўлаётганини айтишмоқда.

Адлия вазирлиги эркаклар ва аёллар учун кириш жойларини алоҳидалашни бошлади. Бундан ташқари, эркаклар автобусларда ва Дамашқдаги Умавийлар масжидида аёллардан юзларини тўлиқ ёпиб юришни сўраб варақалар тарқатаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Пойтахтдаги насроний маҳаллаларда машиналар кўчаларда овоз кучайтиргичлар орқали исломни тарғиб қилаётган воизлар билан ҳаракатланаётгани тасвирга олинган. Эски шаҳарнинг насроний кварталидаги бар ва ресторанларни ёпиш тўғрисидаги буйруқ жамоатчилик норозилигидан кейингина бекор қилинди.

Баъзи диний вазиятни кузатувчилар менга ташвишларини билдирди. Дамашқ ўзининг бағрикенглиги билан машҳур, аммо баъзи доираларда янги ҳокимиятнинг илдизи салафийлик деган хавотирлар мавжуд.

"Диний қадриятларга қайтишга чақириқлар тобора кучаймоқда, – дейди жаноб Саид. – Бу ҳали ҳам демократия, қонун устуворлиги ва тенг фуқароликка ишонадиганлар учун жиддий синовдир."

Mosque
EPA
Sharaa ham islomiy, ham noislomiy siyosiy harakatlarga qarshi chiqadi va na islomiy davlat qurishni xohlaydi, na buning imkoniyatiga ishonadi.
Hussam Jazmatiy
Suriyalik olim (bbc.com/uzbek)

"Улар буни исташмайди ҳам, қила олишмайди ҳам".

Ҳукумат қатъий амалиётларни жорий этмоқчи бўлган тақдирда ҳам, савол туғилади: улар буни амалга ошира олармиди? Дамашқлик имом Алауддин ас-Саик бунга шубҳа билдиради. Унинг фикрича, сурияликлар бундай уринишларни рад этади.

"Бу мумкин эмас, жамиятимиз буни қабул қилмайди, – дейди у менга. – Биз йиллар давомида, ҳатто қийин пайтларда ҳам турли мазҳаблар билан ҳамжиҳатликда яшаб келдик. Қуръонда аниқ айтилган: динда мажбурлаш йўқ."

Келажак учун рақобатдош ғоялар

Бугунги кунда кескинлик ортиб бормоқда: қирғоқ бўйи шаҳарларидаги зўравонлик оқибатида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти алавийлар (Асаднинг озчилик мазҳабига мансуб одамлар). Бу Сурия хавфсизлик кучларига уюштирилган ҳужумлар учун қасос экани айтилмоқда.

Мамлакат шимоли-шарқидаги бошқа ҳудудларда, гарчи курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик Кучлари (СДК) 2019 йилда ИШИД устидан ғалаба қозонганини эълон қилган бўлса-да, лагерларда ҳали ҳам 56 мингга яқин одам сақланмоқда. Уларнинг аксарияти "Ислом давлати" гуруҳига (ИШИД) алоқадор шахсларнинг оила аъзоларидир. Ваҳоланки жиҳодчиларнинг Суриядаги ҳудудий мағлубиятига ҳам беш йилдан ошди.

Ҳозир мамлакат олдида турган асосий савол эса сурияликлар ўз келажагини қандай тасаввур қилишида. Жаноб Жазматийнинг айтишича, бу борада баъзи зиддиятлар мавжуд бўлиб, улар раҳбарият ва ҲТШ ўртасидаги келишмовчиликларга айланиб кетган.

Унинг таъкидлашича, Шараа раҳбарияти "консерватив, иқтисодий жиҳатдан либерал" давлат қурмоқчи бўлса-да, "улар ўзларининг кўплаб аъзоларини – турли лавозимларга тайинланган ва ишончли деб ҳисобланган шахсларни – Суриядаги ижтимоий ҳаётни исломлаштиришга уринишдан тўхтата олмаяпти."

Халқаро инқироз гуруҳи таҳлил маркази ҳам худди шундай ташвиш билдирмоқда. Уларнинг фикрича, Сурия "қарзга олинган вақт ҳисобига яшамоқда."

Узоқ урушлар туфайли Сурияда аҳоли кескин қашшоқлашган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Узоқ урушлар туфайли Сурияда аҳоли кескин қашшоқлашган.

"Муваққат ҳукумат маблағлари тугаб бормоқда, хавфсизлик кучлари ҳаддан ташқари зўриққан, қашшоқлик чуқурлашмоқда ва чекка ҳудудларда қўзғолонлар авж олмоқда. Ташқи кучлар аралашмоқда. Ғарб санкциялари мамлакатни қайта қуриш учун зарур ресурслардан маҳрум қилмоқда, шу билан бирга парчаланиш ёки фуқаролар урушига қайтишнинг олдини олмоқда."

Жаноб Ал-Атассининг айтишича ечим оддий: у Шараа сиёсий майдонни очиши керак деб ҳисоблайди. "Бугун Сурияда сайловлар йўқ, фақат номзодлар бор, – дейди у. – Бу жуда хавфли вазият."

Бироз ўйланиб, у қўшиб қўяди: "Янги диктатура шаклланаётган бўлиши мумкин, аммо мен Сурия халқи эллик йилдан сўнг янги диктатурани қабул қилишга тайёр эканлигига ишонмайман."

Барқарор демократия истиқболига келсак-чи? "Буни кўриш учун кутиш керак, – дейди у. – Лекин мен умуман оптимист эмасман."

Бироқ, бу ерда кенгроқ масала ҳам бор. Яъни, мамлакатнинг яқин ўтмишини ҳисобга олган ҳолда, демократия ғоясининг ўзига бўлган ишонч йўқолиши мумкинми?

Жаноб Саид шундай деб ўйлайди: "Гарчи Асад давридаги конституциялар сиёсий эркинликларни расман эълон қилган бўлса-да, аммо бизнинг сиёсий замонавийлик тажрибамиз бошимизга снарядлар ёғилиши, танамиз эса қамоқ лагерларида хўрланиши кўринишида намоён бўлди," дейди у менга.

"Сурия аҳолисининг катта қисми сиёсий замонавийлик ваъдаларига ишончини йўқотди."

Янги раҳбарият олдида турган кўплаб муаммолар бор. Эҳтимол, Сурия келажаги учун янги йўл белгилашда улар биринчи галда айнан шу масалани ҳал қилишлари мақсадга мувофиқ бўларди.