Путин ҳаммаси жойида бўлишини айтди, Мирзиёев, Тоқаев, Жапаров ва Бердимуҳамедов нима деди? Раҳмон-чи?

Сурат манбаси, rasmiy
Россия президентининг ишончи қатъий. Ўзбекистон раҳбари "мураккаб вазият"ни тилга олди. Тоқаев биринчи навбатда тинчлик тилади. Қирғизистон энди қўрқмаса ҳам бўладими? Бердимуҳамедов ҳам тинчликка эътибор қаратди. Раҳмон АҚШга таъзия йўллади – ким нима деди?
Алоқадор мавзулар:
Президентларнинг Янги Йил табрикларига қисқача бир назар:

Сурат манбаси, kremlin.ru
"Ҳаммаси жойида бўлади"
Путин ўзининг Янги Йил мурожаатида Россия халқига "ҳаммаси жойида бўлиши"ни айтди.
Россия 2025 йилга ишонч билан кириб боришини таъкидлади.
Аммо Россия президенти иқтисодиёт ёки Украинадаги уруш бўйича аниқ ваъдалар бермади.
Россияда кўпчилик оддий одамлар нархларнинг кўтарилишидан хавотирда.
Марказий Банкнинг 21 фоизлик фоиз кўрсаткичи тадбиркорлар ва уй харидорларини анча қийин аҳволга солиб қўйган.
Путин эса, россияликларни уларнинг фаровонлиги ўзи учун устувор вазифа эканлигига ишонтирди.
Унинг сўзларига кўра, Россия 21-асрнинг биринчи чорагида синовларни енгиб ўтган, катта мақсадларга эришган ва ўз бирлигини мустаҳкамлаган.
Бу вақт оралиғи эса, айнан унинг бошқаруви даврига тўғри келади.
"Мана энди, Янги Йил остонасида, биз келажак ҳақида ўйлаяпмиз. Ишончимиз комилки, ҳаммаси яхши бўлади, биз фақат олдинга интиламиз. Россиянинг тақдири ва фуқароларининг фаровонлиги биз учун мутлақ қадрият бўлган, бўлади ва бўлиб қолади", - дея баён қилди Путин.
Россия президенти ўзининг Янги Йил мурожаатида Украинада жанг қилаётган ҳарбийларига ҳам ҳурмат бажо келтирди, қаҳрамонлар, деб атади, "жасоратлари билан фахрланишлари ва уларга ишонишлари"ни ҳам айтди.
"Ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди"
Jahondagi murakkab vaziyatga qaramasdan, o‘tayotgan yil mamlakatimiz uchun qutli va barakali bo‘ldi. Buning uchun har qancha shukrona aytsak, arziydi.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги Йил табригининг аввалида "жаҳондаги мураккаб вазият"ни тилга олди.
"Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил Ўзбекистон учун қутли ва баракали бўлгани"ни айтди.
"Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди", деди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳиятини мустаҳкамлашни янги йилда ҳам қилажак ишлари қаторида тилга олиб ўтди.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони расман 37 миллион кишидан ортади.
Ишсизлик ва камбағаллик мамлакатда ҳануз анчайин долзарб муаммолардан бири экани кўрилади, миллионлаб фуқаросининг тирикчилиги четдаги меҳнат муҳожирлиги ортидан ўтади.
Улар ҳар йили ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар эса, мамлакатда ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган асосий ва амалий восита қадар муҳим аҳамият касб этади.
Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можаролар фонида жаҳондаги мураккаб вазиятнинг оқибатлари сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ҳам ўзининг хавотирларини расман ва ошкора изҳор этиб келаётган энг долзарб муаммолардан бири экани кўрилади.
Ўзбекистон президенти ўзининг табригида айтишича, янги йилда бизнес учун янада кенг имкониятлар яратилади.
Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ишлари қатъий давом эттирилади.
Ижтимоий соҳалар, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар, нафақалар миқдорини ошириш масаласи ҳам эътиборлари марказида бўлади.
"Мухтасар айтганда, "Инсон қадри учун, инсон бахти учун!" деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз", - дея баён қилган Ўзбекистон президенти.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар демократик ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйганликларини ҳам яна бир марта тасдиқлаган.
Бу ҳам президент табригида кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган нуқталардан бирига айланган.
"Энг аввало тинчлик, омонлик тилайман"

Сурат манбаси, rasmiy
Қозоғистон президенти "энг аввало юртига тинчлик-омонлик, юртдошларига эса, фаровонлик тилаш" истагида эканини айтган.
Унга кўра, ўзлари бошлаган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг илк мевасини берган.
Янги иқтисодий йўналишни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича қатъий қадамлар ташлашган.
Ишлаб чиқариш саноати жадал ривожланган, йирик саноат корхоналари ишга туширилган, сармоявий муҳит яхшиланган.
Табиий энергия захираларига бой Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади, аммо бугун Украина билан уруш ичидаги Россияга чегарадош ягона минтақа давлати.
Жаҳондаги кескинлашиб бораётган геосиёсий зиддиятга Қозоғистон раҳбарияти ҳам бефарқ эмас.
Аммо бу хусусда каттаю кичик минбарлардан ошкора билдириб келаётган хавотирлари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Янги Йил табригида ўзининг ифодасини топмаган.
Қозоғистон президенти ўзининг табригида кўпроқ ички - ижтимоий, иқтисодий масалаларга эътибор қаратган.
Унинг маълум қилишича, қозоғистонликларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги илк бор 75 ёшга етган.
Қозоғистон президенти ўз табригида 2024 йилда мамлакат келажаги учун муҳим қарор қабул қилинган референдум бўлиб ўтгани, фуқароларининг аксарияти атом электр станцияси қурилиши қўллаб-қувватлашганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Марказий Осиё биринчиси бўлиши кутилаётган бу АЭСни қуришга эса, Россия ҳам қизиқиш билдирган.
АЭС қурилиши лойиҳалари минтақа давлатларига босим ўтказишида, уларни ўзининг орбитасига кучлироқ тортишида Кремлнинг қўлида яна бир сиёсий ва геосиёсий босим воситасига айланишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Қозоғистон президенти ўзининг табригида тизимли ислоҳотларини давом эттириш, барча режаларини амалга оширишга ваъда берган.
"Президент сифатида кириб келаётган йил янада самарали бўлиши учун бор куч-ғайратимни ишга соламан", - дея ваъда қилган Қасим-Жомарт Тоқаев.
"Ҳаммаси ўтмишда қолди"ми?

Сурат манбаси, president.kg
Қирғизистон президентининг ўз Янги Йил табригида айтишича, халқнинг ҳокимиятга ишончи тобора ортган, норозилик намойишлари ва тинимсиз митинглар ўтмишга айланган.
"Халқаро ҳамжамиятга Қирғизистон мустақил ривожланиш, бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатишга қодир эканини кўрсата олишган".
Қирғизистон Марказий Осиёнинг энг кўп оммавий намойишларга саҳна бўлган ва ҳокимиятнинг алмашиши билан якун топган турли инқилобларга саҳна бўлган ягона давлати бўлади.
Садир Жапаров ўзининг Янги Йил табригида таъкидлашича, кўп йиллардан буён халқни ташвишга солиб келаётган қирғиз-ўзбек чегараси масаласи ниҳоят ҳал этилган, қирғиз-тожик чегараси бўйича музокаралар муваффақиятли якунланган.
Марказий Осиёда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда янги даврни очадиган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига биринчи тошни қўйишган.
Қозоғистон президентига кўра, бу йўл бутун минтақа учун янги имкониятлар яратади, иқтисодиётни мустаҳкамлайди ва миллионлаб одамларнинг ҳаётларини яхшилайди. Буюк Ипак йўлининг тарихий қайта тикланиши бўлади.
Садир Жапаров, ўз ўрнида, "Қамбар-Ота-1" ГЭСининг қурилиш ишларига ҳам тўхталиб ўтган.
Қирғизистон президенти "ҳозирданоқ аср лойиҳаси, деб номланаётган" мазкур ГЭС қурилиш ишларининг Ўзбекистон, Қозоғистон иштироки ва Жаҳон Банкининг кўмаги билан фаол илгари бораётганини таъкидлаган.
Унинг айтишича, самимий ва эзгу ниятлари ўз самарасини берган.
Чегара, сув таъминоти ва йўллар масаласи яқин-яқингача минтақа давлатлари ўртасида энг ҳассос масалалардан бири бўлиб келган.
Садир Жапаровнинг айтишича, Қирғизистоннинг давлат сифатида жадал ва барқарор ривожланиши учун сўнгги ўн йилликларда илдиз отган ёмон одатлар, салбий кўринишлар, турли мафкуравий бузилишлар ва ёт таъсирлардан халос бўлишлари зарур.
"Шундан сўнг биз ўзимизнинг ички ресурсларимиз ва имкониятларимиздан оқилона фойдаланишни бошлашимиз керак", - дея баён қилган Қирғизистон президенти.
"Сайёрамизда тинчлик йили бўлсин"

Сурат манбаси, Getty Images
"Янги Йил сайёрамизда тинчлик, фаровонлик ва ишонч йили бўлсин".
Тинчлик Туркманистон президенти ўзининг Янги Йил табригида эътибор қаратган асосий нуқталардан бири бўлган.
Сердар Бердимуҳамедовнинг айтишича, Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция асосида 2015 йил "Халқаро тинчлик ва ишонч йили", деб эълон қилинган.
"Марказий Осиё – тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди" ва "Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома" резолюциялари ҳам бир овоздан қабул қилинган.
Туркманистон президентига кўра, улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
"Биз сайёрамизда тинчлик ва ишончни сақлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги фаолиятимизни давом эттирамиз", - деб айтган Сердар Бердимуҳамедов.
Туркманистон президентининг маълум қилишича, фуқаролари фаровонлигини ошириш мақсадида янги йилнинг 1 январидан бошлаб иш ҳақи, пенсиялар, давлат нафақалари, талаба ва тингловчиларнинг стипендияларини яна 10 фоизга оширилади.
Ҳамдардлик телеграммаси

Сурат манбаси, president.tj
Тожикистон президенти расмий веб сайтининг 31 декабр – Янги Йил арафасида янгиланмагани кўрилади.
30 декабр куни эса, Эмомали Раҳмоннинг собиқ АҚШ президенти Жеймс Картернинг вафоти муносабати билан Жо Байден ва йўловчи учоғи ҳалокати сабаб, Жанубий Кореянинг президент вазифасини бажарувчиси, Бош вазири муовини, Молия вазири Чхве Сан Мокка ҳамдардлик телеграммаси юборгани расман хабар берилган.














