Ўзбекистонда халқ табобати: Назорат, саволлар ва муаммолар - Видео

Tabib bemor bilan

Сурат манбаси, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси матбуот хизматидан

Сурат тагсўзи, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси матбуот хизматидан
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ўзини табиб деб атаган, турли шубҳали усуллар билан одамларни даволаётганлар сони ортиб бормоқда.

Бу эса халқ табобатининг қонунийлиги, назорати ва самарадорлиги ҳақида саволларни туғдирмоқда.

Ўзбекистонда халқ табобати қанчалар тартибга солинган?

Табиблар фаолиятига ким жавобгар?

Халқ табобати ва қонунчилик

Ўзбекистонда халқ табобати минг йиллардан буён мавжуд бўлса-да, уни қонуний назорат остига олишга уринишлар нисбатан яқинда бошланди. 2018 йилда Президент Мирзиёевнинг қарори билан халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида тан олинди. Ушбу қарор билан табиблар фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этилди. Бироқ, "табиб" тушунчасининг аниқ таърифи ва уларнинг малака талаблари ҳали ҳам тўлиқ шаклланмаган.

2020-йилги қарор ва интеграция

2020-йили Ўзбекистон президентнинг яна бир қарори чиқди. Бу қарорда катта урғу интеграциялаш сўзига берилган, яъни халқ табобати турларини замонавий медицинага қўшиш, осонроқ тушунтирилса, шифокорлар нафақат дорилар, балки гиёҳлар билан ҳам даволашларини таъминлаш.

Худди шу қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва ҳудудий марказлар ҳам тузилиши буюрилган.

Тайёргарлик, ўқув машғулотлари, гувоҳнома ё сертификатларни айнан мана шу Республика халқ табобати илмий-амалий маркази бериши керак. Ундай ҳужжатлари бўлмаган табиблар эса жааобгарликка тортилади.

2024- йил июл ойида эса қонунларга ўзгартириш киритилиб, мазкур қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий наф олиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернет саҳифасидан

Сурат манбаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Сурат тагсўзи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернет саҳифасидан

Аммо, мисол учун, машҳур қўқонлик Иқбол Солиевга ўхшаган табиблар ҳақида хабарлар чиқишда давом этяпти. Уларнинг қандай ҳуқуқий асосда ишлаётгани номаълум, лекин Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси сайтида унинг исми табиблар қаторида турибди. Аммо, бу нодавлат уюшма уни табиб дея тан олишга ҳақлими? Бу ноаниқ - бизнинг уюшмага ёзган саволларимиз жавобсиз қолди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2020-йилги президент қарорида халқ табобатини тартиблаб, замонавий тиббиётга қўшиш буюрилган. Бу амалга ошяптими? Бу ҳақида BBC самарқандлик шифокор Сунбула Орипова билан суҳбатлашди.

Мен текширилган табобатга ишонаман

Doctor speaking
BBC
Asosiy sabab, qishloqlardagi oddiy xalqning markazlardagi tibbiyotdan uzoqdaligi. Qishloqlardan turib shifokorga borishga vaqt va mablag‘ ketishidadir.
Sunbula Oripova
Shifokor

Сунбула Орипова: Мен илмий асосланган, фан томонидан исботланган маълумотларга таяниб фаолият олиб борганлигим учун, ҳамма табиблар ҳам халқ табобатини тамсил қилади деб ҳисобламайман. Ҳозирги кунда ҳам халқ табобатидан фойдаланса бўлади, қачонки фойдаси илмий исботланган бўлса. Замонавий тиббиётда дорилар шифокорлар томонидан беморларга ишлатилиш босқичига етиб келгунича бир қатор текширувлардан ўтади. Самарадорлиги, хавфсизлиги аниқланади. Табиблар қўллайдиган усуллар эса текширилганига шубҳам бор. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган табибларга ишонмаган бўлар эдим. Менимча табиблар ҳам тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олишлари керак. Билимлари текширилиб, сертификат берилиб, шундан кейин фаолият юритишларига рухсат берилса, тўғри бўлар эди.

Савол: Иш тажрибангизда шифо учун табибга бориб, азият чекиб, кейин шифокорга келганлар бўлганми?

Сунбула Орипова: Менинг участкамда табибга борадиганлар ҳеч учрамаган. Лекин ижтимоий тармоқларда кўп кўраман бундайларни. Табиблар ўтлардан тайёрлаган аралашмалардан аҳволи ёмонлашган беморлар ҳикояларини кўп кузатаман.

Қон босимини тушириш учун ҳижомадан кўп фойдаланишганини эшитаман. Аввалги замонларда ҳозирги самарали дорилар бўлмагани сабаб, бу усулдан фойдаланилган. Қон босими ошган бир вақтда қон чиқариш билан тез ёрдам кўрсатилган бўлиши мумкин. Лекин сурункали қон босими муаммоси бўлган бемор учун 3-4 марта бу табиий муолажани олишнинг ўзи етарли эмас. Бундай беморлар узоқ вақт давомида маълум бир дориларни ичиб юришлари керак. Халқимиз эса бу муолажага ишониб, табибга мурожаат қилади. Гигиена хавфсизлик қоидаларига амал қилинмайдиган, текширувдан ўтмайдиган жойларда қилдирилган бу муолажа кетидан баъзи касалликларни ҳам юқтириб олаётганлари ҳақида фактлар ҳам бор.

Яна бир воқеани айтишим мумкин; жигари бетоб бир аёлга табиб ошқовоқнинг сувини сиқиб, кунда 3 маҳал истеъмол қилишни буюрган. Бу аёл 3 йил давомида шу муолажани давом эттирган. Аҳволи жуда оғирлашгач, текширувлар натижасида жигар циррози ташхиси қўйилган. Доривор ўсимликларни ҳам 1 ойдан 3 ойгачагина ичиш мумкин. Ортиқча истеъмол қилингани ҳам ёмон асоратларга сабаб бўлади. Ҳамма табиблар ҳам буни халққа керагидек тушунтирмайди. Бу табиий-ку деб, ўзича ичиб юрадиганлар ҳам кўп. Тавсиям, ҳар қандай табиий даво усулларини ҳам шифокор маслаҳати ва назорати остида қўлланг. Ўт ҳайдовчи, сийдик ҳайдовчи доривор ўтлар бор мисол учун. Асосийси бундай доривор ўсимликларни тўғри муддат давомида қабул қилиш. Фикримнинг хулосаси эса, халқ табобати тўғри ва назорат остида қўлланилганида ижобий таъсирга эга.

Савол: 2020 йилда табобатни медицинага интеграция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган экан. Сиз ўз фаолиятингизда табобатга ҳам мурожаат қиласизми?

Сунбула Орипова: Поликлиникаларда фитобарлар ташкил этилган. Ана шу фитобарларда текширилган гиёҳлардан дамламалар тайёрлаб қўйилади. Беъморлар шифокор тавсияси билан шу дамламалардан ичади. Ибн Сино табобати бўйича тайёрланиб, текширувлардан ўтиб қадоқланган табиий дори воситалари ҳам мавжуд. Уларнинг самарадорлиги текширилган. Биз мурожаат қилишимиз мумкин бўлган табобат шулардир.

Савол: Одамларнинг табибларга мурожаат қилишининг сабаби, ҳозирги кунда шифокорлар ўта кўп дори ёзиб бериши бўлиши мумкинми?

Сунбула Орипова: Мен бундай деб ўйламайман. Асосий сабаб, қишлоқлардаги оддий халқнинг марказлардаги тиббиётдан узоқдалиги. Қишлоқлардан туриб шифокорга боришга вақт ва маблағ кетишидадир. Лекин кўп дори ёзиб берувчи шифокорлар ҳам йўқ эмас. Ҳозирги кунда эса, дори ёзиб бериш тизими ҳам тартибга солинган. Вилоятларда соғлиқни сақлаш суғурта тизимига ўтаяпти. Унга кўра қандай касалликларни қандай даволаш ва қайси дориларни ёзиш белгилаб берилади. Масалан, амбулатор шароитда бир беморга 3 дан ортиқ кимёвий дори ёзиш мумкин эмас. Мабодо, касаллик ундан ортиғини тақозо қилса, бошқа шифокор билан маслаҳатлашган ҳолдан яна дори ёзилади. Шунда ҳам, 5 та кимёвий доридан ошиши мумкин эмас!

Янги тизим бўйича, энди беморлар ҳам шу нарсани кузатиш ва талаб қилиш ҳаққига эга.

Афсуски, халқимизда нoтўғри тушунча бор; агар шифокор беморга кам дори ёзса ёки осма укол ёзмаса, "яхши шифокор эмас экан", дейишади. Шу тушунчани ҳам секин-аста йўқотиш керак деб ўйлайман.

Londondagi nutritsiolog
Taqdim
Faoliyat yuritish uchun nazoratdan o‘tgan diplom shart
Shahnoza Maqsudova
To‘g‘ri ovqatlanish va tabiiy yo‘llar bilan sog‘likni tiklovchi mutaxassis

Буюк Британия тажрибаси

Хўш, бошқа мамлакатларда аҳвол қандай? Халқ табобати бутун дунёда турли кўламда тан олинган, аммо унинг устидан қонуний назорат борми? BBC бу ҳақида Лондонда ишлаётган нутрициолог Шаҳноза Мақсудова билан суҳбатлашди, ундан у олган таълим ҳақида сўради.

Шаҳноза Мақсудова: Мен таълим олган билим юртида табобат соҳасида 3 йил ўқилади. Биринчи йили одам анатомияси, организмининг ишлаши, касалликлари ҳақида ўқитилади. Чунки буларни билмасдан туриб, беморларга ёрдам бериб бўлмайди. Кейин гиёҳлар, витаминлар, минераллар ва энг асосийси тўғри овқатланиш бўйича тавсиялар берамиз. Асосий вазифамиз – овқатланиш борасида одамларнинг билимини ошириш. Бизга мурожаат қилганларга жуда кўп тушунтириш ишлари олиб борамиз.

Савол: Ўқишни битириб, фаолият юритишингиз учун сизга қонун бўйича қўйиладиган талаблар борми?

Шаҳноза Мақсудова: Биринчи талаб, тегишли назорат қилувчи ташкилотлардан рўйхатдан ўтиш. Кейин эса, билимингизни ошириб бориш. Янги чиққан тадқиқотлардан бохабар бўлиш. Ва албатта аккредитациядан ўтган таълим муассасаси дипломингиз бўлиши керак.

Савол: Беморлар билан ишлаш тартибингиз қандай? Сизга мурожаат қилганлар шифокор кўрсатмаларига ҳам амал қилиши мумкинми? Ёки фақат табиий йўл билан даволаниши шартми?

Шаҳноза Мақсудова: Биз шифокорлар билан ҳамкорликда ишлашга ҳаракат қиламиз. Бизнинг тавсияларимиз ҳеч қачон шифокор дориларининг ўрнини босмайди. Қолаверса, қонунан биз шифокорлар берган тавсиялар, дориларни бекор қила олмаймиз. Шунингдек, биз берадиган гиёҳ ва қўшимчаларнинг шифокор ёзган дорининг ишлашига халақит бермаслигини, бир қаторда ишлатилганида беморга зарар бермаслигини текширишга мажбурмиз.

Савол: Шифокорлар сизнинг фаолиятингизга қандай қарайди?

Шаҳноза Мақсудова: Баъзи шифокорлар бизнинг саломатлик учун берган тавсияларимизнинг самарадорлигига шубҳа билан қарашади. Лекин ўз тажрибамда, ҳали бирга ишлашга қаршилик билдирган шифокорга дуч келмадим.

Савол: Қандай касаллик билан оғриган беморларни қабул қилиб, қай тур беморларни қабул қила олмаслигингиз борасида қонуний чекловлар борми?

Шаҳноза Мақсудова: Албатта! Бизда диққат қаратиш шарт бўлган симптомлар рўйхати мавжуд. Жиддий касалликларнинг белгилари бўлиши мумкин бўлган ҳолларда дарҳол шифокорга мурожаат қилишни буюрамиз. Ҳатто ўзимиз беморнинг оила шифокорига хат ёзамиз. Буйрак касалликлари бўлганларни қабулимизга олмаймиз.

Тиббиёт ва табобат: қарашлар тўқнашуви?

Демак, Ўзбекистон президенти қарорида халқ табобати замонавий тиббиётнинг ўрнига эмас, ёнма-ён, биргаликда қўллансин дейилади. Лекин, баъзи ҳолларда тиббиётни ёмон кўрсатиб, табибларни олқишлаш ҳаракатлари ҳам сезиляпти. Масалан, шундай баёнотларга дуч келдик: "Японияда 16 ёшга етмаган болаларга антибиотик умуман берилмайди, берган шифокор жиноий жавобгарликка тортилади". Бу нотўғри маълумот, ундай эмас. Яна бир баёнот: "Хитойда тиббиёт университетларида илк уч йил фақат халқ табобати ўқитилади, замонавий тиббиёт эса фақат 4-курсдан ўқитила бошлайди". Бу ҳам нотўғри маълумот. Тиббиёт университетларида замонавий тиббиёт ўқитилади, табобат фақат қўшимча киритилган. Табиблар уюшмаси раҳбари бир интервюсида табиблар ёнингизда ўтириб ҳам буйрак ё юрак касалликларингизни аниқлай олиши, уларнинг био-энергияси ҳақида гапирган. Бу каби баёнотларни кўп шифокорлар хавфли деб кўради, яъни касал одам бу гаплардан кейин докторга эмас, табибга боришим афзал деб ўйлаши мумкин.

Халқ табобати албатта, жуда муҳим. Лекин, айни дамда кўпгина давлатлар уни қонун билан назорат қилади, чунки инсон саломатлиги биринчи ўринда туради. Бу жараёнлар Ўзбекистонда қанчалар изчил амалга ошишини кузатишда давом этамиз.