Эркаклар қотили: Простата саратонини қандай аниқлаш ва даволаш мумкин?

prostata

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Майкл Робертс
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Простата саратонлари турли кўринишда турли сабаблар билан юзага келади. Баъзилари тез тарқалса, бошқалари жуда секинлик билан ривожланади ва уларга қарши минимал муолажа ҳам етарли бўлиши мумкин.

Простата саратони нима?

Простата сийдик пуфагининг остида жойлашган ёнғоқ катталигидаги бир бездир.

У сийдикни танадан чиқарувчи найча — сийдик йўли — атрофида жойлашган.

Простата саратони ҳужайраларнинг ғайритабиий ва назоратсиз ўсиши бўлиб, кўпинча секин ривожланади.

Йиллар давомида ҳеч қандай аломатлар ёки белгилар бўлмаслиги мумкин, ва баъзи одамлар бу касалликдан келиб чиқувчи муаммоларни ҳеч қачон ҳис ҳам қилишмайди.

Лекин баъзиларда, бу саратон тажовузкор кайфиятда кечади ва ҳатто ўлим билан якунланиши мумкин.

Шу сабабдан, простата саратони қанчалик эрта аниқланса, даволаш муваффақиятли якунланиш эҳтимоли ҳам шунчалик юқори бўлади.

Алоқадор мавзулар:

Простата саратони қанчалик кенг тарқалган?

yodgorlik

Prostate Cancer UK ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар саккиз эркакдан биттаси ҳаётининг маълум бир даврида простата саратонига чалинади.

Бу касаллик асосан кекса ёшдаги эркакларда, 75 ёшдан ошганлар орасида кенг тарқалган. 50 ёшгача бўлганларда эса жуда кам учрайди.

Агар яқин қариндошларингиз орасида кимдир, олайлик, ота, ака, бобо ёки тоғангиз простата саратонига чалинган бўлса, бу сизда ҳам касалликка чалиниш хавфи юқори эканлигини англатади.

Шунингдек, қора танли эркакларда бу касаллик кўпроқ учрайди.

Prostate Сanсer UK 30 сонияли онлайн хавфни текширувчи тестни таклиф қилади. Агар сиз ўзингизда простата саратонига чалиниш хавфи юқори деб ўйласангиз, GP (умумий амалиёт шифокори) билан гаплашишингиз тавсия қилинади.

Ҳар йили тахминан 52,300 эркакка простата саратони ташхиси қўйилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Қандай симптомларни текшириш керак?

SPL
Prostata saratoni simptomlari: — Tez-tez siyish zarurati, ayniqsa tunda — Siyishni boshlashda qiyinchilik, zaif oqim va bu uzoq davom etishi — Siydikda yoki urug‘da qon ko‘rinishi
Batafsil:
BBC.COM/UZBEK

Энг кенг тарқалганлари:

— Тез-тез сийиш зарурати, айниқса тунда

— Сийишни бошлашда қийинчилик, заиф оқим ва бу узоқ давом этиши

— Сийдикда ёки уруғда қон кўриниши

Бу симптомлар бошқа касалликлар сабабли ҳам пайдо бўлиши мумкин, лекин ҳар қандай ўзгаришларни шифокорга текширтириш муҳим.

Простата саратони учун тест борми?

Ягона, аниқ ташҳис тести мавжуд эмас.

Шифокорлар турли кўрсаткичларга асосланиб ташҳис қўйишади.

Бу простата-спесифик антиген (PSA) тести, сканерлаш ва лабораторияда текшириш учун кичик тўқима намунаси олишни ўз ичига олади.

PSA тестлари соғлом эркакларда простата саратонини текшириш учун мунтазам фойдаланилмайди, чунки натижалар ишончсиз бўлиши ҳам мумкин.

Юқори PSA даражаси доим ҳам саратон дегани эмас. Масалан, инфекция бўлса ҳам у кўтарилиши мумкин.

Баъзи эркакларда эса PSA даражаси юқори бўлсада, бу уларда муаммо туғдирмайдиган ёки даволанишга эҳтиёж сездирмайдиган простата саратони бўлиши мумкин ва бу ортиқча хавотир ва қўшимча текширувларга олиб келиши мумкин, холос.

Тадқиқотчилар саратонни скрининг қилишни жорий этиш фойдали бўладими-йўқми, деган масалани қайта-қайта кўриб чиқишган. Умуман олганда, маълум ёшдаги барча эркакларга PSA тести таклиф қилиш эркаклар ўлимини маълум миқдорда камайтирган бўларди.

50 ёшдан ошган эркаклар одатда GPʼдан PSA тести сўраши мумкин. GP сизга PSA тестининг потенциал фойдалари ва хавфларини тушунтиради.

Агар сиз PSA тестини ўтказмоқчи бўлсангиз, тестдан олдин икки кун давомида жинсий фаолиятдан ва жисмоний ҳаракатлардан, масалан, велосипед ҳайдашдан тийилишингиз керак, чунки бу натижаларга таъсир қилиши мумкин.

Шифокорлар PSA тестига MRI сканерлашни қўшиш орқали натижаларни яхшилаш мумкинми, деган саволни ўрганишмоқда.

Даволаш ҳақида нима дейиш мумкин?

Простата саратонини даволашнинг турли усуллари мавжуд бўлиб, қайси бири мос келишини шифокор тавсия қилади.

Агар саратон эрта босқичда бўлса ва симптомлар сезилмаса ёки тез ўсиш кузатилмаса, уни кузатиб туриш ёки "кутяпмиз ва кузатяпмиз" стратегияси қўлланилиши мумкин.

Баъзи простата саратонлари жарроҳлик ёки радиотерапия каби даволаш усуллари билан даволанади.

Гормонлар билан даволаш ҳам саратон ўсишини секинлаштириши мумкин.

Шунингдек, саратон ҳужайраларини жуда совуқ (криотерапия) ёки юқори интенсив тўлқинли ультратовуш ёрдамида ҳам йўқ қилиш мумкин.