Туркия: Эркаклар кириши тақиқланади – аёллар фитнес маркази қандай ишламоқда?

Woman exercising

Бадрия Ҳуля Туркиядаги энг катта аёллар машғулот заллари тармоғига асос солган. Ушбу тармоқнинг барча ходимлари ва мижозлари фақат аёллардан иборат. Бадрия аёлларнинг соғлом турмуш тарзи кечиришига ёрдам бериш билан бир қаторда янги иш ўринларини ҳам яратади. Бироқ бизнеснинг бундай кўриниши аёлларга ёрдам берадими ёки жинслараро жарликни янада кенгайтириб юборадими? Би-би-си Турк Хизмати мухбири Нейран Элден ҳикоя қилади.

«Залга қатнанг, хушбичим бўлинг… бахтли яшанг.» Истанбулдаги кўпроқ консерватив қарашли аҳоли яшовчи Умрония туманида жойлашган машғулот зали ташқарисига ана шундай сўзлар битилган тахтача осиб қўйилган.

Эшикдаги кичик эслатмада қўлда ёзилган қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: «Эркаклар кириши тақиқланади.»

Бу зал Туркия бўйлаб ёйилиб кетган 220 фитнес марказлардан биридир. Мамлакатдаги энг йирик ушбу фитнес марказлар тармоғининг 650,000 га яқин аъзоси бор. Соғлом турмуш тарзини танлашга қарор қилган бу аёлларнинг аксарияти бунга қадар умуман бадантарбия билан шуғулланмаган ва улар биргаликда, сўнгги йиллар давомида, 600,000 килограмм вазн ташлаганлар.

Бадрия Ҳуля АҚШдаги фақат аёллар учун мўлжалланган фитнес марказга ташриф буюргандан сўнг 2006 йилда ўз компаниясига асос солган.

Аввалига, одамлар бундай кўринишдаги бизнеснинг келажаги йўқ, деган.

«Одамлар бунинг имкони йўқлиги, Туркияда аёллар фитнес билан шуғулланмаслигини айтишди,» дейди у. «Бироқ мен ҳамма нарсага имконият кўзи билан қарайман.»

Бадрия Ҳуля ўз офисида
Сурат тагсўзи, Бадрия Ҳуля ўз офисида

Вазиятни ўрганган Ҳуля хоним Туркиядаги биллиард, футбол клублари ва бодибулдинг залларининг бари эркаклар учун мўлжалланганига амин бўлган. У юзлаб аёллар билан суҳбатлашиб, хотин-қизларнинг бадантарбия билан шуғулланишига халал берувчи уч асосий омил мавжудлигини англаган: вақти йўқлиги, пул етишмаслиги ва шуғулланадиган жойларнинг мавжуд эмаслиги. Сўнг у ушбу уч тўсиқни енгиб ўта олувчи бизнес моделини ишлаб чиққан - унинг фитнес марказлари жуда арзон, у ерларда машқ қилиш кўп вақт олмайди (атиги 30 дақиқа) ва марказлар деярли ҳар бир маҳаллада очилиши режалаштирилган.

Тармоқ франчайзинг усулида юритилади - марказларнинг ходимлари ва бошқарувчилари фақат аёллардан иборат. Аёлларнинг 34 фоизи меҳнат билан банд ва жуда кам қисми ўз бизнесига эга Туркия учун бу ўта аҳамиятли ҳолат. Мамлакатда рўйхатга олинган ишбилармонларнинг атиги 9 фоизини аёллар ташкил қилади, холос.

«Туркиядаги кўплаб аёллар ташқи дунёдан узилиб қолган, улар кўчага чиқмайди,» дейди Баҳчишеҳир Университетидан социолог, профессор Нилуфар Нарли.

«Улар вақтининг катта қисмини шунчаки телевизор қаршисида ўтказади. Спорт билан шуғулланиш соғлиқ ва ўзликни намоён қилиш ҳамда одамлар билан танишиш учун муҳим.»

«Бугун Туркияда аксар аёллар ҳали ҳам диний-анъанавий чекловлар билан юзлашмоқда. Оталар, ака-укалар, турмуш ўртоқлар уларга спорт залларига бормаслик маъқул эканини таъкидлайди ва аёлларнинг ҳордиқ чиқариш ҳамда ижтимоий фаол бўлишга имконияти етарли эмас,» сўзлайди Нарли хоним.

Семизлик Туркияда ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йилдаги маълумотига кўра, турк аёллари семизликка эркакларга нисбатан икки баробар кўпроқ дучор бўлмоқда. Айни ҳисоботда Туркия эркакларининг 20.5 фоизи, аёлларнинг эса 41 фоизи ортиқча вазнга эга экани айтилади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти турк аёлларини Европадаги энг семиз ижтимоий қатлам сифатида кўрсатади.

Фитнес марказда гидравлика билан ишлайдиган ускуналар ҳам бор
Сурат тагсўзи, Фитнес марказда гидравлика билан ишлайдиган ускуналар ҳам бор

Юқори даромадга эга аёллар ва ёш қизлар спорт билан шуғулланишга кўпроқ интилади. Айрим турк хотин-қизлари аралаш спорт залларида машқ қилишдан тортинмаса, бошқалари эркаклар ёнида бемалол шуғуллана олмайди.

Ҳуля хоним имкон қадар кўпроқ аёлларни спортга жалб қилишни исташини айтади. Шу сабабдан ҳам у фақат аёлларга мўлжалланган фитнес марказлар очишдан бошқа чора йўқ, деган қарорга келган.

Сайида Коч аввалига шунчаки заллардан бирига қатнаб юрган. Ҳозирда у учта фитнес залини бошқариб келмоқда.

«Менинг спорт ва соғлиқни сақлашга бўлган қизиқишим доим юқори бўлган, аммо ўзимни бемалол ҳис қиладиган фитнес марказ топа олмаганим учун ҳам бадантарбия билан шуғуллана олмаганман. Шунингдек, Туркиянинг баъзи муаммолари мавжуд: эркаклар рашкчи ва ўз аёлларини бундай жойларга юбормайди. Менинг турмуш ўртоғим ҳам шундай,» дейди у.

«Аёллар бу ерда ўзини қулай ҳис қилган кийимни кия олади,» маълум қилади Коч хоним. «Мен каби консерватив қарашдаги одамлар учун бу жуда муҳим.»

Seyyide Koc in her office
Сурат тагсўзи, Сайида Коч ҳозирда учта фитнес залини бошқариб келмоқда

Ичкаридаги манзара бошқа фитнес марказларникига деярли ўхшамайди - бу ерда турли тренажерлар, телевизорлар йўқ, яъни электр қуввати билан ишлайдиган бирор жиҳоз кўзга ташланмайди. Бу нархларни арзон ҳолда сақлаш имконини беради.

Барча замонавий тренажерлар ўрнига гидравлик машиналар айлана тарзда ўрнатилган. Марказда мураббий аёлларга қандай тўғри машқ қилишни ўргатиб боради. Баъзи аёллар ўзи билан болаларини ҳам олиб келадилар - бурчакда жойлаштирган ўйинчоқ ва китоблар кичкинтойларнинг вақтинчалик овунчоғига айланади.

Залга доимий қатнаш аёллар учун муаммо бўлиши мумкин, дейди Коч хоним.

«Агар биз кимнидир қаторасига уч кун кўрмасак, унга қўнғироқ қилиб, сўраймиз: Қаердасиз? Нега келмаяпсиз?»

«Бир вақтлар ўзимга ҳам шунақа қўнғироқ қилишар эди. Ўшанда мени ўйлашаётгандан хурсанд бўлар эдим.»

Бироқ барчага ҳам фақат аёллар шуғулланишига рухсат берилган фитнес марказ ғояси маъқул келавермайди.

Гулсум Кав шифокор ва аёллар ҳуқуқи фаолидир. Унинг фикрича, жинслараро ажратилган фитнес марказлар акс таъсир кўрсатиши мумкин.

"Бу аёлларни жамиятдан узиб қўяди. Аёл сифатида, биз фақат аёлларга рухсат берилган шоппинг марказлари ёки аёллар учун жамоат транспорти каби бўлгинчи ғояларга қарши норозилик билдиришимиз лозим," дейди у.

«Аёллар эркаклар билан бир ерда ҳеч қандай ноқулайлик ёки шилқимлик сезмасдан машқ қилиши зарур. Аёлларни ажратиб қўйиш билан эркакларнинг хулқ-атворини ўзгартира олмаймиз, қайтанга уларни шилқимлик қилишга ундаган бўламиз ва шунинг учун ҳам мен бу ғояни хатарли, деб биламан.»

Gulsum Kav
Сурат тагсўзи, Гулсум Кавнинг фикрича, жинслараро ажратилган фитнес марказлар акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Мен паркда суҳбатлашган баъзи одамлар ҳам Кав хонимнинг фикрларини маъқуллади.

"Нега фақат аёллар учун бўлиши керак? Улар сизни еб қўймайдику!" дея кулди бир аёл. «Биз ҳаммамиз инсонмиз. Ҳаёт ҳам аралаш бўлиши керак.»

Аммо Бадрия Ҳуля машғулотлар орқали аёлларни руҳлантираётганига ишонади.

«Аёл фақат ўзи учун, фақат соғлиги, ўз танаси учун нимадир қилишни бошласа, ўшанда у мутлақо бошқа тилда сўзлай бошлайди - борлиқни умуман ўзгача назар билан кўра бошлайди. У ортиқ ўтмишдаги ўша аёллигича қолмайди.»

Бу сўзларни уч йилдан бери тармоқнинг марказларидан бирида машқ қилиб келаётган 39 яшар Бенгу Тайел ҳам қўллаб-қувватлайди.

"Мен жуда бахтиёрман. Аёлнинг бахти оиланинг бахтидир. Баъзи вақтлари мен уйга бориб рақс тушаман ва қизим шундай дейди: 'Ойи, бошқа ойилар уйга келгандан кейин умуман кулмайди, лекин сиз доим мен билан рақс тушасиз!ʼ"

a Zumba class

Ўтган йиллар давомида Ҳуля хоним жисмоний машқларнинг ақлий салоҳиятга ижобий таъсир қилишининг гувоҳи бўлган.

"Биз янада кўплаб одамларнинг фитнесга қўшилаётганини кўриб келмоқдамиз. Улар бошида тушкунликка тушган ҳолда келадилар ва икки ҳафта ичида юзларида табассум пайдо бўлади."

Ҳуля хоним ҳозирда ушбу мавзу бўйича докторлик диссертацияси ёзмоқда.

«Мен машқ қилишни қўлларимни ювиш каби кундалик одатга айлантирганман. Агар яхши ҳаёт истасангиз, ҳаракат қилишингиз лозим.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek