Дунё: ИШИДдан қочиб, энди унга қарши бокс билан курашаётган қиз

Сурат манбаси, SARAH MAXWELL - FOLIO ART
«Қўлида қурол тутиб турган каллакесарнинг олдида қад ростлаб туриш осон эмас, лекин, ишончим комилки, ўша пайт унга қандай қарши чиқишни билганимизда, ҳаммаси бошқача бўлар эди.»
Ўн етти яшар Ҳусна спортни доим севган. Катта бўлган сайин унинг меҳри боксга тушади ва оғир вазн тоифаси бўйича чемпион Владимир Кличко қизалоқнинг севимли қаҳрамонига айланади.
Унинг Ироқ шимолидаги Синжорда жойлашган кичик қишлоғида ҳаёт жўн давом этар эди. Ҳусна бир кун келиб шифокор бўлиш орзуси билан ўрта мактабда ўқиётган эди, аммо унинг ҳаёти бундан тўрт йил аввал биргина тонгда чилпарчин бўлиб кетди.
Тиш-тирноғигача қуролланган жангарилар қишлоққа бостириб келганда соат энди эрталабки 7 бўлган эди. ИШИД аскарлари шу ондаёқ қишлоқ кўчаларида қирғинбарот бошлаб юборади.
Синжор ҳудуди ана шундай ҳужумлар оқибатида 2014 йили деярли вайронага айланган. ИШИД жангарилари ўзи «шаккок» ҳисоблайдиган маҳаллий язидий аҳолини атайин нишонга олиб, уларни қириб ташлашга уринган.
Ушбу геноцид туфайли минглаб оилалар барбод бўлади. Эркаклар қатл этилади, хотин-қизлар жорияликка мажбурланиб, хўрланади.
Ҳусна ҳам шафқатсиз террористлар ҳужуми оқибатида қочқинликка юз тутган минглаб одамларнинг бири ва у ўз ҳикоясини бошқалар билан баҳам кўришни истайди.
Уйдан қочиш
«Отишма ва портлаш овозини эшитиб, куну тунни даҳшат ичра ўтказар эдик, лекин ИШИДнинг бизга ҳужум қилмаслигига ишонардик.»
"ИШИД язидийларга тегинмас экан, деган гап-сўзлар юрар эди. Бироқ улар қишлоғимизга бостириб кирди, оилам қочишга қарор қилди."
"Бахтимизга кичик бўлсада, ўзимизнинг машинамиз бор эди. У билан тирбандликлардан осонгина ўтиб кета олардик, лекин қочаётган пайтимиз мен йўл бўйлари отиб ташланган язидийлар жасадларига тўлиб кетганини кўрдим."

Сурат манбаси, SARAH MAXWELL - FOLIO ART
«Ҳеч ким атрофда нима бўлаётгани ва ўзи қаерга қочаётганини билмас эди - бутун диққатимиз қаратилган ягона нарса узоқроққа қочиш эди. Бу ваҳшийлар нега бегуноҳ эркак-аёл, болаларни ўлдираётганини эса умуман билмас эдик.»
Ҳусна ва унинг оиласи бошқа минглаб язидийлар билан тоғга қочиб боришга муваффақ бўлади. Бироқ тоғда қамалиб қолган қочқинлар очлик ва ташналикдан бир неча кун азоб чекади.
«Биз тўрт кеча-кундуз деярли емай-ичмай, тоғда ўтирдик. Бир неча қултум сув ва бир бўлак нонни бутун оила ҳар куни бўлашар эдик.»
Хавфсизликка чиқиш
Ниҳоят Ҳусна тоғдан эсон-омон тушиб олади. Ҳозирда у Ироқ Курдистонидаги язидийлар учун қурилган Руанга жамлоғидан қўним топган. Бу ерда 15,000 одам яшайди, аммо Ҳусна уни ҳеч қачон «уйим» деб атамайди.
Руанга жамлоғи 2014 йилдаги ИШИД ҳужумидан омон қолганлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган.

Сурат манбаси, Getty Images
Жамлоқ ичида Boxing Sisters (Боксчи опа-сингиллар) дастури жорий қилинган. Бу дастур бокс орқали террористлар келтирган руҳий жароҳатни енгиллаштиришни кўзлайди.
Ҳусна доимо спорт мусобақаларида иштирок этишни орзу қилиб келган, лекин унинг қишлоғида бунга етарли имконият бўлмаган.
ИШИД ҳужум қилганда эса қизнинг қони қайнаб, уларга қарши жавоб қайтаришни бутун вужуди билан истаган.
«Улар ҳужум қилган пайт мендаги боксни ўрганиш иштиёқи кескин кучайиб кетди. Ўша пайт душманга жавоб қайтаришни роса истаган эдим,» дейди у.
«Қўлида қурол тутиб турган каллакесарнинг олдида қад ростлаб туриш осон эмас, лекин, ишончим комилки, ўша пайт унга қандай қарши чиқишни билганимизда, ҳаммаси бошқача бўлар эди.»
Ҳозирда Ҳусна қўлига қўлқоп тақиб, ҳар куни бир соатдан машқ қилади. У шу йўл билан ҳаёлини ҳануз эгаллаб турган руҳий зўриқишлардан халос бўлишга умид қилмоқда.

Сурат манбаси, SARAH MAXWELL - FOLIO ART
"Биз жавоб зарбаси бера олишни ўрганишимиз лозим. Сабаби бу язидийларга нисбатан биринчи хуруж эмас ва охиргиси ҳам бўлиб қолмайди. Аёллар қўрқув ва уят туйғусини енга олиши зарур," қўшимча қилади Ҳусна.
'Бокс руҳимни сақлаб қолиб, менга куч бердиʼ
Энди Ҳуснанинг ҳаёти ҳеч ҳам олдингидек бўлмаслиги бор гап. Шунга қарамай, у спорт залда бошқа аёллар билан шуғулланиб, ўзига-ўзи тасалли бериш йўлини топган.
«Бокс машғулотлари давомида биз кичик оилага ўхшаб бормоқдамиз. Жуда яқин дўстларга айландик. Уларнинг аксарияти яқин инсонлари ва қариндошларидан айрилган. Биз бу ерда дардлашиб, ғамгинликни енгишга ҳаракат қиламиз.»
Кати Браун Boxing Sisters дастурида ишлаб, язидий аёлларга ёрдам беришга интилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзи ҳам собиқ боксчи бўлмиш Кати бир қанча мусобақаларда ғолибликка сазовор бўлган. Бугунги кунда "боксология", яъни жанг санъати орқали онгли хатти-ҳаракатларни даволашга бор эътиборини қаратган.
Бундан ташқари Катининг язидий аёлларига ўхшаш томони ҳам бор: у ўсмирлик даврида зўравонлик қурбонига айланган.
«Мен бу аёллар ҳис қилаётган оғриқни биринчи дақиқалардаёқ англаб бўлганман, чунки ўзим ҳам 16 ёшимда таҳқирга учраб, зўрланганман,» изоҳлайди Кати.
«Бокс руҳимни сақлаб қолди, ақлдан озишимга йўл қўймади, кучимга куч берди. Мен боксни шунчаки навбатдаги ҳужумда қарши жавоб қайтара олишим учун ўрганмадим, балки у ўзимнинг ички кучим, қадримни тушуниб етишимга ёрдам берди.»
«Ҳаётда кўп қийинчилик кўрганлардан яхши боксчи чиқади, деб доим айтиб келаман. Сабаби уларнинг ич-ичидан ҳаракатлантирувчи ғазаб ва қатъияти юқори бўлади.»
Катининг ҳозирги вазифаси жамлоқдаги бокс клуби учун мураббийлар тайёрлаш. Бироқ у Ироққа бориб, язидий хотин-қизлар билан бевосита ишлашни истамоқда ва бу истак яқин вақт ичида амалга ошиш арафасида турибди.
«Юз фоиз биламан - бу аёллар боксни ўрганиш давомида ва ундан сўнг ўзини нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам кучли ва қатъиятли ҳис қила бошлайди.»
«Бу аёллар қум қопларни уриш орқали ғазаб ва тушкунликни қанчалик осон чиқариб юбориш мумкинлигини англай бошлайди. Улар гўё ўзига азоб келтирган душманга жавоб қайтараётгандек ҳисни туяди.»
Руҳий жароҳатни англаб…
Табан Шореш Boxing Sisters дастурини 2018 йилда ишга туширган. Табан язидий аёллар бошидан кечирган кўргиликлар, олган руҳий оғриқларни бошқалардан яхшироқ тушунади.
Табаннинг ўзи асли Ироқ Курдистонидан. У эндигина тўрт ёшга қадам қўйганда, Саддам Ҳусайн аскарлари қишлоғига бостириб кириб, оиласи ва яна кўплаб курдларни асир олган.

Сурат манбаси, INSTAGRAM - TABANSHORESH
Табан ва унинг оиласи икки ҳафта давомида тутқунликда сақланган. Сўнг улар тириклай кўмиб юборилишдан зўрға қутилиб қолиб, мамлакатдан қочиб чиққан.
Табаннинг оиласи 1988 йилда Лондонда янги ҳаёт бошлаган. Ҳозирда у Курдистонга тез-тез келиб туради, хайриялар ва лойиҳалар орқали ўзи каби ҳужумлар туфайли ҳаёти издан чиққан инсонларга кўмак қўлини чўзади.
"Хотин-қизлар ўзгаришларнинг энг қудратли ҳаракатлантирувчиси эканига бўлган ишонч бизнинг ақидамиз асосини ташкил этади. Биз аёллар хавфсизлиги таъминланган, улар таълим олишга имконли бўлган ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар иштирок эта оладиган дунёни қуришга интиламиз," сўзлайди Табан.
Табан бу дастурни бошлагандан буён язидий аёлларининг қарашлари ўзгара бошлагани, уларда ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлганини ҳис қилгани ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, SARAH MAXWELL - FOLIO ART
«Биз бу хотин-қизларда ажойиб ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Уларнинг баъзилари хонасидан ҳеч ҳам чиқмас, бошқаларга қўшилмас эди. Бироқ лойиҳа ишга тушгандан кейин улар нафақат бошқа қизлар билан алоқа қила бошлашди, балки ўқишга қайтиб, кўплаб дўстлар орттиришди ҳам.»
Ҳусна эса ҳали ҳам шифокор бўлиш орзусидан воз кечмаган, аммо ҳозир у бокс бўйича мураббийга айланиб, қизлардаги ўзига бўлган ишончни кучайтиришни ҳам истамоқда.
«Биз аёллар фақат уйда ўтириб, қозон-товоқ, кир-чир билан машғул бўлиши керак, дейдиган анъанавий қарашларни синдириб ташламоқдамиз. Биз янада кучли ва ўзига ишончи юқори шахсга айланишимиз зарур. Бунга эса бокс орқали эришамиз.»
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












