Тан олинмаган қаҳрамонлар: Холокост даврида яҳудийларни қутқарган араблар

Қора ва оқ суратда энгил пахта кўйлки кийган Холид Абдулваҳоб тўғридан-тўғри камерага қараяпти.

Сурат манбаси, Oilaviy arxivdan

Сурат тагсўзи, Исроилнинг Холокост қурбонлари хотираси маркази Холид Абдулваҳоб яхши ва олижаноб инсон бўлганлигини, аммо у "Миллатлар орасида солиҳ" унвонини олганлар қаторига кирмаганлигини билдирди
    • Author, Сваминатан Натараджан
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Исроил Холокост ёдгорлик маркази 28 мингдан ортиқ ғайрияҳудийга Холокост даврида ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, яҳудийларни қутқаргани учун "Миллатлар орасида солиҳ" унвонини берган. Нацистлар босиб олган Шимолий Африкада минглаб яҳудий қирғин қилинган, аммо бирорта араб миллатига мансуб шахс араб мамлакатида яҳудий ҳаётини сақлаб қолгани учун "Миллатлар орасида солиҳ" деб тан олинмаган.

"Тунисда бир араб новвой ҳар куни ўз новвойхонасида озиқ-овқат карточкаси бўлмаган яҳудийлар учун қўшимча нон қолдирарди."

"Араб аёллари яҳудий чақалоқларини ўз уйларига олиб, уларга энага бўлишган, чунки оналарининг овқати ҳам, сути ҳам йўқ эди."

"Жазоирда ислом уламолари маҳаллий мусулмонларга мусодара қилинган яҳудий мол-мулкини бошқаришни тақиқловчи фатво чиқарди, бу фатво чиқарилгандан кейин бирорта маҳаллий араб унга бўйсунмаганига мисол топа олмадим."

Бу Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти (АҚШ) ижрочи директори Роберт Сатлофф тўплаган Шимолий Африка аҳолисининг Иккинчи жаҳон уруши пайтида яҳудийларга қандай ёрдам бергани ҳақидаги ҳикоялардан бир шингили, холос.

Нацистлар Европада олти миллиондан ортиқ яҳудийни қириб ташлаган. Шимолий Африкадаги яҳудий жамоаларини француз Виши режими ҳам қўшимчасига таъқиб қилган. Бу ўлим, қувғин ва мол-мулк мусодараларига олиб келди, аммо анча кичик миқёсда.

"Қирғиндан ташқари, Европадаги яҳудийлар бошига не тушган бўлса, араб мамлакатларидаги яҳудийларни четлаб ўтгани йўқ," дейди Сатлофф Би-би-си Жаҳон хизматига берган интервьюсида.

АҚШ Холокост мемориал музейи маълумотларига кўра, Марокаш, Жазоир, Тунис ва Ливияда ярим миллионга яқин яҳудий яшаган. Сатлоффнинг ҳисоб-китобига кўра, минтақада ҳалок бўлган яҳудийлар сони 4-5 минг кишини ташкил этади.

Ўзини хавфга қўйганди

Си Али Саккатанинг (чапда), Холид Абдулваҳоб ва Ҳамза Абдулжалилнинг (ўнгда) фотосуратлари тўплами

Сурат манбаси, Rob Satloff

Сурат тагсўзи, Си Али Саккат (чапда), Холид Абдулваҳоб ва Ҳамза Абдулжалил (ўнгда) тан олишга лойиқ, дейди доктор Роб Сатлоф.

Унинг таъкидлашича, камида уч араб Исроилнинг Холокост ёдгорлик маркази – «Яд-Вашем» томонидан тан олинишга муносиб.

1942 йил ноябридан 1943 йил майигача нацистлар тўлиқ босиб олган Шимолий Африканинг ягона давлати Тунисда яҳудийлар сариқ юлдуз тақишга мажбурланган. Нацистлар барча яҳудий эркакларга мажбурий меҳнатга жўнатиш учун тўпланишни буюрганида, улардан бири Жозеф Наккаш қочишга муваффақ бўлди.

Ўн йиллар ўтиб, Наккаш Парижда яшаётганида, бир араб ўзини катта хавф остига қўйиб, унга бошпана берганини Сатлоффга сўзлаб берди.

"SS 1942 йил декабрь ойида ёш яҳудий эркакларни оммавий ҳибсга олиш учун қуршов уюштирди, – дейди Сатлофф. – SS рўйхатида бўлган одамни яшириш, энг оғир жиноят ҳисобланарди."

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"[Наккаш] немислар қўлига тушишдан қочиб, яширинди, қуршовдан чиқиб ўз туманидаги жамоат ҳаммомига кириб қолди."

Ҳаммом эгаси Ҳамза Абдулжалил Наккашга уни ҳимоя қилишини айтиб, ертўлага яширди.

"Мен нафақат қутқарилган одам билан учрашдим, балки Тунисга бориб, ўша ҳаммомни топдим ва уни қутқарган одамнинг ўғли билан кўришдим, – деди Сатлофф Би-би-си Жаҳон хизматига. – У ҳамма тафсилотларни биларди. Икки томон ҳам битта ҳикояни сўзлаб берди."

Туниснинг собиқ мэри Си Али Саккат ҳам пойтахтдан тахминан 55 километр узоқликдаги Загуан водийсидаги шаҳар ташқарисида жойлашган уйида меҳнат лагеридан қочган бир гуруҳ яҳудийларни озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлаб, ўз ҳаётиини хавф остига қўйганди.

Ёвузликка қарши туриш

Тунисдаги яҳудий эркаклар Жербадаги ибодатхонада ибодат қилишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тунисда ҳали ҳамон кичик яҳудий жамоаси яшайди. Туниснинг Жерба оролидаги ибодатхонада олинган сурат

Аммо Сатлоффнинг энг ёқтирган ҳикояси Холид Абдулваҳоб воқеаси бўлиб, у бир нацист зобитининг ўзи таниган яҳудий аёлга кўз тикканини айтганини тасодифан эшитиб қолган экан.

Тун ярмида Абдулваҳоб яшириниб юрган бу аёл ва унинг оиласини қутқариб, Тунисдан тахминан 30 километр узоқликдаги ўз фермасига олиб боради ва омборлар ҳамда отхоналарга яширади. Аммо бу билан чекланиб қолмади – нацистлар истилоси тугагунга қадар у жами 20 нафар аёл ва болани яширди, уларнинг оилаларидаги эркаклар мажбурий меҳнатга жўнатилган эди.

Қутқарилганлардан учтаси кейинчалик Яд-Вашемга мурожаат қилиб, Абдулваҳобни "Миллатлар орасида солиҳ" унвонинига сазовор деб тан олишини сўради, аммо икки марта уларга рад жавоби берилди.

Rob Satloff
Men Abdulvahob yovuzlikka qarshi turgan inson ekanini, meni qutqargani uchun uzoq va mazmunli hayot kechira olganimni bilaman
Yeva Vayzel
(Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Марказ унинг "Миллатлар орасида солиҳ" инсон бўлганини ва гувоҳларнинг кўрсатмалари унинг олижаноблигидан далолат беришини тан олди, аммо яҳудийларнинг унинг фермасида бўлиши нацистларнинг тўлиқ хабардорлигида ва қонуний асосда бўлганини айтиб, Абдулваҳобга бу унвонни беришни рад этди. Бу унвон Холокост пайтида яҳудийларни нацистлар қирғинидан қутқариш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйган яҳудий бўлмаган кишиларга берилади.

"Тунисдаги Германия босқинчилиги бор-йўғи олти ой давом этган, у ерда [нацистларнинг қирғин сиёсатининг] "якуний ечими"ни амалга ошириш режалари охирига етказилмаган", дея қўшимча қилди Яд-Вашем.

2011 йил декабрь ойида 13 ёшида Абдулваҳоб яширган Ева Вайзел New York Times газетасида мақола чоп этиб, бу қарордан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

"Мен Абдулваҳоб ёвузликка қарши турган инсон эканини, мени қутқаргани учун узоқ ва мазмунли ҳаёт кечира олганимни биламан – худди у оиламдаги бошқа бахтли инсонларни қутқарганидек", деб ёзган у.

"Умид қиламанки, унинг тарихини сўзлаб берадиган ҳеч ким қолмасидан аввал Яд-Вашем унинг ишини қайта кўриб чиқади", деди Вайзел.

"Қулай" ривоят

Рамкага солинган мисрлик шифокор Муҳаммад Хелмийнинг оқ-қора сурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мисрлик шифокор Муҳаммад Ҳелмий Берлинда ёш яҳудий аёлини яшириб, унинг оиласига ёрдам берган, "Миллатлар орасида солиҳ" унвонинига сазовор бўлган ягона араб ҳисобланади

"Миллатлар орасида солиҳ" унвонига сазовор бўлган 28 мингдан ортиқ инсоннинг 70 га яқини мусулмонлар, аммо улар орасида фақат биттагина араб бор – Берлинда ёш яҳудий аёлни яширган ва унинг оиласига ёрдам берган мисрлик шифокор Муҳаммад Ҳелмий.

Сатлофф тўплаган ҳикоялар жуда таъсирли бўлса-да, АҚШнинг Манхеттен университети Холокост, геноцид ва динлараро мулоқотни ўрганиш маркази директори Меҳназ Африди улар "қулай" ривоятга зид эканлигини айтади.

"Исроилдаги баъзилар учун халоскор араблар борлигини тан олиш замонавий сиёсий манзарани мураккаблаштиради, – дейди Африди Би-би-си Жаҳон хизматига берган интервюсида. – Араб дунёсидаги айримлар учун эса араб заминидаги яҳудийлар нацист зулмидан нажотга муҳтож бўлганини тан олиш Холокост инкорчилик ва сиёсий жиҳатдан фойдали бўлган релятивизмга путур етказади."

"Холокост таҳдиди остидаги ҳаёт"

Марокаш қироли Муҳаммад V нинг Парижга расмий ташрифи вақтида олинган қора-оқ фотосурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Марокаш қироли Муҳаммад V яҳудийларга қарши ирқий қонунларни жорий этиш талабларини бажаришдан бош тортган

Африди Марокаш қироли хизматини ҳам тан олишга чақирмоқда.

"Виши нацистлар режими даврида Марокаш ва Танжега яҳудийларни меҳнат лагерларига жойлаштириш буюрилган. Марокаш қироли Муҳаммад V антисемит қонунларни жорий этиш ёки Марокаш яҳудийларини Францияга жўнатиш талабларини бажаришдан бош тортганди", дейди у.

Яд-Вашем сайтида ёдгорлик қошидаги Халқаро Холокостни ўрганиш мактаби ходими (ҳозирда нафақада) Жеки Метцгер шундай ёзади: "Агар Холокост деганда оммавий қирғин тушунилса, Шимолий Африкада Холокост бўлмаган. Яҳудийларнинг бу даврдаги тарихини яқинлашиб келаётган, лекин амалга ошмай қолган Холокост таҳдиди остидаги ҳаёт деб ҳисоблаш тўғрироқ бўлади."

Бироқ Би-би-си Жаҳон хизматига ёзма жавобда марказ "Шимолий Африка Холокостнинг бир қисми" эканлигини тан олди.

"Нацистлар бу минтақадаги яҳудийларни Европа яҳудийлари, шунингдек, Мандат остидаги Фаластин ва Яқин Шарқдаги яҳудийлар тақдирига тайёрлаган", дейилади баёнотда.

"Агар Шимолий Африка Полша озод қилинган пайтда (1943 йилда эмас, 1945 йилда) озод қилинганида, бу яҳудийларнинг аксарияти омон қолмаган бўларди", деб ҳисоблайди Яд-Вашем.

Медаллар ва фахрий ёрлиқлар Полшанинг Гданск шаҳрида, 2018 йил 30 августда оммавий намойишга қўйилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Яд-Вашем ёдгорлик мажмуаси 28 мингдан ортиқ яҳудий бўлмаганларни "Миллатлар орасида солиҳ" унвони билан шарафлаган

Ташкилот қўшимча қилишича, ҳар бир тан олиш аризаси нохолис муносабатсиз бирдек синчковлик билан текширилади, бироқ ҳозирда уларнинг эксперт қўмитаси қутқарувчи арабларнинг ишларини кўриб чиқмаяпти, чунки янги аризалар келиб тушмаган.

Шунга қарамай, Холид Абдулваҳоб тарихига ўхшаш воқеалар аста-секин эътироф этилмоқда, дейди Африди.

"2009 йилда Вашингтондаги Адас Исраэл "Миллатлар орасида солиҳ"лар боғида ва Миландаги "Миллатлар орасида солиҳ"лар боғида қизи Фаизанинг иштирокида ўтказилган маросимда унинг шарафига дарахт экилди", дейди Африди.

Getty Images
Isroildagi ba’zilar uchun xaloskor arablar borligini tan olish zamonaviy siyosiy manzarani murakkablashtiradi
Mehnaz Afridi
Manxetten universiteti Xolokost, genotsid va dinlararo muloqotni o‘rganish markazi direktori (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Сатлофф ҳам бу фикрга қўшилади.

"Мен Шимолий Америка ва Европадаги кўплаб ташкилот ва муассасалар ўша даврда яҳудийларни ҳимоя қилган арабларнинг жасорати ва мардлигини эътироф этганидан жуда фахрланаман", дейди у.

Сатлофф янги далиллар пайдо бўлиши билан келажакда расмий тан олиш учун янги имкониятлар пайдо бўлишига умид қилишини айтади.