Гитлернинг ДНКсини ўрганиш керакми?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Tiffani Vertxaymer
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Адолф Гитлернинг қон намунасидан олинган ДНК таҳлили диктаторнинг насл-насаби ва соғлиғи ҳақида айрим қизиқ маълумотларни очиб берди.
Халқаро экспертлар гуруҳи ўтказган илмий тадқиқотлар Гитлернинг насаби яҳудий бўлгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди (у яҳудий эмас эди) ва унда жинсий аъзолар ривожланишига таъсир қилувчи генетик касаллик борлигини аниқлади. Бу маълумотлар эски мато парчасидаги қон юқи орқали олинди.
Матбуотнинг шов-шувли сарлавҳалари нацист диктаторида митти олат ва фақат битта мояк бор-йўқлигига эътибор қаратган бўлса-да, унинг ДНКсида аутизм, шизофрения ва биполяр касалликка мойиллик бўйича "жуда юқори" кўрсаткичлар аниқлангани янада жиддийроқ топилма ҳисобланади.
Бу унинг ушбу неврологик касалликларга чалинганини англатадими? Мутахассислар бунга мутлақо йўқ, деб жавоб беришади – бу ташхис эмас.
Шундай бўлса-да, тадқиқотнинг ахлоқий жиҳатлари ҳақида хавотирлар пайдо бўлди, бу эса "Бундай тадқиқот умуман ўтказилиши керак эдими?" деган саволни келтириб чиқарди.
"Мен бу ҳақда кўп бош қотирдим," дейди профессор Тури Кинг шанба куни Channel 4 телеканали орқали намойиш этилган "Гитлернинг ДНКси: Диктаторнинг чизмаси" номли ҳужжатли фильмнинг дастлабки дақиқаларида.
Би-би-сига айтишича, бир неча йил олдин унга ушбу лойиҳада иштирок этиш таклиф қилинганда, у Адолф Гитлер каби шахс ДНКсини ўрганишнинг эҳтимолий оқибатларини жуда яхши англаган – "Мен сенсациябоз эмасман".
Бироқ, у қўшимча қилишича, бу тадқиқот барибир қачондир кимдир томонидан амалга оширилиши мумкин эди. Ҳеч бўлмаганда унинг назорати остида тадқиқотнинг илмий жиҳатдан пухта ва барча "огоҳлантирув ва чекловлар" билан бажарилишини таъминлаш мумкин эди.
Профессор Кинг аввал ҳам юқори даражадаги ва нозик лойиҳаларда қатнашган – у 2012 йилда Лестердаги автомобил тўхташ жойи остида топилган Ричард III нинг скелетини аниқлаш бўйича генетик тадқиқотга раҳбарлик қилган.

Сурат манбаси, Gettysburg Museum of History
80 йиллик қонли мато парчаси Гитлернинг ер ости бункеридаги диванидан кесиб олинган. У Иккинчи жаҳон уруши охирида иттифоқчи кучлар Берлинга бостириб кирганида шу ерда ўзини ўлдирган эди.
Бункерни текшираётганда, АҚШ армияси полковниги Росвелл П. Росенгрен ноёб ҳарбий ўлжа олиш имкониятини кўрди ва матони чўнтагига солади. Ҳозирда у АҚШнинг Геттисбург тарих музейида рамкага солинган ҳолда намойиш этилмоқда.
Олимлар бу ҳақиқатан ҳам Гитлернинг қони эканлигига ишонч ҳосил қилишди, чунки улар қондаги Y-хромосома унинг ўн йил олдин олинган эркак қариндошининг ДНК намунаси билан мослигини аниқладилар.
Ҳозир экспертлар кўриб чиқаётган натижалар чиндан ҳам қизиқарли.
Гитлернинг ДНКси биринчи марта аниқланди ва тўрт йил давомида олимлар дунёдаги энг даҳшатли золимлардан бирининг генини кўриш учун уни кетма-кет таҳлил қилишга муваффақ бўлди.
Мутахассислар таъкидлашича, Гитлернинг келиб чиқиши яҳудий бўлмагани аниқ – бу миш-миш 1920-йиллардан бери тарқалган эди.
Яна бир муҳим топилма шундаки, унда Каллман синдроми бўлган. Бу генетик касаллик жинсий балоғатга етиш ва жинсий аъзолар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, бу митти олат ва моякларнинг тушмаслигига олиб келиши мумкин – агар Британияда уруш даврида куйланган қўшиқни билсангиз, Гитлер ҳақида яна бир миш-миш айнан шу ҳақда эди.
Каллманн синдроми жинсий майлга ҳам таъсир қилиши мумкин, бу айниқса қизиқарли, дейди ҳужжатли фильмда иштирок этган тарихчи ва Потсдам университети ўқитувчиси доктор Алекс Кей.
"Бу бизга унинг шахсий ҳаёти ҳақида кўп нарсани айтиб беради – аниқроғи, унинг шахсий ҳаёти йўқлиги ҳақида," деб тушунтиради у.
Тарихчилар узоқ вақтдан бери Гитлер нима учун сиёсатга, "деярли ҳар қандай турдаги шахсий ҳаётни истисно қилган ҳолда" шунчалик берилиб кетгани ҳақида баҳслашиб келган ва бу топилма бунга тушунтириш бўлиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, бундай топилмалар ҳам қизиқарли, ҳам фойдали. Профессор Кинг таъбири билан айтганда: бу "тарих ва генетика уйғунлашуви".

Сурат манбаси, Tom Barnes/Channel 4
Гитлерда бир ёки бир нечта руҳий саломатлик муаммоси мавжуд бўлгани эҳтимолини кўрсатадиган натижалар янада мураккаб ва мунозарали.
Унинг геномини полиген кўрсаткичлар билан таққослаб, Гитлернинг аутизм, ДТГС (Диққат танқислиги гиперактивлик синдроми), шизофрения ва биполяр бузилишга мойиллиги юқори бўлганини аниқладилар.
Шу ерда ҳаммаси мураккаблашади.
Полиген ҳисоблаш усули билан одамнинг ДНКси текширилади ва унинг касалликка чалиниш эҳтимоли аниқланади. Бу усул одамнинг юрак касалликлари ва кенг тарқалган саратон касалликларига мойиллигини аниқлашда фойдали бўлиши мумкин. Бироқ бу усулда ДНК катта аҳоли намунаси билан таққосланади ва шунинг учун натижалар алоҳида шахсга нисбатан анча ишончсиз бўлиши мумкин.
Би-би-си кўриб чиққан ҳужжатли филм давомида мутахассислар ДНК таҳлили ташхис эмас, балки мойиллик белгиси эканлигини таъкидлашга ҳаракат қилган – бу Гитлерда ушбу ҳолатларнинг бирортаси аниқ бўлганини англатмайди.
Аммо баъзи генетик олимлар топилмаларнинг ҳаддан ташқари соддалаштирилгани ҳақида хавотир билдирди.
Лондондаги Кингс коллеж суд-тиббий генетикаси профессори Денис Синдеркомб Корт тадқиқотчилар "ортиқча тахмин қилиб юборгани"ни таъкидлади.
"Характер ёки хатти-ҳаракатлар нуқтаи назаридан, бу жуда фойдасиз деб ҳисоблайман," дейди 2018 йилда худди шу қон намунасини ўрганган профессор Корт Би-би-си билан суҳбатда.
У "нотўлиқ пенетрантлик" туфайли натижаларга қараб кимнингдир маълум бир касаллиги бор-йўқлиги ҳақида башорат қилишни истамаслигини айтди.
Ҳамкасб генетик олим доктор Сундҳя Раман буни содда тилда шундай изоҳлайди: "ДНКнгизда бирор нарса кодланган бўлса, бу албатта намоён бўлади дегани эмас."
Бу фикр Кембриж университети қошидаги Аутизм тадқиқот маркази директори профессор Саймон Барон-Коэннинг ҳужжатли филмида ҳам акс этган: "Биологиядан хулқ-атворга ўтиш катта сакрашдир."
"Бундай генетик натижаларга қараб, туҳмат қилиб қўйиш хавфи бор. [Худди шундай генетик ташхис қўйилган] одамлар: «Мен ҳам шундай даҳшатли ишларни қилган одам билан боғлиқманми» деб ўйлаб қолиши мумкин."
"Бошқа кўплаб омилларни ҳисобга олмасдан бу ҳолатни фақат генетикага боғлаб қўйиш хавфли," дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британиянинг Миллий аутизм жамияти дарҳол жавоб бериб, топилмаларни "арзон трюк" деб атади.
"Илмий жиҳатдан саёз бўлиши у ёқда турсин, биз [бу ҳужжатли фильмнинг] аутизми бор одамларнинг ҳис-туйғуларига нисбатан лоқайдликдан ҳайратдамиз," деди тадқиқот бўйича директор ёрдамчиси Тим Николлс ўз баёнотида.
"Аутизмли одамлар яхшироқ муносабатга лойиқ."
Би-би-си ушбу хавотирларни Channel 4 ва ҳужжатли филмни тайёрлаган Blink Films компаниясига етказди.
Баёнотда таъкидланишича, профессор Барон-Коэн каби мутахассислар "одамнинг хулқи нафақат унинг генетикаси, балки унинг муҳити, болалик ва ҳаётий тажрибаси, тарбияси, таълим ва моддий имконияти ҳамда атрофидаги маданий омиллар каби кўплаб омиллар натижаси эканлигини тушунтирадилар."
"Дастурда таъкидланишича, фильмларда аниқланган генетик маълумотлар Гитлерга тааллуқлилиги рост, аммо бу маълумотлар Гитлер биологик жиҳатдан чиндан ҳам шундай бўлганини англатмайди."

Сурат манбаси, Stephanie Bonnas
Ҳужжатли фильм номидаги "Диктаторнинг чизмаси" ибораси ҳам эътирозларга сабаб бўлди.
Профессор Кинг бу у танлаган ном эмаслигини айтди ва кўрсатувда иштирок этган тарихчи профессор Томас Вебер Би-би-сига фильмда "диктатор гени" бўлмаслиги таъкидлангани ҳолда унга шундай ном берилганидан ажабланганини айтди.
Би-би-си билан суҳбатлашишдан олдин ҳужжатли фильмни кўрмаган профессорнинг айтишича, ДНК таҳлили унга ҳам қизиқарли, ҳам ташвишли туюлган.
"Қизиқарлилиги шундаки, бу Гитлер ҳақидаги кўплаб тахминларимни тасдиқлади... лекин одамлар «ёвузлик гени»ни топишга уриниш каби генетикага ҳаддан ташқари кўп эътибор беришидан хавотирдаман."
У, шунингдек, аутизм ва бошқа синдромлар билан яшаётган одамлар учун бу қандай қабул қилинишидан ташвиш билдирди.
Кенг жамоатчиликка мураккаб илмни тушунтириб беришда кўплаб қийинчиликлар мавжуд.
"Бу ТВ – у баъзида соддалаштиради," деди профессор Кинг. У олим сифатидаги масъулиятини оммавий ахборот воситалари талаблари билан мувозанатлашда катта тажрибага эга.
"Улар [ҳужжатли фильм ижодкорлари] бошқача йўл тутиб, жуда шов-шувли қилишлари мумкин эди, лекин бундай қилишмади. Улар баъзи нозик жиҳатларни кўрсатишга ҳаракат қилишди... ва биз эҳтиёт чораларини кўрдик."
Channel 4 кўрсатув номи тўғри қўйилганини таъкидлаб, "ДНК кундалик тилда «ҳаёт чизмаси» деб аталади," деди. Бундан ташқари, унинг вазифаси "кенг аудиторияга етиб борадиган дастурлар яратиш ва бу дастур мураккаб илмий ғоялар ва тарихий тадқиқотларни барча томошабинлар учун тушунарли қилишга қаратилган."
Лойиҳанинг ахлоқий жиҳатлари бўйича ҳам кўплаб саволлар бор.

Сурат манбаси, Alamy
Агар Гитлернинг ёки унинг бевосита авлодининг рухсати бўлмаса, унинг ДНКси текширилиши тўғри бўладими?
Бу унинг тарихдаги энг даҳшатли жиноятлардан бири учун жавобгар эканлигига қандай таъсир кўрсатади? Унинг жиноятчи экани шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини бекор қиладими?
"Бу Гитлер – у ҳеч ким ДНК тадқиқотини ўтказа олмайдиган қандайдир мистик шахс эмас. Бу қарорни ким қабул қилади?" дейди профессор Кинг.
Тарихчи Субҳадра Дас бунга қўшилади: "Бу олимлар қиладиган иш. Юзлаб аллақачон вафот этган одамларнинг ДНК намуналари олинган, бу фан ва археологияда кенг тарқалган амалиёт. Муаммо биз бу маълумотларни қандай талқин қилишимизда."
Тарихчи доктор Кей ахлоқий жиҳати борасида хавотирда эмаслигини айтади, "фақат фактлар мавжуд бўлсин ва биз ҳамма нарсани икки марта текширган бўлайлик."
Гитлернинг ДНКсига тегиш керакмиди ёки йўқлиги ҳақида у шундай дейди: "Гитлернинг ўлганига 80 йил бўлди. Унинг тўғридан-тўғри авлодлари йўқ ва фарзандлари бўлмаган. У чексиз азоб-уқубатлар учун жавобгар эди – биз буни унинг ДНКсини таҳлил қилишнинг ахлоқий муаммоси билан солиштириб кўришимиз керак."
Қизиғи шундаки, Европадаги бир нечта лабораториялар лойиҳада иштирок этишдан бош тортди ва таҳлиллар айнан АҚШдаги лабораторияда ўтказилди.
Ҳужжатли фильм ижодкорлари Би-би-сига айтишича, тадқиқот "икки мамлакатда академик иш учун стандарт ахлоқий баҳолов жараёнидан ўтган".
Хўш, бу тадқиқот умуман ўтказилиши керак эдими? Би-би-си бир қатор генетик олимлар ва тарихчилар билан суҳбатлашди ва жавоб саволни кимга беришингизга боғлиқ.
Ҳужжатли фильм ижодкорлари, табиийки, "ҳа, керак эди" дейди. Бу Гитлернинг яхлит қиёфасини яратишга ёрдам беради, у ҳали ҳам ҳайратга ва даҳшатга соладиган шахс.

Сурат манбаси, General Photographic Agency/Hulton Archive/Getty Images
"Биз ўтмишдаги экстремизмни тушуниш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак," деб таъкидлайди профессор Вебер.
"Очиғини айтганда, – дейди доктор Кей, – бу мавзулар янги эмас... биз бу ғояни одамлар онгига тўсатдан сингдирганимиз йўқ. Одамлар ўнлаб йиллар давомида Гитлерда баъзи касалликлар бор-йўқлигини тахмин қилиб келган."
Барча тарихчилар ҳам бу фикрга қўшилмайди.
"Менимча, бу Гитлернинг ҳаракатларига нима туртки берганини тушунтиришнинг жуда шубҳали усули," дейди Утрехт университетининг халқаро тарих бўйича доценти Ива Вукусич.
Оммавий хунрезликларни ўрганган доктор Вукусич Би-би-си билан суҳбатда одамлар нима учун қизиқаётганини тушунишини, аммо "биз излаётган жавоблар ДНК тести орқали топилмаслигини" айтди.
Тадқиқот қизиқарли бўлса-да, у тарихнинг ҳақиқий сабоқларини яшириши мумкин, дейди Амстердамдаги NIOD институти тарихчиси Анне ван Моурик.
Бу сабоқ шундан иборатки, "оддий одамлар маълум вазиятларда даҳшатли зўравонликни содир этиши, уни келтириб чиқариши ёки қабул қилиши мумкин."
Гитлернинг (эҳтимолий) митти олатига эътибор қаратиш, дейди у, бизга оммавий зўравонлик ва геноцид қандай содир бўлиши ва нима учун юз бериши ҳақида ҳеч нарса ўргатмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо бу натижалардан қандай фойдаланишда барчамиз масъулмиз.
Доктор Кейнинг таъкидлашича, ҳар бир киши "илм-фанга амал қилиши" ва нималарни билишимиз ва нималарни билмаслигимиз ҳақида аниқ маълумот бериши керак.
Бунга оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ёритиши ҳам киради.
"Ушбу ҳужжатли фильмни томоша қилаётган ҳар бир киши уни тўғри ёритиши, туҳматларга, камситишларга ҳисса қўшмаслиги керак.
Бундай ҳужжатли фильм бўшлиқда муаллақ турган нарса эмас."
Тадқиқот якунланиб, экспертлар томонидан кўриб чиқилгач, қачондир тўлиқ натижалар эълон қилинади.
Профессор Вебер улардан "жуда эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик билан" фойдаланиш кераклигини айтади.
"Тадқиқот натижаларининг яхши томони шундаки, улар беш, 150 ёки 500 йилдан кейин ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин. Бу тадқиқот келгуси авлодлар учун керак ва ишончим комилки, ақлли одамлар ундан келажакда фойдаланади."












