Бухоро амири саройидан бугунгача: Яҳудий мақомчилар ва Ўзбекистон

- Author, Ибрат Сафо
- Role, Би-би-си, Лейпциг, Германия
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Болалигимдан, рубоб - менинг жоним, ҳаяжоним, фикру ҳаёлим, ижодим. Турғун ака (Алиматов) танбурни қандай яхши кўрган бўлсалар, манам рубобни шундай яхши кўраман... Сегоҳ, Чоргоҳ, Дугоҳ, Наво, баётлар ҳаммаси мен учун қасрдек. Ана шу қасрга кириб, ундан роҳат олиб, фазога чиқиб тушаётгандек бўламан."
Мен Германиянинг Лейпциг шаҳридаги мудроқ бир кўчада, мўъжазгина хонадонда ўзбек мумтоз мусиқасининг энг ёрқин намояндаларидан бири - Ари Бобохонов қаршисида ўтирибман. Бир чеккада пианино, устар ёнида рубоб, жавонларда ноталар тўла китоблар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Тўқсон ёшли созандани кўришга келишдан аввал анча ҳаяжонландим: 20 йилдирки ватандан йироқда яшаётган санъаткор мен билан суҳбатга қанчалар очиқ бўлар экан? Кекса одамни кўп саволлар билан қийнаб ҳам қўйгим келмади.
Лекин, хавотирларим илк онларданоқ ариди. Ари ака куч-қувватга тўла эканлар. Кўришган чоғимиз халқаро сиёсатга шаъма этиб қилган ҳазиллари гурунгимиз қизғин бўлишига ишора қилди: "Мен сизни Оятуллоҳ мени ўлдиришга юбордими деб қўрқдим!"
Ари Бобохонов - асрларки Бухорода яшаган яҳудий мусиқий сулоланинг вакили. Унинг бобоси Леви Бобохонов икки Бухоро амирининг саройида куйлаган. Оиланинг ҳаёти Бухоронинг мусиқий моҳияти саналган Шашмақом билан чамбарчас боғлиқ. Левининг ўғиллари ҳам, ўғилларининг ўғиллари ҳам Шашмақомни чалишган ва куйлашган.

Ари ака Ўзбекистонда узоқ йиллар мақомдан дарс берган ва "Шашмақом" ансамблига асос солган. Лекин, у бу кунлар эваралар даврасида ҳамма қатори кексалик гаштини суряпти, десангиз, адашасиз. У ҳалиям Шашмақомни нотага тушириш билан банд.
"Масалан, Наво мақомида Ҳусайн дегани бор. Ҳусайни Наво дейди. Баётлар бор, баёт талқинаси бор, насри бор. Ундан алоҳияда яна савти ҳам бор. Ўша савти бирон жойга ёзилмаган. Ана шу Савти Ҳусайнини цикл қилиб ёзиб қўйдим. Ёки Бебокча. Бебокчанинг уфари айтилади, лекин қолганлари - муғулчасини, чапандозини, талқинчасини, талқинини, қашғарчасини, соқиномасини ҳеч ким айтмайди. Ана буларни тўлдириб қўйдим", - дея яна қатор-қатор ишларини санайди домла.
Ари Бобохоновни кўришга келишимга бир тарихий воқеа сабаб бўлди. Британиянинг EMI компанияси архивларида сақланаётган тасмаларни яқинда биринчи марта компютерга кўчиришни бошлашди. Улар орасида Леви Бобохоновнинг бутун бошли "албом"и ҳам бор. У 1909-1911 йилларда Британиянинг "The Gramophone Company" ходимлари томонидан Бухорода ёзиб олинган.
Тасаввур қилинг, 100 йил аввал, ҳали мусиқа тасмага тушмаган ва шогирдлар устознинг пойига чўккалаб, Шашмақом оҳанглари ва мисраларини ўрганишга уринаётган даврлар. Унда Британия ва Франциянинг грамофон компаниялари учун Буюк Ипак Йўли очиқ бозор эди ва улар саҳро ва даштларни кечиб, ҳеч ким эшитмаган нотаниш мусиқа турларини ёзиб олиш учун рақобатга киргандилар.
Аммо, бу нозик пластинкаларнинг кўпи рус империясининг қулаши билан чилпарчин бўлди. Россиянинг Қизил армияси 1920 йилда Бухорони замбараклар билан бомбалади ва харобага айлантирди.

Бу пластинкаларнинг икки нусхаси Ари аканинг оиласида бор экан.
"Бунинг қизиқ жойи - унинг атрофига ёзилган сўзлар: Леви Бобохонов - Бухоро Амири ҳазрати олийларининг солисти", - дейди Ари ака менга ўз бобоси сурати туширилган пластинкани кўрсатиб.
Левини амир саройига Ота Жалол етаклаб борган. Ўзи ҳам яҳудийликдан Исломни қабул қилган "чалла"лардан бўлгани айтилган Ота Жалол саройда, бугунги тил билан айтганда, Маданият вазири эди.
"Ота Жалол бир жойда уни тасодифан эшитган. Ота Жалол кўп йиллар орзу қилган, ўзимдан кейин Шашмақом ўлиб кетмасин, дея ўзига шогирд қидирган. Сўнг Амирга айтган, шундай бола бор, овози яхши, шунга Шашмақомни ўргатсам, ҳамма авжларини тўлдириб айтиши мумкин, деган. Қарайдики, танбурни ҳам яхши чаляпти."
Нега Бухоро яҳудийлари ва Шашмақомни айри кўриб бўлмайди? Нега яҳудийлар уни маромига етказиб куйлашган ва авлоддан-авлодга ўтишига хизмат қилишган?
"Яҳудийлар ўзи фолклорни яхши кўради. Кимники бўлса ҳам. Яҳудийларнинг Германияда фолклори бор, Испанияда, Португалияда, Англияда, шу жумладан Бухорода ҳам."
Шашмақом - асосан ўзбек ва тожик халқларининг мусиқий меъросида энг марказий ўринни тутган мақомлар туркуми. У - парда, оҳанг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз куй ва ашулалар мажмуи.

Лекин, унинг ашулалари асосидаги Рудакий, Навоий, Жомий, Лутфий, Нодираларнинг ишқий ва фалсафий шеърлари орасида диний мазмундаги ғазаллар ҳам бор. Ошиқ ўлдум, билмадим ёр ўзгаларга ёр эрмиш, Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш", дейди Навоий.
Хўш, бу каби мисраларни куйлаш Левининг ўз динида шаккоклик саналмасмиди?
Ари ака фикрида, йўқ. "Уни ҳар қандай дин вакили куйлаши мумкин", дейди у. Айнан Бухоро яҳудийлари қонига Шашмақом шу қадар сингиб кетганки, улар ҳатто ўз дуоларини Шашмақом оҳангида айтадилар.
Шашмақом Совет даврида ҳам катта трансформацияга юз тутди.
"Совет даврида мафкура қаттиқ эди. Фақат Ленинизм! Совет даврида партия одамлари Шашмақомни исташмаган. Ўзлари учун қўрқишган. Бу фанатизм, мистика, дейишган. Шунинг учун, Россияга маъқул бўлиши учун улар Шашмақомни шундай ёздиларки, у тракторчилар учун, пионерлар учун, комсомоллар учун бўлсин", - дейди домла.
Унинг айтишича, бунга яҳудийларни жалб қилишмаган.
Анти-семитизм сабаблими? Ўзи яҳудийлар Бухорода, Ўзбекистонда ўзларини ҳеч камситилгандек ҳис қилишганми?
"Одамлар ҳаммаси бир хил эмас. Яҳудийларни дейишадики, ҳаммаси бир хил. Йўқ, бирон халқ бир хил бўлмайди. Улар ичида яхшиси ҳам бор, ёмони бор, ўғриси бор, ғари бор. Ҳаммада бор бу."
Ари Бобохонов билан суҳбатимиз қизиди. Улар мени 90 ёшга кириш сирлари билан таништириш учун бошқа хонага бошлайдилар. У ерда қўзғалмайдиган велосипед.
"Ҳар куни шунда машғулот қиламан, 200-300 та. Бунда қонлар юришади, суяклар жойига тушади, тонус бўлади", - дейди у.
Унинг қизи Сусаннанинг айтишича, Ари ака ҳеч чарчамайди. Рубобни бир чалишни бошласа, 2-3 соат тўхтамай чалиши мумкин.
Суҳбатимиз сўнгида Ари акадан куй чалиб беришни илтимос қилдим. Германиядаги кўчани у шу қадар маҳорат ва енгил ҳаракат билан ижро этаётган Муножот оҳанглари эгаллар экан, менинг Шашмақом яна кўп асрлар яшаб қолишига умидим кучайди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












