Самарқанд баёноти Марказий Осиё - Туркия муносабатларини совуқлаштирадими?

Марказий Осиё президентлари ва Европа Иттифоқи раҳбарлари

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё - Европа Иттифоқи саммити тарихий воқеа деб баҳоланди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Сўнгги кунларда қатор нашрлар Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё - Европа Иттифоқи саммити минтақанинг муҳим сиёсий ва иқтисодий шериги бўлган Туркия билан муносабатларига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигига бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилдилар.

Айни пайтда халқаро тан олинмаган, аммо 2022 йилдан буён Туркий Давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида кирган Шимолий Кипр Турк жумҳурияти президенти Эрсин Татар Марказий Осиё раҳбарларини огоҳлантиргани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Гап Марказий Осиё мамлакатлари Шимолий Кипрни расман тан олишдан бош тортишлари Туркияни ғазаблантириши мумкинлиги ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистондаги Qalampir.uz нашри ёзишича, ЕИ ва Марказий Осиё раҳбарлари апрел бошида Самарқандда қабул қилган қўшма баёнотда барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.

"Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик — бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди", дейилган баёнотнинг айнан 4-бандида.

541 ва 550 резолюциялар эса Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик, улар билан ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади", деб ёзди Qalampir.uz.

3-4 апрел куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё - Европа Иттифоқи биринчи саммитида Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа Кенгаши Президенти Антонио Кошта, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этдилар.

Кузатувчилар Россиянинг Украинадаги уруши ва Хитойнинг таъсири ошиб бораётган бир манзарада Европа Иттифоқи ушбу саммитга Марказий Осиё билан алоқаларини чуқурлаштириш стратегиясидаги бурилиш нуқтаси сифатида қаради деб ёздилар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Европа Иттифоқи минтақага 12 миллиард Евро сармоя киритишга ваъда берди, Ўзбекистон ва Тожикистон билан шериклик келишувларини кенгайтириш режаларини эълон қилди.

Таҳлилчиларга кўра, ЕИ-МО қўшма баёноти уч туркий давлатнинг Кипр баҳси бўйича мавқеъларини ЕИ ва БМТ мавқеъларига мослаштирган.

ЕИ ва БМТ Туркияни Кипр шимолини босиб олган босқинчи мамлакат деб билади, асосан турклар истиқомат қиладиган Шимолий Кипр Турк республикасини тан олмайди.

Туркия эса Кипр оролида иккита давлатни барпо этиш ғоясини илгари суриб келади.

БМТ Кипрдаги икки давлатни бирлаштириш музокараларини бошлаган, 2017 йили Швейцариянинг Кран-Монтанасида ташкиллаштирилган музокаралардан расмий Анқара чиқиб кетишга қарор қилган.

Ўшандан буён Туркия Шимолий Кипр Турк республикаси(ШКТР)ни халқаро саҳнада расман эътироф этилишига ҳаракат қилиб келади.

2021 йили Шимолий Кипр Турк республикасига Туркий Давлатлар ташкилотига кузатувчи мақоми берилди, 2024 йилдаги Туркий Давлатлар раҳбарларининг Бишкекдаги саммитига ШКТР Президенти Эрсин Татар фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.

Кузатувчиларга кўра, жаноб Татарнинг Бишкек саммитидаги иштироки ЕИ ва ЕИ расман тан олган жанубий Кипр Респбуликаси танқидларига сабаб бўлди, улар Туркиянинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири ШКТРнинг эътирофига олиб келади деб қўрқдилар.

Мухбирларнинг ёзишларича, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркий Давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши раиси, собиқ ташқи ишлар вазири Бинали Йилдирим сўнгги ривожланишларга нисбатан сукут сақлаб туриптилар.

Туркиядаги мухолифат эса ҳукуматни муносабат билдирмагани учун танқид қилган.

Diplomat нашри Марказий Осиё Кипр борасида Туркия билан дипломатик бўлинишга йўл очди деб ёзди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг