Россияга қарши санкциялар Марказий Осиёга зарар келтиришини яхши биламиз – ЕИнинг бош дипломати

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас 27 март куни Ашхободда Марказий Осиё давлатлари вакиллари билан учрашган. Хабар қилинишича, ЕИ олий вакили Россияга қарши санкцияларнинг минтақага зарари ҳақида гапирган.

uchrashuv

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқи бош дипломати пайшанба куни Ўзбекистон президенти билан ҳам учрашган.

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас пайшанба куни йигирманчи ЕИ-Марказий Осиё вазирлар учрашувига раислик қилган.

Йиғилишда иштирок этган томонлар Украинада барқарор тинчликка эришиш заруриятини яна бир бор эътироф этган.

Рус матбуотининг хабар қилишича, Каллас хоним Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида гапирган.

27 март кунининг ўзида Кая Каллас Ўзбекистон президенти қабулида ҳам бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Ашхободдаги учрашув

Пайшанба куни Туркманистон пойтахтида ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари учрашувининг асосий мавзуси апрель бошида Самарқандда ташкил этилажак саммитга тайёргарлик кўриш бўлган.

Учрашувда Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирок этган.

Европа Иттифоқи тарқатган расмий хабарга кўра, томонлар ўзаро стратегик манфаатларни очиқ муҳокама қилганлар.

uchrashuv

Сурат манбаси, mfa.gov.tm

Сурат тагсўзи, Ашхободдаги вазирлар учрашувининг асосий мавзуси 3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтажак "Марказий Осиё — Европа Иттифоқи" биринчи саммитига тайёргарлик бўлган.

Икки минтақа алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида 4 апрель куни Самарқандда ташкил этилаётган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммитига доир тадбирларни ўтказиш бўйича келишиб олинган.

Бир вақтнинг ўзида, вазирлар йиғинида Украина можароси бўйича ҳам фикрлар алмашилган.

"Томонлар Украинада БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ ҳар томонлама, адолатли ва бардавом тинчликка имкон қадар тезроқ эришишга чақирди", дейилади ЕИ эълон қилган қўшма коммюникеда.

Европа томони Марказий Осиё давлатларига жорий геосиёсий вазиятда ўзи жорий этган чекловчи чоралар бўйича ахборот тақдим этган.

"Санкциялар сизга зарар келтиришини биламиз"

ТАСС'нинг ЕИ топ дипломатидан иқтибос келтиришича, у Европа Россияга қарши жорий этган санкцияларнинг минтақага зарарини тилга олган.

President's press service
Bu sanksiyalar sizlarning iqtisodiyotingizga zarar keltirishini tushunaman, lekin anigʻi shuki, hammamiz urushga barham berilishini istaymiz.
Kaya Kallas
Yevropa Ittifoqi bosh diplomati (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Европа Иттифоқи Россия ҳарбий машинасини тўхтатиш мақсадида санкцияларнинг 16-пакетини жорий қилди ва биз 17-пакет устида ишлаяпмиз. Шу сабаб мен бизнинг санкцияларни, жумладан Марказий Осиё орқали айланиб ўтилишига қарши курашиш аҳамиятини тилга олиб ўтдим. Бу санкциялар сизларнинг иқтисодиётингизга зарар келтиришини тушунаман, лекин аниғи шуки, ҳаммамиз урушга барҳам берилишини истаймиз… Россия компаниялари санкцияларни четлаб ўтиш йўлида Марказий Осиёга юзланишига қўймаслик лозим", Калласдан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги.

Европа Иттифоқининг маълум қилишича, Ашхободда Марказий Осиё давлатлари вакиллари санкцияларнинг минтақа ҳудуди орқали четлаб ўтилиши, хусусан, аҳамияти юқори товарларнинг қайта экспорт қилиниши олдини олиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга розилик билдирган.

Кая Каллас 27 март куни Ўзбекистон президенти билан ҳам учрашган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масаласи муҳокама қилинган.

"Санкцияларни бекор қилиш вақти эмас"

Европа Иттифоқининг бош дипломати Россия ўзига қарши қўйилган санкцияларни юмшатишга зўр бераётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари вакиллари билан учрашган.

Шу ҳафтада Кремль Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кириши учун Россия банклари, компаниялари, кемалари, портларига қўйилган санкциялар олиб ташланишини талаб қилган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Россиянинг бу талаблари кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Бироқ Европа етакчилари Трампни президент Владимир Путинга ишонмасликка чақириб чиққан.

27 март куни минтақанинг 30 га яқин лидерлари Парижда йиғилган.

Getty Images
Hozir sanksiyalarni bekor qilish vaqti emas. Biz qaytanga Rossiyani muzokara stoliga oʻtqazishga majburlash yoʻlida sanksiyalarni kuchaytirish masalasini muhokama qildik.
Kir Starmer
Britaniya bosh vaziri (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Улар Париж саммитида Россияга қарши санкцияларнинг муддатидан аввал бекор қилинишига қарши чиққан.

Хусусан, Британия бош вазири Кир Стармер "ҳозир бунинг вақти эмас"лигини таъкидлаган.

"Ҳозир санкцияларни бекор қилиш вақти эмас. Биз қайтанга АҚШнинг босимни кучайтириш орқали Россияни музокара столига ўтқазиш ташаббусини дастаклаш мақсадида санкцияларни яна қандай кучайтириш мумкинлигини муҳокама қилдик", деган Стармер.

Германиянинг тез орада лавозимидан кетаётган канцлери Олаф Шолц эса санкцияларни ҳозир бекор қилиш "жиддий хато" бўлишидан огоҳлантирган.

Унинг сўзларига кўра, тинчликка эришилмагунга қадар "санкцияларни бекор қилишдан ҳеч қандай маъно йўқ".

"Афсуски, биз ҳали бундан анча узоқдамиз", қўшимча қилган Шолц.