Янгиланди: "Россиянинг уруши маҳаллий можаро эмас" – Самарқанд саммитида геосиёсий таҳдидлар эътибордаги асосий мавзу бўлди. Видео

samarqand

Сурат манбаси, President's press service

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Жума куни Европа Иттифоқи етакчилари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан Самарқандда йирик тарихий саммит ўтказди. Асосий эътибор Россия ва Хитой таъсири ҳали кучли бўлган минтақа билан дипломатик ҳамда савдо алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

4 апрель куни Марказий Осиё президентлари Самарқандда ўтган тарихий саммитда Европа Иттифоқи етакчилари билан учрашди.

Мазкур саммит кузатувчилар томонидан минтақанинг Россия Украинага бостириб кириши ортидан кучайган Москва таъсиридан имкон қадар чекиниш ҳаракатида муҳим нуқта, дея қайд этилган.

Бир вақтнинг ўзида, ЕИ минтақа учун нафақат Россия, балки Хитой билан ҳам рақобатни кучайтиришга аҳд қилгани кўзга ташланган.

MFA
Noaniqlik hukm surayotgan zamonda Yevropa ochiqlik va hamkorlik tomonida turibdi. Yevropa uchun Markaziy Osiyo tanlangan hamkordir.
Ursula fon der Lyayen
Yevropa komissiyasi raisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

ЕИ етакчиси Урсула фон дер Ляен Брюссел ушбу саммит ортидан Марказий Осиё билан муносабатни "янги даража"га кўтариши ҳамда транспорт, табиий ресурслар, энергетика соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлашидан умид қилаётганини тилга олган.

"Ноаниқлик ҳукм сураётган замонда Европа очиқлик ва ҳамкорлик томонида турибди. Европа учун Марказий Осиё танланган ҳамкордир", таъкидлаган у.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Россия халқаро тизим барқарорлигига путур етказди"

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Самарқанд саммитида Россия Украинага қарши бошлаган уруш ва тинчликка эришиш масаласи кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлган.

KG President's press service
Bugun biz duch kelayotgan eng jiddiy xavfsizlik tahdidi — Rossiyaning Ukrainaga qarshi davom etayotgan agressiyasidir. Bu urush Ukraina va Yevropadan ancha chetga borib taqaladi.
Antoniu Koshta
Yevropa kengashi prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Бугун биз дуч келаётган энг жиддий хавфсизлик таҳдиди — Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессиясидир. Бу уруш Украина ва Европадан анча четга бориб тақалади. Россиянинг уруши маҳаллий даражадаги можаро эмас, балки халқаро тартибнинг асосини ташкил этувчи, қоидага асосланган халқаро тартиб тамойилларига қилинаётган ҳужумдир", таъкидлаган Европа кенгаши президенти Антониу Кошта Самарқандда қилган нутқида.

Жаноб Кошта БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлмиш Россия халқаро қонунларни поймол этгани ҳамда халқаро тизим барқарорлигига путур етказаётганини тилга олган.

Шунингдек, у ҳозирда Украинада тинчлик ўрнатишга имконият пайдо бўлгани ва ҳар томонлама, адолатли, бардавом тинчликни кафолатлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш лозимлигини айтган.

Президент Мирзиёев бундай чақириқларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

President's press service
Ukraina atrofidagi vaziyatni tinch yoʻl bilan hal etish boʻyicha muzokaralar jarayonlari boshlanganini olqishlaymiz va toʻliq qoʻllab-quvvatlaymiz.
Shavkat Mirziyoyev
Oʻzbekiston prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёнлари бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Олдинда жуда мураккаб ва ечими осон бўлмаган масалалар турганини тушунамиз. Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдан бошқа муқобил йўлни биз кўрмаяпмиз", деган Ўзбекистон етакчиси.

Хавфсизлик ва Афғонистон

Саммитда кўтарилган яна бир геосиёсий хавфсизликка оид масала бундан тўрт йил муқаддам Толибон ҳокимиятга келган Афғонистонда барқарорликни таъминлаш зарурияти бўлган.

Мирзиёев "дунё Афғонистондан келаётган таҳдидларга етарлича баҳо бермаётган"ини таъкидлаган.

"Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз", қайд этган у.

samarkand

Сурат манбаси, Kyrgyz President Press Service

Ўз навбатида Антониу Кошта Марказий Осиё давлатларида минтақавий таҳдидларни юмшатиш тажрибаси шаклланганини эътироф этган.

"Афғонистонга тўхталадиган бўлсак, бу ерда бир нечта хавфсизлик таҳдидлари, хусусан, терроризм, зўравон экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдосининг Марказий Осиё ҳамда Европага тарқалиб кетиш хавфи туғилмоқда. Марказий Осиё бу таҳдидларни юмшатиш борасида бой тажрибага эга. Биргаликда биз минтақавий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳаракат қилишимиз мумкин".

"Бизга ишонса бўлади"

Саммит доирасидаги тадбирларда Европа Иттифоқи ўзини Марказий Осиёга "ишончли ҳамкор" ўлароқ тақдим этган.

Тадбирда табиий захираларга бой минтақа билан муҳим минерал ресурслар ва яшил энергетика борасида ҳамкорликни янги даражага чиқариш масаласи муҳокама қилинган.

ЕИ ва минтақанинг беш давлати алоқаларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтаришни келишиб олган ҳамда Европа транспорт коридорлари ва фойдали қазилма бойликлардан иборат тўрт соҳани ривожлантириш йўлида 12 миллиард евролик инвестиция пакетини эълон қилган.

Бир вақтнинг ўзида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар саммит олдидан ЕИни Марказий Осиё етакчилари билан ҳуқуқ масаласини кўтаришга чақирган.

Хусусан, ЕИга мактуб йўллаган Cotton Campaign иттифоқ етакчиларидан пахта саноатидаги ишчилар ҳуқуқлари масаласини кўтаришни сўраган.

"Европа Иттифоқи ушбу мулоқотни ишчилар ҳуқуқларида аниқ ютуқларга эришишни талаб қилиш орқали савдо ва инвестиция имкониятларини шартли равишда боғлаш билан мустаҳкамлаши лозим", дейилади ташкилот 3 апрель куни эълон қилган баёнотда.

Шунга қарамай, BBC'нинг Самарқанд саммитини бевосита кузатаётган мухбирларининг хабар беришича, олий даражада ўтказилган тадбирларда инсон ҳақлари масаласи тилга олинмаган.

3 апрель: Нигоҳлар Самарқандда - Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммитидан нималар кутиш мумкин? Видео
Самарқанд

Сурат манбаси, Getty Images

Фирдавс Завқиев

bbc.com/uzbek. Тошкент-Самарқанд

3 апрел тонгги. Самарқанд келгуси икки кун давомида Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Марказий Осиё Президентлари иштирокидаги саммитга мезбонлик қилади.

Бу каби икки томонлама йирик йиғилиш илк марта ўтказилмоқда. Кун тартибида хавфсизликдан тортиб, транспорт йўлаклари масалаларигача бор.

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорликни янги босқичга чиқармоқчими?

Самарқанддаги саммитдан нималар кутиш мумкин?

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи

Учрашув

Сурат манбаси, president.uz

Сўнгги вақтларга келиб, Европа мамлакатлари ва компаниялари асосан Марказий Осиёнинг бой энергия ва минерал ресурсларига қизиқиш билдирмоқда.

Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ёзеф Сикела бироз вақт олдин ўз Linkedin саҳифасида минтақанинг муҳимлигини таъкидлаб, унинг иқтисодий салоҳиятини алқаган эди:

"Литий, мис ва бошқа стратегик минераллар электрон транспорт воситаларидан тортиб рақамли қурилмаларгача бўлган барча нарсалар учун зарурдир. Марказий Осиёда катта заҳиралар мавжуд ва биз уларни қазиб олиш ва қайта ишлашда адолатли, ҳамкорликка асосланган ёндашувни — юқори экологик ва ижтимоий стандартларни таъминлашни таклиф қилмоқдамиз".

Сўнгги геосиёсий ўзгаришлар манзарасида айни қизиқиш яна-да ривож топгани айтилади.

Украинадаги уруш бошланганидан бери Транс-Каспий Халқаро Савдо Йўлагининг аҳамияти яна-да ошди. Ушбу йўлак Марказий Осиёдан Каспий денгизи орқали Кавказга, Қора денгиз ва Туркия орқали эса Европа бозорига чиқади.

Саммит кун тартибидаги масалалардан бири ҳам айни транспорт йўлагидир.

Ўзбекистон: Европа Иттифоқи Самарқандда Трампнинг божларига жавоб қайтарди - видеомизни кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Алоқадор мавзулар

Ўрта йўлак

Ўрта йўлак

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Сиёсий таҳлилчи Уилдер Алесандрога кўра, Транс-Каспий йўлагининг тақдири Украинадаги урушнинг якуни ҳамда Россия ва Европа ўртасидаги муносабатларнинг келажагига боғлиқ.

Сикела бу йўлак ҳақида шундай изоҳ берган: "Ўрта Йўлак Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташиш муддатини атиги ўн беш кунга қисқартириши мумкин. Бу эса биз учун анъанавий йўлларга муқобил муҳим вариант дегани."

Европа Иттифоқи айни лойиҳага аллақачон сармоя киритишни ҳам бошлаган. Жумладан, боғлиқликни яхшилаш учун 30 миллион евро ($32 миллион) ва иқтисодий ривожланиш учун 28,4 миллион евро ($30,6 миллион) ажратган.

Бироқ, айрим кузатувчилар ЙИнинг ушбу стратегияси Россия ва Хитой аралашувисиз амалга ошиши қийинлигини таъкидлайди.

Сиёсий таҳлилчи Уилдер Алесандрога кўра, Транс-Каспий йўлагининг тақдири Украинадаги урушнинг якуни ҳамда Россия ва Европа ўртасидаги муносабатларнинг келажагига боғлиқ.

"Европа ва Марказий Осиё ҳукуматларининг ташқи сиёсатдаги устуворликлари ва мафкуралари инобатга олинса, Самарқандда дипломатик альянс тузилиши эҳтимоли кам. Бундан ташқари, беш Марказий Осиё давлати Европа билан ҳамкорлик қилишга бир хил даражада иштиёқ билан ёндашаётганини тахмин қилиш нотўғри бўлади."

"Масалан, диктаторлик бошқарувидаги Туркманистон ўзининг бетараф ташқи сиёсатига содиқ қолаётган бўлса, Тожикистон ва Қирғизистон сўнгги йилларда Хитой билан алоқаларини мустаҳкамлади. Бошқа томондан, саммит мезбони Ўзбекистон Европа билан муносабатларни яхшилашни истамоқда", - деб ёзган у "National Interest"даги мақоласида.

Ёндашув

Самарқанд
gettyimages
Hammasi yaxshi ketsa, Samarqand Qozog‘iston va uning Yevropadagi hamkorlari o‘rtasidagi aloqalar kabi o‘zaro manfaatli hamkorlikning yangi bosqichiga aylanishi mumkin...
Uilder Alesandro
Siyosiy tahlilchi (batafsil: bbc.om/uzbek da).

Саммит мезбони Ўзбекистон каби қўшни Қозоғистон ҳам Европа билан ҳамкорликка алоҳида қизиқиш билдириб келади.

Европа Иттифоқининг Қозоғистонга нисбатан алоҳида қизиқиш билдираётган йўналишлари орасида стратегик таъминот занжирларини мустаҳкамлаш, Ўрта Йўлак орқали тезкор савдо йўлларини ривожлантириш ҳамда рақамли боғлиқликни яхшилаш бор.

Март ойининг ўрталарида бўлиб ўтган Миллий Қурултойда (Миллий Кенгаш) Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев глобал сиёсатнинг минтақавийлашуви ва таъсир доиралари учун кураш ҳақида фикр юритган.

Қозоғистон аллақачон нисбатан кўп йўналишли ташқи сиёсати билан танилган бўлса-да, давлат раҳбари миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун "прагматик ва оқилона ҳаракат қилиш" зарурлигини алоҳида таъкидлаганини кўриш мумкин.

"Президент Тоқаев Самарқандга ташриф буюрганида, мураккаб Евроосиё геосиёсатини издан чиқармасдан Европа билан ҳамкорлик қилиш учун прагматизм ва реалистик ёндашув талаб этилади".

"Туркманистон инсон ҳуқуқлари масалаларининг якуний декларацияда акс этишини истамайди. Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг Россия билан яқин алоқалари туфайли Украина масаласи тилга олинмаслиги мумкин", - дейди Уилдер Алесандро.

Ўзбекистон: Украина уруши фонида Самарқандда тарихий саммит бошланмоқда - видеомизни кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

Кун тартиби

Самарқанд саммити

Сурат манбаси, president.uz

Саммит кун тартибида иқтисодиёт, савдо ва яшил энергия масалалари билан бирга хавфсизлик омилини ҳам кўриш мумкин. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, хавфсизлик юзасидан кескин баёнотлар ва чиқишлар бўлиши эҳтимолдан йироқ.

"ЙИ-МО саммити, эҳтимол, янада кўпроқ ҳамкорлик ва интеграцияни тарғиб қилувчи умумий дипломатик баёнот билан якунланади", - дея қўшимча қилади у.

Уилдер Алесандро саммит доирасида яшил лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланиши ёки музокаралар бошланиши амалиётга яқинлигини таъкидлайди.

"Масалан, Қозоғистон кичик гидроэлектр ва атом электр станцияларини қуриш учун инвестициялар изламоқда, бу эса Европанинг яшил мақсадларига мос келади. Шу билан бирга, Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ИТ ва ишлаб чиқариш соҳаларига инвесторларни жалб қилишни хоҳламоқда".

Сўнгги йилларга келиб, ўзаро қизиқишлар мунтазам ўтказиб келинётган учрашувларда ҳам кўринмоқда. 2023 йилда Франция Президенти Эммануэль Макрон Марказий Осиёга ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда Остонада Марказий Осиё-Германия саммити бўлиб ўтганди.

Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги дипломатик мулоқот сезиларли даражада мустаҳкамланган. Хусусан, ҳудудга тикилувчи инвестицияларнинг энг кўпи (40 фоиздан ошиғи) айни Европа Иттифоқидан келади.

Саммит аҳамияти

Айни сабабдан ҳам Европа Иттифоқи-Марказий Осиё саммити муҳим воқеликка эврилмоқда. Тадбир Брюссель ва Европа ҳукуматлари Марказий Осиёни муҳим ҳамкор сифатида кўраётганини намоён қилади.

"Дипломатик нуқтаи назардан, ЙИ-МО саммити глобал кескинликлар ва геосиёсий ўзгаришлар фонида ўтмоқда. Европа ва Марказий Осиё бир-биридан географик жиҳатдан узоқда жойлашган, шунингдек, айрим давлатларнинг ташқи сиёсат устуворликлари ва ички муаммолари яқинроқ интеграция учун тўсиқ бўлиши мумкин", - дейди Уилдер Алесандро.

"Аммо ҳаммаси яхши кетса, Самарқанд Қозоғистон ва унинг Европадаги ҳамкорлари ўртасидаги алоқалар каби ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичига айланиши мумкин".

2 апрел. ЕИ-Марказий Осиё: Самарқанд саммитидан умидлар каттами?
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Кая Каллас Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан.

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Самарқанд саммити арафасида Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Кая Каллас минтақа раҳбарлари билан учрашиб чиқди

Аслида 2024 йили режаланган, бироқ Европа Иттифоқидаги янги тузилмаларни шакллантириш жараёни боис ортга сурилган Самарқанддаги Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги саммит АҚШ Президенти Трампнинг Европага қарши очган "савдо уруши" бошланишига тўғри келди.

3-4 апрел кунлари Самарқанд шаҳри ёпиладиган бўлди, талабалар қисқа таътилга чиқарилиб, ҳайдовчилар йўллар ёпилишидан огоҳлантирилдилар.

Йирик саммит арафасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Euronews га интервью берди, Ўзбекистон ушбу тадбирга "Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи институтлари ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштирадиган" тадбир бўлишига умид қилинаётгани хабар қилинди.

Президент Мирзиёев ўз интервюсида "Марказий Осиё плюс" формати тобора кўп мулоқотлар шаклига айланиб бораётганини таъкидлади.

"Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда", деди Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон Самарқанд саммитига расмий Тошкентнинг Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришида Европа Иттифоқи кўмаги тегадиган тадбирлардан бири бўлишига умид билдирилаётгани айтилди.

Таҳлилчиларга кўра, Самарқанд саммити Европа Иттифоқи учун ҳам муҳим тадбир деб кўрилган, у Брюсселнинг Global Gateway деб номланган стратегиясига янада кенг йўл очиш имкониятини берадиган саммит деб ҳам кўрилаяпти.

Global Gateway Хитойнинг "Бир қутб, бир йўл", "Бир белбоғ, бир йўл" ёки "Бир макон, бир йўл" деб таржима қилиш мумкин бўлган ташаббусига муқобил стратегия сифатида ўртага ташланган.

70 йил СССР таркибида бўлган Марказий Осиё яқин-яқингача ҳам Россиянинг таъсир доирасидаги ҳудуд деб кўриб келинган, бундай ёндашувни минтақа сиёсатчилари ҳам қоралаганлар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Аммо охирги ўн йилликларда иқтисодий "оёққа турган" Хитой Осиё, Африка ва ҳатто Европада европаликларникига нисбатан лойиҳаларни таклиф эта бошлади, Пекин Африкани "қарз ботқоғига ботираётгани" ҳақидаги хавотирлар билдирила бошлади, арзон қурилиш таклифлари болқонликларни ҳам ўзига жалб этди.

Икки йил олдин Сиан шаҳрида Марказий Осиё президентларини тўплаган Хитой 4 миллиард доллар беғараз ёрдам таклиф қилди, бугунги кунда минтақа мамлакатларининг энг йирик сармоядори Пекин бўлиб қолаяпти.

Россия 2022 йил Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейин Европа Иттифоқи билан Россия муносабатлари кескин совуқлашди, Европа Россияга қарши санкцияларнинг бир неча пакетини киритди.

Европа ўзининг Россия нефти ва газига қарамлигини тугатишга, энергетика манбаларини турфалаштиришга бел боғлади.

ЕИнинг Марказий Осиё билан муносабатларини янада яхшилаш мақсадларидан бири ҳам энергетика манбаларининг диверсификациясидир.

2024 йили Европа Иттифоқи Транс-Каспий савдо тармоғини барпо этишга 10 миллиард Евролик сармоя ваъда қилди.

Мухбирларга кўра, Брюссел Марказий Осиё давлатлари билан шериклик битимларини янада кенгайтириши мумкинлигига ишора берган ва Самарқанд саммити савдо алоқалари янада фаоллашишига туртки бериши мумкин.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиё тарихан муҳим минтақа бўлиб келган ва бу ерда Россия ва Хитой ҳозирлиги муқимлашиб улгурган.

Бундай шароитда Европа Иттифоқининг минтақага ўз таъсирини оширишга интилиши осон кечмайди.

Самарқанд саммити арафасида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат идораси раҳбари Кая Каллас минтақа давлатларига ташриф буюрди, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда саммит масаласини муҳокама қилдилар.