Толибон Афғонистони: "Мен ишга келмасам, оналарни туғдирадиган одам йўқ"

- Author, Турпекай Ғаранай
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Бир неча кун олдин клиникага туғруқ учун 5 нафар аёл келди. Бешовларига бирин-кетин ёрдам бердим. Бири каравотдан тушар, иккинчиси ўрнига ётарди. Тезда қўлларимни ювиб, кейингисига ўтардим.
Ўша куни: "Қанийди ёрдамчи бошқа доя бўлса," деб ўйладим.
Афғонистоннинг жануби-ғарбий қисмидаги Нимрўз вилоятининг Чағансур туманида Арзо 16 000 аҳолига хизмат кўрсатадиган ягона доя бўлиб, барча ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар учун масъулдир.
Туманда фақат мана шу битта кичик клиника бор, одамлар кўпинча кўриниш учун узун навбатда туришади.
Арзонинг айтишича, беморлар сони "ҳаддан ташқари кўп" ва ходимлар одамларга керакли даражада ғамхўрлик кўрсата олмайди.
Туғруқ бўлимида фақат битта каравот бор, шунинг учун агар бир вақтнинг ўзида иккита аёл туғадиган бўлса, бири каравот ва доя бўшагунча йўлакда кутиши керак.
Навбатда турганлар каравотга етиб боради ёки йўлакдаёқ туғиши мумкин.
Олти йилдан буён туманнинг ягона дояси бўлиб ишлаётган 32 ёшли Арзо клиникадан беш дақиқалик масофада яшайди.
Илгари у ишга ёлғиз ўзи пиёда борарди. Бироқ, Толибон ҳукумати аёлларнинг жамоат жойларида эркак ҳамроҳсиз юришини тақиқлаган, шунинг учун эри уни клиникага кузатиб қўяди ва олиб кетади.
Унинг иш вақти 08:30 дан 15:30 гача, лекин у доимий навбатчиликда қолади.
"Иш ҳажми жуда катта. Кеча-кундуз ишлайман. Агар аёл кечқурун тўлғоқ тутса, қаерда бўлишимдан қатъи назар – дафн маросимидами ёки тўйдами – клиникага шошилишим керак," дейди Арзо.
Аммо у жуда узоқда бўлса ёки клиникага бора олмаса нима бўлади?
"Агар мен бўлмасам, ё ёрдамчи доя ёрдам беради, ё туғруққа ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмайди. Туғаётган аёллар ёпиқ клиника эшигидан қайтарилади," дейди у.
Agar men bo‘lmasam, yo yordamchi doya yordam beradi, yo tug‘ruqqa yordam beradigan hech kim bo‘lmaydi. Tug‘ayotgan ayollar yopiq klinika eshigidan qaytariladi.
Ёрдамчи доя бошқа тумандаги клиникада ҳам ишлайди ва кўпинча бўш бўлмайди.
АҚШнинг охирги ёрдам қисқартиришидан сўнг соғлиқни сақлаш энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири бўлди. БМТнинг ёрдам бўйича раҳбари Том Флетчернинг айтишича, Афғонистоннинг жанубий вилоятларида бир неча ой ичида 400 га яқин тиббиёт марказлари ёпилган.
Бироқ, Толибон ҳозирча ёпилган соғлиқни сақлаш муассасалари ва клиникаларнинг умумий сони ҳақида аниқ маълумотларни эълон қилмаган.
Афғонистоннинг 421 туманидан фақат тўртдан бирида касалхона бор.
Касалхонага мотоциклда

Сурат манбаси, Getty Images
Фотима (унинг исми ўзгартирилди) саккиз ойлик ҳомиладор бўлганида, қон босими тўсатдан кўтарилиб, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлди.
Аммо Афғонистоннинг марказий қисмидаги Ғўр вилоятининг тоғли Алло Яр туманида яшовчи бу аёл тумандаги иккита кичик соғлиқни сақлаш муассасасидан бирига узоқ йўл босиб ўтишига тўғри келди.
"Тиббий ёрдам олиш учун мотоциклда беш-олти соат йўл юришимга тўғри келди. Клиникага етиб боргунимча чақалоғим ичимда ўлиб бўлганди," дейди у.
Ғўрда йўллар ёмон, шароит оғир. Аммо доялар ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг етишмаслиги ҳомиладорликни янада хавфли қилиб қўйди.
Алло Ярда яшовчи аёлнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, тумандаги аёлларнинг 90 фоизи уйда туғади.
Арзонинг айтишича, бу унинг туманида ҳам тез-тез учрайди.
"Ҳомиладор аёл шифохонага етиб бориши учун кўпинча машинада икки-уч соат йўл юришига тўғри келади. Кўпчиликнинг бунга қурби етмайди, шунинг учун уйда туғади."
Доялар етишмовчилиги

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар 10 000 кишига 10 нафар дояни тавсия қилади, шунинг учун тахминан 40 миллион аҳолига эга Афғонистонга 40 000 доя керак.
Яқинда Афғонистонни тарк этган собиқ соғлиқни сақлаш ходимининг айтишича, мамлакатда атиги 5 минг доя бор – бу тавсия этилган рақамдан анча кам. Аммо Толибоннинг Жамоат саломатлиги вазирлигидаги ҳозирги амалдор Би-би-си билан суҳбатда Афғонистон бўйлаб 10 мингга яқин доя ишлаётганини айтди.
Би-би-си Толибондан расмий статистикани олишга ҳаракат қилди, аммо улар бу ҳақда аниқ маълумот беришмади.
Собиқ ҳукуматдаги амалдорлар соғлиқни сақлаш тизимида гендер номутаносиблиги борлигини тан олишарди. Соғлиқни сақлаш вазирининг собиқ ўринбосари доктор Башир Нормалнинг айтишича, Толибон ҳокимиятга келишидан олдин тиббиёт ходимларининг атиги 32 фоизи аёллар бўлган.
Толибоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ амалдорининг Би-би-сига айтишича, 20 та чекка туманда аёл тиббиёт ходимлари умуман йўқ.
Баъзи аҳоли вакиллари Би-би-сига айтишича, ҳеч қандай тиббий маълумотга эга бўлмаган маҳаллий аёллар мутахассислар йўқлиги сабабли "доя" деб аталмоқда.
Оналар ўлими статистикаси, кутилганидек, даҳшатли.
2020 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистонда ҳар куни 24 нафар аёл туғруқ асоратларидан вафот этишини тахмин қилган бўлса, БМТ 2024 йилда ҳар 100 000 туғилишга 620 она ўлими тўғри келишини маълум қилди – бу дунёдаги энг юқори оналар ўлими кўрсаткичларидан бири.
Аммо бу кўрсаткичлар яхшиланишини тасаввур қилиш қийин.
2021 йилда ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг, Толибон аёлларнинг тиббиёт олий ўқув юртларига киришини тақиқлади, натижада доялар учун ўқув марказлари ёпилди.
Арзонинг ўзини Афғонистонда ҳозир фаолият юритмаётган хорижий ноҳукумат ташкилоти ўқитган.
Агар вазият ўзгармаса, йиллар ўтган сайин доялар сони тобора камайиб боради, бу эса Арзо учун ташвишли.
"Нафақага чиққанимда нима бўлишидан хавотирдаман. Чақалоқларни дунёга келтиришда ким ёрдам беради?
Бу ҳақиқий фожиа бўлади."












