Юраги қаримайдиган қабила сири нимада?

Мартина Амазон ўрмонида яшовчи 16 000 нафар чимейнейдан бири

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Мартина Амазон ўрмонида яшовчи 16 000 нафар чимейнейдан бири
    • Author, Алехандро Миллан Валенсия, Боливия
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Мартина Канчи Нейт Боливия ўрмони бўйлаб кетиб борар экан, унинг атрофида қизил капалаклар учиб юрарди, биз ундан бироз нафас ростлаш учун тўхташини сўрашимиз керак бўлди – жамоамиз унга етиб улгуролмасди.

Унинг гувоҳномасида ёзилишича, у 84 ёшда, лекин 10 дақиқа ичида у илдизлардан ажратиш учун учта юкка дарахтини қазиди ва икки марта пичоқ билан банан дарахтини кесди.

У мева боғламини елкасига илиб, ўз даласидан уйига жўнайди. Бу ерда у кассава, маккажўхори, банан ва гуруч етиштиради.

Мартина Боливиянинг энг йирик шаҳри Ла Пасдан 600 км шимолда жойлашган Амазон ўрмонида яшовчи 16 000 нафар чимейней – ярим кўчманчи маҳаллий жамоаси аъзосидир.

Унинг қуввати ўз ёшидаги чимейнейлар орасида ғайриодатий эмас. Олимлар уларнинг артериялари энг соғлом эканлиги, миялари Шимолий Америка, Европа ва бошқа мамлакатлардаги одамларникига қараганда секинроқ қаришини аниқлаган.

Чимейнейлар ноёб халқ. Улар овчилик, термачилик ва деҳқончилик билангина кун кўрадиган сайёрадаги охирги халқлардан биридир. Бу жамоа, шунингдек, муҳим илмий ўрганиш учун етарлича намуна бўла олади ва Нью-Мексико университети антропологи Хилард Каплан бошчилигидаги тадқиқотчилар уларни йигирма йил давомида ўрганишди.

Хуан овга тайёргарлик кўрмоқда
Сурат тагсўзи, Хуан овга тайёргарлик кўрмоқда

Чимейнейлар фаол ҳаёт кечиради – ҳайвонларни овлайди, озиқ-овқат етиштиради ва том тўқишади.

Кундузги соатларнинг 10% дан камроғигина ҳаракатсиз ўтади, саноатлашган жамиятларда бу 54% дир. Мисол учун, ўртача ов саккиз соатдан кўпроқ давом этади ва 18 км.ни ташкил қилади.

Улар Маники дарёси бўйида, энг яқин шаҳардан тахминан 100 км узоқликда яшайдилар, қайта ишланган озиқ-овқат, спиртли ичимликлар ва сигареталарни ўта чекланган миқдорда олишлари мумкин.

Тадқиқотчилар, улар истеъмол қилган калориянинг атиги 14 фоизини ёғдан олишини аниқладилар, АҚШда бу кўрсаткич 34 фоизни ташкил қилади. Уларнинг озиқ-овқатлари толага бой ва калориянинг 72% углеводлардан иборат, Қўшма Штатларда бу 52%.

Оқсил улар овлайдиган ҳайвонлардан, масалан, қушлар, маймунлар ва балиқлардан келади. Таом тайёрлаш ҳақида гап кетганда, қовуриб пишириш йўқ.

Чимейнейлар оқсилни овлайдиган ҳайвонларидан олади

Сурат манбаси, Michael Gurven

Сурат тагсўзи, Чимейнейлар оқсилни овлайдиган ҳайвонларидан олади

Профессор Каплан ва унинг ҳамкасби Майкл Гурвеннинг Санта-Барбарадаги Калифорния университетидаги асл иши антропологик эди. Аммо улар Чимейней кексаларида гипертония, диабет ёки юрак муаммолари каби кексаликка хос касалликлар белгилари йўқлигини пайқашди.

2013 йилда чоп этилган тадқиқот уларнинг эътиборини тортди. Америкалик кардиолог Рэндалл С.Томпсон бошчилигидаги гуруҳ компьютер томографиясидан фойдаланиб, қадимги Миср, Инка ва Унанган цивилизацияларига мансуб 137 та мумияни ўрганди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

BBC
75 yoshli chimeyneyning arteriyalari ko‘proq 50 yoshli amerikalik arteriyalariga o‘xshaydi.
Xilard Kaplan
Antropolog (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Одамлар ёши улғайган сари уларнинг танасида ёғлар, холестерин ва бошқа моддаларнинг тўпланиши томирларнинг қалинлашиши ёки қотиб қолишига олиб келади, бу эса атеросклерозни келтириб чиқаради. Улар 47 та мумияда бунинг тасдиғини топди, яъни бу каби касалликлар замонавий турмуш тарзидан илгари пайдо бўлган.

Икки тадқиқот гуруҳи кучларни бирлаштириб, 40 ёшдан ошган 705 нафар чимейнейни компьютер томографиясини ўтказдилар, улар қон томирларининг тиқилиб қолиши ва юрак хуружи хавфини кўрсатадиган коронар артериал калцийини (КАК) қидирдилар.

Уларнинг биринчи марта 2017 йилда The Lancet журналида чоп этилган тадқиқоти шуни кўрсатдики, 75 ёшдан ошган чимейнейларнинг 65 фоизида КАК мавжуд эмас. Таққослаш учун, бу ёшдаги америкаликларнинг аксариятида (80%) унинг белгилари бор.

Чимейнейлар ҳар куни ўртача 16 000 дан 17000 қадам босиб ўтади, саноатлашган мамлакатларда бу кўрсатгич 10 минг.
Сурат тагсўзи, Чимейнейлар ҳар куни ўртача 16 000 дан 17000 қадам босиб ўтади, саноатлашган мамлакатларда бу кўрсатгич 10 минг.

Каплан айтганидек, "75 ёшли чимейнейнинг артериялари кўпроқ 50 ёшли америкалик артерияларига ўхшайди". 2023 йилда Миллий Фанлар Академияси материалларида чоп этилган иккинчи босқичда чимейней кексалари Буюк Британия, Япония ва АҚШ каби саноати ривожланган мамлакатлардаги худди шу ёшдаги одамларга қараганда 70% камроқ мия атрофиясига учрагани аниқланди.

"Биз бутун популяцияда альцгеймер касаллигининг бирорта ҳам ҳолатини топмадик," дейди тадқиқотчиларнинг тиббий координатори, боливиялик шифокор Даниел Эйд Родригес.

Бироқ, чимейнейларнинг ёшини ҳисоблаш аниқ фан эмас. Баъзи одамлар ҳисоблашда қийналади, чунки уларга ҳисоблаш яхши ўргатилмаган. Улар бизга бу ҳудуддаги насроний миссиялари қайдномаларига асосланишганини айтишди. Олимлар инсоннинг фарзандлари ёшига қараб ҳисоб-китоб қиладилар.

Ҳилда иккинчи эри Пабло билан яшайди
Сурат тагсўзи, Ҳилда иккинчи эри Пабло билан яшайди

Уларнинг қайдномаларига кўра, Ҳилда 81 ёшда, лекин унинг айтишича, унинг оиласи яқинда унинг "100 ёшини" нишонлаш учун чўчқа сўйишган.

78 ёшда эканлигини айтадиган Хуан бизни овга олиб боради. Унинг қора сочлари, жонли кўзлари, мушак ва кучли қўллари бор. Биз унинг барглар орасидан қочган кичкина таитет – тукли ёввойи чўчқани қандай таъқиб қилаётганини кузатамиз.

У ўз ёшини ҳис қилишини тан олади: "Ҳозир энг қийини бу менинг танам. Ҳозир узоққа бормайман... нариси икки кун».

Мартина бунга қўшилади. Чимейней аёллари ўрмонда ўсадиган жатата ўсимлигидан том тўқиши билан машҳур. Уни топиш учун Мартина шохларни орқалаб, уч соат у ерга ва яна уч соат ортга юриши керак.

"Мен буни ойига бир ёки икки марта қиламан, аммо ҳозир бу мен учун қийинроқ", дейди у.

Хуан овда
Сурат тагсўзи, Хуан овда

Бироқ кўп чимейнейлар ҳеч қачон кексаликка қадар яшамайди. Тадқиқот бошланганда, уларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги деярли 45 ёшни ташкил этган – ҳозир у 50 ёшга кўтарилган.

Сканерлаш ўтказилаётган клиникада доктор Эйд кекса аёлдан текширувга тайёргарлик кўраётганда унинг оилалари ҳақида сўради.

Бармоқларини санаб, бир аёл афсус билан олти фарзанди борлигини, улардан беш нафари вафот этганини айтади. Яна бири унинг 12 нафар фарзанди борлигини, улардан тўрт нафари вафот этганини, яна бири тўққиз нафар фарзанди борлигини, учтаси вафот этган.

"80 ёшга кирган бу одамлар касаллик ва инфекцияга тўла болаликдан омон қолганлар эди", дейди доктор Эйд.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, барча чимейнейлар ҳаёти давомида қандайдир паразит инфекциясига дучор бўлган. Шунингдек, улар юқори даражадаги патогенлар ва яллиғланишни аниқладилар. Бу чимейнейнинг танаси доимо инфекцияларга қарши курашаётганини кўрсатади.

Бу уларни ушбу эрта инфекциялар диета ва жисмоний машқлар билан бир қаторда, кекса чимейнейларнинг соғлиғига таъсир қилувчи яна бир омил бўлиши мумкинми деган саволни туғдиради.

текшириш

Бироқ жамоа турмуш тарзи ўзгармоқда.

Хуаннинг айтишича, у бир неча ой давомида етарлича катта ҳайвонларни овлай олмаган. 2023 йил охирида содир бўлган ёнғинлар икки миллион гектарга яқин ўрмонни йўқ қилди.

"Ёнғин ҳайвонларни кетишга мажбур қилди", дейди у.

Ҳозир у қорамол боқмоқда. У бизга оилани оқсил билан таъминлашига умид қилаётган тўртта буқани кўрсатди.

Доктор Эйднинг айтишича, ташқи моторли қайиқлардан фойдаланиш ҳам жамоа ҳаётини ўзгартирмоқда. Бу бозорларга киришни осонлаштиради ва чимейнейга шакар, ун ва ёғ каби маҳсулотлар келтириш имконини беради.

қайиқ

Унинг таъкидлашича, бу улар аввалгидан камроқ эшкак эшишини англатади – "энг қийин жисмоний ишлардан бири".

Йигирма йил олдин диабет касаллиги деярли йўқ эди. Тадқиқотчилар улар энди пайдо бўла бошлагани, холестерин даражаси ёшлар орасида ҳам кўтарилганини аниқладилар.

"Уларнинг одатларидаги ҳар қандай кичик ўзгариш охир-оқибатда соғлиқларига таъсир қилади", дейди доктор Эйд.

Тадқиқотчиларнинг ўзлари 20 йиллик иштироки давомида уларга катта таъсир кўрсатди – жамоа катаракт операцияларидан тортиб, синган суяклар ва илон чақишларини даволашгача бўлган тиббий ёрдамдан фойдаланган.

Аммо Ҳилда учун кексалик жуда жиддий қабул қилинадиган нарса эмас. "Мен ўлишдан қўрқмайман, – дейди у кулиб, – чунки улар мени дафн этишади ва мен ўша ерда қоламан... буткул ҳаракатсиз".