Қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш чўққисига чиқди - Энди нима бўлади?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жозеф Пур, Ҳанна Ритчи ва Чарлз Годфрей
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Барқарорлик ва озиқ-овқат соҳаси тадқиқотчилари Жозеф Пур, Ҳанна Ритчи ва Чарлз Годфрей қишлоқ хўжалиги ерлари қисқариши натижасида табиат учун бўшаган майдонларни ўрганиб, бу тенденция бундан буён қанчалик давом этиши мумкинлигини таҳлил қилди.
XX аср давомида инсониятнинг ерга эҳтиёжи ортиб борди, бу эса кенг табиий ўрмонлар ва ўтлоқлар йўқолишига олиб келди. Бугунги кунда дунёдаги ерларнинг қарийб ярми деҳқончилик учун ажратилган бўлиб, уларга экин экилади ёки чорва моллари боқилади.
Бироқ, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, глобал қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш 2000-йиллар бошларида чўққига етган ва ўшандан бери аста-секин пасаймоқда. Дунё бўйлаб экин майдонлари ўрнини ўтлоқлар, дарахтлар ва буталар эгалламоқда. Ёввойи ҳайвонлар бир пайтлар ўзлари ҳукмронлик қилган ҳудудлардаги ташландиқ яйловларга қайтмоқда.
"Қишлоқ хўжалиги ерлари кенгайиши ўз чўққиси"га етгани ўрмонларни кесиш муаммоси ҳал этилди дегани эмас. Мол гўшти, соя, какао ва пальма ёғи каби маҳсулотларга бўлган талаб ўсиши Жанубий Америка, Жануби-Шарқий Осиё ва Африкадаги ерларга босимни кучайтирмоқда. Сўнгги ўн йилликда дунё Испания ҳудудидан икки баравар катта тропик ўрмон майдонини йўқотди.
Шунга қарамай, Европа ва Шимолий Америкада ўрмонларнинг қайта тикланиши, Австралия ва Марказий Осиёда яйловларни тарк этишлар кўпайгани туфайли бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерларини ташлаб кетиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Сурат манбаси, Alamy
Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, деҳқончилик аввалгидан самаралироқ бўлди. Такомиллаштирилган уруғлар, ўғитлар, пестицидлар ва суғориш усулларидан фойдаланиш сўнгги ўн йилликларда ерлар унумдорлигини сезиларли оширди, экин тури ва мамлакатга қараб ҳосилдорликни икки, уч ва ҳатто тўрт бараваргача кўпайтирди. 1961 йилдан бери FAO маълумотлари шуни кўрсатадики, ҳосилдорлик ошиши 1,8 миллиард гектар (тахминан 35 та Испания ҳудуди) ерни ўзлаштиришдан сақлаб қолди.
Шунингдек, биз интенсив деҳқончилик, маҳсулдор ҳайвон зотлари ва мақбул озиқлантириш режимлари туфайли чорвачиликда самарадорликни оширишга эришдик. Бу тизимлар ривожланар экан, кўп мамлакатларда унумдорлиги паст ерлар ташлаб кетилди.
Лекин гап фақат интенсивлаштиришда эмас. Биз кўп ер талаб қиладиган баъзи экинларни муқобил маҳсулотлар билан алмаштирдик: жун ва пахта асосан синтетик толалар билан алмаштирилди; тамаки тезда синтетик никотин билан алмаштирилмоқда; ваниль каби озиқ-овқатлардаги таъм берувчи моддалар энди асосан синтетик; глобал кафеин (қаҳва эмас) бозорида сунъий ишлаб чиқариш устунлик қилмоқда; синтетик ширинлаштирувчи моддалар катта миқдордаги шакарқамиш ва қанд лавлаги ўрнини эгаллади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу синтетик ўринбосарлар 110 миллион гектардан ортиқ (икки Испания ҳудуди) ерни фермерликдан сақлаб қолди.

Сурат манбаси, Getty Images
Энг ёрқин мисоллардан бири жаҳон жун саноати қисқарганидир. Ишлаб чиқариш 1990 йилдаги энг юқори даражадан тахминан 50 фоизга камайди. Австралия, Янги Зеландия ва Аргентинадаги яйловлар 25 фоизга қисқарди. Яйловларнинг катта майдонлари табиатга қайтарилди, уларнинг баъзилари фаол муҳофаза қилинмоқда ва ноёб турларнинг яшаш жойига айланди. Масалан, Австралиядаги 70 минг гектарлик улкан "White Wells" қўй фермаси ҳозирда Чарлз Дарвин қўриқхонасига айланган ва унда 700 турдаги ўсимлик ва 230 турдаги ҳайвон мавжуд. Аргентинадаги яна 70 минг гектарлик ҳудуд, илгари Чакабуко ранчоси бўлган, ҳозирда қўриқхонага айланиб, туяқушлар ва эмуга қариндош бўлган ноёб қуш – реа ёки нанду учун уйга айланди. Дунёда бунга ўхшаш мисоллар кўп.
Сунъий муқобиллардан фойдаланиш ерга бўлган босимни камайтирган бўлса-да, бошқа муаммоларни, хусусан, пластикдан ифлосланиш ва қазилма ёқилғига қарамликни кучайтирди. Бироқ, бу янги муаммолар ечимсиз эмас, масалан, замбуруғ мицелийси ёки микробга асосланган биопарчаланувчи биопластиклар кенг тарқалмоқда. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш камайган бўлса-да, уларнинг барчаси табиий ўрмонлар билан алмаштирилмади; бутун дунё бўйлаб ёғоч учун плантация ўрмончилиги кескин ўсмоқда. Плантация ўрмонлари одатда табиий ўрмонларга қараганда камроқ биохилма-хил бўлади.
Umuman olganda, qishloq xo‘jaligi yerlaridan foydalanishning asta-sekin kamayib borayotgani quvonarli hol. Biroq, bu jarayonning davom etishiga kafolat yo‘q.
Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишнинг аста-секин камайиб бораётгани қувонарли ҳол. Бироқ, бу жараённинг давом этишига кафолат йўқ ва у глобал иқлим ёки биохилма-хилликка эришиш учун ердан фойдаланишни ўзгартириш учун етарлича тез эмас. Глобал ҳарорат кўтарилишини 2°C дан паст ушлаб туриш учун атмосферадаги углеродни ютадиган табиий экотизимларимизнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишимиз керак бўлади.
Келажакда нима бўлади? Фикримизча, ҳозирги тенденциялар давом этади, бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерлари тобора кўпроқ бўшаб бориши мумкин. Аммо бу жараён озиқ-овқат тизимларимизни тубдан ўзгартирадиган, озиқ-овқат етиштириладиган ерларни янада камайтирадиган бир қатор истиқболли технологиялар туфайли янада тезлашиши мумкин. Уларнинг баъзилари тижорийлаштирилмоқда, бошқалари ҳали ҳам тадқиқот лабораторияларидаги ғоялар даражасида.
Нимани кутсак бўлади?
Тарихий ўзгаришлар ва келажак прогнозларига кўра, дунё бўйича ўртача ҳосилдорлик ўсиши давом этиши эҳтимоли юқори. 1961 йилда ҳар гектардан бир тоннадан сал кўпроқ дон етиштирган бўлсак, ҳозир ҳар гектардан тўрт тоннадан зиёд маҳсулот олмоқдамиз.
Кўплаб экинлар ва мамлакатларда ҳосилдорлик ҳамон ошиб бормоқда, ҳар йили бир хил ерда кўпроқ озиқ-овқат етиштирилмоқда, ернинг узоқ вақт бўш қолиб кетиши камайиб бормоқда. Бироқ, энг муҳим номаълум омил – иқлим ўзгариши: иқлимга қанчалик таъсир кўрсатишимизга қараб, иссиқроқ, намроқ ва экстремал иқлим шароитлари ҳосил ўсишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса, ўзгаришга чидамли экинларни ривожлантирмасак ва мослаштирмасак.

Сурат манбаси, Getty Images
Дунёда гўшт истеъмоли тез суръатда ўсиб, ерга бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда, истеъмолчиларнинг ҳар килограмм учун катта ер талаб қиладиган мол ва қўй гўштидан анча кам ер талаб этадиган чўчқа ва парранда гўштига ўтаётганини кузатяпмиз. Европада 2000 йилдан буён қорамол ва қўй гўшти 20 фоизга қисқаргани, парранда ва чўчқа гўшти 20 фоизга кўпайгани, натижада 20 миллион гектар (тахминан Испания майдонича) ер тежаб қолинганига гувоҳ бўлдик.
Бу ўзгариш ахлоқий муаммоларни келтириб чиқаради, чунки қора молдан олинадиган гўшт миқдорини олиш учун кўплаб товуқларни сўйишга тўғри келади. Шунга қарамай, одамлар арзонроқ ва камроқ ер талаб қиладиган ҳайвон маҳсулотларига ўтишда давом этиши эҳтимоли юқори.
Лаборатория маҳсулотлари
Кейинги ўн йилликларда қишлоқ хўжалиги учун ердан фойдаланишни камайтириши мумкин бўлган яна бир йўл – синтетик ва лабораторияда етиштирилган озиқ-овқатлардан фойдаланиш ортишидир.
Сунъий ванил ва сунъий толалар каби экинларнинг бир нечта ерсиз муқобиллари кенг тарқалган бўлса-да, яна кўплари ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган. Масалан, ёғ ва мойларнинг синтетик ўринбосарлари 1940-йилларда, уруш даврида Германияда қазилма ёқилғидан биринчи марта маргарин синтез қилинганидан бери мавжуд. Биз минг йиллар давомида кичик миқёсдаги микробиал ферментация маҳсулотларини (масалан, йогурт ва пиво) истеъмол қилиб келганмиз, аммо замонавий оммавий ферментация, айниқса, ер талаб қилмайдиган хомашёлардан (масалан, чиқинди, қўшимча маҳсулотлар ёки тўғридан-тўғри элементар азот, кислород ва водороддан фойдаланиш орқали) фойдаланилса, катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, қаҳва ва какао ўрнини босувчи лаборатория маҳсулотлари ҳам бор. Ҳозирги вақтда улар хомашё сифатида шакарни ишлатсалар-да, аммо бу анъанавий усулга қараганда анча кам ер талаб қилиши мумкин.
Бу маҳсулотларни кенг қўллаш учун ё нархлар ўзгариши (бу кўпроқ иқлим ўзгариши билан боғлиқ) керак ё савдо сиёсати ўзгариши ёки нефть, қаҳва ва какао туфайли ўрмонларнинг йўқ қилинишидан хавотир кучайиши каби ташқи омиллар керак.
Ҳайвонлар озуқасига лабораторияда ўстирилган ёки синтетик муқобилларни қўллаш эҳтимоли ҳам мавжуд. Яйловлар ва ҳайвонларни боқиш учун етиштириладиган экин майдонлари дунёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг тахминан 80 фоизини ташкил қилгани боис, бу озуқаларни алмаштириш жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Бироқ асосий муаммо – харажатлар. Лабораторияда етиштирилган бактериал озуқалар муваффақиятли синовдан ўтказилган, аммо ҳали ҳам жуда қиммат. Шунга қарамай, лабораторияда етиштирилган муқобил маҳсулотлар нархи тез пасаймоқда ва улар яқин келажакда харажатлар бўйича рақобатбардош бўлиши мумкин.
Очиқ савол
Биз содир бўлишига камроқ ишонган, аммо ҳали ҳам эҳтимоли мавжуд бошқа имкониятлар ҳам бор.
Шулардан бири – инсон истеъмоли учун лабораторияда етиштирилган озиқ-овқатлардан фойдаланиш кўпайиши. Лаборатория шароитида етиштирилган гўшт, сут маҳсулотлари ва тухум таннархи арзонлашмоқда. 2013 йилда лабораторияда етиштирилган биринчи гўштнинг нархи 1 кг учун 1 миллион доллардан ошган бўлса, 2030 йилга келиб, унинг нархи бир кг учун 6 доллар атрофида бўлиши кутилмоқда, бу эса мол гўшти нархига яқинлашади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ, уни инсон озиқ-овқатида ишлатиш учун лабораторияда етиштирилган маҳсулотларнинг таъми яхши бўлиши ва истеъмолчилар қабул қилиши керак. Бу анча узоқ жараён, баъзи ташқи таъсирлар ёки жамиятдаги қарашлар ўзгаришини талаб қилиши мумкин. Балки озиқ-овқат учун ҳайвонларни сўйишга бўлган муносабатни ўзгартириши мумкин. Эҳтимол, чорва молларидан келадиган пандемия хавфига кўпроқ эътибор қаратилар. Ҳозирча бу ноаниқ.
Деҳқончиликдаги янги технологиялар ҳам озиқ-овқат ишлаб чиқариш самарасини ошириши мумкин. Масалан, дунёда иссиқхоналарда етиштириладиган озиқ-овқат миқдори тез суръатда ошиб бормоқда. Иссиқхоналар очиқ далаларга қараганда анча кўп озиқ-овқат етиштириши мумкин: масалан, Голландия иссиқхоналари ҳар гектардан 500 тонна атрофида помидор етиштириши мумкин, очиқ далаларда эса бу кўрсаткич атиги 30 тоннани ташкил этади.
Вертикал деҳқончилик экинларни устма-уст жойлаштириш ва фақат сунъий энергия манбаларидан фойдаланиш орқали бу самарадорликни янада оширади. Бугунги кунда вертикал фермер хўжаликларида аксарият экинларни етиштириш жуда қимматга тушади ва улар фақат ўтлар ва кўкатлар каби юқори қийматли экинлар учун самарали. Уларни кенг миқёсда қўллаш учун энергия нархи кескин тушиши керак, иқлим ўзгаришини ёмонлаштирмаслик учун эса энергия манбалари кам углеродли қайта тикланадиган манбалар бўлиши лозим.
Катта ўзгариш
Ушбу ўзгаришларнинг бир нечтаси амалга ошса ҳам экологик наф келтириши, табиий экотизимларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва углерод тўпланиши учун катта майдонларни бўшатиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги, шунингдек, иқлим ўзгариши шароитида тобора муҳим аҳамият касб этадиган озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ёрдам беради.
Бироқ ерларни бўшатганимизда, уларнинг ўрнини бошқа рақобатдош ер турлари эгаллаши мумкин. Шаҳар ерлари глобал майдоннинг тахминан 1 фоизини ташкил этади ва бу қишлоқ хўжалиги ерларини кенг миқёсда эгаллаши эҳтимолдан йироқ (уй-жой ва инфратузилмага талаб юқори бўлган ҳудудларда шундай бўлса ҳам). Бироқ, асосий хавф плантация ўрмончилиги ва биоёқилғи майдонлари янада кенгайишидир. Илгариги экологик сиёсат барқарор муқобиллар сифатида биоёқилғи ва ёғочга асосланган маҳсулотларга талабни шакллантирган, аммо кўплаб илмий тадқиқотлар яхшироқ ечим талаб қилмоқда.
Шунингдек, бу ўзгаришларнинг салбий томонлари ҳақида ҳам очиқ гапириш лозим. Кўплаб мамлакатларда фермерлар бозорнинг маълум қисми йўқолиши сабабли жиддий қийинчиликларга дуч келади, шунинг учун уларга янги даромад манбаларини яратишда ёрдам бериш жуда муҳим. Ҳайвонлар аҳволи ҳам (гарчи муқаррар бўлмаса-да) юқори интенсив ишлаб чиқаришга ўтиш натижасида янада ёмонлашиши мумкин.
Бу янгиликлар кам таъминланган аҳоли учун ҳам арзон бўлсагина озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилайди. Акс ҳолда, улар глобал озиқ-овқат тенгсизлигини камайтириш ўрнига, уни кучайтириши мумкин.
Бу ўзгаришларнинг ҳеч бири муқаррар эмас. Аслида, вазият тескари йўналишда ривожланиб, қишлоқ хўжалиги ерлари яна кенгайиши эҳтимолдан холи эмас. Авиация ёки денгиз транспорти учун биоёқилғи ишлаб чиқариш мақсадида ер учун кураш бошланиши мумкин. Зарарли қайта ишланган озиқ-овқатларга қарши ҳаракат, озуқавий қийматни оширадиган ва ҳозирги озиқ-овқат маҳсулотларига соғломроқ муқобилларни таклиф этадиган қайта ишлаш технологиялари ривожланишига тўсқинлик қилаётганини кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, табиий ҳудудларни ҳимоя қилувчи экологик сиёсат бекор қилиниши, экин майдонлари ва яйловларнинг биохилма-хиллик учун муҳим бўлган ҳудудларга кириб боришига олиб келиши мумкин.
Аммо агар биз тобора кўпроқ ерсиз қишлоқ хўжалиги тизимига ўтишни тўғри йўлга қўя олсак, бу XXI асрни инсоният тарихидаги бурилиш нуқтасига айлантириши мумкин. Аслида, биз яқин тарихда сайёрамизни аввалгидан кўра кўпроқ табиий ҳолатда қолдирадиган биринчи асрда яшаётган бўлишимиз мумкин.












