Ўзбекистон коррупция бўйича халқаро рейтингда яна пасайди

2013 ва 2023 йиллар орасида Ўзбекистондаги коррупцияга боғлиқ вазият барқарор равишда яхшиланиб келганди.
Сурат тагсўзи, 2013 ва 2023 йиллар орасида Ўзбекистондаги коррупцияга боғлиқ вазият барқарор равишда яхшиланиб келганди.
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Халқаро Транспаренси ташкилотининг йиллик коррупция индексида 182 давлат орасидан 124-ўринни эгаллади ва 100 баллдан 31 балл олди. 100 балл олган давлат энг тоза, 0 балл олгани эса энг коррупцияга ботган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг 2025 йилги индексдаги бу ўрни ўтган йилгига қараганда 3 поғонага тушган. Унинг ўрни иккинчи йилдирки давомли пасаймоқда.

2013 ва 2023 йиллар орасида Ўзбекистондаги коррупцияга боғлиқ вазият барқарор равишда яхшиланиб келганди. Унда Ўзбекистон 17 баллдан 33 баллга кўтарилган.

Икки йил аввал чиқарилган Ўзбекистон президентининг фармони ва Сенат қарорига кўра, Халқаро Транспаренси индекси "Ўзбекистон учун устувор" 15 рейтингдан бири ҳисобланади.

Янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш қонунчилигида илгарилаган ва коррупцияга қарши агентликка асос солган бўлса-да, тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ноҳукумат ташкилотларнинг заифлиги, фуқаролик институтларининг қисқариши ва қудратнинг ҳукумат қўлида тобора кўп жамланиши коррупция ортишига сабаб бўляпти.

Tashanov
Abdurahmon Tashanov
...bizga bir tiyin ham yetib kelmadi.
Abdurahmon Tashanov, inson huquqlari faoli
Oliy Majlis korrupsiyaga qarshi tanlovida 500 million so'm yutgan faol (bbc.com/uzbek)

Ўзбекистон ўрнининг пасайишини Транспаренси асосан қуйидаги соҳаларга боғлайди:

  • Матбуот ва сўз эркинлиги: Расман ислоҳотлар ўтказилган бўлса-да, коррупцияни фош қиладиган журналист ва блогерлар ҳануз босимларга учраяпти ва жазога тортиляпти. Бу каби муҳит аксил-коррупция қонунларининг самарасини чеклайди.

2025 йил охирида «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти Ўзбекистонда таклиф қилинган «шахсий маълумотлар» ҳақидаги қонун лойиҳасидан хавотир билдирди. Унга кўра, лойиҳа жамоат жойларида одамларни уларнинг рухсатисиз сурат ё видеога олишни тақиқлайди. Ташкилотга кўра, бу журналистларни расмийларнинг ноқонуний амалларини ҳужжатлаштиришларини чеклаш йўлидаги қурол бўлиши мумкин.

Шунингдек, Фридом Хаус ташкилотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ўз пост ва шарҳлари учун ички ишлар бошқармаларига чақириш ва судлаш ҳоллари "сезиларли даражада ошди". Унинг қайд қилишича, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизмати Телеграм, Фейсбук ва YouTube платформаларини фаол кузатади.

  • Фуқаролик жамиятига чекловлар: Транспаренсига кўра, Ўзбекистонда расмийлар устидан мустақил кузатувга сезиларли босим қўйилган. Ҳисоботда ноҳукумат ташкилотларни рўйхатдан ўтказишдаги қийинчиликлар ҳам ёритилади.
Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, 2025 йилда унинг жамияти Олий Мажлиснинг фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш фондининг танловида ғолиб бўлган ва "Ҳудудларда доимий асосда фаолият юритувчи 14 та коррупцияга қарши курашиш кўнгилли гуруҳларини шакллантириш" номли лойиҳа билан иш бошлашни режалаган.

Аммо, унга 15 сентябрда Олий Мажлис Сенатининг Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Абдуҳаким Эшмуродов 500 миллион сўм мукофот акс этган қоғозни тантанали равишда топширганига қарамай, йил охирига бориб бу бекор қилинган ва ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.

  • Судлар мустақиллигининг заифлиги: Ҳисобот ҳукумат расмийларини жавобгарликка тортиш йўлида судлар мустақил эмаслигини айтади. Ҳатто коррупцияга қарши кураш агентлиги бўлган тақдирда ҳам, бу каби идоралар нишонни танлаб қилишга мажбур ва сиёсий аралашув олдида ожизлар.

Транспаренсига кўра, таниш-билишчилик ва қавм тармоқлари қонунчилик ва агентлик фаолиятига тўсиқ бўлмоқда.

  • Демократия чекиниши: Ҳисобот Ўзбекистондаги демократиянинг сусайишини кенгроқ минтақавий тренд билан боғлайди. Унга кўра, қудратнинг давлат раҳбарлари қўлида керагидан ортиқ жамланиши тизимли коррупцияни йўқ қилиш учун зарур бўлган тийиб туриш механизмини сусайтирган.

Кенгроқ минтақада эса, Қирғизистон (26 балл) ва Қозоғистон (38 балл) ноҳукумат ташкилотларни рўйхатга олишдаги қийинчиликлар билан фуқаролик институтларининг ишига тўсиқ бўлишда давом этмоқда.

Хусусан, Қозоғистонда коррупцияга қарши кураш агентлигининг ёпилиши ва унинг ваколатлари Миллий хавфсизлик қўмитасига топширилиши Транспаренси хавотирига сабаб бўлган.

Туркманистон 17 балл, Тожикистон 19 балл билан Марказий Осиёдаги энг коррупциялашган давлатлар бўлди. Айни дамда, 22 балл олган Россияда демократиянинг чекиниши, ҳамда матбуот ва фуқароларга таъқибларнинг кучайиши хавотир уйғотган.