Ё қамоқ, ё қашшоқлик – Толибоннинг қайси шартини танлаш мумкин?

Сурат манбаси, BBC/Getty Images
Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятидаги олис қишлоқлардан бирида, деворлар билан ўралган кичик кўкнор экинзорида Муҳаммад меҳнат қилмоқда. Унинг шахсини хавфсизлиги учун ошкор этмаяпмиз.
Муҳаммад героин ишлаб чиқаришдаги асосий модда – опий олинадиган кўкнорни экиб, парваришламоқда. Буни у АҚШ ва иттифоқчи қўшинлар мамлакатни тарк этганидан сўнг, 2022 йил апрелида Толибон томонидан жорий этилган қатъий тақиққа қарамасдан қилмоқда.
Ўша пайтда Толибон раҳбари Ҳайбатуллоҳ Оҳунзода кўкнор етиштиришни ман этган, бу қоидага амал қилмаганлар экинларидан маҳрум қилиниши ва Шариат қонунлари асосида жазоланиши ҳақида буйруқ чиқарган эди.
Толибон бу тақиқни опийнинг инсон саломатлигига зарарли таъсири ва унинг диний кўрсатмаларга зидлиги билан изоҳлаган.

«Мажбурман, бошқа иложим йўқ. Оиламни боқишим керак», дейди у.
Қурғоқчилик сабабли Муҳаммад каби кўплаб деҳқонлар кўкнордан бошқа экин турларига ўтишга қийналмоқда. Чунки кўкнор сувсиз шароитда ҳам ўсаверади.
Муҳаммаднинг айтишича, иш ўрни йўқ ва кўкнордан келадиган даромадсиз у фарзандларини боқолмайди.
«Мактабни анча олдин тугатганман, лекин ҳеч ким иш бермади. Ҳозир ҳам иш йўқ. Ягона йўл шу», дейди у.
Унинг ҳисоб-китобига кўра, агар у ҳосилни тўла йиғиб олса, бутун оиласининг бир йиллик харажатларини қоплашга етади.
Qurg‘oqchilik sababli Muhammad kabi ko‘plab dehqonlar ko‘knordan boshqa ekin turlariga o‘tishga qiynalmoqda. Chunki ko‘knor suvsiz sharoitda ham o‘saveradi.
Жаҳон таъминот занжиридаги узилишлар
Бироқ кўплаб деҳқонлар Толибон тақиқига амал қилган, оқибатда дунёда опий таъминоти жиддий қисқарган.
БМТнинг Ғиёҳванд моддалар ва жиноятлар бўйича бошқармаси (UNDC) маълумотига кўра, 2023 йилда дунёда етиштирилган опий миқдори 2022 йилга нисбатан 72% га камайган. 2019–2022 йилларда опий савдосидан тушган тахминий йиллик даромад 15,5 миллиард долларни ташкил этган.
Тақиқдан аввал Афғонистон дунёдаги опийнинг 80% дан ортиғини таъминлаган. Аммо UNDCнинг сўнгги ҳисоботига кўра, ҳозир бу кўрсаткич 95% га қисқарган.
Шу билан бирга, 2023–2024 йилларда мамлакатда ноқонуний кўкнор етиштиришда бир оз ўсиш кузатилган.
2023 йилги ҳосил мавсуми бошланишидан аввал Афғонистонда тўпланган опий захиралари 2026 йил охиригача талабни қоплашга етарли экани қайд этилган.
Ҳозирда қуритилган опий нархи мамлакат ичида тақиқдан аввалги даврга нисбатан ўн баробаргача қимматлаган.
БМТ маълумотига кўра, Афғонистон ва унинг қўшниларида героин нархи уч баробаргача ошган. Бу эса айрим деҳқонларни яна кўкнор етиштиришга қизиқтириши мумкин.
Қолаверса, UNDC жаҳон бозорида героин танқислиги ортидан янги, кучли ва ўта хавфли синтетик наркотиклар – жумладан нитазен ва фентанил сингари моддалар тарқалиши борасида жиддий хавотир билдирган.
Толибон тақиқидан олдин НАТО ва АҚШ кучлари Афғонистонда бўлган пайтда кўкнор етиштиришга қарши кураш учун миллионлаб доллар сарфланган.
Бироқ деҳқонлар айтишича, уларга ваъда қилинган ёрдам – бошқа экин турларига ўтиш ёки муқобил тирикчилик манбаи шаклидаги қўллаб-қувватлов амалда уларга етиб бормаган. Энди эса улар жазо ва қашшоқлик ўртасида танловга мажбур: тақиқни бузса қамалади, амал қилса – очарчилик.

«Қамашади»
Тақиқдан аввал Ҳилманд вилояти Афғонистондаги энг йирик опий ишлаб чиқарувчи ҳудуд эди.
Расмийлар айтишича, бугунги кунда вилоятда расман кўкнор етиштириш деярли тўхтаган. Аммо ўтган йили тахминан 1400 гектар майдонда яширинча кўкнор экилган.
Навзод туманидаги фермер Аминуллоҳ эса хавфдан қўрқиб, кўкнор ўрнига жўхори, буғдой ва пахта экишга ўтган.
"Қамашади, олти ойга, – дейди у гилам ёйилган хонада болалари билан ўтириб. – Агар қамалсам, болаларимга ҳеч ким қарамайди. Шунинг учун тинчгина уларнинг ёнида бўлай дедим".
Аминуллоҳ ерининг бор-йўғи 15% қисмидагина экин экибди, қолган ер қурғоқчиликдан ҳосилга яроқсиз.
«Бу ҳосил ҳатто харажатларимни ҳам қопламайди», дейди у.
Шундай оғир шароитда ҳам Аминуллоҳ болалари билан бўлиш учун оч қолишга ҳам тайёр.

Тақиқланган моддага оид қонунни Маҳаммад каби бузганлар турли жазоларга дуч келмоқда.
Бир жериб ер 0,2 гектарга тенг.
"Агар деҳқон ярим жерибдан кам майдонга кўкнор экса, уни олти ойлик қамоқ кутади", дейди Би-би-сига Ҳилманд полицияси матбуот котиби капитан Иззатулло Ҳаққоний.
Унинг сўзларига кўра, яримдан бир жерибгача бўлган экиш учун тўққиз ойлик қамоқ, бир жерибдан ортиқ майдон учун эса бир йиллик қамоқ жазоси белгиланган.
"Ҳаммасини йўқ қил!"
Аҳмад кўкнор тақиқини жорий этиш учун Толибон қандай чоралар кўраётганини ўз кўзи билан кўрган.
Қоронғи хонада эҳтиёткорлик билан сўз бошлар экан, у Толибон эшигини тақиллатган кунни эслайди.
"Мен уларга: 'Кўкнор учун келган бўлсангиз, ҳаммасини йўқ қиламан', дедим", дея хотирлайди у.
Аҳмадга эртаси куни соат 9:00 гача кўкнорни тўлиқ йўқ қилиш учун муҳлат берилган.
Бироқ Толибон эртароқ қайта келган.
"Гарчи бир қисмини йўқ қилган бўлсам-да, қолган жойлари бор эди. Шунда улар мени ҳибсга олиб, қамоққа ташлашди", дейди у.
Аҳмад ҳозир ерини бошқа экинлар учун тайёрламоқда, аммо айтишича, унга ёрдам керак. Акс ҳолда, яна кўкнор экишга мажбур бўлиши мумкин.
"Агар пул бўлмаса, менда бошқа илож йўқ. Яна экаман. Пул йўқ", дейди у.
Кўпчилик учун юқори даромад келтирадиган экиндан воз кечиш осон эмас.
Ҳокимиятдагилар ҳам келажакда оғир танлов қаршисида қолиши мумкин.
Агар деҳқонлар учун кўкнор ўрнига муносиб ва даромадли муқобил чора топилмаса, оиласини боқа олмаса, бундай тақиқ охир-оқибат Толибон ҳукуматини бор қўллаб-қувватловдан ҳам маҳрум этиши мумкин.












