Заҳарли чиқиндини ушлаб бўладими ёхуд нега Мирзиёев танқид қилган цемент саноати ўсяпти? Подкаст

Сурат манбаси, Wesley Kristopher
Британия ўзининг Пик Дистрист ҳудудида цемент ва оҳак заводларидан чиқадиган карбонат ангидрид (CO2)ни ушлаб, Ирландия денгизи остига кўмувчи қувурларни ётқизишни режалаяпти.
Қувурлар бир неча вилоятлардаги карбонат ангидридни Кумбрия вилояти қирғоқларидаги денгиз остида бўшаб қолган газ майдонларига ташиб беради.
Британия Молия вазири Рейчел Риивсга кўра, қарийб 60 миллион фунт (81 млн доллар) сарфланиши кутилаётган бу лойиҳа цемент ва оҳак саноатини замонавийлаштиради ва юзлаб янги иш жойларини яратади.
"Peak Cluster" номини олган лойиҳа цементдан чиқадиган карбонат ангидридни тутиш ва кўмиш бўйича жаҳондаги энг йирик лойиҳа бўлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Карбонатни ушлаш ва кўмиш ё ғамлаш деганда электр станциялари ва саноат заводлари ҳавога чиқарувчи CO2 ни манбанинг ўзидаёқ ушлаб олиш тушунилади. Бу билан карбонат ангидриднинг атмосферага чиқиши ва иқлим янада исишининг олди олинади. Сўнг бу чиқинди одатда ерга чуқур кўмилади.
Дунё бўйлаб давлатлар иқлим исишини тўхтатишга уринишда давом этар экан, CO2 чиқиндиларни тутиб қолиш иқлим исишини тўхтатишдаги энг умидбахш ечимлардан деб кўрилмоқда.
Цемент - замонавий қурувчилик материалларининг энг кенг тарқалган тури.
Аммо, цемент ва оҳак заводлари ишлаб чиқариш жараёнида жуда катта CO2 ни чиқарадилар. Шунинг учун ҳам, уларни карбонсизлаштириш энг қийин ва муҳим вазифа бўлиб қоляпти.
Би-би-си таҳлилига кўра, цементдан чиқадиган заҳарли чиқиндилар инсон яратувчи карбонат ангидриднинг 7,5 фоизини ташкил қилади.
Британия ҳукуматига кўра, "Peak Cluster" лойиҳаси ҳар йили уч миллион тонна CO2 нинг атмосферага чиқишини бартараф қилади.
Аммо, саноат карбонат ангидридни ушлаб қолишда нафақат ҳукумат, балки хусусий сармоядорлардан ҳам сармояларни кутмоқда.
Британия ҳукумати келаси 25 йилда бунга 21,7 миллиард фунт ажратишни ваъда қилган.
O'zbekiston sement sanoati
34%ga o'sdi
Агар карбонат ангидридни атмосферага чиқишини тўхтатиш кенг йўлга қўйилса, бу аввал чиқинди кўплиги сабаб тўхтатиб қўйилган заводларнинг ҳам қайта очилишига етаклаши мумкин.
Карбонат ангидридни ушлаш
Карбонат ангидридни ушлаш ва кўмиш жараёни табиий жараёндан фарқ қилади. Табиий жараёнда уни дарахтлар ўзига сўриб олади ва қанча кўп дарахт бўлса, атмосферага шунча кам чиқинди чиқади.
Карбонат ангидридни ҳаводан машиналар ёрдамида сўриб оладиган ва ғамлайдиган усул ҳам мавжуд.
Карбонат ангидридни ушлаш ва ғамлаш технологиялари бир неча ўн йиллабки бор, лекин жаҳон бўйлаб улар унчалик кенг тарқалишга муваффақ бўлмаган. Бунга уларни ўрнатишдаги молиявий ва энергетик сарф-харажатнинг юқорилиги сабаб бўлиб келади.
Ҳозирда дунёда 45 тача шундай иншоотлар ишлаяпти ва улар, Халқаро энергетика агентлигига кўра, йилига 50 миллион тонна CO2 ни ушлаб қоляпти.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу катта рақамдек кўриниши мумкин, лекин атмосферага чиқаётган чиқинди олдида у ҳеч нарса эмас. Жаҳон бўйлаб қазилма ёқилғилар ва саноатлар ҳар йили ҳавога 35 миллиард тонна CO2 ни чиқаради.
Лекин, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро ҳайъати уни яхши ечим деб кўряпти. Чунки, энергия ишлаб чиқаришда тобора қуёш ва шамол каби қайта тикланувчи энергия турларига ўтиш билан ёқилғиларга қарамликни камайтириш мумкин, лекин цемент ва оҳак каби ўта заҳарли маҳсулотларга ҳозирча муқобил нарса йўқ.
Ўзбекистон
Ўзбекистон учун карбонат ангидридни ушлаш ва ғамлаш технологияси ҳозирча деярли татбиқ этилмаган янги тушунча. Ўзбек матбуотида бу технология ҳукумат даражасида муҳокама қилинаётгани ҳақида бот-бот хабарлар чиқиб туради.
Мамлакатда карбонат ангидрид асосан энергия секторидан чиқади, бу сектор иссиқхона газларининг 83 фоизига масъул.
Лекин, айни дамда, Ўзбекистонда цемент ва оҳак саноати ҳам яхши ривожланган.
Mutasaddilar ekologiyaga zararli ta’sirni kamaytiruvchi texnologiyalarni joriy qilish o‘rniga yana 22 ta sement zavodi qurish taklifini berayotgani ajablanarli.
Глобал цемент ташкилотига кўра, Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш 2024 йилда 34 фоизга ошган. Кўплаб цемент заводлари, хусусан "Бекободцемент", "Қизилқумцемент", "Қувасойцемент", "Зоминцемент" ва бошқалар айни дамда оҳак ҳам ишлаб чиқаради.
Уларда карбонат ангидридни ушлаш ва ғамлаш технологиялари ўрнатилмаган.
2024 йил январида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов энди мамлакатда бошқа цемент заводлари қурилмаслигини эълон қилганди.
Унга кўра, Ўзбекистон бўйлаб мавжуд бўлган 47 та цемент заводлари ишлайди, аввалроқ эса 23 та заводга экологик талабларга жавоб бермагани учун ишлаб чиқаришни давом эттириш ман этилган эди.
"Қолган [47 та] заводни текширганимизда, улардан қарийб 90 фоизи экологик талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш берилди", - деб айтганди вазир ўтган йил бошида.
Вазирнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бу чиқишидан бир неча кун аввал Президент Шавкат Мирзиёев цемент секторини қаттиқ танқид қилганди.
«Мамлакатимизда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Лекин мутасаддилар цементдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли», деганди президент.
Аммо, президентнинг танқидидан атиги уч ой ўтиб, 2024 йил апрелида Хитойнинг Conch International Holdings Ltd ва Zhejiang Shanfeng Building Materials Co Ltd ширкатлари иштирокида Андижон вилоятида яна бир цемент заводи очилди.
Шу йилнинг августида эса JIZZAX WCC SPECIAL CEMENT" МЧЖ Ўзбекистон-Хитой-Тожикистон қўшма корхонаси Жиззах вилоятида яна бир цемент заводини ишга туширди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, президент танқидига қарамай, 2025 йилнинг январдан апрелгача бўлган муддатида Ўзбекистондаги заводлар 4,32 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришган. Бу бир йил аввалги шу даврга солиштирилса, 200 минг тонна кўп миқдордир.
Бу лойиҳалар ҳақида жамоатчиликка очиқланган хабарларда карбонат ангидридни ушлаш ва ғамлаш технологиялари жалб қилингани ҳақида маълумот йўқ.












