Президент сайлови: Россия Молдовада “мағлубиятга учради”ми? - Видео

sandu

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 55,3 фоиз овоз билан иккинчи муддатга сайланган Майя Санду ватандошларини "Молдовани сақлаб қолиш"да табриклаган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Молдовада Европа ва Россия ўртасидаги танлов ўлароқ кўрилган президентлик сайлови россияпараст дея кўрилган номзод мағлубияти билан тугаган. Молдова Россия учун нега керак ўзи?

Европа ва Россия ўртасидаги танлов сифатида тасвирланган Молдова президентлиги учун сайловнинг иккинчи турида амалдаги давлат раҳбари – мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиши тарафдори бўлган Майя Санду ғолиб чиққан.

Унинг рақиби – Москва билан алоқаларни кучайтиришга даъват этиб келувчи Александр Стояногло қарийб 45 фоиз овоз билан сайлов пойгасида мағлубиятга учраган.

Душанба куни тонгда Молдова Марказий сайлов комиссияси Сандунинг ғалабасини тасдиқлаган.

Якшанба куни ўтган президент сайлови қарашлари бир-бириникидан кескин фарқ қилувчи икки номзоднинг кескин рақобати остида кечган.

Ғалабаси ортидан Майя Санду президент сайлови “хориждаги душман кучларнинг мислсиз ҳужумига учраган”ини даъво қилган.

3 ноябрь куни давомида Молдова президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси овоз бериш жараёни “Россиядан келган катта аралашув” остида кечганини таъкидлаган.

Россия Молдовадаги сайловга чиндан таъсир ўтказишга уриндими?

Энг муҳими, Молдова Кремль учун нега керак ўзи?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Якшанбадаги сайлов

natija

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Молдова президентлигига сайловнинг иккинчи тури натижалари.

Расмий маълумотга кўра, 3 ноябрь – якшанба куни кечган президент сайловининг иккинчи турида амалдаги президент Майя Санду 55,3 фоиз овоз тўплаган. Унинг рақиби – собиқ бош прокурор Александр Стояногло эса 44,6 фоиз.

20 октябрда бўлиб ўтган сайловнинг биринчи турида ҳеч бир номзод зарурий 50 фоизлик маррадан ўта олмаган эди.

Якшанбадаги сайлов кучли рақобат ва номзодларнинг тарафдорларининг қаттиқ ҳаяжони остида кечган.

Сайлов участкаларининг 80 фоизидан кўпроқ қисмидаги овозлар санаб чиқилганидан сўнг Молдованинг Москва билан яқинлашишига чақириб келувчи Стояногло пойгада кичик фарқ билан пешқадамлик қилган.

Аммо Европа давлатларида яшаётган молдоваликлар овозларини санаш бошланиши билан бу фарқ қисқара бошлаган ва сайлов пойгаси Сандунинг ғалабаси билан якунланган.

Молдова – хориждаги диаспоранинг мамлакатдаги сиёсий муҳитга таъсири ҳал қилувчи даражада бўлган кам сонли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

2020 йилда ўтган президентлик сайловида ҳам Майя Сандунинг ўша вақтдаги амалдаги президент Игор Додон устидан ғалаба қозонишида айнан диаспоранинг овози ҳал қилувчи роль ўйнаган эди.

Россия аралашуви?

saylov
Сурат тагсўзи, Молдоваликлар Лондонда очилган сайлов участкасида овоз бермоқда. Айнан хориждаги диаспоранинг овози Сандунинг ғалаба қозонишида ҳал қилувчи роль ўйнаган.

Сайлов участкалари ёпилганидан кўп ўтмай, Санду ўз ватандошларини “Молдовани сақлаб қолгани” учун олқишлаган.

Шунингдек, у сайлов жараёни “хориждаги душман кучланинг мислсиз ҳужумига учраган”ини иддао қилган.

Ўхшаш даъвони илгари сурган миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Станислав Секриэру ташқи аралашув “Россия томонидан” амалга оширилганини таъкидлаган.

Якшанба куни Молдова полицияси ҳам мамлакат ичидаги, ҳам хориждаги сайлов участкаларига овоз берувчилар ташкилланган тартибда автобуслар ва чартер рейсларда ташилганини кўрсатувчи “асосли далиллар” мавжудлигини маълум қилган.

Полиция “Россиядан Беларусь, Озарбайжон ва Туркияга авиаташувлар”га оид ҳолатлар ўрганилаётганини қўшимча қилган.

Молдова ташқи ишлар вазири якшанба куни тушда Германия ва Британияда очилган айрим сайлов участкаларида бомба ўрнатилгани тўғрисида ёлғон хабарлар келиб тушгани ва бундай таҳдидлардан асосий мақсад “овоз бериш жараёнини тўхтатиш бўлгани” ҳақида гапирган.

Сандуни ғалаба билан табриклаган Европа Иттифоқининг топ дипломати Жозеф Боррелл ҳам ўз баёнотида “Россия томонидан мисли кўрилмаган аралашув бўлган”ини тилга олган.

Россия ўзининг сайлов жараёнига таъсир ўтказишга уринганига оид бундай даъволарни зудликда рад этиб чиққан.

Бир вақтнинг ўзида, аввалроқ Санду томонидан бош прокурор лавозимидан бўшатилган Александр Стояногло ўзининг кремлпараст сиёсатчи экани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.

Молдова Россия учун нега керак?

Ғарбдаги кўплаб экспертлар 51 йил давомида Собиқ Совет Иттифоқи таркибида яшаган ва Украина ён қўшниси бўлган Молдовани Москванинг “собиқ шўро мамлакатлари устидан назоратни қайта тиклаш” ҳаракатларидаги навбатдаги нишон эканини таъкидлаб келади.

Молдованинг Европа билан яқинлашиш тарафдори бўлган етакчилари ҳам йиллардан бери Россияни мамлакатдаги ички вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айблаб келади.

Кузатувчилар Украинага тўлақонли босқин бошланиши ортидан Россиянинг Молдовада кремлпараст сиёсатчиларни ҳокимиятга олиб келиш йўлидаги уринишлари кучайганини тилга олади.

Бундан ташқари 30 йилча муқаддам Россиянинг кўмаги билан Молдова таркибидан ажралиб чиққан Приднестрове масаласи ҳам Европанинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир.

Шу февралида Приднестровенинг россияпараст айирмачи етакчилари Россиядан Молдова ўз ери ҳисоблайдиган ҳудудни муҳофазага олиш сўралган мурожаатни эълон қилган эди.

Айрим халқаро таҳлилчилар, шунингдек, дунёда яккалаб қўйилиши ортидан Москва учун Молдова устидан сиёсий таъсирни қўлга киритиш масаласи янги даражага кўтарилганини ҳам таъкидлайди.

“Халқаро иҳота шароитида Россияга қулоқ солувчи, уни дўст давлат деб ҳисобловчи ҳар қандай мамлакат Россия учун йирик геосиёсий ютуқдир. Шу сабабдан Молдова учун бор куч майдонга ташланган. Шунинг учун бу мақсад йўлида катта-катта пул сарфланмоқда”, дейди Молдованинг Россиядаги собиқ элчиси Анатолий Тсерану.

Telegram kanalimiz