Янгиликлар: Молдован тили энди йўқ. Нима учун Молдова ўз тили номини ўзгартирди? Dunyo Yangiliklar

Майя Санду

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Анастасия Успенская
    • Role, Би-би-си

Молдова президенти Майя Санду мамлакатнинг давлат тили номини «молдован»дан «румин»га ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Бунгача номни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Молдова парламенти томонидан маъқулланган эди. Молдова ҳукумати нима учун бундай қарорга келгани ва у нимани ўзгартиришини тушунтирамиз.

"Мен шу юртда яшовчи ва шу юртни севадиган барчамизни румин тили бирлаштиришини истайман. Биз бутун дунё бўйлаб 27 миллиондан ортиқ одам билан бирга Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири бўлмиш румин тилида сўзлашамиз", деб ёзади Санду Facebook'даги аккаунтида.

Тил номи мамлакат Конституциясида, қонунлар матнларида ва барча давлат ҳужжатларида алмаштирилади.

Ҳокимият буни қандай изоҳламоқда?

Санду фармонни имзолагандан сўнг ўз постида ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган молдован ва румин тиллари ва халқларининг алоҳида кўрсатилиши аслида сунъий бўлгани ва учинчи кучлар манфаатига хизмат қилганини айтди.

"Бизга ўнлаб йиллар давомида биз, Молдова Республикаси фуқаролари, румин тилида эмас, «молдован» тилида гаплашади, деб айтаётганлар фақат бир нарсани кўзлаган: бизни бўлиб ташлаш, - деб ёзган президент. - Миллатни бўлиб ташлаш орқали уни ўзингга бўйсундириш ва назорат қилиш осонроқ. Бўлинган халқ ўзини ҳимоя қилишга қодир ягона куч эмас. Бизни бўлишга уринганлар тилни эмас, балки қандай қилиб бизни миллий зиддиятларда сақлаб туришни ўйлашди."

Sandu

Кун давомида постга 12 минг лайк ва 1,5 минг изоҳ тўпланган, уларнинг аксарияти «Табриклаймиз!» сўзи билан бошланади.

Нега айнан ҳозир?

Россиянинг Украинадаги тажовузкорлиги бошланиши билан Украина ва Руминия ўртасида жойлашган кичик Молдова ўз хавфсизлигига ҳақиқий таҳдидни ҳис қилмоқда.

протест

Сурат манбаси, EPA

Украинадаги нишонларга учирилган Россия ракеталари йўлда Молдова ҳаво ҳудудини бир неча бор кесиб ўтган. Уларнинг парчалари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаасининг иши натижасида Молдова қишлоқларига тушган. Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутиши эса Молдованинг энергия таъминотида узилишларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, Молдова расмийлари Москванинг ўз мамлакатларига нисбатан риторикасини очиқ таҳдид деб билади ва Кремлни Молдовада давлат тўнтаришига уринишда айблайди. Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда, унинг иштирокчилари Санду ҳукуматини кескин танқид қилиб, Россияни қўллаб-қувватламоқда.

Президент Майя Санду Ғарбдан ёрдам олиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Ўтган йил июнида Молдова Украина билан биргаликда Европа Иттифоқига қўшилиш учун номзод давлат мақомини олди.

Айрим экспертларга кўра, ҳозирги вазиятда давлат тили номини ўзгартириш Кишинёвнинг қўшни Руминия, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлат билан яқинлашиш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиши мумкин.

Мамлакат аҳолиси бунга қандай муносабатда бўлмоқда?

Ижтимоий тармоқлардаги бир неча минг лайкни ҳисобга олмаса, ҳукумат қарори Молдова жамиятида деярли ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Мамлакат аҳолиси учун «румин тили» ибораси 1990 йиллардан бери одатий бўлиб қолган. Ўша пайтда мактабларда она тили дарслари аввалгидек молдован тили эмас, балки румин тили дарслари деб атала бошланган. Умумтаълим дастурларида мамлакат тарихи "руминлар тарихи" деб номланган.

Руминия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2009 ва 2021 йиллар оралиғида бир миллиондан ортиқ молдовалик Руминия фуқаролигини олди - бу мамлакат умумий аҳолисининг тахминан 39,5 фоизидир.

Олдинги даврда олинган Руминия паспортларини ҳисобга олсак, бугунги кунда молдоваликларнинг камида ярми Руминия фуқароларидир.

Жамиятнинг аксарияти узоқ вақтдан бери Руминия билан чамбарчас боғланган, шунинг учун Молдовада давлат тили мақомининг ўзгариши мутлақо табиий кўринади.

Бунга ким қарши?

Майя Санду ва парламент қарорига мухолифат ва миллатчи гуруҳлар қарши бўлмоқда.

Молдова Республикаси Коммунистлар партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ президенти Владимир Воронин

Сурат манбаси, SOPA Images

Сурат тагсўзи, Молдова Республикаси Коммунистлар партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ президенти Владимир Воронин

Мухолифат - асосан социалистлар ва коммунистлар - бу каби масалаларни ҳокимият йўлакларида эмас, балки фақат халқ референдуми орқали ҳал қилиш мумкинлигини айтади.

"Парламент комиссияларидан сўрадим: "Штефан чел Маре [15-16 асрларда Молдова князлиги ҳукмдори] қайси тилда гапирган?" Молдован тилида. Михай Эминеску [19-асрнинг иккинчи ярми шоири] қайси тилда гапирган. Молдован тилида, у бу ердан, Молдовадан. Димитрий Кантемир [17-асрда Молдова князлиги ҳукмдори] Молдован тилида ёзган», деди Молдова Республикаси Коммунистлар партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ президенти Владимир Воронин.

Март ойи бошида, қонун лойиҳаси парламент томонидан қабул қилинганидан кўп ўтмай, Кишинёвдаги Конституциявий суд биноси ёнида тил номини ўзгартиришга қарши акция бўлиб ўтди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унга юзга яқин одам келган.

Уларнинг айтишича, ҳокимият ҳар бир Молдовалик қолдирган энг муқаддас нарса - ота-боболари тилига тажовуз қилмоқда.

Руминия реакцияси

Бухарестда улар Молдова ҳукуматининг қарорига ижобий муносабатда бўлишди ва Кишинёвни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрликларини айтишди.

"Мен Кишинёв парламенти томонидан румин тили Молдова Республикасида расмий тил мақомига эга бўлгани ҳақида қонун қабул қилинганини олқишлайман. Тарихий ва илмий ҳақиқатнинг тан олиниши Прутнинг икки қирғоғидаги маданият ва тил муштараклигини тасдиқлайди", деди Руминия Бош вазири Николае Чукэ.

"Мен Руминия Молдова Республикасига иқтисодиётини Европа йўналишида ривожлантириши ва барча фуқаролари фаровонлигини таъминлаши учун сўзсиз кўмак беришини тасдиқлайман. Шундай қилиб, мен Руминия ҳукумати қўшни республиканинг суверенитети, ҳудудий манфаатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайман", деб ёзди у Facebook'даги расмий саҳифасида.

Москва нима дейди?

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўзининг Telegram каналида молдован тили Молдова аҳолисининг ўзлиги рамзи эканлигини ёзди (постда Захарова мамлакатнинг советча номини ишлатади - Молдавия).

"Молдован тилини рад этаётган Кишинёвдаги ҳозирги режим савол туғдиради: ҳозирги Бессарабия (1940 йилгача Руминия томонидан босиб олинган) ва Днестр бўйидаги ерлар (1940 йилгача Украинанинг бир қисми бўлган) кимга тегишли? Агар улар тил номини қайта ёзмоқчи бўлсалар, тарихий мантиққа амал қилиб, румин тилини Молдован деб атайлик, аксинча эмас", деб ёзди у.

Унинг айтишича, молдован тили фақат Днестрбўйида сақланиб қолган.

"Биз гаплашадиган тилни нима деб аташни ҳал қилиш бизнинг суверен ҳуқуқимиздир ва бизга тарих сабоқлари керак эмас. Биз Россия томонини мамлакатимиз ички ишларига аралашмасликка чақирганимизни такрорлаймиз", дейилади Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлигининг жавоб баёнотида.

Румин ва молдован: бир ёки икки тил?

Кўпгина замонавий тилшуносларнинг фикрича, «румин» ва «молдован» бир тилнинг икки номидир (лингвоним).

Молдован тили анча қадимий бўлиб, у румин тилининг асосига айланган. Унинг адабий версияси 16-17-асрларда шакллана бошлаган ва ниҳоят 19-асрнинг иккинчи ярмида тўла шаклланган.

Руминия давлати вужудга келиши 1859 йилда Усмонли империясининг вассал ерларида икки князлик - Молдова ва Валахиянинг бирлашиши натижасида бошланган.

Бухарест тинчлик шартномаси натижасида Усмонлилар империяси Молдова князлигининг бир қисми - Бессарабияни Россия империясига беришга мажбур бўлди.

1917 йилги инқилобдан сўнг Бессарабия вилояти қисқа муддат мустақил Молдова республикаси бўлиб қолди ва 1918 йилда Руминия таркибига кирди.

1940 йил 28 июнда Молотов-Риббентроп пактининг имзоланиши натижасида Руминия Бессарабия ва Шимолий Буковинани СССРга беришга мажбур бўлди, шундан сўнг Молдова ўн йиллар давомида Молдавия ССРга айланди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002