Буюк Британия - Молдова: Нима учун мен Европадаги энг бой давлатни энг қашшоғига алмаштирдим - dunyo yangiliklar

Аарон Кук

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2011 йил. Ўз даврининг порлаган юлдузи ҳали-ҳануз Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиш орзусидан воз кечмаган. Аммо бу гал янги мамлакати Молдова учун...
    • Author, Ник Ҳоуп
    • Role, Би-би-сининг Olympic Sports мухбири

Аарон Кук кўзда ёш билан Британия таэквондосидаги ўша тарихий кунни эслайди: 2012 йил, 9 август.

Бу лаҳза беш яшарлигида спорт билан шуғулланишни бошлагандан бери унга илҳом берарди. Бу лаҳза Лондон Олимпия Ўйинларидаги муҳим онлардан бири бўлди.

Аммо бу лаҳза уники эмасди.

Унинг дўсти Жейд Жонс Олимпия Ўйинларида таэквондо бўйича биринчи олтин медални олганида Кук Британия жамоаси эътиборидан кутилмаганда четда қолган ва трибунадан туриб уни томоша қилаётганди.

"Ўшанда олтин медални ўзим қўлга киритишим мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасдингиз", дейди Кук.

У мамлакатнинг Олимпия Ўйинлари қатнашчилари жамоаси эълон қилинишидан бир неча кун аввал Европа чемпиони бўлган ва 80 кг вазн тоифасида жаҳонда биринчи таэквондочи эди.

"Мен спорт формамда эдим. Даврим келганини ҳис қилардим - аксар рақибларни енгган эдим, ишончим бор эди."

Терма жамоага кирмай қолгани уни руҳан "синдирди". Ундан сўнг молиявий синиш бўлди.

Кук ва оиласи бутун топган-тутганларини - юз минглаб фунтни танлов ҳайъатининг унча машҳур бўлмаган Лутало Муҳаммадни унинг ўрнига жамоага олиш қарорига қарши курашиш учун сарфлади.

Улар бу курашда енгилдилар. Аммо ёрдам - молиявий, агар маънавий ҳам бўлмаса - кутилмаган томондан келди. Молдовалик телекоммуникациялар миллиардери унга рад қилиб бўлмас таклиф билан чиқди.

Бу ҳозир ўттизга кирган Кук каръераси давомида бошдан кечирган кўплаб кутилмаган бурилишлардан бири эди.

Унинг йўли ўзига хос, ноёб эди - олтин финал ҳали уфқда кўринмасди.

Кукнинг пайдо бўлишидан кўтарилган тўлқин аҳамияти борасида муболаға қилиш қийин.

У ҳамон аввалгидек кучли таэквондочилар орасида.

2012 йилги Лондон Олимпия Ўйинлари чемпиони Жонс уни спорт "рамзи", деб таърифлайди.

17 ёшида Пекин Олимпия Ўйинларида бронза медали олишига бир баҳя қолганидан йил ўтиб, 2009 йилда у беш карра жаҳон чемпиони, афсонавий Стивен Лопезни енгиб, ўзининг қақшатқич имкониятини намойиш қилди.

Бу унинг глобал юлдуз сифатида бўй кўрсатиши нишонаси эди.

У нафақат спортнинг қиёфасига, балки 2012 йил Лондон Олимпия Ўйинлари юзига ҳам айланди.

"Шундан сўнг менинг таржимаи ҳолим ҳақиқатда портлади", деб жилмайиш билан эслайди Кук ўша дамларни.

"Бу воқеа менга спортнинг энг буюкларини, ўз қаҳрамонларимни ҳам енгишга ишонч берди ва бу ишонч мени бутун каръерам давомида тарк этмади."

Аммо Лондон Ўйинлари яқинлашар экан, унинг таржимаи ҳоли муаммолар чиқара бошлади.

Британиялик ҳомийлар шов-шувлардан фойдаланиб қолишга уринди, Кук ёғлиққина шартномаларни ўзига жалб қилаётган ёш истеъдодлардан бири эди.

"Бу ҳақиқатда телба ва ҳаяжонли давр эди. Мен рекламаларда, озиқ-овқат пакетларида эдим, ўз қаҳрамонларим билан учрашар эдим ва ниҳоят "Power Rangers" билан шартнома имзоланди."

"Мен расман "Red Ranger" бўлдим, болалигидан уларни кузатган одам учун бу ишонилмас бир воқеа эди, ҳатто агар мен олтин медаль олсам, кейинги фильм юлдузи сифатида "Gold Ranger" бўлишим мумкин эди.

Реклама ва фотосессиялар унинг вақтини ўғирларди. Британия Таэквондо маркази учун бу каби ишлар иккинчи даражали эди.

Марказ Кукни Манчестер Сити стадиони қаршисидаги "Asda" супермаркетидаги одмигина бир базасида уни мусобақаларга тайёрлашга ҳаракат қиларди.

Мувозанат топилди, аммо Кукнинг вакиллари ва спортнинг бошқарув гуруҳи ўртасидаги таранглик йўқолмади.

"Британия Таэквондо марказининг ҳам, менинг агентларим ва ота онамнинг ҳам ўз ғояси бор эди. Аниқ келишмовчилик юзага келди ва чўққисига чиқди", дейди жаҳоннинг собиқ ёшлар чемпиони.

Мо Фараҳ ва Том Дейли каби "Adidas" атлетлари билан вақт ўтказгач, тайёрланиш машғулотларига нисбатан бошқалар анча қайишқоқ, эркин ёндашишини билиб олди. Бу унга маъқул ҳам келди.

Кук машғулотлари ўзига мос келмаслигини биларди, Британия Таэквондо маркази эса у кўпроқ тактик турларни ривожлантириши кераклигини таъкидларди, чунки унинг портловчи услубини рақиблар билиб олиб, аввалдан тайёр туришидан хавотирда эди.

У Британия тайёрлов дастури бўйича бир неча тренерлар билан ўзини синаб кўрди, аммо 2011 йилги Жаҳон чемпионатида ўйинлардан "шармандали" чиқиб кетиши билан чўққисига чиққан омадсиз ижроларидан сўнг Британия дастуридан чиқиб кетишга қарор қилди.

"Мен бир профессионал атлет сифатида бу дастурга қарши чиқдим ва атрофимга ўзимга мос жамоани тўплай бошладим", дейди у.

"Ҳомийларим ажратаётган маблағ нафақат менинг кучимни сафарбар қилиш ва ёрдамчи жамоага, балки энг яхши тренерлар ва бирга шуғулланиш учун энг яхши курашчиларни ёллашимга етар эди."

Британия Таэквондо маркази Кукнинг қайтиши учун "эшиклар доим очиқлигини" таъкидларди. Ва у 2012 йили Манчестерда ўтган муҳим Европа чемпионати олдидан вақтинчалик асосда шундай қилди ҳам. Бу унга Лондон Ўйинлари учун квалификация олишга ёрдам берди.

"Машғулотлар менга ёқди, натижалар аъло, ҳатто Марказнинг дастурига қайтишим ва ўзимнинг тренерим ўрнига улар тайинлаган тренер билан машғулот ўташдан ҳам безовта бўлмадим", дейди у.

"Мен ана шундай хотиржам эдим ва Олимпия Ўйинларида қатнашишимга ишонардим." Аммо ҳаммаси бундай сокин кетмади.

Кукнинг ўша чемпионатдаги чиқиши ҳайратланарлидан кўра кўпроқ барқарор характерда бўлди. У ҳар бир курашда ишончли ғалаба қилишга ҳаракат қилди ва 80 кг вазн тоифасидаги асосий рақиби озарбайжонлик Рамин Азизов билан финалда беллашди.

Аарон Кук

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аарон Кук ҳали ҳам Молдова учун беллашади. Аммо ҳозир келишув шартлари ўзгарган

Аммо беллашувнинг охирги сонияларида баҳсли дисквалификацияга учраши унга олтин медалга тушди. Аммо у Европа тожини сақлаб қолди ва ўзини Олимпия Ўйинлари ғолиби, деб ҳисоблади.

Кук Муҳаммаднинг 87 кг.гача вазн тоифасидаги ғалабаси тасдиқланишигача уни кузатиб турди.

Бир ҳафта ўтмай, у "қақшатқич" хабар олди: у 80 кг.гача вазн тоифасида Муҳаммаддан кейинга тушиб, заҳирага олинибди.

Британия Олимпия Ассоциацияси (БОА) Муҳаммаднинг танланганини тасдиқлашни аввалига рад қилди ва нима учун яқиндагина биринчи рақамли таэквондочи бўлган Кук эътибордан четда қолгани сабаби билан қизиқди.

Ўша вақтда Кукнинг жамоаси бунинг сабаби унинг Британия Таэквондо маркази йўриқларидан четга чиққани деб ҳисоблар эди.

Танлов ҳайъати ва раҳбарият буни астойдил рад қилди.

Тортишувлар матбуотнинг бош саҳифаларини бир ой давомида эгаллаб турди ва Кук бу ишни ниҳоясига етказиш учун Олий судга мурожаат қилиши, бунинг учун 500 000 фунт керак бўлиши, агар ютқазса, унинг ота-онасига бу битта уйга тушиши мумкинлигини билгач, ниҳоясига етди.

"Биз ютиб чиқишимизга чин дилдан ишонар эдик, аммо хавф ҳам жуда катта эди", дейди Кук.

"Меннинг Луталога қарши даъвоим йўқлигини, у имкониятдан фойдаланиб, Олимпиаданинг бронза медалини ҳалол қўлга киритганини айтишни истардим. [Муҳаммад ҳам 2016 йили Риода ўтган Олимпия Ўйинларида кумуш медал олган.] Аммо ўша даврни эслаб, қоидаларнинг ҳар иккимиз қатнашишимиз учун имкон бермагани ёмон бўлганини айтмоқчиман."

Лекин ўша вақтда Кук ҳозиргидек фалсафий ўйламаётган эди. У ўзини алданган деб ҳисоблар, ҳозирги раҳбарият жойида ўтирар экан, Британия учун мусобақаларда қатнашмаслигини таъкидлар эди. Унинг барча ҳомийлари ташлаб кетди.

"Олимпия Ўйинларидан сўнг, олти ой давомида жуда тушкун кунларни бошдан кечирдим. Семириб, депрессияда юрдим," дейди у.

"Бу аҳволдан чиқиб олганимдан сўнг, таэквондога бўлган муҳаббатим қайта жонланди, ҳатто бундан ота-онам хурсанд бўлмаса ҳам."

"Ўйлашимча, буларнинг баридан ўтиб олгач, ота-онам мени футбол, бокс, ҳатто UFC'га киришимга ҳам рози эди, ёшим 21 да, жиддий бирор таклиф чиқса, шундай қилар ҳам эдим."

Кук яна таэквондога қайтиши мумкин эди, аммо, ўзи айтганидек, Британия рангларида эмас.

Мэн Ороли унга халқаро аренага қайтиши учун ноодатий, аммо тезкор йўл таклиф қилди, гарчи бу уни Олимпия Ўйинларидан бошқа чемпионатлар доирасида чекласа ҳам.

"Ҳатто уларни Олимпия Ўйинларида тамсил қила олмасам ҳам, бошқа катта чемпионатларда қатнашиш мен учун етарли бўларди", дейди у Би-би-си Спортга.

Сўнг 2014 йили муҳим бурилиш рўй берди.

Учинчи Европа олтин медалини қўлга киритганидан бироз ўтиб - Мэн Оролининг таэквондо бўйича биринчи катта мукофотини қўлга киритгач, Кук Озарбайжон пойтахти Бакудаги арена ортидаги хира ёритилган хонага чекинди. Молдованинг таэквондо президенти у билан кўришишни истаганди.

Икки ҳафта ўтиб, Лондондаги стейк ресторанида улар тағин кўришдилар ва Игор Юзефович унга таклифини яна такрор айтди, Кукка Молдова фуқаролигини олишига ёрдам беришини билдирди. Ўртага катта пул аралашганди. Ва бу таклиф унга Олимпиада Ўйинларига қайтиш имконини ҳам берарди.

"Жуда ғалати, қизиқ ва аҳмоқона вазият эди, чунки мен ҳаётимдаги энг паст поғонадан кўтарилишим, буларнинг бари учун улар ҳақ тўлаши таклиф этилаётган эди", дейди Кук.

"Ота-онам Лондон Олимпия Ўйинларидан бери менинг барча харажатларимни кўтаришди ва мен бу таклифни қарзларимни қайтариш учун имконият деб билдим."

Кукнинг "таэквондо трансферлар бозори"да пайдо бўлгани маълум бўлгач, муқобил таклифлар ҳам туша бошлади. Қатар, БАА, Қозоғистон ва Туркия унга ўз таклифлари билан чиқди.

"Бу таклифлар рақобати жуда ҳаяжонли эди, аммо мен ўзимнинг вазн тоифамда спортчиси бўлмаган давлатни танлаш қароримда қатъий эдим, чунки ўша ерда улғайган кимнингдир ўрнини тортиб олишни истамасдим", дейди Кук.

БОА аввалига унинг аризасини эълон қилишни истамади. Аммо спортчи билан кўришгач, унинг фикридан қайтаришга уриниш беҳуда кетишини англагач, унинг талабига рози бўлишга мажбур бўлдилар. 2015 йили унга расман Молдова паспорти топширилди.

"Бу таэквондога ўхшамасди, - дейди Кук. - Шартномада агар олтин медал олсам, 100 000 фунт олишим кўрсатилган эди. Мен ўзимни Манчестер Юнайтед билан шартнома тузган футболчидек ҳис қила бошладим."

Аарон Кук

Сурат манбаси, AARONCOOK

Сурат тагсўзи, Аарон Кук Молдова фуқаросига айланган онлар

Кук 2014 йили кетма-кет саккизта медал қозониб, каръерасидаги энг ажойиб даврни ўтказди. Келаси йили у биринчи марта Жаҳон чемпиони медали учун курашди.

Аммо бронза медали унинг миллиардер ҳомийсини қаноатлантирмас эди.

"Аввалбошда машғулотлар, машғулот майдонлари ва мусобақалар харажатлари тўлиқ қопланди, сўнг у барча ўйинчоқларни аравачадан ирғита бошлади, сўнг бутун қийшиқ коптоклар бошимга ёғилди", дейди Кук.

"Ўша вақтни эслаб, балки қаттиқроқ курашишим керакмиди деб ўйлайман, аммо Лондон Олимпия Ўйинларидан аввал нималарни бошдан ўтказганим эсимда эди, мен шунчаки коптокни ўйнадим, чунки Олимпия Ўйинларида имконият бўлишини билардим."

Шунга қарамай, 2016 йилги Рио Ўйинлари у ўйлагандек бўлиб чиқмади. У иккинчи ўринни олди, осонгина енгаман деб ўйлагани рақибига қарши биринчи раунд жуда қониқарсиз бўлди.

"Каръерам давомида бир неча марта ўзимга қаттиқ босим ўтказганимдан афсусдаман ва бу ўшалардан биттаси эди", дейди у.

"Молдова билан, ота-онам билан, акам билан, тренерим билан кўп ишлар бўлиб ўтди ва Британияга кимни қўлдан бой берганини кўрсатиб қўймоқчи ҳам эдим."

"Мен яхши формада эмасдим ва яхши чиқиш қила олмадим."

Икки ҳафта ўтиб, у 2020 йилги Токио Ўйинларигача белгиланган шартномаси бекор қилингани ҳақида электрон мактуб олди.

Кўп "кўзёшлар"дан, мулоҳазалардан ва яна ота-онасининг банкига қайтганидан сўнг у курашни давом эттириш йўлини топди, 12 ой ўтиб, ҳамон Молдова шарафини ҳимоя қилар экан, 2017 йили Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. У Молдовада йил спортчиси бўлди.

Аммо Кук камдан-кам вақтини Молдовада ўтказар эди. У асосан Манчестердаги уйи яқинида жойлашган маҳаллий спорт залда тайёргарлик кўрарди.

Унинг катта халқаро медаль - Европа кумуш медали олганига ҳам уч йил бўлган. Олимпия Ўйинларида қатнашиш дохил бошланғич шартномаси ҳам тугаган.

Сон мушакларидаги икки узилиш ва тиззасидаги муаммолар боис, Токио Ўйинларига автоматик квалификациядан қуруқ қолди, аммо Ковид-19 пандемияси сабабли ўйинларнинг кечиктирилиши янги имкониятни яратди.

Карантин вақтида қиз дўсти, 73 кг вазн тоифасида жаҳон чемпиони Бианка Уолкден билан бирга ва икки карра Олимпия чемпиони Жонс билан қўшни бўлиб яшар экан, Кук мунтазам равишда шериги билан шуғулланди.

Хорватиядаги машғулот лагерида уларга қўшилгач, ҳозир Британия Таэквондоси томонидан расмий спарринг партнер сифатида ёлланган.

"Жуда аҳмоқона, ҳаммаси айланиб келди, шундай эмасми?" деб кулади у.

"Британия академиясини 2011 йили тарк этганимдан бери яна шу ерга қайтиб келишим жуда ғалати, мен ўз дастурим бўйича машғулот ўташ эркига эга эмасдим, аммо ҳозир ҳар бир атлет учун машғулотлар мослаштирилган. Агар аҳвол 10 йил аввалгидек бўлганда, мен қайтмасдим."

"Мен унутаман ва кечираман демайман, аммо йиллар ўтди, балки пандемия ёки ёш улғайган, ёки дунё ўзгарган, аммо мен ўтмишда яшамаслигим кераклигини тушундим, олға интилишим керак."

Британия Таэквондо маркази директори Гэри Ҳол айтишича, Кукка нисбатан "адоват" йўқ.

"У яхши йигит, қаттиқ тайёрланади, жуда тез, машғулот ва спарринг партнер сифатида атлетларимизни кучли синовдан ўтказа олади, Бианка бунинг фойдасини ҳис қилмоқда", деб қўшимча қилади у.

"Унинг бизда ишлаётганидан мамнунмиз, умид қиламизки, у Токиога боради ва ютуқ билан қайтади."

Янги синов олдинда турибди. У ҳолливудча услубда юқори муваффақият билан хайрлашиши мумкин.

Токио Олимпия Ўйинларида қатнашиш учун у Болгарияда ўтадиган Европа квалификация мусобақаси финалида ҳам ўзини намоён этиши керак.

Агар у шундай қилса, буни ҳам ўзининг ноёб услуби билан амалга оширади.

"Мен доим Рокининг ашаддий мухлиси бўлганман, чунки у ҳам мен каби кўча жангчиси, у ҳисоблар бўйича енгилаётган бўлса ҳам, нокаут қиладиган зарбаси ҳаммасини ўзгартириб юборади", дейди Кук.

"Каръерамда бунақаси аввал бўлган. Шунақалардан камида биттаси менда қолганини биламан."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek