Шаҳрам Гиясов: ‘Биздан-да яхши натижаларга эришишсин’
Рио Ёзги Олимпиадасининг кумуш медали совриндори, ўзининг боксчилик маҳорати билан Ўйинларда кўпчиликнинг меҳрини қозонган боксчи ўзбекистонлик паралимпиячиларга худди ана шундай тилак билдирди.
Ўзбекистонлик паралимпиячилар рекорд сонда иштирок этаётган Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари бугун – 7 сентябр куни расман очилади ва 18 сентябрга қадар давом этади.
“Улар Олимпиада Ўйинларини шунча кутишди. Ўтган тўрт йил давомида машаққат чекиб, меҳнат қилиб, Ўйинларнинг лицензияларини қўлга киритиб, мана, Рио-де-Жанейрога ҳам боришди. Мана, биз Ўзбекистон давлат байроғини кўтартириб, мадҳиясини янграттириб, ўзбек ўғлонлари, ўзбек қизларининг кимликларини кўрсатиб келдик. Мана шуни тутиб, бундан-да, биздан-да яхши натижаларни қўлга киритишларини хоҳлаймиз, илтимос қиламиз”, - дейди Шаҳрам Гиясов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун тарихийси бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Ўйинлар 5-21 август кунлари бўлиб ўтган, унда ўзбекистонлик олимпиячилар 4 та олтин дохил жаъми 13 та медаль қўлга киритишганди.
Рио Олимпиадасида, айниқса, ўзбекистонлик боксчилар ўзларини кўрсатишган.
Боксчилар, ҳатто олтинлари назарда тутилганда ҳам, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп медалларни келтиришган.
Улар Риода қўлга киритган медалларнинг сони бўйича манаман, деган Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб кетишган.
Ўз тарихларида илк бор бокс бўйича Ёзги Олимпиада Ўйинларининг медаллар жадвали пешқадамига айланишганди.
“Ҳа, ҳис-ҳаяжон бор эди. Ҳеч қачон бунақа очилиш маросимини кўрмаганман. 10500 дан ортиқ спортчилар бор эди. Бунча спортчига ҳеч қачон гувоҳ бўлмаганман. Ҳозир жудаям машҳур бўлган спортчилар бор эди. Машҳур актёрлар, актрисалар,.. ҳаммаси келиб, бизлар билан сўрашиб, Рио Олимпиадасининг очилиш маросими жуда ҳам қизиқ ўтганди”, - дейди боксчи Шаҳрам Гиясов ўша кунларни хотирларкан.
Расмий очилиш маросими

Сурат манбаси, PA
XV Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларининг расмий очилиш маросими британ вақти билан кечки соат 21:30, Тошкент вақти билан тунги соат 01:30 да бошланади.
Паралимпия Ўйинларининг очилиш маросимига ҳам мезбон Рио-де-Жанейродаги афсонавий “Маракана” стадиони мезбонлик қилади.
Унда хореограф ва санъаткорлар дохил 500 нафар ўз ишининг усталари билан бир қаторда минглаб кўнгиллилар ҳам иштирок этишади.
Расмий хабарларга кўра, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларининг расмий очилиш маросимига жаъми 50.000 га яқин чипта сотилган.
“Маракана” стадионининг ўзи эса, қарийб 80.000 кишига мўлжалланган.
Маросим дизайнер Фред Гелли, ёзувчи Марcело Рубенс Паива ва сураткаш-ҳайкалтарош Вик Муниснинг ҳамкорликдаги меҳнати маҳсули бўлади.
Фред Геллининг айтишича, бугунги очилиш маросими “спортчиларнинг туганмас энергияларини бошқаларга ҳам улашади”.
Марcело Рубенс Паивага кўра, бу тантанали тадбир “ўзгаларга нисбатан тоқатлилик ва ҳурматнинг энг улкан рамзи бўлиб хизмат қилади”.

Сурат манбаси, Getty Images
Тантанали тадбир “Ҳар бир танда қалб бор”, шиори остида ўтказилади ва ўзида инсоний ҳолат, ҳис-туйғулар, муаммолар, бирдамлик ҳамда севги-муҳаббатни акслантиради.
Очилиш маросимида 160 дан ортиқ давлатдан келган 4000 дан зиёд паралимпиячи ўз байроқдорлари бошчилиги остида кўриниш беришади.
Уларнинг чиқишларини эса, Ўйинларда Мустақил Паралимпиячилар таркибида беллашувчи суриялик қочқин Иброҳим Ал-Ҳусайн бошлаб беради.
Расмий очилиш маросими чоғида Мунис ўзининг бор маҳоратини жонли равишда ҳам намойиш этиб беради.
Паралимпия машъаласининг ёқилиши эса, маросимнинг энг қиёмига етган нуқтаси бўлади.

Сурат манбаси, Reuters
Паралимпия машъаласи “Маракана” стадионига етиб келмасидан аввал бир ҳафта давомида 500 машъалачи кўмагида Бразилиянинг барча 5 минтақасини босиб ўтган.
Очилиш маросими ижодкорлари бўлган ўзларига “шум болалар”, дея баҳо берган Марcело Рубенс Паиванинг айтишича, тадбирнинг сценарийси ”чек-чегара билмайдиган ғаройиб ғоялар”га асосланган.
Рекорднинг устига рекорд
Эслатиб ўтиш жоиз, бу – Жанубий Америка давлати мезбонлик қилаётган биринчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлади.
Бу галги Ўйинларда дунёнинг 170 дан ортиқ давлатидан бўлган 4000 дан зиёд паралимпиячи совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
Таъкидлаш жоиз, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида илк бор Қочқинлар терма жамоаси ҳам иштирок этади.
Халқаро Паралимпия Қўмитаси Ўйинларни дунё бўйлаб илк бор рекорд сондаги, яъни жаъми 4 миллиард инсоннинг томоша қилишига умид қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Яъни, агар, хабарларга таянилса, жаҳоннинг 154 давлати Рио Паралимпиадасини ёритиш истагини изҳор этишган.
Айтилишича, бунақаси ҳам Ёзги Паралимпия Ўйинлари тарихида кузатилмаган.
Қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, бу галги Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистонни рекорд сондаги спортчиси намоён этади.
Ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи Ўйинларнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook- BBC UZBEK
- Google+ BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - bbcuzbekradio
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.