Янгиликлар. Душанбе: Путин Алиевдан яна узр сўради, Озарбайжон истаган нарсани тан олди, Мирзиёев Тожикистондан қайтди. Видео

Сурат манбаси, RASMIY
Озарбайжон президенти матбуот хизмати Алиев-Путин учрашувини расман тасдиқлади. Расмий хабарга кўра, икковлон Тожикистон пойтахтида яккама-якка мулоқот қилишган.
Сўнгги бир йил ичида илк бор учрашишган.
Россия президентининг расмий веб-сайти учрашув тафсилотларини сўзма-сўз келтирган.
Озарбайжон раҳбариники ҳозирча қисқа хабар ва учта сурат билан чекланган.
Россия томонига кўра, ҳар икки давлат раҳбарлари ўз сўзлари киришида бундан аввал (шу йил сентябр ойида - таҳр.) қисқа бўлса-да, яқинда Пекинда ҳам учрашганликларини хосан тилга олишган.
Орада бир-бирлари билан қўнғироқлашганликларига ҳам тўхталишган.
Путин учрашувларини энг нозик мавзу - осмонларида содир бўлган автоҳалокатдан бошламоқчи эканини айтган.
Боку анчадан бери талаб қилган нарсани - ўтган йилнинг декабрида Озарбайжон лайнерининг уриб туширилишига Россиянинг алоқадорлигини тан олган.
Ҳали ўша пайтда нафақат бунинг учун узр сўрагани, балки-да, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳам самимий ҳамдардлик билдирганини эсга олган.
Буларнинг барчасини яна такрорлаш, янгидан айтишни исташини билдирган.
Келишилганидек, ўзларининг терговга ҳар томонлама ёрдам бераётганликларини баён қилган.
Путин тергов ниҳоясига етаётгани, энди бу фожианинг, фалокатнинг сабабларини, умуман олганда, муҳокама қилишлари мумкинлигини, бунинг бир нечта омилга боғлиқ эканини айтган.
Биринчи сабаби ўлароқ ўшанда осмонда Украина дронлари бўлганини, иккинчиси ўлароқ Россия ҳаво мудофааси тизимидаги техник носозликларни тилга олган.
Учирилган иккита ракета самолётга тўғридан-тўғри тегмагани, ундан бир неча метр узоқликда, тахминан 10 метр масофада портлагани, шунинг учун ҳалокат содир бўлганини айтган.
Бу турдаги ракеталар эса айнан шундай ишлайди - улар нишонга яқин жойда портлаб, шрапнел билан зарар етказади.
"Аммо бизнинг бурчимиз, такрор айтаман ва биз бошидан бу ҳақда келишиб олганимиздек, содир бўлган барча воқеаларга холис баҳо бериш ва ҳақиқий сабабларни аниқлашдир. Лекин бу вақт талаб этади", - дея баён қилган Россия президенти.
"Лекин, шунга қарамай, кўплаб соҳаларда қизиқишлари, ўзаро манфаатлари бир-бирига мос келиши ва жуда яқин эканини таъкидлашни исташи"ни айтган. Бунинг энг аввало савдо-иқтисодий алоқалар билан боғлиқ эканини билдирган.
Путин минтақавий ва халқаро майдонларда ўзларининг Ташқи ишлар вазирликлари доимо бир-бири билан жуда яқин ҳамкорлик қилиб келганлигини ҳам эслатган.
Бу ҳамкорлик нафақат тикланиши, балки муносабатлари, иттифоқчилик руҳида давом этишига умид билдирган.
Агар, Россия томони расмий хабарига таянилса, Илҳом Алиев энг аввало учрашув учун ўз миннатдорчилигини билдиришни истаган.
Имкониятдан фойдаланиб, Россия президентини яна бир бор туғилган куни билан табриклаган.
Ўтган йилнинг декабр ойида юз берган фожеа билан боғлиқ ушбу батафсил маълумот учун алоҳида раҳмат айтган.
Мазкур вазиятни шахсан ўзи назорат қилиб тургани учун Путинга миннатдорлик билдириш истагида эканини билдирган.
Жорий йилда нафақат савдо-иқтисодий, балки бошқа барча соҳаларда ҳам алоқалар муваффақиятли ривожланаётганини таъкидлаган.
"Ва, албатта, бугун кун тартибини яна бир бор кўриб чиқиш учун яхши имконият экани, унинг жуда кенг ва ижобий" эканини айтган.
"Шундай экан, ушбу маълумот учун яна бир бор раҳмат ва ишончим комилки, бугунги кунда жамиятларимизга юбораётган муждаларимиз ҳам ижобий қабул қилинади", - деган.
Аммо Россия президентининг расмий веб-сайтида келтирилган бу тафсилотларнинг ҳеч бири Озарбайжон раҳбариникида ҳозирча кўзга ташланмайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нима гап?
Россия президенти Тожикистонга давлат ташрифини бошлади.
Унинг пойтахт Душанбеда Озарбайжон президенти билан учрашиши ташрифи манзарасида аксарият Россия нашрлари ўзининг эътиборини қаратаётган мавзулардан бирига айланди.
Хабарлар Россия-Озарбайжон муносабатлари ўзининг энг қуйи нуқтасида, деб кўрилаётган бир пайтда бўй кўрсатди.
Душанбе "Марказий Осиё+Россия" саммитининг иккинчи саммитига ҳам мезбонлик қилади.
Тожикистон пойтахтида яна МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.
Ҳар икки тадбирда Ўзбекистон президентининг ҳам иштироки расман тасдиқланган.
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати кеча, чоршанба куни Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 октябр кунлари амалий ташриф билан Тожикистонда бўлишини расман тасдиқлаган.
Шу соатларда унинг ҳам Душанбега жўнаб кетгани расман хабар берилган.
Путин-Алиев учрашуви?
Икки давлат президентларининг учрашувлари ҳақида ТАСС ахборот агентлиги ҳам хабар берган.
Ахборот агентлиги ўз хабарида Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга таянган.
Россия нашрларида бўй кўрсатаётган айни мазмундаги хабарларга ҳозирча расмий Боку муносабати имконсиз.
Шу соатларда Озарбайжон президентининг ҳам Тожикистонга борганига оид хабарлар олинган.
Лекин 7 октябр куни Озарбайжон президенти Путинни туғилган куни билан табриклаган.
Хабарларда ҳам икковлоннинг туғилган кундан ташқари, ўзаро муносабатларининг бугуни ва истиқболи ҳақида гаплашиб олишгани айтилган.
Бу ҳақда Озарбайжон президентининг матбуот хизмати расман хабар берган.
Аммо расмий хабарда Илҳом Алиев Россия президентига нималар тилагани айтилмаган.
Фақат Путин унинг "табрикларига ташаккур" билдиргани айтилган.
Баъзи етакчи Россия нашрларига кўра, Кремлда бу қўнғироқ муҳим, деб аталган.
Россиядаги айрим Телеграм каналларининг ёзишларича, "музокаралар 9 октябр, пайшанба куни бўлиб ўтади.
Кун тартибида Россия-Озарбайжон муносабатлари бўлади.
Учрашувнинг бўлиб ўтаётгани икки давлат раҳбарларининг барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш ниятидан далолат беради.
Россия томони ижобий кайфиятда...".
Россия билан ўзаро муносабатлари совуқлашган бир манзарада Озарбайжон президенти Вашингтонда АҚШ Президенти Доналд Трамп воситачилигида Арманистон билан тинчлик битимини имзолаган.
Куни-кеча Данияда, Европа сиёсий ҳамжамиятининг Копенгагендаги саммити теграсида Украина президенти Володимир Зеленский билан юзма-юз кўришган.
Ўшанда икковлоннинг инглиз тилида мулоқот қилишгани ҳам постсовет маконида кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратган нуқталардан бирига айланганди.
Россияга қарши суд иши ва сўнгги кескинликлар

Сурат манбаси, Reuters
Шу йил июлида Озарбайжон ўтган йилнинг 25 декабрида Каспий денгизида, Ақтау яқинида содир бўлган АЗАЛ 8243-рейсининг авиаҳалокати юзасидан Россияга қарши халқаро судларга мурожаат қилишга тайёрланаётгани хабар берилган.
Ҳалокатдан етти ой ўтган бўлишига қарамай, Алиевнинг сўзларига кўра, Боку Москвадан "аниқ жавоб" олмaган. Кремль воқеа юзасидан текширув давом этаётганини таъкидлаб, Озарбайжоннинг халқаро судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тан олган, аммо бунинг Россия учун расмий оқибатлари бўлишини кутишини билдирган.
Озарбайжон Россиядан учта асосий талабни илгари сурмоқда:
- Айбни тан олиш.
- Айбдорларни жавобгарликка тортиш.
- Ҳалок бўлганларнинг оилаларига компенсация тўлаш ва АЗАЛга етказилган зарарни қоплаш.
Алиев Озарбайжоннинг сабр-тоқати чекланмаганлигини ва адолат қарор топиши учун "ўн йил кутишга тайёр" эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу вазият Россия ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Кремл ҳам икки давлат муносабатларида "қийин давр" бошланганини тан олган, аммо ҳамкорликнинг ўзаро фойдали эканлигини таъкидлаб, вазиятнинг ўтишини умид қилишини билдирган.
Самолёт ҳалокатидан ташқари, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар 2024 йил охири ва 2025 йил бошидан буён бир қатор бошқа воқеалар туфайли ҳам кескинлашди.
Хусусан, 2025 йил июн ойида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан икки Озарбайжон фуқаросининг ўлдирилиши ва уларнинг қийноққа солинганлиги ҳақидаги даъволар дипломатик жанжалга сабаб бўлди.
Бунга жавобан Озарбайжон Россия ҳомийлигидаги барча маданий тадбирларни бекор қилди ва Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукнинг режалаштирилган ташрифини қолдирди.
Шунингдек, Озарбайжон расмийлари бир нечта Россия фуқаросини, жумладан, "Спутник" давлат оммавий ахборот воситаларининг икки журналистини ҳибсга олди.
Россия томони Екатеринбургдаги воқеани одатдаги полиция операцияси деб таърифлаб, бир кишининг юрак касаллигидан вафот этганини даъво қилди ва этник сабабларга кўра таъқиб қилиш ёки нотўғри хатти-ҳаракатларни инкор этди.
Бироқ бу ҳодисалар ва самолёт ҳалокати юзасидан масъулиятни тўлиқ тан олишдан бош тортиш Москва ва Боку ўртасидаги муносабатларда сезиларли совишга олиб келди.
Шунингдек, яқин кунларда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) хорижда, хусусан, Озарбайжон ва Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича социологик тадқиқот ўтказиб, бу давлатларда ҳам рус тилининг мавжуд мавқеини сақлаб қолиш учун дастурлар ишлаб чиқариш қарори ҳақидаги хабар ҳам чиққан эди.
"Марказий Осиё+Россия"
Putin Xalqaro Jinoyat Mahkamasi a’zo bo‘lgan davlatdagi sammitda qatnashishning o‘rniga o‘ziga qarshi ayblovlarga yuz tutish uchun Gaagada bo‘lishi kerak.
"Марказий Осиё+Россия" форматининг 2022 йилги илк йиғинига Қозоғистон пойтахти мезбонлик қилган.
Ўшанда бугунги мезбон - Тожикистон президентининг Путинга айтган гаплари катта шов-шувга сабаб бўлган.
Эмомали Раҳмон Остонада Путинга тўғридан-тўғри ошкора мурожаат қилган, "+" саммитларининг самарадорлигини савол остига олган.
У Россия президентидан ҳурматларига яраша ҳурмат, Совет давридагидан фарқли эътибор ва қўллов талаб қилган.
"Марказий Осиё давлатларига собиқ Совет Иттифоқидек қараманг...", деб айтган.
Уларни Тожикистоннинг бор имкониятларига яраша сармоя киритишга ҳам чақирган.
Эътироз, сўров ва талаблари эса минтақанинг сиёсий ҳаётида бўлмаган, деган баҳо ва талқинларга сабаб бўлган, шов-шув уйғотган.
Украина уруши фонида кузатилгани билан аксариятнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Имконли бўлган кадрлардан Путин бунга кескин муносабат билдирмасликни маъқул, деб топгани кўрилган.
Афғонистонга чегарадош Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
Айни форматнинг иккинчи саммити ҳам Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган бир манзарада бўлиб ўтади.
Путиннинг Тожикистонга давлат ташрифи арафасида, кеча, 8 октябр куни "Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти мурожаат билан чиққан.
Халқаро ташкилот расмий Душанбени Россия президентини Тожикистонга киритмаслик ёки Халқаро Жиноят Маҳкамасининг ордерига мувофиқ ҳибсга олишни сўраганди.
Тожикистон 2002 йилдан буён Халқаро Жиноят Маҳкамасининг аъзоси саналиши айтилади.
"Хьюман Райтс Вотч"нинг айни даъватига расмий Душанбенинг муносабати ҳозирча имконсиз, Халқаро Жиноят Маҳкамасиники ҳам...
Шу соатларда олинаётган расмий хабарларга кўра, пойтахт Душанбеда Россия президентини тантанали кутиб олиб маросими бўлиб ўтган.
Эмомали Раҳмон Путин билан тор доирадаги музокараларини ҳам тугатиб бўлган.
Россия президенти матбуот хизматининг расман хабар беришича, шу соатларда икки давлат ҳайъатлари ўртасида кенг доирадаги мулоқотлар бошланган.
Тожикистон Россиянинг Марказий Осиёдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири ўлароқ кўрилади.
Тожикистон, бошқа томондан, йилларки, минтақанинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд давлати ҳам бўлади.
Шу дақиқаларда олинаётган хабарларга кўра, Владимир Путин "Марказий Осиё+Россия" саммитининг иккинчи йиғинига етиб келган.
Давлат раҳбарларининг Россия ва минтақа давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, саноат, логистика, энергетика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишлари айтилмоқда.












