Россия Ўзбекистон ва Озарбайжонда ҳам рус тилини тарғиб қилиш самарадорлигини баҳоламоқчи

MDH davlatlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) хорижда, хусусан, Озарбайжон ва Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича социологик тадқиқот ўтказади. "Ведомости" газетасининг ёзишича, 34,8 миллион рубллик ушбу тендерда Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ғолиб чиққан.

Алоқадор мавзулар:

Буни қандай амалга оширишмоқчи?

Тадқиқотдан кўзланган мақсад рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичларини экспертизадан ўтказиш ва ушбу мамлакатларда унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдир.

Тадқиқотда ҳар бир давлатда камида 1500 респондентдан онлайн сўровнома ўтказиш, шунингдек, телефон орқали ва шахсий интервьюлар йўли билан камида 1000 кишини сўровдан ўтказиш режалаштирилган.

Тадқиқот натижалари бўйича Москвада мавзуга оид давра суҳбати ўтказилади.

Мазкур янгиликка минтақа давлатлари муносабати ҳозирча имконсиз.

Рус тилининг собиқ совет мамлакатларидаги ҳолати

BBCuzbek

Сурат манбаси, BBCuzbek

"Ведомости"нинг ёзишича, Россиянинг хориждаги гуманитар таъсирини ёйўвчи агентлик "Россотрудничества" собиқ Совет Иттифоқи таркибидаги мамлакатларда рус тилининг ҳозирги ҳолатига алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўрганиб чиққан.

Агар, нашр келтирган маълумотларга таянилса, Озарбайжондаги ҳолат қуйидагича: 2025 йилда Россотрудничествонинг Бокудаги ягона бўлими фаолияти тўхтатилган, бу расмий рўйхатдан ўтмаслик билан изоҳланган. Сўнгги 10 йил ичида рус тилида таълим бериладиган мактаблар сони ўзгармаган ёки бироз камайган – ҳозирда 4000 дан ортиқ умумтаълим муассасасидан 300 га яқини рус тилида дарс беради. Экспертларнинг фикрича, 40-45 ёшдан ошган авлод рус тилидан фаол фойдаланса-да, ёшлар орасида унга бўлган эҳтиёж пасаймоқда.

Ўзбекистонда эса, мингдан ортиқ рус тилида таълим бериладиган мактаблар (шу жумладан аралаш турдаги мактаблар) мавжуд. Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рус тилини ўрганишга ҳафтасига атиги икки соат ажратилиши етарли эмас. Шунга қарамай, рус тилини ўрганишга катта эҳтиёж борлиги қайд этилган. Тошкент каби йирик шаҳарларда вазият яхши, аммо вилоятларда аҳвол мураккаброқ, дейилади мазкур мақолада.

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида рус тилида мактаблар сони бўйича етакчи бўлиб, рус тилида таълим берадиган 3606 та мактаби бор.

Қирғизистонда 751 та рус тилида таълим бериладиган мактаб мавжуд.

Тожикистонда 200 та мактаб рус тилида таълим беради.

Туркманистонда 71 та мактабда рус тилида дарс берилади.

Мақолада мутахассисларнинг фикрига таяниб ёзилишича, Озарбайжон ва Ўзбекистонда рус тилини жиддий тарғиб қилиш эмас, балки мавжуд позицияларни сақлаб қолиш ҳақида гап бормоқда.

Lavrov Samarqandda

Сурат манбаси, t.me/MariaVladimirovnaZakharova

SOTA Telegram каналида берилган хабарга кўра эса, Россия рус тилини МДҲ давлатлари орасида миллатлараро мулоқот учун тарғиб қилиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш қарорини олган. Ва юқорида айтиб ўтилган рус тилининг ўрнини баҳолаш тадқиқотлари ҳақидаги хабар ҳам бир хил вақтга тўғри келяпти.

Мазкур хабар минтақада ҳам эътибордан четда қолмаган, айрим нашрларида аллақачон ўзининг ифодасини топган.

Эслатиб ўтамиз , шу йилнинг апрель ойида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқандга ташрифи давомида рус тилининг ўрни тушиб кетганига ишора қилгани ўзбекистонлик баъзи расмийлар, фаоллар орасида катта эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлган эди.