Ўзбекистон учун рус тили ўзбек тилидан муҳимми?

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси

Сурат манбаси, O'zbekiston Oliy Majlisi Qonunchilik Palatasi

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон парламенти рус тили ташкилоти ҳақида қандай муҳокамалар қилди, жамоатчилик билмай қолди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

21 ноябр куни Қозоғистон парламенти юқори палатаси рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ғоясини маъқуллагани ҳақидаги хабарни ўқиган ўзбекистонликлар Ўзбекистон парламенти аллақачон бундай қонунни маъқуллаб бўлиб ҳатто президент имзолашга улгурганидан хабардор бўлдилар.

Кузатувчиларга кўра, Украина уруши бугунги Россия раҳбариятининг империалистик кайфиятда эканини, нафақат Украина билан чекланиб қолиш, балки Чор Россияси, СССР ҳудудидаги империяларини қайта тикламоқчилигини аниқ-тиниқ кўрсатди.

Буни нафақат Ғарб, балки бугун Россиянинг ўзидан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган эркин фикрли россияликларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар.

"Шундай бир шароитда босқинчи Россия халқаро нуфузини кўтариш мақсадига хизмат қиладиган халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг манфаатларига қанчалар тўғри келади", деган савол Ўзбекистон парламентида кўтарилдими?

Бу саволга на Сенат, на Қонунчилик Палатаси, на депутатлардан жавоб бўлгани йўқ.

Маҳаллий нашрлар ими-жимида "юқоридан тезда босиш" буйруғи берилган қисқа хабарни тарқатдилар.

Тошкентдаги емакхона берган тўлов чеки

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда рус тилидаги иш юритиш, ёзув-чизув олдинги йиллардагига қараганда ҳам кучайгани кузатилади.

Ундан англашилишича, аллақачон Қонунчилик Палатаси кўриб чиққан, Сенат маъқуллаган қонунни Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябр куни имзолаган.

Бу қонун "Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2023 йил 13 октябрь) ратификация қилиш ҳақида" деб номланади.

МДҲда мақоми ҳукуматлараро бирлашма бўлган Рус тили бўйича халқаро ташкилот тузишга келишилган.

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари қаторига рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, "Рус тили ва адабиёти", "Рус тили чет тили сифатида" деб номланган йўналишлар бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мутахассислар захирасини шакллантириш кириши хабар қилинган.

Ўзбекистондаги "Афросиёб" тезюрар поезди чиптаси

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, "Афросиёб" поездига чет элликлар чиқади, дегани ёзувлар ҳам рус тилида бўлиши кераклигини англатадими?

Бундан ташқари, ташкилот давлатлараро мулоқот тили сифатида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш масалаларида МДҲ мамлакатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлаш билан шуғулланади.

Ушбу янгилик бундан бир ой олдин - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ҳақидаги қонун қабул қилинганига 35 йил тўлгани кунида Ўзбек тилининг Ўзбекистондаги мавқеси борасида хавотирлар билдирилган вақтда тарқади.

Бу йил ҳам ўзбекистонлик фаоллар мамлакатда маҳаллий кичик бизнеслардан тортиб ҳукумат даражасига қадар Ўзбек тили ҳурмат қилинмаётгани, давлат тили мақомига эга бўлмаган рус тилининг мавқеъи шиддат билан кучайиб бораётгани ҳақида ёздилар.

"Диққат Би-би-си" таҳлилий дастуримизда биз ушбу мавзуни муҳокама қилдик.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Телеграм каналимиз: