Ўзбекистон фуқароси ва тўрт ширкати Буюк Британия жазо чоралари рўйхатига киритилди

Кимё заводи.

Сурат манбаси, ЕРА

Сурат тагсўзи, Буюк Британия пахта ва целлюлоза маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи Ўзбекистондаги тўрт ширкатни жазо чоралари рўйхатига киритди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Буюк Британиянинг Молия ва Иқтисод вазирлиги Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ жазо чоралари татбиқ қилинган ширкатлар рўйхатига Ўзбекистондаги тўрт ширкат ва бир Ўзбекистон фуқаросини киритди.

Вазирликнинг 18 декабр куни янгиланган рўйхатига Фарғона кимё заводи - "Farg'ona kimyo zavodi MChJ" , Тошкентда қайд қилинган пахта маҳсулотларини экспорт қилишга ихтисослашган Гелион Бизнес трейд - "Gelion Business Trade LLC", Жиззахдаги целлюлоза хом ашё корхонаси - "Raw Materials Cellulose LLC" ва Навоийдаги кимё корхонаси - "Chemistry International LLC JV" киритилган.

List of Russia sanctions targets, 18 December 2025 рўйхатидаги ширкатларнинг молиялари музлатилиши, яъни Буюк Британия ҳудудида улар эгалик ёки назорат қилган ҳар қандай молия ва иқтисодий ресурслари музлатилиши шунингдек, ҳар қандай Буюк Британия жисмоний ёки юридик шахслар улар билан ҳамкорлик қилиш учун махсус лицензия олишлари кераклигини назарда тутади.

Буюк Британия Молия ва Иқтисод вазирлигининг жазо чоралари рўйхатига шунингдек, Ўзбекистон фуқароси Рустам Мўминов ҳам киритилган. Айни вақтда Рустам Мўминов Исроил ва Россия фуқаролигига ҳам эга эканлиги ҳам кўрсатилган.

Буюк Британия Молия ва Иқтисод вазирлиги рўйхати.

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Буюк Британиянинг Молия ва Иқтисод вазирлигининг жазо чоралари янги рўйхати 18 декабр куни эълон қилинган.

Вазирлик ҳужжатида айтилишича, Рустам Мўминов Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Россияга нисбатан жазо чоралари киритилиши билан боғлиқ амалларга " алоқадор шахс" эканлигини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд ва у молиявий хизматларни таъминлаш, молия ажратиш, иқтисодий ресурс, товар ва технологияларни муҳайё қилиш билан Украинани беқарорлаштириш, ҳудудий яхлитлигига рахна солиш, мустақиллиги ва суверенитетига хавф солиши мумкин бўлган жараёнга ҳисса қўшган.

Буюк Британия жазо чоралари рўйхатидаги ҳамма тўрт корхона ҳам айнан ана шу сабаблар асосида киритилгани айтилган.

Баъзи манбаларда рўйхатга киритилган 2 ширкат – Фарғона кимё заводи ва Жиззахдаги целлюлоза корхонасига Рустам Мўминов ё эгалик қилиши ёки алоқадор эканлиги айтилган.

Кузатувчилар Рустам Мўминов Ўзбекистондан пахта маҳсулотлари экспортининг йирик қисмини (баъзи манбаларга кўра, 85 фоизини) назорат қилишини ҳам айтишади.

Пахта ва целлюлоза маҳсулотлари порох ишлаб чиқаришда фойдаланилиши маълум.

Жазо чораларининг таъсири

2025 йил июн ойида Буюк Британия Ўзбекистонни Россияга нисбатан киритилган жазо чораларини бузиш эҳтимоли катта бўлган давлатлар сифатида кўрсатганди.

Шунингдек, Британиядаги банклар, суғурта ширкатлари ва таъминотчилар билан иш юритаётган Ўзбекистон ширкатларининг хизматлари ёки товарлари билвосита бўлса ҳам Россияга бориб қолиши эҳтимоли туфайли улар муфассал текширувга юз тутишлари мумкинлиги айтилганди. Бу эса аввалроқ, 2025 йил февраль ойида учинчи давлатлар орқали Россия билан иш юритишни чеклашга қаратилган чоралар пакети ортидан янграган.

Мутахассисларга кўра, бу чораларнинг Ўзбекистондаги ширкатлар учун аввалдан кўзда тутилмаган таъсири кенг бўлиши мумкин.

Яъни британиялик ширкатлар ёппасига Ўзбекистондаги ширкатлар билан уларнинг бирон қоидаларни бузганликлари далиллари бўлмаса ҳам, шунчаки эҳтимолий хавфдан ўзларини ҳимоя қилиш учун иш юритишдан бош торта бошлашлари мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга халқаро бозорларда ҳам шубҳа билан қарала бошлашига олиб келиши эҳтимоли ҳам бор.

Бундан ташқари ўзбекистонлик ширкатлар билан иш юритишдан аввал мавжуд санкция ва қоидаларга риоя қилинаётганлигини текшириш каби қимматга тушувчи ва мураккаб жараёнлар тўсиғи вужудга келиши эҳтимоли катта.

Шунингдек, мутахассислар Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари миқёси у қадар катта эмаслиги, йилига атиги 500 миллион АҚШ доллари атрофида эканлигини ва Британия иқтисоди учун у қадар катта аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлашади.

Уларга кўра, Россияга нисбатан жазо чоралари асосли равишда киритилган. Шунинг учун Буюк Британия бу жазо чораларини айланиб ўтишга ҳаракат қилган ширкатларга нисбатан чора қўллашга ҳақлидир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиб кириш истагида экан ҳукумат, Савдо Палатаси ва Ўзбекистондаги ширкатлар халқаро қонун-қоидалар доирасида иш юритишни ўрганишлари муҳимлиги ҳам айтилмоқда.

Ҳозирда Буюк Британия киритаётган жазо чоралари Ўзбекистондаги ширкатларга ана шу йўлда амал қилишни ўрганиш имконияти сифатида ҳам қаралмоқда.